Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туҳмат тоши ёхуд бир-биримизни асрамасак, бизларни ким асрайди?!

Туҳмат тоши ёхуд бир-биримизни асрамасак, бизларни ким асрайди?!
24 Nisan 2015 - 8:48 'да юкланди ва 686 марта ўқилди.

12Бир қанча вақт олдин Исмат Хушевнинг “Дунё ўзбеклари” мустақил интернет-газетаси саҳифасида “Ўзбекистон халқ ҳаракати”да эълон қилинган сайтлар рейтингига муносабат шаклида, Отабек Тошев деган аллакимнинг аччиқ эътирози босилди. Муаллиф рейтинг кўрсатгичларидан ўзини норозидай тутаётган бўлсада, унинг Муҳаммад Солиҳ кўксини нишонга олгани парда ортидан бўртиб турарди. У асоссиз иддоалари қатига ғаразгўйлигини сингдириб юборишга ожизлик қилган, унда сиёсий ва журналистик маҳорат йўқ ҳисоби эди. Ёким жаҳл чиққанда ақл кетади, деганларидай, у ўзигагина аён қандайдир бир сабаб туфайли бошқарув тизгинини йўқотиб қўйганди, ғазаби боисини тушуниш қийин эди. Шаллақилик билан иш битмаслигига эса, унинг бир чақалик иши йўқ, калла-почча сотадиган кампир каби тўғри келганга бобиллаб берса, шу билан гўё кўнгли таскин топар, фойда-зарар ва шарму ҳаё у учун сўнгги масала эди.

Барчаси, кишида “кимнингдир буюртмаси билан ёзилган”, деган нохуш тассурот уйғотарди. Ҳаттоки, кимдир бу даъволарни шоша-пиша мушоҳада этиб ўтирмасдан ғазаб билан қоғозга туширгану, Отабек Тошев ўз исми-шарифи остига имзо қўйган, холос, деган беъмани хаёллар ҳам кўнгилга тинчлик бермасди. Чунки, услуб таниш эди. Дўсту душманни битта қозонга зўрлаб тиқиб бўтқа пишириш, ҳар икки томонни балчиққа белаб туриб ҳам ҳар икки томонга яхши кўринишга уриниш, фикрлар тизимсизлиги ва ҳис-ҳаяжонларнинг бетийиқлиги, шон-шуҳратга ўчлик, мақсадсизлик ва эътиқод ночорлигининг биринчи планга қўйилиши, барча-барчаси, кимнингдир афт-ангорини эслатаётган эди.

Хуллас, Отабек Тошев рейтинг таҳлили бир ёқда қолиб кетиб, Муҳаммад Солиҳни “кўролмаслик” ва “ичиқоралик”да айбларди. “Дунё ўзбеклари”нинг юз минглаган ўқувчилари бору, “Ўзбекистон халқ ҳаракати”нинг 10 – 15 та ўқувчиси борми-йўқлиги даъвоси ҳам, жуда қизиқ бир аргумент эди.

Суриштириб билганларимизга кўра, туҳмат тоши отаётган кимсани бу дунёда Муҳаммад Солиҳ билан боғлаб турадиган ҳеч бир жиҳат йўқ, ҳар иккаласининг на сиёсий майдонда, на шахсий ҳаётда бир-бирларига тегишли бўлиши мумкин бўлган бирор нуқтасини топиш мушкул эди. Улар Антрактидадаги муз тоғлари билан Африкадаги ўрмонлар сингари бир-бирларига етти ёт бегоналар эдилар.

Даъвогарнинг Муҳаммад Солиҳнинг раҳматлик турмуш ўртоғи Ойдин Солиҳ номини ҳам тилга олиб, “Дунё ўзбеклари”нинг “бир оила фожеаси”ни “бутун башар”нинг фожеасига айлантиргани хусусидаги чўпчаклари эса, ҳаммасидан ошиб тушарди.

Ҳолбуки, ўлим фожеа эмас, ўлим мусулмон учун истиқболнинг бошланиши, холос. Маънавиятсизликни ва дину диёнатсизликни ҳақиқий фожеа деса бўларди.

Қолаверса, ЎХҲ таҳририяти рақамларни ўзлари тўқиб чиқармаганларини исбодлаш учун манбани сал кейин эълон қилгани каби, Отабек Тошев ҳам бу масалага ўз вақтида аниқ далиллар билан расман ёндашганда эди, ҳеч кимда эътироз туғилмасди. Қилдан қийиқ қидирадиган аллакимларда ҳам муаллифнинг холислиги шубҳа уйғотмаган бўларди. Чунки, эълон қилинган параметрлар ЎХҲи чиқарган хулосалар эмас, улар “Халқаро хизматлар”га тегишли эди.

