Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хориждаги ўзбекистонликларни текшириш кучайтирилган

Хориждаги ўзбекистонликларни текшириш кучайтирилган
20 Nisan 2015 - 14:44 'да юкланди ва 955 марта ўқилди.

uzb-airportЎзбекистон Ички ишлар вазирлиги хориждан қайтиб келаётган ўзбекистонликларнинг террорчи ташкилотларга алоқасини текшириш чораларини кучайтирмоқда.

Бу ҳақида, вазирликнинг “Постда” газетасига кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг 2015 йил биринчи чорак якунлари бўйича навбатдаги мажлисида келишилган.

Ҳайъат мажлисида ички ишлар вазири биринчи ўринбосари, полковник Даврон Назармуҳамедов доимий яшаш жойларидан узоқ муддатга чиқиб кетиб, бошқа давлатларда террорчилик ташкилотлари фаолиятларига жалб этилган, шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудида ушбу ташкилотлар таъсирига берилган шахсларни аниқлаш йўлида олиб борилаётган чораларга эътиборни қаратгани айтилади.

Чоралар сирасига хорижий давлатларда паспортини йўқотиб, сертификат билан қайтиб келган шахслар билан олиб борилаётган тезкор-профилактик тадбирлар ҳам киради.

Ўзбекистондаги фаолларнинг айтишича, мамлакат бўйлаб охирги уч йил ичида хориждаги ўзбекистонлик муҳожирларнинг оилаларини сўроқ қилиш, хорижда яшаётган ё ишлаётган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот йиғиш фаоллашган. Хорижда яшаётган баъзи фуқаролар ҳатто уларнинг қўни-қўшнилари ҳам сўроқ қилинганини хабар қилишмоқда.

Паспортни янгилаш учун Ўзбекистонга қайтган ва узоқ йиллар хорижда яшаган фуқароларнинг баъзилари ҳуқуқ-тартибот органларининг террорчилик ва экстремизмга қарши бўлинмалари томонидан суҳбатга тортилмоқда.

Хорижда яшаётган ўзбекистонликлар орасида Туркия орқали Сурия ва Ироқдаги жиҳодий жангларга қўшилиш ҳоллари ҳақида тобора кўп хабар қилинади.

Бироқ, шундоқ ҳам Миллий Хавфсизлик Хизмати ва ИИВнинг назорати ўта кучли бўлган Ўзбекистонда текширувлар даражасининг ошиши бегуноҳ фуқаролар учун ҳам қийинчиликлар туғдириши эҳтимоли катта.

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, бу текширувлар туфайли унга мурожаат қиладиганлар ҳам сони ошади.

“Биласиз, уруш ҳолатларида ҳатто тинч аҳоли ҳам жабр кўради. Бу вазиятни ҳам ўзига хос уруш даври деб тасвирласа бўлади. Исталган фуқаро жабр кўриши мумкин ё манфаатлари топталиши мумкин. Шунинг учун, бизга ўхшаган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига иш кўпаяди”, – дейди у.

“Ўзбекистон сиёсатидан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак, Ўзбекистондан чиқиб кетган ҳар бир фуқаро Ўзбекистон ҳукумати органлари томонидан потенциал душман деб кўрилади. Чунки улар бевосита Ўзбекистон ҳукуматининг назорати остида эмас. Шунинг учун паспортини йўқотиб, (хориждаги Ўзбекистон элчихонасидан олинган) сертификат билан қайтган ватандошларимизни ҳам шулар сафига киритиш мумкин”, – дея қўшимча қилади жаноб Ташанов.

Манба: bbc.co.uk/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар