Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Оғзибир бўлмаган элга бош бўлманг…

Оғзибир бўлмаган элга бош бўлманг…
13 Şubat 2015 - 0:52 'да юкланди ва 720 марта ўқилди.

1Бош бўлманг    

Насиҳат айлайин, тингланг, йигитлар,
Паст хотин бошлаган тўйга бош бўлманг.
Минг насиҳат айтсанг, бирисин тутмас,
Оғзибир бўлмаган элга бош бўлманг.

Пул – қоғоз, ўйнатиб, кўзларга тушманг,
Тоза савдо этинг, қоришиқ этманг,
Мулойим, хуш бўлинг, кам сухан бўлманг,
Зинҳор элу кунга, ғараз, ғаш бўлманг.

Ҳаргиз, отанг бўлса бўлмагил кафил,
Бурунгидан қолган: “Кафиллар сабил”,
Мен айтайин, тингламасанг, ўзинг бил,
Жиққа-мушт даврага ҳеч-да, бош бўлманг.

Насиҳат тингласанг, эрнинг эрисан,
Олмасанг насиҳат, кўпнинг бирисан,
Ортиқ сарқитларга ўзинг тўларсан,
Оғзи ола қавмларга бош бўлманг.

Тўғри юрган, тўғри йўлга дуч бўлар,
Бевақт юрган маломатга ўқ бўлар,
Умринг бўйи йиққаларинг йўқ бўлар,
Ҳаром суйган йигитларга бош бўлманг.

Ҳаргиз, ёмон билан бирга юрманглар,
Тўю томошага билла борманглар,
Уялтирар бир кун, ёлғон деманглар,
Ёлғончига қуда, қўрсга дуч бўлманг.

Махтумқули, кўп савдоли бошинг бор,
Умринг узоқ, юздан ошса, ёшинг бор,
Ўзингни бил, ўзгага не ишинг бор,
Бохабар юр, Ҳақ ёдидан таш бўлманг.

Эр ёнида билинар     

Яхшиликни паст билмас,
Эр ёнида билинар.
Кўрар кўзнинг қиммати,
Кўр ёнида билинар.

Далли кўнгил таянчи,
Йўқдир дунё ишончи,
Эшитар қулоқ қувончи,
Кар ёнида билинар.

Агар пирсан, эгар бош,
Қилма сиринг халққа фош,
Сир сақлаган оҳак тош,
Зар ёнида билинар.

Бу дунёнинг муроди –
От заифдир, зурёди.
Арвонанинг қуввати,
Нар ёнида билинар.

Бўлса ғамдан халосим,
Ёзга улашса, қишим,
Матумқули, ихлосим,
Ёр ёнида билинар.

Арвона – урғочи туя. Нар – эркак туя.

МАХТУМҚУЛИ

Туркманчадан Мақсуд Асрор ўзбекчалаштирди

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар