Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Шароф Убайдуллаев: “Қодировнинг кетиши-Иноятовга зарба”

Шароф Убайдуллаев: “Қодировнинг кетиши-Иноятовга зарба”
22 Nisan 2015 - 9:40 'да юкланди ва 1236 марта ўқилди.

indir

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг матбуот хизмати Рашитжон Қодировнинг конституциявий муддати тугагани сабаб Бош прокурорлик лавозимидан бўшатилганини айтган.

Конституцияга мувофиқ Бош прокурор икки муддатга тайинланади, аммо 2010 йилда парламент Президент Каримовнинг тавсияси билан Рашитжон Қодировни учинчи муддатга Бош прокурорликка тасдиқлаган эди.

Сўнгги пайтларда интернетда собиқ бош прокурор ва оиласининг коррупцияга алоқадорлиги, хорижда йирик кўчмас мулклари борлиги иддао қилинган мақолалар чоп этилган.

Хўш, жаноб Қодировнинг истеъфоси ортида қандай сабаблар турган бўлиши мумкин?

Би-би-си ушбу саволни Ўзбекистон Президентининг собиқ матбуот котиби, таниқли журналист Шароф Убайдуллаевга берди.

Шароф Убайдуллаев: Энди ҳозир ортиқча шов-шув бўляпти. Ортиқча шов-шув шундан иборатки, ўртоқ Рашитжон Қодиров ўзининг Бош прокурорлик муддатини тугатиб бўлди. Ўзи президентлик каби икки муддат Бош прокурор бўлиш мумкин. Учинчи муддатга Президентнинг алоҳида рухсати билан қолдирилиши мумкин эди. Учинчи муддатини ҳам у киши ўтаб бўлди.

Би-би-си: Лекин, 2010 йилда Конституцияга зид равишда Рашитжон Қодиров учинчи муддатга Бош прокурор этиб қўйилган бўлса, нима учун тўртинчи муддатга қўйилмасин?

Шароф Убайдуллаев: Республика прокуратурасига ишга кириш энг катта ауционга, бозорга айланди. Прокуратура тизими мутлақо бойлар, олигархлар ва ҳоказо, ҳоказоларнинг қонун дубинкасига айланиб қолди. Республика Бош прокуратураси кадрлар бўйича ишлайдигани бу -олигархларнинг ихтиёри билан фаолият қиладигани бўлди. Хуллас, Республика Бош прокуратурасини олигархлар бошқара бошлади.

Би-би-си: Энди Миллий Хавфсизлик Хизмати юқори мартабали мулозим бўлган Рашит Қодировнинг тайинланиши Ўзбекистондаги ҳокимият тизимида ўша Совет давридан бери амал қилиб келган қудрат мувозанатининг ҳам бузилиши эди, шундай эмасми? Яъни, куч тизимлари орасидаги қудрат мувозанатини…

Шароф Убайдуллаев: Мутлақо тўғри айтаяпсиз. Мустақиллик йилларида номи алоҳида бўлса ҳам, асосан, 1999 йилларда бўлиши керак, Бўритош Мустафоевнинг ишдан олиниши ортидан Республика прокуратураси Миллий Хавфсизлик Қўмитаси билан битта, якка ташкилотга айланиб қолди. Иноятовнинг қўлидаги қонун дубинкасига айланиб қолди. Рашитжон Қодиров ҳар бир қадамида, ҳар бир асосий масалада Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг оғзига қараб турарди.

Би-би-си: Рашит Қодиров, гўёки Иноятовнинг қўлида қўғирчоқ экани ҳақидаги даъвони Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам айтганди. Шу маънода, Рашит Қодировнинг ишдан олиниши, сизнингча, Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятовга берилган зарбами?

Шароф Убайдуллаев: Албатта, бу биринчи этап. Агар Рустам Иноятовга қолганда, биринчидан, буни чўзиш имкониятларини топар эди, бунга ҳаракат ҳам кетаётган эди. Чунки, муддат ўзи анча бўлди тугаб кетган бўлиши керак эди. Кейин қонун билан, фармойиш билан бўлиши керак эди. Фармойишга ҳам имконият бермади, Президентга раҳмат. Президент аппаратида ҳам, манимча, ҳозир анча жиддий, ҳушёр одамлар ишлаяпти. Рашитжон Қодиров президент аппаратига чақирилди, аризаси олинди ва шу ердан транвайга солиб юборилди. Бу жуда ҳам керак эди. Ҳозир Миллий Хавфсизлик Қўмитаси билан ҳам, прокуратура билан ҳам, ўйнашиб бўлмайди. Уларнинг ичида ҳозир нима борлигини англаб етиш жуда қийин. Шунинг учун, Иноятовга қолганида Рашитжон Қодиров кетмаслиги керак эди. Масала конституцион муддати сифатида жиддий қўйилса, Иноятовнинг одами қўйилган бўлар эди.

Би-би-си: Мана собиқ бош прокурорни қонунсизликда айблаяпсиз, Бош прокуратураси олди-берди қилинадиган қоррупция ботқоғига ботиб кетганини айтяпсиз, нима учун Президент Каримов 15 йил давомида бунга кўз юмиб келди, деб ўйлайсиз?

Шароф Убайдуллаев: Энди бу масалада гап кўп. Президент ҳам тирик одам. Президентни ҳам чалғитадилар, ишонтирадилар…

Би-би-си: Сўнгги пайтларда Президент Каримов вазиятни назорат қилмаяпти, бутун ҳокимият жиловини Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Иноятов ўз қўлида тутиб турибди қабилидаги гап-сўзлар урчиб кетган, бу гапларни Президентнинг қизи Гулнора Каримова ҳам айтган эди. Шу маънода, ҳозир Бош прокурорни ишдан четлатиш, Сиз айтаётганингиз каби ҳақиқатдан ҳам, Иноятовга зарба бўлса, Ислом Каримов жамоатчиликка ҳали ҳам ўзининг хўжайин экани, ҳокимиятнинг жиловларини қўлида тутиб турганини кўрсатиб қўймоқчими?

