Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Каримовнинг соғлиги масаласида “Ўзбекистон ҳукуматида оғир сукунат”…

Каримовнинг соғлиги масаласида “Ўзбекистон ҳукуматида оғир сукунат”…
16 Şubat 2015 - 22:40 'да юкланди ва 4442 марта ўқилди.

10Ўзбекистонда 29 март куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида “асосий номзод” — 77 ёшли давлат раҳбари Ислом Каримовнинг қарийб 20 кундир маҳаллий матбуотда кўринмай қолгани Ўзбекистон воқеаларини ёритувчи ҳориждаги турли матбуот воситаларининг диққат марказидан ўрин ола бошлади.

Бундан бир неча кун аввал, 13 февраль куни Фарғона агентлиги президент Каримовнинг 15 кундир омма олдида кўриниш бермаётгани, сайловолди янгиликларида ҳам кўринмаётгани ҳақида ёзди.

Қайд этиш жоизки, илк маротаба мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) ўзининг республика ҳукуматидаги манбаларига таяниб 2015 йил 28 январь куни кечқурун, таҳминан соат 20.00 ларда Кўксарой (Дўрмон) қароргоҳида кечки овқат пайти президент Ислом Каримовнинг ҳушидан кетгани ҳақидаги хабарни эълон қилганди.

Ушбу хабар эълон қилинганидан бир кун ўтиб бутун дунё матбуоти Ўзбекистон давлат раҳбарининг саломатлиги ёмонлашгани ва ҳушидан кетгани ҳақида ёза бошлади. Бунинг ортидан эса Марказий Осиё бўйича кўзга кўринган кўпгина экспертлар Каримов ҳокимияти ниҳоясига етганидан сўнг юз бериши мумкин бўлган эҳтимолий сиёсий жараёнлар бўйича муҳокамаларни бошлаб юборишди.

Айни пайтда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати томонидан тарқатилган маълумотга шубҳа билан ёндашувчилар ҳам бу масалада ўз муносабатларини билдиришди. Хусусан, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини сайловлар олдидан асоссиз миш-миш тарқатишда ва иғвогарликда айблаганлар ҳам бўлди. Аммо ўтган 20 кунга яқин вақт мобайнидаги воқеалар ривожи Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида ЎХҲ томонидан берилган хабарнинг айнан ҳақиқат эканлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон ичкарисида туриб вазиятни кузатаётган бир қанча таҳлилчилар ва журналистлар ҳам олий ҳокимият эгалари атрофида шубҳали вазиятнинг юзага келганини эътироф этишмоқда.

Жумладан, 16 февраль куни Озодлик радиосининг “OzodNazar” эшиттиришида Ўзбекистон президентининг саломатлигига оид турли оммавий ахборот воситаларида кейинги кунларда пайдо бўлаётган хабарлар муносабати билан берилган саволга қисқача жавоб берган тажрибали журналист, таниқли публицист Шароф Убайдуллаев “Ўзбекистон ҳукуматида оғир сукунат”нинг юзага келгани ҳақида гапиради.

Озодлик муҳбири Сарвар Усмоннинг “Ислом Каримов ишга чиқяптими?” деган саволига жавоб бераркан Шароф Убайдуллаев:

“Ўзбекистон ҳукуматида оғир сукунат. Бу оғир сукунат албатта қандайдир портлаш билан якун топади. Лекин келинг биз бу воқеаларни тезлаштирмайлик. Биз ҳаммасига яқинда гувоҳ бўламиз”, – дея таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 9 февраль куни сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров томонидан таҳририятимизга келиб тушган мақолада Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 28-29 январь кунлари комада бўлгани, 29 январь оқшомида ўзига келгани, 30 январь куни ўзини анча яхши ҳис қилиб, ҳатто туғилган куни муносабати билан уюштирилган банкетда иштирок этгани, банкетдан кейин яна ўзини ёмон ҳис қилгани ва 6 февраль кунги ҳолатга кўра ишга чиқмаётганига оид тафсилотлар ёзилганди.

Ушбу мақола эълон қилганидан бир неча соат ўтиб эса Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг расмий нашри бўлган uzxalqharakati.com сайтига Тошкент вақти билан тақрибан соат 21.30 ларда кибер ҳужум уюштирилганди.

ЎХҲ ахборот бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Qasaskor ;

    Xushxabar ortidan xushxabar…

    17/02/2015 08:55
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар