Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон): “Қўрқоқнинг ватани ҳам, миллати ҳам бўлмайди” (3)

Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон): “Қўрқоқнинг ватани ҳам, миллати ҳам бўлмайди” (3)
04 Şubat 2015 - 18:59 'да юкланди ва 564 марта ўқилди.

5Темир панжаралар ортида  16 йилу 7 ой тутқинликда ўтирган истеъдодли ёзувчи, миллатпарвар Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) билан суҳбатнинг давоми.

МВД (ИИБ) биносининг теран қаърида 5 ой 18 кун қон ютиб ўтирдим. Полислар-ку бир нав, лахмачларнинг зуғуми ҳиқилдоғимга келди. Ўзимни ўзим ўлдирмоқчи бўлдим. Нима билан? Қандай? Каталакдек камерада бунга имкон қани? Оёқ босишга жой йўқ. Ҳар бир ҳаракатинг назоратда. Лахмачлар тинмай бўкиради.

– Ҳув, мол, чаппиллатмай е!
– Оёқ учида юр!
– Бу катта холангни уйи эмас!
– Дам-ба-дам туалет (Ҳожатхона камеранинг ичида)га чиқаверасанми? Ичингда ит ўлганми? Саситиб юбординг.
– Полни юв!
– Ҳамма ёқни чиннидай қилиб ялаб чиқ, гард бўлсин…
– Қошиқ-вилкаларни юв!
– Шконкани ғижирлатмай ёт!
– Эшакдек ағнайверма!
– Каримов сени бекорга қамамаган.
– Ватан хоини!
– Халқ душмани!
– Гандон!
– Педараз!
– Сотқин!
– Ўлиминг подвалдан чиқади!
– Сендек зараркунандаларни илдиз-пилдизинг билан йўқ қилиш керак!

Бу жирканч махлуқларга қарши бирор сўз айтиб қўр, синдириб ташлайди. Генерал Алматов уларга шундай ҳуқуқ бергандай. Бу – менинг тахминим. Йўқса, лахмачлар бу даражага бормасдилар. Орқаларида погонли акалари туришгани учун қутирган итдек қутириб кетишмаяптими?

Юрт қамоқхоналарида ахлатдан паст бу чиябўрилардан қон қақшамаган бирор бир диний-сиёсий маҳкум бўлмаса керак? Мени-ку бу манфурлар неча марта қонга ботирган…

Янги жимпер, ички кийим, пайпоқларимни тортиб олган. Узатм(дачка)аларимни айтмасам ҳам бўлади.

Бу – руҳий, жисмоний синдиришнинг:
Энг тубан,
Энг булғанч,
Энг йиртқич,
Энг шармандали йўли.

Бу – кетмон сопини ўзидан чиқариш йўли.

Бу – ўзини ўзига едириш йўли.

Лахмачларнинг ўзбеги, ўриси, тожиги, корейси, татари, қозоғи… турли хилини кўрдим. Барининг оёқ билан қўл, бадани тўла наколка. Бари бир неча марта қамалган. Худо урган махлуқлар. Яъни одам сиёқ махлуқлар. Чиқади… Киради… Қамоқхонани: “Уйимиз” дейишади. Ҳаммаси банги. Бир чимдим героин учун отасини ўлдиришдан, онасининг номусига тажовуз қилишдан қайтишмайди. Лахмачлар учун муқаддас нарса йўқ. Полислар ҳам улардан безиллайди. Лекин фойдаланади…

Сотқинликлари, йиртқичликлари, булғанчликлари, ўлик тус башараларида, ҳа, ҳа, ўлим тус башараларида яққол акс этиб турган. Бу чиябўрилар (худди артистлардек) тез-тез гастролларга ҳам чиқиб туришади.

Лахмачлар ( худди актёрлардек) турли қиёфаларга ҳам кира олишади. Ёлғондан:

Тузум,
Полис,
Прокурор,
Терговчи,
Судьяларни оғизга олиб бўлмас сўзлар билан:
Сўкади,
Таҳқирлайди,
Ёмонлайди.

Ҳожасидан изин олганда…

Нима бўлса ҳам диний, сиёсий маҳбусларни қопқонга тушириши керак.

Инсон тақдирини барбод қилувчи қопқон. Ҳатто ўлимга элтувчи қопқон…

Бундай ҳолда биринчи қамалган соддадил, ишонувчанлар тузатиб бўлмас хатога йўл қўядилар. Ролга кирган лахмачларнинг мана бунга ўхшаш сўзларига ишониб қоладилар:
“Ҳеч қандай жиноят қилмагансан, биламан. Буни терговчинг ҳам билади. Лекин сени ўз-ўзимдан қўйиб юбормайди, калласи олтитамас. Қўйиб юборса, сени қамаганлар қамалади. Терговчи ҳам. Нега? Бегуноҳ одамни хибсга олганликлари учун. Тушундингми? Шунга, озодликка чиқишинга бир йўли бор. Бу йўл билан ўзингни ҳам, мусурларни ҳам ҳалокатдан қутқазасан. Қандай? Президент номига: “Айб менда, энди пушаймонман, мени кечиринг” деган мазмунда “ Кечирим сўров”  хати ёзиб берасан. Биринчи қамалишинг. Қўйиб юборишади. Бу дўзахда қоврилма, мусурлар қўлида ўлиб кетма, дейман-да, оғайни. Яна ўзинг биласан. Менга ёқиб қолдинг. Сенга ичим ачияпти. Бўлмаса, жон куйдириб ўтирмасдим. Хўп десанг, терговчингни чақираман. Ўзингнинг олдингда, юзма-юз ўтириб буни ҳал қиламиз. Менга замон-замонида дачка юбориб турсанг бас”.
Манглайи шўр махбуслар қопқонга тушадилар. Қилмаган “иш”ларини “қилдим” деб ёзиб берадилар. Минглар қатори мен ҳам шу қопқонга тушганман. Етти ўйлаб ўйимга, етти ухлаб тушимга кирмаган нарсани (диктовка қилган нарсани) ёзиб берганман:
“Тошкентни мен портлатдим”.
Бунда мисилсиз қийноқ таъсири ҳам беқиёс бўлган…
Бундай онларда лахмачлар семириб кетишади:
Героин,
Қора дори,
Наша,
Хил-хил емоқ…
Бундай онларда терговчилар териларига сиғмай қолишади:
Мақтов,
Олқиш,
Мукофот,
Янги юлдузчалар…

Мен тузоқққа илинтиришнинг тулкича бир усулини қисқа тарзда баён этдим, холос. Қонунга қарши, одамзодга ёт усуллар сонг-мингта. Энг дахшатлиси иккита:
Қийноқ,
Зўрлаш.
Бунга одам боласи чидай олмайди.
Мисилсиз қийноқни, номусни букувчи зўрлашни назарда тутаяпман. 99 фоиз маҳбус Президент номига мана бундай мазмунда “Тушунтириш хати” ёзиб беради (опер диктовкаси билан):

“Мен халифалик давлати тузишни ёқлайман”.
“Мен Ислом Давлати бўлиши, шариат қонунлари асосида иш юритиш тарафдориман”.
“Мен Хизбут-Таҳрир аъзосиман”.
“Мен Ваҳобийман…”
“Мен Акромийман…”
“Мен Нурчиман…”
“Мен “Эрк”чиман…”
“Мен “Бирлик”чиман…”
Ҳоказо-ҳоказо…
Шундан кейин Президент номига (опер диктовкаси билан) “Илтимоснома” ёзади:
“Муҳтарам Президент!
Мен адашдим. Қилмишимдан пушаймонман. Тавба қилдим. Мени кечиринг…”

Нима учун Президент номига?

Нима учун уни орага қўшади?

Бунинг сабаби менга қоронғу.

Ахир, бунинг учун масъул идоралар бор:
Ўзбекистон Республикаси прократураси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди…

Мисилсиз қийноқ…

Унга дош берувчилар, яъни, ўз эътиқодларида содиқ турувчилар кам. Бармоқ билан санарли даражада. Улар Комил (64/6 муассаса, 15- отряд) ҳолига тушишлари, умр бўйи тўшакка михланиб қолишлари мумкин. Ёки Ғофурдек (Жаслиқ, 19-камера) узлатга кетишлари мумкин. Шу сабабли диний тутқунлар ҳеч иложсиз, чорасиз дамларда:
“Мажбурий ҳолатда чекинсак, тангир кечиради” деган ғоя билан тилларида қайтадилар. Юракларида эмас, Тўлқин Тўхтасиновга ўхшаш (64/6 муассаса, зам парол) “раҳбар”чалар юқорини алдайдилар.

“Диний, сиёсий маҳкумларни 100 фоиз қайтардик…”

Бу – СССР давридаги қўшиб ёзишни эсга солади.

Хўп, 100 фоиз қайтса ва кечирим сўраса, нега улар қўйиб юборилмаяпти?

Нега аминистияга тушмаяпти?

Нега раскрутка қилинаяпти?

Озодликка чиқиш муддати-ку отам замонида ўтган. Буни қандай тушуниш мумкин? Бундан мақсад нима? Бунинг турган-битгани зарар-ку! Бир зонага сарфланаётган йиллик харажатга улкан завод қурса ва бу билан минглаб кишиларни иш билан таъминласа бўлади. Демак, шу 25 йил ичида 25 та завод қуриш мумкин эди.

Зоналар нечта?…
Эл, давлат бойиб кетмасмиди? Бунинг маънавий фойдасичи? Агар халқ иш ва етарли маош билан таъминланса, оқимлар вужудга келмайди. Ўзбек йигит-қизлари ўз юртидан четга чиқмайди. Бунга озгина тил ва қалб эркинлиги қўшилса, Ўзбекистон гулга бурканади. Халқ тили билан айтсам, ҳар бир ўзбекнинг остонаси олтиндан бўлади.
Бу – лофмас.

Бу – ҳақиқат.

Чунки бизнинг юртимиздек бой давлат дунёда оз.

Ер ости конларимиз сон-саноқсиз, ноёб, тенгсиз.

Фақат уни ишлата билиш керак.

Бу борада Оврупадан, Америкадан ибрат олсак бўлмайдими?

Қўрқмаслик керак.
Ўз халқидан эса мутлақо…
Темур ҳоқон: “Қўрқоқлик оёққа, мияга, онгга кишан” деб айтган экан.

Тарихга боқинг. Хун-турк ҳоқонликлари замонларида ҳеч қандай диний оқимлар, низолар, ғавғолар бўлмаган. Исломга келиб ҳам, Туронда Темур ҳоқон ва хонликлар салтанатларида ҳозиргидек диний хуружлар юзага келмаган. Ҳатто СССР даврида ҳам. Бир куни гапдан-гап чиқиб, Одил Ёқубов “Ортиқча сиқув – ҳар балони келтириб чиқаради” деган эди.

Менинг Аҳмад оқсоқол бобом отамга: “Ёмонлик- ёмонлик бўлиб қайтади”, деб ўгит қиларкан. Ҳадисда ҳам бунинг тасдиғи бор: “Одамларга кенг қалбли бўлинглар, шунда одамлар ҳам сизларга шундай бўлурлар”. Ўзбекнинг ушбу мақоли ҳам асрлар синовидан бежиз ўтиб келмаяпти:
“Яхшидан от қолади,
Ёмондан дод қолади”.

Ўз эл-юртини севиш, ардоқлаш, инсонларча яшаш, фикрлаш, тўғри сўзлаш, тил, қалб, виждон эркинлиги масалаларида ҳам бизга Оврўпа, Америка андоза бўла олади. Шоир Шукурулло шу сўзни билиб айтган:

“Ҳақиқий эркинлик, бу – қалб эркинлиги”.

Алдаш, ёлғон ваъда, сохта мақтов, таниш-билиш, пора, юлиш, ўмариш… ларга кескин чек қўйиш лозим. Оврўпа, Америкада бу нарсалар йўқ ҳисоби. Шунинг учун у давлатларни Тангри ярлақаяпти:
Бой,
Қудратли,
Етакчи…

Илм-фан, маданият, саноат, архитектура, геология, тиббиёт, адабиёт, санъат… ҳар жабаҳада тенгсиз. Биздан узун-узун йиллар олдинда.

Ҳар кашфиёт, ҳар ихтиро уларники.

Телефон,
Радио,
Телевизор,
Машина,
Учоқ,
Компютер,
Поезд,
Космосга учиш,
Қурол,
Свет,
Дори-дармон…

Хуллас, ҳар оламшумул кашфиётларнинг эгаси улар, муаллифи ўшалар. Яъни:
Насронийларники,
Яхудоларники.
Буни тан олмаслик:
Нодонлик,
Илимсизлик,
Ҳақиқатга оёқ босишлик.

Ҳар муслим:
Телевизор кўради,
Радио эшитади,
Телефонда гаплашади,
Компютердан фойдаланади.
Шунга қарамай, биз уларни:
“Копирлар” деймиз.
“Дўзахийлар” деймиз.
Билъакс:
Уйимизни ёруғ,
Узоғимизни яқин,
Оғиримизни енгил қилаётганлар жаннатийлар эмасми?

Ажримни биз қиламизми?
Ёки Тангри?

Адолат кўзи беркилган ерда –куфур унади.
Биз дин қобиғига ўралиб қолмаяпмизми?
Қуръон талқинида янглишмаяпмизми?
Бу – мусулмон оламида ўсувга тўғон бўлмаяптими?
Бу –мусулмон оламида уруш келтириб чиқармаяптими?
Суъний, шиа қирғинлари Ислом дини пайдо бўлганидан бери давом этиб келаяпти. Давом этаверади. Бунинг охири йўқ. Охири – қиёмат… То шунгача иккови ҳам туб хақнинг тубига етмайди. Етолмайди. Бу – нимани англатади? Ўзингиз идрок қилинг.

Афғон, Покистон хуружлари-ю, Ироқ, Суриядаги урушларнинг илдизлари қаерда? Нотўғри талқинда эмасми? Бу ёт юртларда сон-саноқсиз ўзбеклар, умуман, туркистонликлар жанг қилишаяпти, ҳалок бўлишаяпти.
Нима учун?
Ким учун?
Халифалик давлати қуриш учунми?
Тарихни орқага қайтариб бўладими?
Ибтидоий жамоа тузимига, ёки тош ва ёхд қулдорлик асрларига қайтган бирор-бир миллат борми?
Халифалик ҳам ёшини яшаб ўтган. Янглишмасам, 30 йил умр кўрган.  Тарихда:
“Хулафо-ар-Рошидин”
Тўғри йўлдан борган халифалар, деган ном олган.
Шу “Тўғри йўлдан борган” халифалардан учтаси ўлдирилган:
Халифа Умар ибн Ҳаттоб (634-644),
Халифа Усмон ибн Аффон (644-656),
Халифа Али ибн Абу Толиб (556-661).
Нега ўлдирилган? Тахт учунми? Ёки қашшоқ халқ туғёни ҳам сабаб бўлганми? Балки, айрим оқил ўқувчи унга ўз нуқтаи назари билан ҳам ёндашар?…

Ҳазрати Али ўлдирилгандан кейин унинг ўғли Ҳасан халифа бўлди. Бироқ қонли хуружлар тўхтамади. Ундан тахтни Шом ҳокими Муовия тортиб олди. Ҳасан Ироқдан Мадинага кўчишга мажбур бўлди. Аммо, барибир, у заҳарлаб ўлдирилди. “Тўғри йўлдан борган” халифаликнинг митти кечмиши шу билан битди. Бунинг мағзини ўзингиз чақиб кўринг.

Уммавийлар (661-750) 89 йил, аббосийлар (750-1258) 508 йил Ислом дунёсига “устун” бўлишган. Тарихда у “Ноқис (қусурли) халифалик” ҳам дейилади. Чунки Элчи ушбу сўзни бежиз айтмаган: “”Мендан кейин халифалик 30 йил бўлади, кейин подшолик бошланади”.
89 йил!…
508 йил!…
Ана, тахтга тиш-тирноқлари билан ёпишиб олишнинг энг чиркин кўриниши! Бу замон ичида халқ мисилсиз жабр кўрган. Араб, Ажамда дахшатли очарчиликлару ўлатлар юз берган. Шу сабабли Ҳукмдорларга қарши сон-саноқсиз исёнлар бўлган…

Аббосийлар: “Дарё-дарё қон тўкиб (Абу Муслим кўмаги (исёни)да уммавийлардан халифаликни тортиб олган. То форсу арабни Салжуқий турк боболаримиз эгалламагунларича, тожу тахтни ўз қўлларида маҳкам ушлаб туришган.

Уммавийлар ҳам, аббосийлар ҳам Ислом дини ниқоби остида (Жиҳод, ғазовот, дор ал-Ислом, дор ал-ҳарб…) ўзга юртларга қайта-қайта қонли юришлар қилишган. Ўрта Осиёни ҳам тамомила вайрон этишган. Юз минглаб ёзуқсиз кишиларни  қул ва чўри қилиб, ўз дашту саҳроларига ҳайдаб кетишган. Шаҳар, қишлоқларни, оғочлару экинзорларни ёқишган. Ёзувимизни, битикларимизни, илмли кишиларимизни бутунлай йўқ этишган.
Минг-минглаб теваларда олтин, кумиш, не ноёб нарсаларимиз бўлса, ҳаммасини Арабистонга тинсиз ташишган. Оқибат:
Эл оч, яланғоч қолган.
Эл ўз кечмишидан айрилган.
Эл дунёвий тараққиётдан бир неча асрга узилиб қолган.
Мен буни тарихий ҳақиқатга шак келтирмай айтаяпман.
Ўша замон араб битикларини ўқинг. Жумладан, Табарий, Наршаҳий асарларини ҳам. Уммавий ва Аббосийларнинг Исломга, Қуръонга қарши бу ваҳшийликларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Шунинг учун турк юртларида бу халифаларга қарши Муқанна, Бобак, Ғурак, Давшатий, Сумбот Муғ… бошчиликларида қўзғолонлар бўлган.

Ноқис халифалик ваҳшатлари ҳақида ёзилса, қат-қат китоб бўлади.

Мен унинг бир бетини очдим холос.

Бундай халифалик истагида юрган, ҳорижда жон олиб, жон бераётган, қамоқхоналарда ёш умрларини ҳазон қилаётган қондошларим бу тўғрида совуқ ақл билан теран ва теран ўйлаб кўрарлар балки? Мен бировнинг йўлини тўсмаган ва эркини буғмаган ҳолда, охири ҳалокат билан тугайдиган пуч нарсага – саробга интилишнинг кераги йўқ деб ўйлайман.

Афғонистон ва Покистон тоғлари-ю саҳроларида қанча-қанча Туркистон турклари нобуд бўлдилар, бўлаяптилар. Ҳозир Сурия билан Ироқдаги омонсиз урушларда ҳам ўлимга юз тутишаётир. Бу, шубҳасиз:
Самарасиз уруш,
Қабрга элитувчи уруш…
Миллатдошларимни бу қурбонликка ундаётган нарса нима?

Исломий эътиқодми?
Исломий туйғуми?
“Ислом бирдамлигими?”
Ёки:
“Ал-Ихвон, Ал-Муслимин” ( мусилмон биродарлар уюшмаси) туғёними?

Ёки:
“Жамоат Ал-Муслимин”  тўлқиними?
Ёки:
“Ал-Жиҳод ал –исломий” даъватими?
Хўп, шундай ҳам дейлик. Бунга арабларнинг ўзлари амал қилишадими? Покистонликлар ёки Эронликларчи? Ўрта Осиё 130 йил ўрусияга қарам бўлди, таланди, топталди. Шу замон ичида бир араб, ё панжоб, ёки форс “Мусулмон биродарлар” ғояси билан бизни қутқаришга келдими? Йўқ. “Ислом бирдамлик” туйғуси арабнинг ўзида етилмаган. Акс ҳолда у 23 та бўлакка бўлиниб ётармиди? Бирлашарди. Лекин бирлаша олмайди. Чунки ўзларида “Бирдамлик” йўқ. Шу боис кичкина Исроил давлатига бас келолмаяпти, келолмайди ҳам. Уруш битмайди. Тарих гувоҳ. Минг-минг йилдан бери араб-яҳудий ғавғоси давом этиб келаяпти. Ҳолбуки, яҳудий-араб илдизи бир. Бир оғочнинг икки шоҳи. Худди ўзбек-уйғур каби. Демак, Исроил, Фаластин, (Галилей) умуман, араб юртлари деб аталган ерлар яҳудийларнинг ҳам:
Тарихий Ватани.
Тарихий ҳақиқатни тан олмаслик – нодонлик.
Довуд подшо ( элчи ) (мелоддан аввал XI асрда) Исроил билан Иудияни бирлаштириб, яхлит Яҳудий давлатини тузган. Муқаддас китоб – “Забур” унга нозил бўлган.

“Тангрининг дўсти” сифатида тан олинган Иброҳим (Аврам) элчининг ўғли – Исмоил Кабаъни қурган. Иброҳим пайғамбарни яҳудийлар ҳам, араблар ҳам “Бобомиз” деб аташади. Муҳаммад элчи ўз шажарасини унинг номи билан боғлайди.

Яхудо дини асосчиси Мусо (Моше, Моисей) элчига шу юртда (Сино тоғида) “Товрот” (Тора) энган.
Насроний динига асос солган Исо Мосих (ИИсус Христос) ҳам шу тупроқда ўниб-ўсган. Бу тарихни баён этишимдан мақсадим шуки, яҳудий ҳам, араб ҳам ўз тарихий юртларида яшаяптилар. Ер талашиб, қон тўкиш – Тангри олдида ёзуқ. Яраш, муроса арабни ҳам, яҳудийни ҳам ҳалокатдан қутқаради. Йўқса, қон тўкилаверади.

Аммо Туркистон  турклари учун ёт юртларда пуч ғоялар таъсирларида ўзларини ўтга уриш – ўзларига гўр қазиш билан баробар. Бу сўзим устида қамоқхоналарда ёш умрларини аянчли йўсинда беҳуда ўтказаётган диний маҳкумлар ҳам ўйлаб кўрсалар  ёмон бўлмайди.
Ўрта Осиё –  бизнинг бешигимиз.
Ота маконимиз.
Она маконимиз.
Биз шу юрт билан тирикмиз.
Биз ёт элларда эмас, буюк Туркистонимизни тиклашимиз, яъни унинг бир бутунлиги учун жон куйдиришимиз керак.
Бу – қуёшдай зарур.
Туркистон бир бутунлиги бизни ҳар бир соҳада юксалишга ва қудратга киришга олиб келади.
Америкача юксалиш,
Америкача қудратга.
Оврўпача юксалиш,
Оврўпача қудратга.
Шундагина биз ўрис-хитой хавфидан қутиламиз.
Мангуга!
Туркистон бир бутулиги – бир туғишган турк элларининг азалий истаги:
Миллий бирлик,
Иқтисодий бирлик,
Сиёсий бирлик,
Ҳарбий бирлик,
Чегара бирлиги,
Пул бирлиги,
Ўрта Турк бирлиги.
Бунинг учун Чўлпон, Турар Рисқул, Исмоилбей Хоспирали, Фитрат, Мустафо Чўқай, Боймирза Ҳайит, Анвар Пошо каби буюк ботирлар ўз жонларини тикиб курашганлар. Бироқ ўрусия бунга тўғон бўлган. Шарқий Туркистонни бўғиб ётган Хитой ҳам. Бу – буюк яхлитликдан иккови ҳам қўрқади. Айнан шуннг учун Туркистон куч билан беш бўлакка бўлинган. Қудратга тўлиб бораётган Хитой ҳам, ўрусия ҳам на фақат Ўрта Осиё эллари учун, балки дунё халқлари учун ҳам хавфли. Бунинг олдини олиш учун йиқиқ Туркистонни тиклаш зарур. У – жаҳон тинчлик мувозанатини сақлашга хизмат қилади. Бу борада биз Оврўпа ва Америка кўмагига муҳтожмиз.
Чўлпоннинг “Уч-тўрт юлдуз” шарқиси ўша замонда яралган ва ҳамон ўша истак, ўша қудрат билан бонг уради:
Гўристон, қоронғу, зим-зиё бўшлиқда
Адашган бир йўлчи, тасаввур қилингиз.
Қўрқасиз!
Қўрқасиз…
Ва лекин уфқда
Уч-тўртта юлдузнинг ўчмасдан ярқираб
Нур сочиб тургани кўрилса… дилингиз
Қўрқишдан бир қадар тўхтарди, ярқираб
Кўзингиз олдида бир умид кўринур.
1923.

Қутилиш тонги!..
Кимдан?
Русиядан,
Хитойдан.
Чўлпон буни Туркистоннинг бир бутунлигида кўрган.
Унинг:
Замондошлари ҳам,
Издошлари ҳам.

Давоми бор

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • шайхали ;

    Рахмат Мамадали ака. Мусурлани кивотган ишларини ёзиб тугри кивоссиз. Тварлани хаммасини наказат килиш кере. Зонада бувотган ишлани системани ёзинг.

    05/02/2015 16:36