Билишимизча, бу нарсалардан ҳам Отабек Тошев деган кимсанинг эътирозидан ҳам Муҳаммад Солиҳ огоҳлантирилмагунча, том маънода хабарсиз бўлган. Таҳририятдагиларнинг ҳам бировни камситиш ёхуд ўзларини аллакимдан юқори қўйиш ниятлари бўлмаган. Аммо, бизнинг фикримизча ҳам, бу нарсани эълон қилишнинг ҳожати йўқ эди. Бу ҳақида, ўша пайтда ҳеч ким ўйлаб кўрмаган, бунинг кимнингдир нафсониятига тегиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. Чунки, бу жойда ножоиз бирор нарсанинг йўқлиги ҳозир ҳам кафтдагидек кўриниб турипди. Кўнгилга малол келадиган тирноқча нарса йўқлигини кўриб, шунга ҳам ота гўри қозихонами, дегинг келади. Аммо, бунга кеч, туҳмат тоши нишонга тегмаган бўлса ҳам, отилгани фактлигича қолади, энди.

Биз ичкарида бўлсак ҳам, ташқаридаги маслакдошларимиз ва ҳаракатимиз йўлбошчиси билан бошқа юзлаган ячейкалар сингари жуда яқин алоқадамиз. Ҳар кун бўлмаса ҳам, кунора, ҳеч бўлмаганда ҳафта-ўн кунда, улар билан бир-икки марта интернет тармоғи орқали хабарлашиб турамиз. Йиғилиб бошқа масалалар сингари сайтда эълон қилинаётган мақолаларни муҳакома қилиб, қарор ва таклифларимизни таҳририятга жўнатамиз. Ҳар бир вилоят пойтахтдаги ЎХҲнинг бўлими сингари жойларда мустақил иш кўради. Ва ҳаказо… Энди, бу нарсаларни яшириб ўтиришнинг ортиқ ҳожати қолмади. Бизларнинг қонхўр режимдан қўрқадиган кунларимиз ўтиб кетди, Аллоҳга шукур, биз бугун етарли кучга ва марказ саъй-ҳаракати билан мукаммал ишлаб чиқилган тактика-стратегияга ва “Миллий озодлик” ғояси теварагида жипислашган замонавий ҳаракатга эгамиз. Президентнинг топшириғи билан МХХдагиларнинг йигирма йилдан буён “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг уйининг эшигини қўриқлаб ўтирганидан мамнунлигимизни ҳам бугун яшириб ўтирмаймиз. Бизга “кўзим кўрмаса, кетимни бўри есин” қабилида имконият яратиб берганлари учун, уларга ҳам ташаккурлар билдирамиз. Баъзида дўст деб кўрилганлар душманнинг ишини қилиб, одамни дилисиёҳ қилгани мисол, баъзида ашаддий душман деб кўрилганларнинг дўстнинг ишини қилиши ҳам бор гап экан…

Хуллас, Муҳаммад Солиҳ бизларнинг бу нарсага муносиб жавоб қайтариш зарурлиги хусусидаги таклифимизни кескин рад қилди. Айтишича, Отабек Тошевни яхши биладиган мамлакат ичидаги бошқа ҳаракат аъзоларидан ҳам даъвогарнинг ниқобини йиртадиган бир-икки маълумотлар, аллақачонлар унинг қўлига етиб борган экан. Аммо, унинг: “Исматнинг ҳаракатимизга ҳам, шахсиятимизга ҳам ҳеч қанақа ғарази йўқ. У кўнгли очиқ, далли-ғулли бир йигит, унинг бундан хабари бўлмаган бўлиши ҳам мумкин” деган эътирози, бизларни бироз ҳовуримиздан туширди. Чунки, у ҳам Муҳаммад Солиҳ каби бошқа муҳим ишлар билан ўралашиб, чинданам бу каби аҳамият касб этмайдиган нарсаларга диққатини қаратишга вақт топа олмаган бўлиши ҳам мумкин-ку, деган хаёл, иштаҳамизни бўғиб қўйди. Шаштимиздан тушгач, ёзишга бўлган майл ҳам, ичимизда уйғонган қандайдир курашишга бўлган муштоқлик қуввати ҳам ўз-ўзидан сўнди, қолди. Муҳаммад Солиҳ айтганидек, бу каби пуч ва асоссиз нарсаларга муносабат билдириш, аслида кераксиз бир нарса эканини ҳам ўпкамизни босиб олгач тушуниб етдик.

Бироқ, мени Отабек Тошевнинг Ойдин Солиҳ хусусидаги даъволари ўтган кунлар мобайнида кўп бора ўйга толдирди. Ойдин Солиҳнинг икки оламга татийдиган нурли бир дунё яратганидан ғофил бир гумроҳнинг, у ҳақида сўз айтишга ҳаққи бор-йўқлиги масаласи, менга бир дақиқа ҳам тинчлик бермади. Ойдин Солиҳнинг на тириклигида на вафотидан сўнгра, на “Дунё ўзбеклари” на Муҳаммад Солиҳга, наинки бошқа бировга на маънан на иқтисодий жиҳатдан эҳтиёжи бўлмаганини жуда кўпчилик яхши билади. Акси, кўпчиликнинг ҳар доим унга эҳтиёжи бўлган. У ҳар қандай одамга жону дилидан кўмак беришни, маънан қўллаб-қувватлашни ўзининг инсоний бурчи, Аллоҳ олдидаги бандалик қарзи, деб билган солиҳа ва комила бир аёл эди. Кузатувларимизга қараганда, унинг бутун дунёда ўзига муносиб шогирдлар етиштиришга эришгани, унинг тутган йўли нақадар тўғри йўл эканлигидан ва у бошлаган ишнинг ҳеч қачон ўлмаслигидан далолат беради. Қолаверса, Муҳаммад Солиҳ сингари унинг номини юрт ичкарисида тилга олиш тақиқланганига қарамай, у ўзи жонидан ҳам ортиқ кўрган ўзбеклар орасида ҳам тириклигида етарлича машҳурликка ва ҳурмат-эҳтиромга сазовар бўлган бир аёл эди.

Мамлакатда унинг “Ҳақиқий тиббиёт” китоби билан номи кириб бормаган хонадон қолмади, бугун юрт ичида унинг машаққатли меҳнатлари ва меҳр-мурувватидан қай бир сабаб билан наф кўрмаган бирор кимсани топиш қийин. У камсуқимликни ва оддийликни суйган бўлса ҳам, ўзини ва амалга ошираётган оламшумул ишларини реклама қилишларини йиллар бўйи ёқламай келган бўлса ҳам, биргина “Ҳақиқий Тиббиёт” китоби, бутун дунёдаги каби уни ўзбеклар учун ислом тиббиётининг маликасига айлантирди. Қуръони карим ва Суннатга таянган бу тиббиётнинг жадаллик билан анънавий тиббиётни кишилик жамиятидан сиқиб чиқаришни бошлаганини тасаввур қила олсак, яқин вақтлар ичида инсониятни кўпгина зарарли даволаш усулларидан қутқариб, ер юзида ҳукмронлик қилиши тахмин қилинаётган “Ҳақиқий тиббиёт”нинг йигирма биринчи асрдаги асосчиси бўлмиш Ойдин Солиҳнинг не қадар буюк бир ишга қўл урганини тушунамиз. Яна, унинг украин миллати вакиласи ва келиб чиқиши насроний динига мансублигини эътибордан соқит қилмайдиган бўлсак, Ойдин Солиҳ каби шижоат ва матонат, ихлос ва меҳр-муҳаббат, ақл-идрок ва янгича бир тафаккур соҳибасининг мусулмонликни қабул қилиши ва бу жабҳада кўпгина мусулмонларга иймон-эътиқодда карвонбошилик қилиши, Яратганнинг хоҳиш-иродасидан бошқа бир нарса эмаслигига иқрор бўламиз. Унинг тақидири ришталарининг ўзбеклар билан боғланганлиги ва Ойдин Солиҳнинг ўзбекларнинг Ибн Сино каби ота-боболари таъмал тошларини қўйган исломга асосланган тиббиёт ва илоҳиётга орқа бериб бутун иқтидорини дунёга намойиш қила олишида ҳам, биз тушунмайдиган бир ҳикмат бўлса керак…

Хулоса қилиб айтганда, у ўзбекнинг Гулбаданбегим, Зебунисо, Увайсий, Нодирабегим каби машҳур момолари қаторига ўз исмини зарҳал ҳарфлар билан битиб кетди. У ҳали ўзининг бошлаган хайрли ишлари билан бу дунёда ўзбек миллатига олам-олам шон-шуҳрат ва Аллоҳнинг раҳматини олиб келади. Ўзбеклар, ҳали унинг ҳаёт тарзи ва илмда эришган мувафаққиятларини ўрганиб, у билан фахрланадилар, унинг ишларини давом қилдириб тиббиётда оламшумул ғалабаларга эришадилар, у каби Қуръони карим ва Суннатнинг яширин қирраларини кашф этиб, дунё илм-фанида ҳам янги чўққиларни забт этадилар. Шунинг учун ҳам биз у ва у каби улуғларимиз хусусида сўз кетганда, жуда эҳтиёт бўлиб гапиришимиз, орамиздаги яхши-ёмон ишлардан уларнинг пок номларини йироқ тутишимиз керак. Ойдин Солиҳ ҳақида бир нима айтмоқчи бўлсак, аввал унинг фаолиятини ва қолдирган меросини ўрганиб чиқиб, сўнгра бир нима дейишимиз жоиз бўлади…

Умуман олганда, бизлар бир-бирларимиз хусусида ҳам обдон ўйлаб, сўнгра хулоса чиқарсак, ёмон бўлмасди. Чунки, бизлар ўтган йиллар асносида жуда узоқ ва хатарли манзилларни кечиб ўтдик. Ҳеч биримиз ҳам йигирма-йигирма беш йил олдинги ғўр ва алифни калтак дейдиган, эшитганимизга лаққа тушиб, тўғри келган кимсага эргашиб кетаверадиган аҳмоқ эмасмиз. Шу жумладан, Муҳаммад Солиҳ ва Исмат Хушевга ўхшаган миллатнинг жасоратли ва асл ўғлонлари хусусида ҳам етти ўлчаб, бир кесиб гапирсак, биринчи галда, ўзимизни ҳурмат қилган бўлардик. Аввало, бу икки инсон ҳақида сўз айтиш учун бизнинг маънан ҳақимиз бор йўқлиги хусусида, ўз-ўзимизга виждонан мурожаат қилиб, шунга қараб иш кўрсак ёмон бўлмасди.

“Демократия”, “Сўз эркинлиги” деган билан бу нарсалар замирини англаганлар бор, англамаганлар бор. Халқимизнинг: “Тенг-тенги билан тезак қопи билан” деган ўгитига қулоқ оссак, фойдадан холи бўлмасди. “Паст-пастни топар, сув сойга оқар” деган ҳам бир гап бор. Ҳамманинг ҳам бўйи тенг бўлгани билан ҳамманинг ҳам ақли тенг бўлавермайди. Оғзидан тухумнинг сариғи кетмаган бир жўжахўроз, осмону фалакда чарх уриб учиб юриган бургутга ерга оёқ тиркаб, чиранса, жуда кулгули чиқар экан.

“Ўзбекистон халқ ҳаракати”нинг 10 – 15 та ўқувчиси борми-йўқлиги” масаласига келадиган бўлсак, бизнинг сайтимиз “Даракчи”лик қилиш даъвосидан жуда йироқда. У бошқа баъзи бир сайтлар сингари “ошиқ-машуқлар”нинг ёки “кўнгил очар”ларнинг маскани ҳам эмас, бизларнинг тўғри келган одам кириб чиқиб гап ўйнайдиган “чойхона”лик гузарларидан кечганимизга ҳам кўп йиллар бўлди. Мақсад, шундай аҳволга тушиб қолишдан қочиш, жиддий масалалар хусусида сўз айтиш ва реал фикрлайдиган ўқувчилар билан мамлакат, миллат аҳволи хусусида тиллашиш ва дардларга дармон излашдан иборат. Халқимизнинг ҳинд кинофильмларидаги эртакларда тасвирланадиган “ширин орзулар”га ишонмай қўйганига йигирма йиллар кечяпди. Шунинг учун бизни сон эмас, сифат қизиқтиради. Шунчаки милёнлаган ўқувчиларнинг бизга боридан йўғи яхши, бизлар ватан ва миллатнинг тақдири учун жони ва молидан кечадиган битта фидойини мингта ўзининг кўнглини пуч ёнғоқ билан тўлдириб юришни одат қилган вайсақига алмаштира олмаймиз.

Яна, биргина Тошкент мисолида ЎХҲи сайтини ўқийдиган ўқувчилар сонини тахминан чамаласак, бутун Ўзбекистон ичкарисида, унинг қанча ўқувчилари борлиги келиб чиқади. Айтиш жоиз бўлса, улар оддий ўқувчилар эмас, ҳар бирлари ЎХҲнинг фаол аъзолари, сайтда эълон этилаётган ҳар бир нарсани буйруқ деб қабул қиладиган инсонлар.
Мамлакатдан ташқарисидаги ўқувчиларнинг эса, унчалик ҳам бизлар учун аҳамияти йўқ.

Давоми бор
ЭРГАШ СУЛАЙМОН

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Muallifga ;

    Шу жумладан, Муҳаммад Солиҳ ва Исмат Хушевга ўхшаган миллатнинг жасоратли ва асл ўғлонлари хусусида ҳам етти ўлчаб, бир кесиб гапирсак, биринчи галда, ўзимизни ҳурмат қилган бўлардик.

    hurmatli muallif, maqolangizga bitta etirozimiz bor: yuqoridagi jumlangizdagi hushomad butun maqolani buzib turibdi, chunki bu haqqoniy baho emas. teng bolmagan ikkita shaxsni teng qilib qoyibsiz, Muhammad Solih qayoqdayu, uning dushmani qattol Karimovga tinmay maddohlik qilayotgan Hushev qayoqda, maqtov ham evi bilan-da akam!!

    24/04/2015 13:17