Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мустақил парламент ва мухолифат қандай йўқ қилинди?

Мустақил парламент ва мухолифат қандай йўқ қилинди?
21 Aralık 2014 - 19:07 'de eklendi ve 498 kez görüntülendi.

“Мурод Жўраев иши”- Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан 1994 йилда қўзғатилган, 350-рақам билан ўтган, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилиб, 1995 йилда ҳукм ўқилган жиноят иши мухолифат, хусусан, “Эрк” партиясини террорчи ташкилотга чиқариш кампаниясининг бошланиши эди…

12

Бу кампания бугун ҳам тугагани йўқ.
Собиқ СССРда ҳукмрон коммунистик партиянинг бошланғич ташкилотини биринчилардан бўлиб тарқатиб юборган Муборак шаҳар ижроия қўмитасининг собиқ раиси, Ўзбекистон тарихидаги энг демократик парламент аъзоси бўлган Мурод Жўраев 20 йилдан буён нафақат сиёсий, балки барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум.

Ўзбекистон мустақиллигини орзу қилган, бу мустақиллик учун курашга бел боғлаган, унинг тамал тошини қўйган Мурод Жўраев ва Самандан Қўқонов сингари шахсиятларни Ўзбекистондаги тузум бугун ҳам ўзига таҳдид деб кўради.

Парламент сайловлари деган катта томошани ўтказиб олиш арафасида режимнинг қамоқхоналарда карантин эълон қилгани ҳақидаги хабарни ўқиганимда биринчи бўлиб кўз олдимга ана шу сиёсий фаоллар, собиқ депутат ва давлат арбоблари келди.

Уларнинг қамоқда зое кетган умрлари нафақат ўзлари ва яқинлари учун, балки Ўзбекистон учун жуда катта йўқотиш.

Аммо бундан 20 йил муқаддам, мухолифат устидан бу сиёсий маҳкама бошланаркан, бутун таъқибларга қарамасдан, биз бу йўқотишнинг бунчалик катта, бу зулмнинг бу қадар пойидор бўлишини тасаввур қилолмасдик. Ҳеч қурса, шундай бўлмаслигига умид қилардик…

Жиноятсиз жазо
300-сонли жиноят иши деб рақамланган, 1994 йилда МХХ томонидан қўзғатилган, сўнг Республика Олий Суди томонидан ойлар давомида кўрилган иш… Мустақил Ўзбекистоннинг шарафсиз тарихида “Мурод Жўраев иши” бўлиб ном қолдирган иш…

Бугун ўқувчига ҳавола этмоқчи бўлганим менинг хотирамда сақланиб қолган мазкур иш буйича олиб борилган тергов,сўнгра суд ва шу икки жараён оралиғида бўлиб ўтган воқелар.
Суднинг ҳар бир кунини кундалик тутиб, ёзиб борганман. 1996 йилда уйимда бўлиб ўтган тинтувда уларни Тошкент шаҳар ИИБ ходимлари олиб кетишган.

Кундаликларимни қайтариб олиш учун бир неча бор мурожаат килдим, аммо қайтариб беришмади.

Шу сабаб нафақат саналар, ҳатто баъзи қатнашчиларнинг исми-шарифлари ҳам ёдимда йўқ.

Фақат воқеалар, панжара ортидагилар, уларга қараб суд залида юм-юм йиғлаётган яқинлари, Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари ертўлаларида нормал инсон ақлига сиғмас қийноқларни бошидан кечирган олти судланувчи, олти айбсиз айбдорларнинг аҳволи хотирамга муҳрланган. Бу иш буйича тергов қачон бошланган,кимни қачон ва қаерда қамашган,қачон суд бўлган, қачон тугаганини билишни истаганлар интернетдан бу маълумотларни бемалол топишлари мумкин. Мен ҳам интернетга қидирув бериб, саналарни аниқлаштириб олишим мумкин эди . Аммо бу саналарнинг бари назаримда аҳамиятсиздек-Мурод аканинг қовурғаларини сентябрда синдиришдими, октябрда синдиришдими, фарқи нима, деб уйладим…

Уриб, қовурғаларини синдиришгани факт, бир урушда бир неча тишларини тўкиб ташлашгани факт-ку! Ёлғон айбловлар билан шунча одамни қийнашди, қамашди. 7 нафар судланувчи устига тинмай маломат ёгдирган,факат рост сўзлайман, деб қасам ичиб, фақат ёлғон сўзлаган гувоҳларнинг кўргазмалари билан қўзғатилган иш юзасидан терговнинг кайси ойда бошлангани муҳим эмасдек кўринди менга. Муҳими шуки, бизни содир этди дея ҳукм ўқилган жиноятни биз содир этмагандик. Муҳими шуки,ҳамон ҳақиқат қарор топмади ва бу ноҳақликнинг қурбони Мурод Жўраев ҳамон қамоқда. Орадан 20 йилдан зиёд вақт ўтди. Бу йиллар ичида Мурод Жўраев билан бирга судланган 5 киши озодликка чиқди.

Орамизда энг ёши улуғи Эркин Ашуров эди. Ёши 60дан ошган, қанд касаллиги бор бу кишининг мухолифатга ҳеч алоқаси йўқ эди. Эркин ака Самарқандлик бўлиб,узок йиллар чой қадоқлаш фабрикасининг директори бўлиб ишлаган экан. Самарқандлик бир мансабдор шахс ўз жиянига фабрика директори лавозимини олиб бериш иштиёқида турли фитналар уюштирган экан ва оқибат Эркин Ашуров Самарқанддан қочишга мажбур бўлган экан. Ҳар ҳолда унинг ўзи ва унинг талабига кўра чақиртирилган гувоҳлар шундай дейишганди.

Эркин Ашуровнинг сўзларига кўра, улар Мурод Жўраев билан тасодифан танишиб қолишган. Уларнинг қандай ва қаерда танишгани суд раисини ҳам, прокурорни ҳам жуда қизиқтиргани ва шу эпизод юзасидан қайта-қайта савол беришгани ёдимда.

Ашуров Самарқанддан қочиб Олма-Отага борган, ўша ерда касал хуруж қилиб, Мурод Жўраев ижарада турган квартирада бетоб бўлиб, ётиб қолган ва айнан ўша куни Тошкентдан Жўраевни қўлга олишга борган МХХ ходимлари уни ҳам ўғирлаб олиб кетишган. “Раф” микроавтобусининг салонига ётқизиб олиб кетишган. Унинг оёқлари шишиб кетганди. Суд залига оқсоқланиб кирарди, ўтиролмасди. Суд мажлисининг бошидан охиригача тик турарди. Қанд касаллиги бор инсон доимо парҳезга муҳтож бўлади. Пархез нари турсин, керакли дори-дармон ҳам киритилмайдиган ҳибсхонада ойлар давомида сақланаётган бу хаста инсоннинг аҳволи кундан кун ёмонлашаётганини судья ва прокурордан бошқа ҳамма кўриб турганди. Ашуровнинг адвокати бир неча маротаба унинг ҳимояси остидаги шахс тиббий ёрдамга муҳтож эканини таъкидлаб, суд ишида танаффус эълон килишларини сўради ва ҳар сафар сўров жавобсиз қолди. Оқибатда Эркин Ашуров кунларнинг бирида суд залида комага тушди. Шундан сўнг суд бир неча кунга тўхтатилди.

Ашуровга ҳам Мурод Жўраевга қўйилган моддаларнинг ҳаммаси қўйилганди. Эркин Ашуровнинг озодликка чиқканини 2010 йилда эшитдим. Аммо қачон чиқканини аниқ билмайман. Тошкентдаги бир қариндошлари Олий суд биносига жуда яқин жойда яшарди. Эркин аканинг рафиқаси Манзура опа суд бўлаётган кезлари уларникида турарди. Мен ҳам у ерга бир неча маротаба борганман. Эркин ака озод этилгани хабарини эшитгач, ўша хонадонни топиб бордим. Лекин у ерга бориб, уй сотилганини билдим. Уйнинг аввалги эгаларининг на телефони, на манзилларини ҳеч ким билмас экан. Шу сабаб ҳозир Эркин ака қаерда эканидан хабарсизман. У киши тирик бўлса, Оллоҳ насиб этиб, яна бир ошкоралик даври бўлиб қолса, бошларидан ўтган барча кўргўликлар, қамоқхонадаги хўрлик ва қийноқлар ҳақида ўзлари сўзлаб берарлар.

Айбланувчилардан яна бири Мурод Жўраевнинг укаси Шавкат Холбоев эди. Шавкат 2009 йилда озодликка чиқди. Ҳозир Муборакда яшайди. Озодликка чиқканда аҳволи оғир эди. Бир неча маротаба операция бўлганини эшитдим. Оллоҳ умр берган экан, яшаб кетди.

Яна бир судланувчи Неъмат Аҳмедов Мурод Жўраев Муборакда ишлаб юрган кезлари унинг ҳайдовчиси бўлган. У ҳам озод этилди 2008-йилларда. Сил касалининг энг оғир тури билан огриган, аҳволи жуда оғирлашиб, ўлиши аниқ бўлгач, озод этишди. Озод этилгандан бир неча ой ўтиб, вафот этди.

Яна бир судланувчи Ҳошим Сувонов косонлик мусиқа ўқитувчиси эди. У ҳам озод этилди 2005 йилда. Озодликка чиққач, ҳаёти қандай кечганидан хабарсизман. Судланувчилар орасида энг ёши Шавкат Мамедов эди. Эндигина 18 чиқкан бу йигит ҳам Косонлик эди. Унинг энг катта айби қўшниси бўлмиш Ҳошим Сувоновникига ҳашарга чиққани бўлган. Бу боланинг унга берилган бир саволга жавоби ҳозиргача кулгимни келтиради. Ўша куни судда ҳаммани кулдирганди. Унга қўйилган айблар ичида Президентни ҳақоратлаш айби ҳам бор эди. Судья жуда берилиб, айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. Бахтиёр сакраб ўрнидан туриб, “терговчиям нуқул шунака деди, сен Президентни ҳақорат килгансан, деди, сиз ҳам шундай деяпсиз. Мен Президентни нега ҳақорат қиларканман. У агар мендан қарз олиб, бермай кетган бўлсайди, мен уни ҳақорат килсам”, деди. Прокурор, судья ва унинг икки ёрдамчисидан бошқа ҳамма кулиб юборди. Танаффус пайтида ичкарига кириб, улар ҳам бу йигитнинг соддадиллик билан айтган сўзларини эслаб, кулишгандир балки…

Бу йигит 3 йилдан кейин озодликка чиқди. Ҳозир қаердалигини билмайман. Қўлга олинганда уни ҳам шафқатсиз калтаклашганини, бир неча бармоқлари синганини суд жараёнида ўзи айтганди.

‘Абсурдлар театри’
Мурод Жўраев бу ишда асосий фигурант эди. Балки биргина фигурант бўларди , агарки ишни катталаштириб, Каримовга шундай катта фожеанинг олдини олдик , “Эрк” партияси аъзолари, партиянинг хайрихоҳлари давлат тўнтарилиши тайёрлашган экан, чет элда жангариларни Ўзбекистонда террористик ҳаракатлар олиб бориш учун ўқитишган экан, биз давлат тўнтаришининг олдини олдик, террористларни зарарсизлантирдик, дея ўзларини кўрсатиш иштиёқида ёнмаганларида, балки “Мурод Жўраев иши” бу қадар катта бўлмасди.

Бир “пашшадан” қанча тақдирларни оёқ ости қилиб янчиб ташлаган “фил” ясалмасди…

Мурод Жўраев шахсан Каримовнинг буйруғи билан жиноятчига айлантирилганига бугун ҳеч шубҳам йўқ. Мурод акага муддат устига муддат қўшиб берилаётгани ҳам бунга бир тасдиқдир.
Мурод Жўраевга қўшиб берилган навбатдаги муддат 2015 йил ноябрда тугайди. Илоҳим, шу охиргиси бўлсин. Ҳозир Мурод Жўраев Олмалиқдаги УЯ-67/6 да жазо муддатини ўтаяпти.
Жазо сўзи жоизмикан бу ҳолатда?

Ахир “сабзини нотўғри тозалади” деб 3 йилу 6 ой қўшиб берилишини жазо деб бўладими? Ёки “чекиш учун белгиланмаган жойда чекди” ё-да “тапочкасини ечмай баракка кирди” деб 5 йил берилса, бу жазоми? Жазо ахир жиноятга берилади-ку? Наҳотки, оёқ кийимни ечмай баракка кириш жиноят бўлса? Наҳотки, “ювилган кийимни иситгичга яқин осдинг” деб, танида соғ ери қолмаган бир инсон 15 кунга карцерга ташланса ва шуни рукач қилиб, яна 3 йил қўшиб берилса? Ички тартибга риоя килинмагани учун белгиланган жазо 221-моддада кўрсатилган. 221-модда санкцион қисмида бир ойлик, икки ойлик, уч ойлик жазо муддати ҳам бор, аммо Мурод Жўраев ва бошқа у каби сиёсий маҳбусларга фақат энг кўп муддатлар белгиланган қисмлари қўлланилади. Бу модда режимнинг энг қулай қуроли. Ҳибсда сақланаётган маҳбус бу қуролдан ўзини ҳимоя қилолмайди. Бу қуролга қалқон бўлиши керак бўлган адвокатлар ҳам иложсиз ва фойдасиздирлар. Ҳар ҳолда, 27 йил ичида бу модда чангалидан муддатига муддат қўшилмай чиққан мухолифатчи ёки ҳуқуқ ҳимоячисини кўрмадим. Баракка оёқ кийимда киришлар,чекишга рухсат берилмаган ерда чекишлар,сабзини нотўғри тозалашлар доимо муддатнинг тугашига яқин кўпайиб қолади ва чиқишига саноқли кунлар қолганда яна суд бўлади, яна муддат чузилади. масалан, Муҳаммад Бекжоннинг тақдири. 13-йилда Муҳаммад Бекжон озод бўлиши керак эди. У чиқиши керак бўлган кунда жигарлари зона эшиги олдида кутиб туришган. Жигаримизни уйга олиб кетамиз, деб келган ака-укалари, Муҳаммадга 221-модда асосида яна 5 йил қўшиб берилгани ҳақидаги хабарни олиб, Хоразмга қайтганлар. Мурод Жўраев ҳам бу модда чангалидан қутулолмаяпти. Унга Ўзбекистон Олий суди томонидан берилган асосий муддат аллақачон тугаган. Муддат тугаган, аммо Мурод Жўраевнинг азоблари ва узундан- узун йиллари ҳеч тугамаяпти. Шу сабаб мен бу жазо эмас, бу қасос дейман.

Буюртма қасос …
Узоқ ва давомли қасос…
Буюртма бундан қарийб чорак аср аввал берилган. Буюртма берган бир киши, уни бажараётганлар эса сонсиз-саноқсиз…

Мурод Жўраевни Каримов ёмон кўришини билиб, уни қамаб, пашшадан фил ясаган амалдорлар аллақачон Каримовнинг назаридан, демакки мансабдан айрилиб бўлганлар. Уларнинг ўрнига келганлар ҳам хўжайинлари Мурод Жўраевни ёмон кўришини биладилар. Улар ҳам хўжайинларига ёқиш учун Мурод Жўраевни қайта- қайта қамаяптилар…

Судланувчилардан яна бири мен эдим. Ҳозиргача ўша кунларни эсларканман, Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари ясаётган жиноий ишларини уйдирма эканини хаспўшлаб қўйишга ҳаракат қилмасликларига ҳайрон қолганман. “Эрк” партиясига, унинг етакчиси Муҳаммад Солиҳга, Мурод Жўраевга, менга ва бошқа фаоллар учун мўлжалланган “Терорист либоси” тергов давридаёқ чок-чокидан сўкилиб бўлганди. Судда ҳам гувоҳларнинг биронта даъвоси ўз исботини топмади. Суд мажлисига ҳар сафар келаётган элчихона вакиллари ҳам, ҳуқуқбонлар ҳам буни эътироф этишди. Маҳкама жараёнини кузатган АКШ элчисининг жамоатчилик билан алоқалар буйича котиби Эндрю Крафт суднинг ҳар бир мажлисидан сўнг “Это же театр абсурдов!” дер эди. У ҳақ эди, бу абсурдлар театри эди. Бу театрга исбот ва далилнинг кераги йўқ эди. Мақсад дунёга, Ўзбек халқига “Эрк” партиясини, фаоллари ва хайрихоҳларини “жиноятчи” қилиб кўрсатиш эди.Тузумнинг Муҳаммад Солиҳга, Мурод Жўраевга, қўйинггки, халқ дардини ўзидан устун қўйган ҳар касга бўлган нафрати бу ишнинг, кейинчалик бошқа шу каби аввал қамалиши керак бўлганларни белгилаб, кейин жиноий иш ўйлаб топувчиларга асосий қўлланма бўлди. Кейинчалик Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжон, Сафар Бекжон, Аъзам Турғунов, Солижон Абдураҳмонов, Мўътабар Тожибоева ва бошқа кўплаб фаоллар, мухолифатчилар, ҳуқуқбонлар шу йўсин қамалдилар…

Ва абсурдлар театри бугун ҳам давом этаяпти.
20 йил давомида халқни, унинг сиёсий иродасини намоён этишга қодир, тарихий шароитларда мамлакат тақдирини ўз қўлига олишга тайёр, салоҳиятли ва мустақил парламентни мунтазам равишда йўқ қилиш, унинг аъзолари бўлган халқнинг асл фарзандларини ҳибсга олиш, қамоқда чиритиш, нафақат сиёсий саҳна, балки оддий касбий фаолиятидан ҳам итқитиб ташлаш орқали йўқлик ва йўқчиликка маҳкум этиш ортидан ўтказилаётган бугунги “парламент сайловлари” аталмиш томоша ана шу “абсурдлар театри”нинг давомидир.
Бу театрнинг яна қанча давом этиши томошабинларнинг уйғонишига боғлиқ…

Манба: Би-би-си

Etiketler :
HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT

Сўнгги хабарлар
İLGİLİ HABERLER