Шароф Убайдуллаев: Сўнгги нафасигача Президент Каримов Каримовлигича қолади. Президентга қанча айбномалар қўйиш мумкин, лекин у ўз сўзига эга экани, сўзига жавобгар эканини, ўз-ўзини бошқариши мумкин эканлигини ҳеч қачон инкор этиб бўлмайди. Ундан ҳамма яхши хислатларни инкор этганда ҳам, мана шу томонини қадрлай билиш керак.

Би-би-си: Лекин, Каримовнинг ёши бир жойга етиб қолганини инобатга олсак, бу жуда ҳам қатлис қадам эмасми, сизнингча?

Шароф Убайдуллаев: Нима дейди… Президентга осон эмаслигини тушуниш мумкин. Лекин, Президентнинг елкасида 31 миллион халқнинг тақдири деган масъулият ҳам турибди. Агар у Иноятовдан қўрқиб бу ишни қилса, унисидан қўрқиб у ишни қилса, кема қирғоққа бориб урилади, бу табиий. Шунинг учун, Президент “ҳа, ҳа” дейиши мумкин, уларнинг гапига ҳам қулоқ солиши мумкин. Лекин, қачондир вазият етилса, бошқа чидаб туриш мумкин бўлмаса, у ўзининг айтганини қилади. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқи бўйича жуда оғир вазият ҳукм суряпти. Яна қаранг, бу турмада ётганлар, сургунда юрганлар… бутун оила аъзолари қирилиб кетди… Рашитжон Қодиров ҳар куни тўй, ҳар куни хурсандчиликда. Мен Рашитжон Қодировнинг Ўзбекистонда суд қилинишини орзу қиладиганлардан биттасиман.

Би-би-си: Лекин, Рашитжон Қодиров суд қилиниш нариги ёқда турсин, балки Конституциявий суднинг, мамлакатнинг энг олий маҳкамасининг ҳаками этиб тайинланди.

Шароф Убайдуллаев: Бизда тузумнинг ҳам жуда яхшигина тажрибалари, сирлари бор. Сабаби, самолётдан ташлаб юборса, белига бир ёстиқни боғлаб секин тушириб қўяди. Кейин томнинг устигами, бир майдонга келиб тушади. Маълум вақтдан сўнг, у-бу гаплар тўпланади-да, кейин елкасига… Манимча, Рашитжон Қодиров виждон азобидан ҳам қутила олмайди.

Би-би-си: Яъни, бунинг ортидан шов-шувли жиноят ишларини кутишимиз мумкинми?

Шароф Убайдуллаев: Жуда ҳам кутамиз, жуда ҳам кутамиз. Бусиз Ўзбекистонда ҳақиқий бир ўзгаришни кутиб бўлмайди.

Би-би-си: Рашит Қодировнинг истеъфоси ортидаги мотив сиз ўйлаётгандек, тахмин қилаётгандек ёки умид қилаётгандек бир сиёсий ўзгаришлар истаги эмас-да, анча жўн бўлиши мумкинми? Масалан, дейлик, Президент Каримов Рашит Қодировдан ё-да, Иноятовдан ўз қизи Гулнора Каримова учун ота сифатида қасос олаётган бўлиши ҳам мумкинми?

Шароф Убайдуллаев: Йўқ, йўқ, ман айтаман, Гулнорани парашютсиз, самолётсиз тепага олиб чиққан бошқа одам. Лекин, уни бизнесда икки томонидан қанот қилиб учирган инсон бошқа. Икки киши олиб чиққан уни. Бундан менинг жуда яхши хабарим бор. Буни биринчи навбатда ўша икки одамдан сўраш керак.

Би-би-си: Рашит Қодировнинг истеъфоси ортидан қудратдаги бошқа одамларнинг ҳам истеъфоларини кутишимиз мумкинми?

Шароф Убайдуллаев: Албатта. Бу Рашитжон Қодировнинг ишдан олиниш усули сизу биз учун асос беради. Бу табиий.

Би-би-си: Аммо, Ўзбекистондаги шароитда кадрларнинг ўзгариши, албаттаки, сиёсий ўзгаришлар келаётганини англатмайди, шундай эмасми?

Шароф Убайдуллаев: Шундай деб қараш мумкин. Лекин, бизда адолат меъёрини тутиб туриш учун, ҳар қанақа жараёнга адолатли нуқта қўйиш учун биринчи навбатда прокуратурани тозалаш керак. Тўғри, бизда милиция ҳам олиб қамайверади. МХХ истаган одамини қамайди. Боринг, ҳозир суд ҳам истаган одамига қўшиб бера олади, ҳоказо, ҳоказо… Бироқ, қонунни назорат қиладиган ташкилот битта, бу – прокуратура.
Прокуратура нуқтасини қўяди. Шунинг учун, мен жуда ҳам қониқиш ҳосил қилдимки, прокуратурани тозалашга ҳурматли Президент Ислом Абдуғаниевич енгини шимарган кўринади.

Би-би-си: Лекин, янги прокурор Рашит Қодировдан бошқачароқ бўлишининг қандай кафолатлари бор?

Шароф Убайдуллаев: Президент шунча ишонч билдирган. Масалан, ўша МХХдаги раҳбарларга ҳам, МВДдагига ҳам, Олий судда ҳам ўтирибди қанчаси… Мана шулар энди бунинг йўлини тўсмаса, прокуратурамиз бир марта тозаланса, ёмон бўлмасди.

Манба: bbc.co.uk/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар