Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Мен – йиртқичман!” деган ўкириклар эшитилади…

“Мен – йиртқичман!” деган ўкириклар эшитилади…
02 Ocak 2015 - 15:35 'да юкланди ва 577 марта ўқилди.

4«Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат» туркумидан

Қуръони каримда айтиладики, бутпарастлар, мажусийлар бошларига офат-фалокат ёғилганда, Тангри таолога сиғинишган. Аммо миракизмчи материалистлар моддий манманликка шу қадар мубтало бўлишганки, улардан бу нарсани кутиб бўлмайди. Қуръони каримда дейилади:

“Сиздан олдинги умматларга ҳам пайғамбарлар юборганмиз. Кейин зора тавба-тазарру қилсалар деб, уларни бало, офатларга дучор қилганмиз. Уларга Бизнинг бало-офатимиз ёғилганда тавба-тазарру қилсалар бўлмасмиди?! Лекин диллари қотган ва шайтон уларга қилиб юриган ишларини чиройли қилиб кўрсатди” (6:42-43).

“Мана, Биз уларни азобга дучор этдик. Улар эса на Парвардигорга бўйин эгдилар ва на тавба-тазарру қилдилар” (23:76).

Чуқур бўҳрон, офат-фалокат, масалан, уруш юз берганда уларда диний қўрқув ёхуд илоҳий ихлос, эҳтиромдан асар ҳам кўринмайди. Миракизмнинг ақлий ва ахлоқий раҳнамолари завқу шавқ туйиб, буни сабот ва жасорат деб аташади. Ҳолбуки, бу мусулмон ёки бошқа художўй киши назарида диний тушкунликдан бошқа нарса эмас.

90-йилда қирғизлар ўзбекларни шафқатсизларча қирғин барот қилишни бошлади. 90-йилнинг ўрталарига келиб эса Тожикистонда қонли фуқаролар уруши бошланиб кетди. Пайғамбаримизнинг, мусулмон мусулмоннинг биродаридир, деган ўгитларини унутган мусулмон мусулмонми, деган бир ҳамкасбим бу воқеаларни шундай тасвирлайди:

“Ҳар икки урушдан ичларида суюнган миракизмчилар бу қонли фожеани ўзларининг фойдаларига ҳал қилмоқчи бўлдилар. Ўлкадаги тинчликни президентнинг лаёқати зўрлигидан, дея пеш этдилар. Қорни қаттиқ нонга тўймайдиган халқ қонунларда ёзилган ҳуқуқларини талаб этмоқчи бўлганда, “Тожикистонни кўрмаяпсизларми, шукур қилинглар”, дея уларнинг оғзига урдилар. Рақобат пайдо қилиши мумкин бўлган норасмий ташкилот йўлбошчиларини, диндорлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини қамашга, зимдан йўқотишга тушдилар. Уларни оломоннинг кўзига ёмон отлиқ қилиб кўрсатдилар.

Ёки тележурналист, ўз даврида машҳур бўлган “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви муаллифи Дадахон Ёқубовнинг бир ҳикоясини эслаш миракизмнинг афт-ангорини очиб беришга кифоя қиларли даражада аянчли бир далилдир.

Ангреннинг Жигаристон қишлоғида содир бўлган ер кўчкиси оқибатида тупроқ босиб одамлар гаражда қамалиб қоладилар. Ҳукумат томонидан масъул бош вазир, Исмоил Жўрабеков уларнинг инграганларини эшитиб туриб, кавлаб олишга изн бермайди. Дадахон Ёқуб президентга кириб, унинг устидан арз этади. Президент унинг ўзини тепкилаб ташлайди. Бугун Жигаристондаги ўша жой кавланса, ер тишлаб ётган жабрдийдаларнинг суяклари чиқади!

Бундай ҳодиса юртимиздан ташқарида фақат Қадимий Юнонистон ва Римда юз бериши мумкин эди. Айтишларича, Везувий вулқони отилиб, Помпей шаҳрини босганда, шаҳар аҳолиси амфитеатрда гладиатор ўйинлари билан машғул бўлган. Уларнинг устига суюқ олов ёпирилиб, кўплар шу ернинг ўзида куйиб, жизғанак бўлган. Кўплар тўс-тўполонда оёқ остида қолиб жон берган. Ўз вақтида қайиқларга ўтириб, қочиб улгурганлар тирик қолишган, холос. Шаҳар 1800 йил давомида шу аҳволда қолиб кетган. Фақат XIX асрда бу шаҳар қазилиб, кул-қурумдан тозаланди… Помпей фожеаси – огоҳликка даъват. Қуръони каримда ўқиймиз:

“Ёки у юртларнинг аҳолиси чошгоҳ пайтида ўйин-кулгу ичра турганларида, уларга азобимиз келиб қолишидан хотиржаммилар?” (7:98).

Бундай ҳолларда художўй кишилар ўзларини қандай тутишади, буни Қуръони каримнинг қуйидаги оятидан билиб олиш мумкин:

“Эй имон келтирганлар! Бирор тўдага тўқнаш келсангиз, сабот ва матонат билан турингиз ва Тангрини кўп ёд этингиз, шоядки, нажот топсангиз” (8:45).

Пайғамбар алайҳиссаломнинг сафдошлари ҳикоя қилишадики, ҳар гал фалокатли, мушкул аҳвол юз берганда, Расулиллоҳ дарҳол ибодат этган. Бадр жангида у қўшинларни сафга тизиб, Тангрига илтижо қилган. “Эй Тангрим, – деган у қайта ва қайта. – Агар шу имон келтирилганлар ҳалок бўлишса, Ер юзида сенга сиғинадиган ҳеч кимса қолмайди”.

Миллий хавфсизлик томонидан ўғирланган андижонлик таниқли имом Абдували қори миракизмни ўз вақтида аниқ-тиниқ тавсифлаб беради: “Миракизмчилар ўжар, бешафқат ва моддиюнчи. Улар қаҳру ғазабли, худбин ва қасоскордирлар. Уларда мусулмончиликка хос бўлган кўтаринки идеализмдан нишон ҳам йўқ. Масалан, президентнинг ўзини олиб қаранг. У қуруқ ва қўпол. Унинг фикрича, бу дунёда заифларнинг яшашга ҳаққи йўқ. Унинг учун куч – буюкликнинг ягона мезони, куч манбаи эса – бойликдир. У ўзини гўё илмни қадрлайдиган одамдай қилиб кўрсатса-да, бойлик туфайли келадиган иззат, эҳтиромни кўриб, завқланади… Миракизмчилар ўз табиатларига кўра худбин ва бузуқидирлар. Улар учун фуқаролардаги ақлу идрок дегани тузоқ, ҳаёт – уятсизлик, обрў-эътибор эса – ўзни кўз-кўз қилиш ва ҳукмронлик этишдан иборат”.

Материализм миракизмчиларнинг диққат-эътибори ва иродасини шу қадар чирмаб олдики, улар ният қилган ишларининг уддасидан ҳеч қачонда чиқа олмасалар-да, бу таъсирни уларнинг маънавий фаолиятида кузатиш мумкин. Спиритуалистик ҳодисаларни тадқиқ этишнинг замонавий йўналиши ўз моҳиятига кўра бошдан-охир материализмдир. У моддий фан ва саноат корхонаси сифатида ишлаб чиқилган. Ислом спиритуализми ёки шарқ тасаввуфидан фарқли ўлароқ, унинг руҳий юксаклик, чунончи, ўз-ўзини поклаш, тақводорлик, охиратга ҳозирлик кўриш каби ҳолатлар билан ҳеч алоқаси йўқ.

Хуллас, миракизмчилар раҳнамолари президент Каримов раҳбарлигида не қилишмасин, фақат ҳукмронлик, ғурур ва манманлик, шон-шуҳрат учун қилишади. Уларда Илоҳий азму ирода ғояси инобатга олинмайди. Ҳолбуки, бу нарса мусулмон тафаккури ва амалиётининг асосидир. Миракизм иллати мусулмонлар азиз деб билган инсоний қадриятларни маҳв этувчи оғудир. Миракизмчилар фахрланадиган барча нарсалардан мусулмонлар эҳтиёт бўлишлари лозим.

Қуръони каримда дейилади: “Айтинг, Сизларга қилмишларидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайликми? Улар қилган саъй-ҳаракатлари дунё ҳаётида йўқ бўлиб кетгану, аммо ўзлари ишни чиройли қилаётган деб ҳисоблайдилар. Улар Парвардигорларининг оятларини ва У зот билан мулоқотда бўлишни инкор этишиб, бутун иш-амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз қиёмат кунида улар учун ҳеч қандай вазнни қоим қилмасмиз” (18:103-105). “Биз улар қилган ҳар бир амалига юзланиб, уни соврилган тўзон каби (фойдасиз) қилиб қўйгандирмиз” (25:23).
Бир гал Пайғамбар алайҳиссаломдан сўрашди: уч тоифадаги қайси киши Тангри таоло йўлида жангчи деб аталади – ўз бурчини адо этиб жанг қилганми, ўз номусини ҳимоя этиб жанг қилганми ёхуд шон-шуҳрат учун жанг қилган кишими?

Пайғамбар алайҳиссалом жавоб бердиким, Худо йўлида жанг қилиш – Худо сўзини ҳукмрон қилиш учун жанг қилиш демакдир… Бу сўзнинг асл моҳиятига етганлар ўзларининг хайрли, олижаноб ишларини инсонлар кўзидан яширишга астойдил интилганлар, зеро, мунофиқликдан қўрқиш ҳисси уларни ҳамиша таъқиб этган. Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) “Эй Худойим, барча амалларимни пок, мусаффо қил, уларни фақат сени деб адо этай, уларда Ўзингдан ўзгаси бўлмасин” деб дуо қиларди.

Миракизм Карл Маркс тафаккурининг материализмга тўла-тўкис ботгани тимсолидир. У табақаланишни жамиятдан супириб ташлаш шиори замирида синфий кураш ғоясини илгари сурди. Унинг назарида, бутун тарих – иқтисодий шарт-шароитлар натижаси бўлиб, уларнинг таъсири остида ҳаётнинг бошқа барча ҳодисалари шаклу шамойил касб этади. У инсон турмушида фақат иқтисодий жиҳатни эътироф этиб, ўзга омилларни инкор қилди. Тарихда кечган барча урушлар, деди у, оч қоринларнинг тўқ қоринларга қарши курашидир. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, ҳатто диний урушлар ҳам иқтисодий сабаблар туфайли юз берган ва уларда иштирок этганларнинг мақсади дину диёнатни устувор этиш эмас, балки бойликларни ишлаб чиқариш ва тақсимлашнинг янги тартиботини жорий этиш бўлган. Бу “иқтисодий пантеизм” бўлиб, бунда муқаддас урушлар, диний фаолият, маънавий саъй-ҳаракатлар инобатга олинмайди.

Шарқда ҳаётга қараш асос эътибори билан маънавийдир. Шундай ҳолатлар бўлганки, сўфийлар “Тангридан бўлак Тангри йўқ!” деб қичқирганлар… Президент Каримов қанчалар ўраб-чирмаб халқнинг кўзидан яширишга уринмасин, бугунги миракизм руҳини материализм босиб туради. Шунинг учун миракизмчилар ўз кўтаринки ҳолатларида иқтисодий материализм билан бевосита алоқадор бўлмаган ҳамма нарсани рад этиб, “Секс ва очликдан бўлак ҳеч нарса йўқ!” деб қичқирадилар. Шарқ мутасаввуфлари инсонни “Тангрининг ердаги сояси” деб билишган. Миракизмчилар ташқаридан ўзларини омманинг кўзига тақводор кўрсатсалар-да, инсонни ҳайвондан устун қўйишмайди. Шу туфайли бўлса керак, бугун ҳар тарафдан “Мен – йиртқичман!” деган ўкириклар эшитилади.

Эргаш Сулаймон

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар