Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туркистон Мухториятини ағдариш чоғида советларнинг ерли халққа нисбатан қўллаган қатағон сиёсати-1

Туркистон Мухториятини ағдариш чоғида советларнинг ерли халққа нисбатан қўллаган қатағон сиёсати-1
26 Nisan 2015 - 9:37 'да юкланди ва 1341 марта ўқилди.

turkistonАрмани миллатига мансуб дашноқлар Қўқонда кўз-кўриб қулоқ эшитмаган ваҳшийликларни амалга оширдилар. Шаҳар остин-устин қилинди ва таланди. Улар хусусан Эски шаҳарни, айниқса савдо тармоқларини, дўконлар, расталарни, омборларни таладилар, қолганларига ўт қўйиб ёндириб юбордилар. Дашноқи арманлар мусулмонлар яшайдиган хонадонларга бостириб кирдилар, ҳеч кимни аямасдан қирғин қилдилар, ҳатто чолу-кампирлар ва ёш гўдакларга ҳам раҳм қилмадилар. Ҳомиладор аёлларни қоринларини ёриб туғилмаган гўдакларни қиличлар тиғидан ўтказдилар, ёш нораста гўдакларни беда қирқадиган жодуда бурда-бурда қилиб ташладилар.

Кириш

Миллий тарихсиз миллий ғоя ва миллий мафкуранинг ўзи бўлмайди. Шундай экан миллий тарихни яратмасдан туриб миллий ғоя ва миллий мафкурани тасаввур ҳам этиб бўлмайди. Тарихни билиш айни вақтда ўзликни англаш ҳамдир. Миллатни миллат, халқни халқ қилиб танитадиган ҳам миллий тарихдир. Айни кунларимиз ўтмиш, бугун ва келажак бир бутун, ҳамоҳанг тараққиёт жараёнидир.

Ўзбекистоннинг миллий мустақилликка эришгани ўзбек халқининг кўп минг йиллик тарихида буюк бурилиш ясади ва унинг бундан кейинги иқтисодий, ижтимоий-сиёсий тараққиёти учун кенг уфқлар очиб берди. Мустақил Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримов раҳнамолиги остида ўзбек халқи келажаги буюк давлатнинг ўзига хос тараққиёт йўлини танлаб олди. Бу йўл қисқа вақт ичида синовдан ўтиб, катта самаралар бера бошлади. Ўзбекистонда демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриш борасида мислсиз улкан ишлар амалга оширилмоқда, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида чуқур ўзгаришлар юз бермоқда.

Давлатимизнинг юртимизда инсонпарвар жамият қуриш сиёсати яқин тарихимиздаги совет ўтмиши ва энг аввало ундаги фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари қандай бўлганини билиш, англаш, советлар замонида кечирган ҳаёт йўлимизни мушоҳада қилиш, кузатиш, ундан тўғри хулосалар чиқаришни талаб этмоқда. Мустақил Ўзбекистоннинг яқин ўтмишини тушуниш ва уни қайтадан англаш, эслаш учун совет ҳокимияти давридаги унинг ўз бошидан кечирган жараёнларни ўрганиш, таҳлил қилиш, тегишли мантиқли, илмий хулосаларга келишга имкон беради.

Президентимиз Ислом Каримов бутун халқни, айниқса ёш авлодни илмий тарихий билимлар билан қуроллантириш, тарих тарбияси бериш, тарихий хотирани шакллантиришни биринчи даражали вазифа сифатида таърифлаб берди . Бу ғоят муҳим аҳамият касб этган вазифа айни вақтда мустабид советлар даври тарихини ҳам ўрганиш, билиш ва тадқиқ этишни, шу асосда зарур ҳаётий, амалий хулосалар чиқариб олишни ҳам истисно этмайди. “Биз ўз тарихимизни йўққа чиқара олмаймиз. Бу тарихимизда ҳам қахромонона, ҳам фожиали саҳифалар кўп бўлди. Ахир, кекса авлодларнинг, ота-боболаримизнинг кураши ва меҳнатини инкор этиб бўладими? Улар рим феодал холидаги қалоқ мамлакатни ижтимоий ва илмий-техникавий жиҳатдан тараққий этган замонавий даражага кўтардилар. Бу аниқ-равшан далилни ҳеч ким рад қила олмайди. Айни вақтда социалистик қурилишнинг кўпгина босқичларида қўпол хатолар ва бузилишларга йўл қўйилганини ҳам ҳеч ким, ҳеч нарса шубҳа остига қўйа олмайди.” деб Президентимиз тарихчиларни советлар даври тарихни ҳам чуқур илмий мушоҳада этган ҳолда тадқиқ этишга ундайди. Шу боис совет давлати тарихидаги тарихимизнинг ҳам ижобий, ҳам фожиали саҳифаларини холислик билан очиб бермасдан туриб янги жамият қуролмаймиз. Президент И.А.Каримов тўғри таъкидлаб ўтганидек, ҳаётда адолатни ўрнатиш тарихда адолатни ўрнатишдан бошланмоғи керак. Буни XX асрнинг 30-50 йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган қишлоқ аҳолисини қатағон қилиниши, деҳқонларни турли ҳил сиёсий ақидалар ниқобида, асосида сургун қилиниши ва бу бадарға этилганларнинг фожеали тақдири тўла-тўкис тадқиқ этилмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда мажбурий коллективлаштириш ва у билан бир вақтда олиб борилган “қулоқ”лаштириш ва “қулоқ”қа тортилганларни бадарға, сургун қилиш, уларнинг махсус “қулоқлар посёлкалари”даги аянчли ҳаёти, турмуши, қисмати ва уларнинг хукумат қарорлар остида озод қилиниши тарихини ўрганиш ҳам ўзбек тарихшунослигининг долзарб масалаларидан биридир.

Мавзунинг долзарблиги яна шу билан ҳам белгиланадики, собиқ тоталитар ҳокимият томонидан ўзбек қишлоғининг тадбиркор, ўзига тўқ тоифаси бўлган хўжаликларнинг тугатилиши ва қатағон қилинишининг ҳаққоний манзараси ва механизмини илмий ёритилиши тарихий ҳақиқатни тиклашга ва тарихий билимларимизни бойитишга ёрдам беради. Яқин даврларгача мазкур мавзуни ўрганишга бағишланган фундаментал илмий тадқиқотлар амалга оширилмаганлиги туфайли ҳам “қулоқ қилиш” сиёсати, унинг фожиали оқибатлари, сургун қилинган, қатағонга учраган ватандошларимиз, уларнинг бегона юртлардаги аянчли ҳаёти тарихини ўрганиш ва ёритишнинг долзарблигини кўрсатиб турибди. Ноҳақдан қатағон қилиниб, ўзга юртларга бадарға қилинган “қулоқлар”нинг номи, ачинарли қисматини аниқлаш, ҳаёти ва меҳнат фаолиятини, иккинчи жаҳон урушидаги иштирокларини ёритиш тарихчилар зиммасидаги муҳим вазифалардан биридир.

Мустақиллик йилларида мустабид тузум даврини ва унинг фожеали саҳифаларини ўрганиш борасида муайян ижобий силжишлар юз берди. Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки даврлариданоқ жадидчилик, унинг намоёндалари умуман XX аср бошидаги сиёсий жараёнлар билан боғлиқ масалаларга қизиқиш ортганини кузатиш мумкин. Айниқса, миллий давлатчилигимиз учун дастлабки уриниш сифатида XX аср тарихи саҳифаларидан ўрин олган Туркистон мухторияти тарихи, мазкур ҳаракатнинг вужудга келиши ва тараққиётига хисса қўшган, унга алоқадорлиги бор кишилар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш масалалари тадқиқотчиларда катта қизиқиш уйғотди. Тадқиқотчилар томонидан мустақиллик йилларида кўплаб мақола , рисола ва диссертацияларда миллий демократик давлатчилигимиз тажрибаси бўлган Туркистон мухторияти тарихига оид кўплаб фактик материаллар истеъмолга киритилди.

Туркистон мухторияти тарихи масалаларига оид мустақиллик даври тадқиқотлари таҳлили шуни кўрсатадики ушбу тадқиқотларда Туркистон мухторияти халқимизнинг асрий орзу ниятлари заминида вужудга келган харакат ташкилотчилари эса ўз Ватанини ривожланган, мустақил давлатлар қаторига олиб чиқишга интилган, ўз даврининг илғор тараққийпарвар кишилари эканлиги, уларнинг мақсади ўлка аҳолисига демократик ҳуқуқ ва эркинликлар берилган дастлабки мустақил демократик давлатни вужудга келтириш бўлган деган ғоя тўлиқ очиб берилди. Бироқ Туркистон мухторияти барча раҳбар ва қатнашчиларининг ҳаёти ва фаолияти, мухториятнинг тугатилиши ва тугатилгандан кейинги даврларда совет ҳокимиятининг мухторият қатнашчиларига ва халққа нисбатан қўллаган оммавий қатағонлари алоҳида тадқиқот объекти сифатида тадқиқ этилмади.

Мавзу тарихшунослигини очиб бериш учун, ҳали бажарилиши керак бўлган ишлар етарлича. Чунки, ушбу мавзу нафақат ҳар бир мамлакат миқёсида, балки вилоятлар, туманлар кесимида ҳам алоҳида ўрганилса муддао бўлади. Чунки, тарих учун қисқагина даврни тўлақонли очиб бериш, унинг мазмун моҳияти, оқибатларини халқимизга етказиш учун тарихчилар ва айниқса биз каби ёш тарихчилар олдига улкан вазифаларни қўяди. Бунинг учун илмий тадқиқот ишлари олиб бориш, семинарлар, конференциялар уюштириш, хориждаги адабиётларни ўрганиш ва таҳлил қилиш, шунинг натижасида бу мавзунинг манбавий базаси ва тарихшунослиги янада бойитиш мақсадга мувофиқдир.

1-боб. Туркистон мухториятининг ўрнатилиши

Туркистон ўлкаси ишчи, аскар ва деҳқонлар шўроси III қурултойининг улуғ давлатчилик ва шовинистик рухда қабул қилган қарори албатта маҳаллий туб ерли ахолининг талаб эхтиёжлари ва қизиқишларига мутлақо жавоб бермас эди. Шу боис Туркистон ўлкасидаги «Шўрои Исломия» «Шўрои уламо» ва бошқа шунинг сингари демократик ташкилотлар миллий масалани хал қилиш бўйича Шўролар ҳукумати, шахсан большовойлар дохийси В.И.Лениннинг ўзи эълон қилган «Россия халқлари ҳуқуқларининг декларация»си (1917 йил 2 ноябрь) ва «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига» (1917 йил 22 ноябрь) мурожаатномаси каби ҳужжатларига асосланиб миллий истиқлол муаммосини ўзлари мустақил ҳал қилишга киришдилар. Бу борада 1917 йил 26-29 ноябрда Қўқонда ўз ишини олиб борган Туркистон ўлкасининг мусулмонлари фавқулоддаги IV қурултойи катта аҳамиятга эга бўлди. Қурултойда 200дан ортиқ вакиллар қатнашди. Улар ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, рус, татар, яхудий ва бошқа миллатларнинг вакиллари эдилар. Қурултой ишида Фарғона вилоятидан 150, Сирдарё вилоятидан 21, Самарқанд вилоятидан 1, Каспийорти вилоятидан 4, Бухородан 2 вакил қатнашди. Унда «Шўрои ислом», «Шўрои уламо», «Ўлка мусулмон Шўроси», Ҳарбий мусулмон Шўроси, Ўлка яҳудийлари ҳамда маҳаллий яҳудийлар ташкилотларидан вакиллар иштирок этганлар.

Ўз-ўзидан маълумки, қурултойда қатнашган вакиллар таркиби «Қўқон муҳторияти» миллатчилик негизида майдонга келган, деган уйдирма ва туҳматнинг ҳеч қандай асосга эга эмаслигини мутлақо тасдиқлайди. Қурултойда миллий зиёлиларнинг демократик руҳдаги бир қатор вакиллари шундай фикрлар билан чиқдиларки, уларнинг бу фикрлари ҳақиқий байналмилалчиликнинг намунаси эди.

Жумладан, таниқли Ўзбек маърифатчиси, жадидлар ҳаракатининг сардори, Маҳмудхўжа Беҳбудий қурултой ваколати масаласида сўзлаб: «Қурултойда Туркистон Европа аҳолиси вакиллари иштироки этаётганлигининг ўзиёқ қурултой қабул этган қарорлар обрўлироқ бўлади»-деган эди. Шу сабабдан, М.Беҳбудий қурултой ҳайъати шундай шакилланиши керакки, унда турли номусулмон гуруҳлардан ташқари, руслар, яҳудийлар ва бошқалар ҳам бўлсун, деб ҳисоблайди. Бу таклифни Андижон ва Қўқон вакиллари қўллаб-қувватладилар. Қўқон вакиллари қурултой ҳайъатини вакилларнинг диний ва миллий белгиларга қараб эмас, балки билимдонлигига, ижодкорлигига, ишбилармонлигига қараб сайланишини таклиф қилдилар. Хуллас, очиқ овоз бериш йўли билан қурултой ҳайъатига Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Мустафо Чўқаев, Обиджон Маҳмудов, Юрғули (Юрали) Оғаев, Саломон Абрамович Герцфелъд, Ислом Шоаҳмедов, Камолқори, С.Акаев, Кишчинбоев, Абдураҳмонбек Ўразаев, Абдул Бадин, Тилиев, Каримбоев, Маҳмудхўжа Беҳбудий сайланди.

Қурултой кун тартибига 1.Ўлкани бошқариш шакли: 2. Туркистоннинг «Казак аскарлари, Казак тоғликлари ва эркин чўл одамларининг Жанубий-Шарқий Иттифоқи (ЮВС)»га кириш масаласи: 3. Ижроия қўмитани сайлаш, унга бериладиган топшириқ (наказ)лар: 4. Туркистон Марказий мусулмонлар шўросини қайта сайлаш: 5. Бугунги аҳвол: 6. Туркистон таъсис мажлиси: 7. Милиция: 8. Молия ва бошқа масалалар қўйилди.

Кун тартибидаги биринчи масала: Туркистон ўлкасининг бўлғуси сиёсий тузими жуда катта баҳс ва тортишувлар билан муҳокама қилинди. Ушбу масалада қурултойда сўзга чиққан нотиқлар турлича фикр ва кўз қарашларни ўртага ташладилар.

Жумладан, Бутунроссия мусулмонлар кенгаши Марказкомининг аъзоси, ноиб Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев Тошкентдаги сентябрь воқеалари қатнашчиси, 1917 йил майида большовойлар фирқаси сафига кирган Собир Юсупов, андижонлик вакил Латибжон Содиқбоев, Ноиб Олимхон Тўра, Муфти, М.Беҳбудий ва бошқаларнинг нутқлари қурултойи қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Масалан, Убайдулла Асадуллахўжаев ўз маърузасида «Россияда ҳозир ҳақиқий ҳукумат йўқ.» Россия салтанати музофотида ҳамма миллатлар большовойларга қарши курашга бел боғладилар. «Бутунроссия Таъсис мажлисининг чақирилишига ҳеч қандай умид йўқ…», деди. У.Асадуллахўжаев ўз чиқишида зудлик билан Туркистонни муҳторият бошқарувига ўтишига, депутатларни эса большовойларга қарши курашга чақирди.

Собир Юсупов ўзи большевиклар фирқасига мансуб бўлганига қарамай Россиядаги ва Туркистондаги воқеалар тўғрисида, айниқса большовойларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари, зўровонликлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. С.Юсупов қурултойга қарата Туркистон муҳторият ҳуқуқини олишга ҳозир тайёрми? деган саволни ўртага ташлади ва ўзи жавоб қайтарди: албатта, тайёр эмас, лекин бундан муҳторият эълон қилишимиз керакмас, деган хулосага бормаслик лозим. Озод яшашни ҳоҳлайсизми? демак, Туркистон муҳтор жумҳурият деб эълон қилинмоғи керак.

Л.Содиқбоев шундай дейди: «Большовойлар Туркистонни муҳтор жамият деб эълон этмас эканлар, унда муҳтор жумҳурият деб эълон қилишимизга қаршилик кўрсатмасинлар. Чунки, Ислом дини давлатни демократик тарзда бошқаришга қарши эмас-ку.»

Олимхон Тўра эса: «Туркистон 50 йилдан буён Россия ҳукумати қўли остида. Руслар босиб олгач ерли аҳолининг диний, миллий суд ишларига дарров аралашмаса-да, аста-секин ўлка ҳаётининг ҳамма жабҳаларига қўл чўза бошладилар.

Февраль инқилобидан сўнг Туркистон халқи, озодликка эришдик, деб ҳурсанд бўлганди. Большовойлар ҳокимият тепасига келгандан сўнг, зудлик билан муҳторият эълон қилармиш. Майли, лекин улар туркий мусулмонлар диний, миллий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун ўлимдан қўрқмаслиги унутмасинлар», деди. Хуллас, Қурултойда сўзга чиққанларнинг аксарият кўпчилиги Туркистонга муҳторият мақоми берилишига қаршилик кўрсатаётган большевикларнинг сиёсатига қарши кескин танқидий фикрлар изҳор қилиб, муҳторият ва мустақилликни ҳимоя қилиб чиқдилар.

Қурултой муҳокама қилинган масала юзасидан Туркистон тараққиёти ва истиқболини белгилаб берувчи тарихий ҳужжат қабул қилди. Деярлик якдиллик билан қабул қилинган резолюцияда (2 киши қарши) шундай дейилган эди: «Ўлка мусулмонларининг фавқулоддаги IV қурултойи Туркистонда яшаб турган элатларнинг Улуғ Россия инқилоби эълон қилган асосларда ўз-ўзини белгилашга бўлган истак-иродасини ифодалаб, Туркистонни Россия федератив демократик республикасига бирлашган ҳудудий муҳторият деб эълон қилади ва муҳторият шаклини белгилашни энг яқин муддатда чақирилиши керак бўлган Туркистон таъсис мажлисига ҳавола этади, ҳамда тантанали суратда шуни маълум қиладики, Туркистонда яшаб турган майда миллатларнинг ҳуқуқлари ҳар қандай йўллар билан ҳимоя этилади.»

Қурултойнинг 28 ноябрдаги мажлисида таркиб топаётган мазкур давлатнинг номи «Туркистон муҳторияти» дир, деган қатъий фикрга келинди. Туркистон ўлкаси халқлари Таъсис қурултойи чақирилгунга қадар ҳокимият батамом Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон халқ (миллий) мажлиси қўлида бўлади, деган ғоя илгари сурилди.

Қурултой Муваққат Кенгаш аъзоларидан ҳукумат тузилиши ва унинг таркибини 12 кишидан иборат бўлишлигини белгилаб берди. Туркистон Муваққат Кенгаши аъзоларининг сони эса, илгариги Бутунроссия Таъсис Мажлисига Туркистон ўлкасидан сайланган номзодлар сонига қараб (32 киши) белгиланди. Халқ мажлиси таркиби 54 номзоддан иборат бўлишлиги кўрсатилди. Унинг таркибига шаҳарларнинг маҳаллий бошқармаларидан ҳам 4 вакил киритиладиган бўлди. Халқ мажлисидаги ўринларнинг учдан бир қисми-18 киши европа миллатига мансуб халқ вакилларига ажратилди. Бу ҳол муҳториятчиларнинг инсоф, диёнат ва имон асосида ҳақиқат, адолат ва демократиянинг юксак чўққисида туриб фаолият кўрсатганликларининг ёрқин намунасидир. Чунки ўша даврда европа миллатларига мансуб аҳоли Туркистон ўлкасидаги умумий аҳоли сонига нисбатан 4,5-5 фоизни ташкил этгани ҳолда Халқ мажлиси уларга 3/1 ўрин ажратилган эди. Дарвоқе, Туркистон ўлкаси Таъсис Мажлисига сайловлар ҳақидаги Низом лойиҳасида ҳам номзодлар умумий сони 234 ўрин бўлгани ҳолда, уни икки гуруҳга-мусулмонлар ва номусулмонлар гурухига ажратилиши ҳам ана шу ўлчов ва андозадан келиб чиққан эди. Европа миллатига мансуб халқ вакилларига бу ерда ҳам 3/1 ўрин ажратилганлиги диққатга моликдир. Ниҳоят узоқ ва баҳсли тортишувлардан сўнг Қурултойда Муваққат ҳукумат сайланди. Унинг таркибига 8 кишидан иборат кишилар киритилди: Муҳаммаджон Тинишбоев. Бош вазир, ички ишлар вазири, 2-чақириқ Давлат Думасининг аъзоси, Муваққат ҳукумат Туркистон қўмитасининг аъзоси, темир йўл муҳандиси. Ислом Султон Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов)-Бош вазир ўринбосари: Бутунроссия мусулмонлари кенгаши Марказий қўмитасининг аъзоси, ҳуқуқшунос. Мустафо Чўқаев-Ташқи ишлар вазири: Муваққат Ҳукумат Туркистон Комитетининг аъзоси, Туркистон Мусулмонлари кенгаши Марказий қўмитасининг раиси, ҳуқуқшунос. Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев-ҳарбий вазир, Бутунроссия мусулмонлар кенгаши Марказий қўмитасининг аъзоси, ҳуқуқшунос. Ҳидоятбек Юрғули (Юрали) Агаев-ер ва сув бойликлари вазири, аграном. Обиджон Маҳмудов-озиқ-овқат вазири, Қўқон шаҳар думасининг раис ўринбосари, жамоат арбоби. Абдураҳмон Ўразаев-ички ишлар вазирининг ўринбосари, ҳуқуқшунос. Соломон Абрамович Герцфельд-молия вазири, ҳуқуқшунос.

Туркистон Муваққат ҳукумати таркиби нега 12 та эмас-у, 8 киши деган ҳақли савол туғилиши табиийдир. Чунки ҳукумат таркибидаги 4 киши европа миллатларига мансуб аҳоли сафидан кўрсатилгач тўлдирилиши лозим эди. Бу эса Туркистон Муҳторияти қанчалик демократик ва халқчил ҳукумат эканлигини кўрсатувчи бир далилдир.

Туркистон мусулмонларининг IV қурултойи Муваққат ҳукумат кенгаши (миллий мажлис)ни ҳам сайлади. Унинг таркибига қуйдаги кишилар кирди: Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Мустафо Чўқаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Садриддинхон Шарифхўжаев, Қўнғирхўжа Хожиев, Исматулла Убайдулин, Саидносир Миржалилов, Саид Жаъфарбой Саидов, Ислом Султон ўғли Шоаҳмедов, Абдуруҳмонбек Ўразаев, Ҳидоятбек Юргули Агаев, Носирхонтўра Камолхонтўраев, Миродил Мираҳмедов, Тошхўжа Ашурхўжаев, Абдуқодир Қушбегиев, Обиджон Маҳмудов, Жамшидбой Қорабеков, Соломон Абрамович Герцфельд (Гершвельд) Абдусамад Абдусалимов, Убайдулла Дорбисалин, Мусо Акчурин, Мустафо Мансуров, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Иброҳим Давлетшин, Муҳаммаджон Тинишбоев, Ҳалил Ширинский, Толибжон Мусабоев, Олимхонтўра Шокирхонтўраев, Собиржон Юсупов ва Одилжон Умаровлар . «Шўрои уламо»нинг раҳбари Шерали Ляпин Кенгаш таркибига раис сифатида киритилди. Аммо у бу таклифни рад этди.

Қурултой иқтисодий масалаларга ҳам катта эътибор берди. Муҳтор жумҳурият Англия ҳукуматидан ҳарбий ёрдам билан бир қаторда иқтисодий ёрдам олиши ҳам таъкидланди. Бу ҳолни ўлкада ҳукм сураётган очлик тақозо этар эди. Нон маҳсулотларини пахта ва жунга алмаштирш масаласида бир фикрга келинди. Шу муносабат билан «Ўлкани Жанубий-Шарқий иттифоққа қўшилиши» тўғрисида муҳим қарор қабул қилинди. Чунки, Ўлка Шимолий Кавказ ва Оренбургдан ғалла маҳсулотлари оларди. Айни чоғда Туркистон ўз пахтасини уларга сотиши ҳам мумкин эди. Қолаверса, «Жанубий-Шарқий Иттифоқ» ҳудуди аҳолисининг катта қисми мусулмонлардан иборат эди. Аммо қурултойда баъзи ноиблар Туркистонни яна мустамлака бўлиб қолишидан ҳавотирга тушадилар. Улардан бири бу ҳусусда ўз фикрини шундай баён этди: «Казаклар азалдан Самодержавиянинг суянчиғи бўлиб келган. Улар халқимизни қанчалик азоб-уқубатга дучор қилмади. Казаклар доимо инқилобга қарши чиққан. Ҳозир ҳам казаклар тепасида подишо тузумини қайта тикламоқчи бўлган Красновлар, Парауловлар, Калединлар турибди-ку?

Улар Олмония билан урушни ғалабагача давом эттирмоқчи. Истамбулни забт этиб, Оқ-София черковини қайта тикламоқчилар. Уларнинг биздан ёрдам сўраб мурожаат қилишига ягона сабаб-ўз мақсадлари йўлида фойдаланишдир. Биз улар билан бирлаша олмаймиз.» мазкур масала шу қадар баҳсли ўтдики, Қурултойнинг 27 ноябрь кунидаги мажлисида ҳам мунозара давом этди. Ниҳоят, бўлғуси давлатнинг иқтисодий ҳолатини эътиборга олиб Иттифоққа кириш ҳақида қарор қабул қилинди

Туркистон муҳтор Республикаси мафкурасининг негизини ислом дини ғоялари ташкил этиши қурултойда махсус кўрсатилди. Бу ўлка мусулмонларининг II ва III қурултойларида ҳам таъкидланган эди.
Қурултой ўз ишини якунлаши олдидан яна бир марта Туркистон Мухтор республика деб эълон қилинганини тантанали сифатда такрорлади. Ноиблар бу сўзларни тик туриб тингладилар, худога шукроналар билдириб, Қуръони Карим сураларидан тиловат қилдилар .

Туркистон мухториятининг муваққат ҳукумат номидан унинг аъзолари: М.Тинишбоев, М.Чўқаев, У.Хўжаев, Ю.Оғаев, О.Махмудов, А.Ўразаев, И.Шоаҳмедов, С.Герцфельд имзоси остида халққа қарата декабрь куни мурожаат эълон қилинди. Мурожаат нома «Улуғ Туркистон»да (1917 йил 8 декабрь) эълон этилди.

Мурожаатда кўп миллатли Туркистон халқининг истагига мувофиқ демократик инқилобнинг улуғ асослари бўлмиш халқларнинг озодлиги, миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилашини амалга ошириш мақсадида Туркистон умуммусулмонларининг фавқулодда Ўлка қурултойи Туркистонни Россия Федерацияси Республикасининг таркибидаги мухтор республика, деб эълон қилгани қайд этилди.

Ўлкадаги жамики уюшмалар олдида турган муҳим ва маъсулиятли масалаларни эътиборга олиб, Туркистонда яшаётган турли миллатлар ижтимоий, иқтисодий, маданий тараққиёт даражаларини ҳисобга олиб ва улар ўртасида дўстликни таъминлаш учун, ўлканинг ҳамма жойларида тартиб ва интизом жорий ўрнатиш мақсадида ўлка мусулмонлар қурултойи Муваққат Туркистон халқи Шўроси (Миллат мажлиси)ни сайлади. Мазкур Шўро ҳаъйати Туркистон мухториятининг Муваққат ҳукуматини ташкил қилди, дейилди унда.

Бу ҳукумат зиммасига мумкин қадар тезроқ Туркситон Таъсис Мажлисини чақириш, Туркистон халқини озиқ-овқат билан таъминлаш чораларини кўриш, шу мақсадда «Шарқий-Жанубий Иттифоқ» билан алоқа ўрнатиш, ўлка мухторияти молия ишларини таъсис қилишга киришиш, халқ милициясини ташкил қилиш маҳаллий миллатлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тадбирлар белгилаш, аскар ташкил қилиш ва бошқа вазифалар юклатилганлиги мурожаатда таъкидланди.

Умуммусулмонлар ўлка қурултойи, бирлик, ҳуррият, тенглик, асосларини тасдиқ этди. Туркистоннинг барча фуқароларини, мусулмонларини, рус яҳудийларини, ишчи, аскар ва европалик деҳқонларни, ўлкада яшовчи ҳамма элат, халқларни, шаҳар ва земство идораларини, барча давлат маҳкамаларини, умумий ва хусусий муассасаларини эътироф этиб, уларга ўз зиммаларига олган оғир вазифаларини ҳал этишда ёрдам бериш ҳам шу мурожаатда кўрсатилди.

Ҳурриятга эришган Туркистон ўз ҳудудида, ўз жойига ўзи хўжайин бўлиши, ўз тарихини ўзи вужудга келтириши даврини бошлаб берганини мурожаат уқтириб ўтди. «Биз,-дейилган эди унда,-олдимизда турган масалаларнинг муҳимлиғин ва улуғлиғин комил суратда англаб, ҳам ишлаган ишларимизнинг хақлигига ишониб, худодан мадад тилаб ишни бошлаймиз.»

Мурожаат ўлка халқлари, айниқса мусулмон аҳолиси томонидан зўр қувонч ва тантанавор қабул қилинди. Халқ кўпдан бери орзу қилиб келган миллий давлатга эга бўлганидан беҳад шоду-ҳуррам эди. Мухторият эълон қилинган кундан бошлаб омма ўртасида ўзининг сиёсий фаолиятини авж олдирди. Энг аввало мусулмон сиёсий ташкилотлари ва улар ихтиёридаги тарғибот ҳамда тартибот ишларини кучайтирди. Тараққийпарварлар, маърифатпарвар миллий ёшлар гуруҳи ва уюшмалари ҳам мухториятни кенг тарғиб этдилар. Тошкентда «Ишчилар тўдаси», Андижонда «Маъриф ҳаваскорлари» уюшма ва жамиятлари Мухторият манфаати йўлида иш олиб борди. Уларнинг фаолиятида Тошкентда Акмал Икромов, Андижонда Усмонхон Эшонхўжаев ва бошқаларнинг ўрни катта бўлди. Мухторият ўзбек, рус ва қозоқ тилларида газеталар чиқара бошлади. Бу «Эл байроғи», «Свободний Туркестан» ва 1917 йил 13 декабрда рус тилида чиқа бошлаган «Известия Временного Правительства Автономного Туркестана» шулар жумласидандир. Обиджон Маҳмудовнинг босмахонаси ҳам мухторият ҳукумати хисобига ўтди. Қўқон шаҳридан Мухторият ҳукумати номидан уездлар комиссарларига ва мансабдор шахсларга фармойишлар, телеграммалар ва турли кўрсатмалар йўлланиб, улар орқали жойларда Мухтор Ҳукуматнинг бирдан-бир қонуний ҳукумат эканлиги ва шу боис фақат унинг кўрсатмаларини тан олиш лозимлиги таъкидланди. Шундай ҳоллар ҳам бўлдики, жойлардаги ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари Шўролари Мухториятни тан оламай унинг фармойишларини ҳам йўққа чиқаришга ҳаракат қилдилар. Жумладан, Каттақўрғон Шўроси 1918 йил 11 январда шундай йўл тутди. Мухтор Ҳукумат бундай уринишларни даф этиш чораларини кўрди. Мухтор Ҳукумат шошилинч равишда 30 миллион сўмлик заём чиқаради. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳукуматни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаш ва миллий армия тузиш эди. Миллий қўшин тузиш ҳаракати бошлаб юборилди. Аввал бошда ҳукумат ихтиёрида 60 ёлланма аскар бўлган бўлса, қисқа фурсатда Мухторият ихтиёрида 2 минг кишилик қўшин ҳозир бўлди. Бундан ташқари Қўқон милициясининг бошлиғи Эргашнинг қўл остида ҳам анчагина кучлар бор эди. Миллий армияда ҳориждан чақирилган ҳарбий кишилар, аксарият ҳолда турк зобитлари йўриқчилик ишларини олиб бордилар. Айни вақтда милиция қисмларини тузишга ҳам киришилди.

Бу борада Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев бош бўлган ички ишлар вазирлиги халқ милициясининг ташкил бўлиши катта воқеа бўлди. Пул ислоҳоти ўтказишга киришилди. Заём чиқарилди. Мухторият ўз байроғи ва мадҳиясини яратди. Шуниси эътиборлики, Мухториятни бир қатор ҳорижий мамлакатлар ҳам тан олди. Шу боис Мухторият ҳукумати ёрдам сўраб ҳорижий мамалакатларга мурожаат қилди, улардан ҳам моддий, ҳам харбий ёрдамлар олишга муваффақ бўлди.

1918 йил январида Тошкент Жоме масжидидаги йиғинда нутқ сўзлаган Шукурхон Ҳазратлари «… Мухториятчилар ёлғиз эмаслар. Уларни Англия ҳимоя қилаётир» деган эди. Мухториятни Англия, Франция, Германия, Туркия ва бошқа давлатлар қўллаб-қувватлаган эдилар .

Хуллас, Туркистон мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи ўлка халқларининг тарихий тақдирида буюк бурилиш аҳамиятига эга бўлган қарорларни қабул қилди. Бу улкан аҳамиятли воқеа «Улуғ Туркистон» газетасида ўз даврида одилона баҳоланди. Газета бу ҳақда қуйидаги жумлаларни ёзди: «Большевойлар ҳукуматининг бошлиғи Ленин ҳам сўнгги фармонида Россияда яшаган миллатларга ва шу жумладан Қозоқлар ила Туркистон мусулмонларига мухторият эълон қилиб, ўз ишларини қўлларига олурға мумкин бўлғанлиғини баён этди. Шунликдан букун Туркистон қурултойининг Туркистон Мухториятини эълон қилиши ҳам халқ, ҳам марказ ҳукуматининг тилагига ҳилоф тугулдир. Зотан, сўнгги вақтда майда миллатлар ҳаммаси Мухторият эълон қилиб еталар. Нуфузлари бошқаларга қараганда юздан етмиш беш бўлғон (75 фоиз) миллатлар ерли мухторият эълон қилурға ҳақли эдилар. Сўнгги қоидаларга кўра юздан олтмиш ташкил қилғон (60 фоиз) миллатларда мухторият эълон қилурға ҳақли санала бошладилар. Ҳол шу ила юзга ташкил қилған (95 фоиз) Туркистон мусулмонларининг Мухторият эълон қилишига ҳақлари борлиғин ҳеч ким инкор қилаолмаса керак. Биздан вакил чақирған эди ва ёхуд биз бу ишни эртароқ кўрамиз деб кўришурда ўринсиз, ҳам мусулмон манфаатига ҳилофдир. Саккиз ойдан бери ерли Туркистоннинг Мухторияти ҳақинда сўйлаб келиб, келубда бугун мухториятга қарши чиғалар ва ёҳуд тасдиқ этмасдан монеъ бўлурға экан, бу иш мусулмонларнинг бутун ориға имон ва эътиқодлариға қарши болта чопадиғон сўз бўлажакдур.

Мусулмонлар бу кун мухторият эълон қилар экан, бунинг ила ҳеч кимнинг ҳуқуқига тегмаслар, бу билан Туркистон Россиядан асло айрилмай, балки унинг бир мустақил аъзоси бўлиб қолади. Туркистонда яшаган рус, яҳудий, армани ва бошқа ҳар миллатга ўзининг ҳақи берилар. Улар ҳам Туркистон мухториятининг тенг ҳуқуқли бир аъзоси бўлиб яшажаклар.
Туркистонликлар… қон тўкилишидан сақлануб, мумкин қадар сабр қилурлар. Фақат шуни хотирадан чақарурға ярамайдирки, Самарқанддан келган бир вакил қурултойда айтди:-«Туркистоннинг ери-бизнинг танимиз, суви-қонимиздир… Кимда-ким бу иккисига тегадурғон бўлса, бизнинг танимиз билан қонимизга туқулғон бўлажак»,- деди.

Шу боисдан Туркистон халқининг ҳуқуқига тажавуз қилинаверса, бунинг охирида шундай кўнгилсиз воқеалар бўлурға мумкиндурки, бу воқеалар олдинда сўнғғи Тошкент воқеаларининг (Тошкентдаги 1917 йил 13 декабрь воқеалари назарда тутилмоқда-муаллифлар) бир кичкина бир кўланка бўлиб қолувчи эҳтимолларида йўқ тугулдир» . Кун тартибидаги эндиги бош муаммо Туркистон мусулмонлари IV қурултойи қабул қилган ва илгари сурган ғояларнинг ҳаётга тадбиқ этилишида, ўлкадаги кенг меҳнаткашлар оммасининг бу қарор ва ғояларини қўллаб-қувватлашида, Туркистон муҳторияти атрофида бирлашиб унинг орқасидан фаол эргашувида қолган эди.

Қўқон шаҳрида Туркистон мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи бўлиб ўтганлиги ва унда Туркистон муҳториятининг ташкил этилганлиги тўғрисидаги хабар тезда бутун ўлка меҳнаткашлар оммаси ўртасида кенг тарқалди ва катта қизиқиш уйғотди. Турли шаҳарлар ва туманларда Туркистон муҳторияти баланд ва кўтаринки руҳ ва шоду-хуррамлик билан кутиб олинди, Мухториятни қўллаб-қувватлаб жойларда кўп минг кишилик митинг ва намойишлар уюштирилди. Жумладан, 1917 йил 6 декабрда Тошкент шаҳридаги Эски Жувадаги Бекларбеги жомеъ масжидида уюштирилган митинг бу хусуда характерлидир. Унда 60 минг шаҳарлик фуқаролар қатнашдилар. Мазкур митингни ташкилотчилари «Шўрои-Исломчи»лар ва «Шўрои уламочи»лар эдилар. «Улуғ Туркистон» газетасининг берган хабарига қараганда: «Масжиднинг ички саҳни ва томлари одам билан лиқ тўлган». Митинг Саидғани Маҳмуд раислигида ўтган. (Мунавварқори Абдурашидхонов, Мулла Одил, Шерали Ляпин ва бошқалар унинг ўринбосарлари эдилар). Газета митинг қатнашчилари Туркистон муҳториятини батамом қўллаб-қувватлаганликларини ёзади. Митинг Туркистон муҳториятидан бошқа ҳукуматни тан олмаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Митинг иштирокчилари «Омин, оллоҳу акбар!» деб юзларига фотиҳа тортиб Халқ кенгашига содиқ қолишга қасамёд қилдилар.

Қабул қилинган қарорда жумладан, қуйидаги сатрлар бор эди: «Биз мусулмонлар синф айрималарга қарамасдан, Туркистон мухториятини олқишлаган ҳолда, Қўқондаги фавқулодда қурултой тарафидан эълон этилган Туркистонда халқ ҳукуматини вужудга келтирув ҳақидаги қарорга бутун вужудимиз бирла қўшилиб, ишонамизки, буюк Россия инқилоби тарафидан эълон этилган ҳокимияти асосларининг суюнчи ҳақини Россиянинг бирлашган демократияси Туркистон халқининг тарафидан бир оғиздан баён этилган тилагига қўшилар ва ўз кунимизни ўзимиз қура бошлашда ёрдам этар.

Шунга имон этган ҳолда биз ўлкадаги ҳамма мусулмонларни Муҳториятли Туркистон ҳукумати атрофида жипслашиб, ҳозирги ўлка идораси бошида бўлиб турган муваққат ташкилотлар билан қандай бўлмасин душманларча муомала қилувдан сақланишга даъват қиламиз.

Туркистон Мухторияти амалий суратда тезроқ вужудга келиши учун тинч ва тотувликни сақлашимиз керак. Токи шунинг орқасида ўзаро сўғиш (уруш-муаллифлар) ва бугундан эътиборан ҳур бўлган Туркистоннинг бир тўғон каби халқларимиз орасида гуноҳсиз қон тўкилмасин».
«Яшасин Мухториятли Туркистон»

Митинг қатнашчилари Шўро ҳукуматига нисбатан ҳам ўз муносабатларини билдирдилар. «Улуғ Туркистон» газетаси тарқатган хабарларга қараганда митингда ҳозир бўлганлар «Халқ комиссарлари шўросининг «Давлат думасини тарқатиб юбориш тўғрисида»ги буйруғини «…бугунги кунда мутлақо мумкин бўлмаган ҳодиса» деб қоралаганлар. Чунки: «300 минг киши номидан демократик йўл билан тўрт босқичли сайлов ҳақидаги қонунга мувофиқ сайланган Тошкент Думаси аъзолари ўрнига 700-800 аскар ва ишчилар Александров паркида сайлаган 4-5 комиссар билан алмаштирилган холос.»

Хуллас, Тошкентда 6 декабрда ташкил этилган митинг Туркистон мухториятини ҳимоя қилиш байроғи остида ўтди ва меҳнаткашлар оммасининг фаоллигини оширишда катта аҳамиятга эга бўлди. Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлаш ва унга ҳайриҳоҳлик ҳаракатлари ўлка шаҳар ва қишлоқларида ҳам бўлди. Бу ҳақда ўз вақтида Туркистон ўлкасида чиқадиган оммавий ахборот воситалари кенг маълумотлар бердилар.

1917 йил 1 декабрида Наманган уездида 10 мингга қадар киши қатнашган оммавий халқ намойиши бўлди. Унда намойиш қатнашчилари «Яшасун Мухториятли Туркистон ва унинг ҳукумати!» деган шиорлар ёзилган даъватларини кўтариб бордилар.

Бундай ҳаракатлар 6 декабрда Андижон уезди Жалолобод районига қарашли Хонобод қишлоғида ҳам бўлди. Бу ерда бўлган бир неча минг кишилик намойиш қатнашчилари Фозилмон ота мозоридан то бозор жойга қадар йиғилиб турди. Абдулла Эшон ва Ҳусейн Валиди намойишчилар олдида сўзга чиқиб халққа Мухториятнинг ташкил этилиши ва унинг мақсадлари ҳақида гапириб бердилар. Намойиш қатнашчилари Туркистон Мухториятини моддий томондан қўллаб-қувватлаш мақсадида 500 сўм маблағ тўплаган эдилар .

Туркистон ўлкаси халқларининг мухторият учун кураши тарихида айниқса 1917 йил 13 декабрда Тошкент шаҳрида содир этилган қонли фожеалар айниқса аянчли ва даҳшатли из қолдирди, мустамлакачи Шўролар ҳукуматининг асл жаллодлик ва қонхўрлик қиёфасини очиб ташлади. Чунки худди шу куни Тошкент шаҳар Шўросининг буйруғи билан қизил гвардиячи аскарлар мухторият талаб қилиб чиққан Тошкент шаҳар мусулмон аҳолисини беаёв қирғин қилди, гуноҳсиз аҳолининг қутлуғ қонлари шаҳар кўчаларида ариқдек оқди. Туркистон халқларининг истиқлолчилик ҳаракати тарихида бу куннинг ўрни катта эканлигига эътибор бериб, 1959 йил 17 июлда АҚШ конгресси мазлум халқлар ҳафталигини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилганда, 13 декабрни Туркистон куни деб белгилади.

1917 йил 6 декабрда Тошкентнинг Эски Жува масжидида бўлган митингда 13 декабрда навбатдаги митингни ўтказишга қарор қилинган эди. Бу кун мусулмонлар учун муқаддас-Мавлуди шариф байрам куни эди. Туркистон мухториятининг муваққат ҳукумати 13 декабрни «Туркистон мухториятининг миллий жамғармасига пул йиғиш куни» деб эълон қилди ва тўпланадиган маблағни мустақиллик ва озодликни мустаҳкамлашга хизмат қилажагини билдирди.

Мухтор ҳукумат аъзоларидан М.Тинишбоев, С.Герцфельд, И.Шоаҳмедов, А.Ўразаев ва бошқалар имзо чеккан «Мурожаатнома»да Туркистон ўлкаси мусулмонларининг фавқулодда бўлиб ўтган IV қурултойининг қисқача иш якунлари, Мухтор ҳукумат олдида турган вазифалардан ташқари Туркистон ўлкаси халқларига қаратилган чақириқлар ҳам бор эди. Бу чақириқда биз қуйидагиларни ўқиймиз: «Туркистоннинг барча фуқаролари-мусулмонлар, руслар, яҳудийлар, ишчилар, аскарлар ва деҳқонлар, ўлкада яшаб турган барча элатлар ва халқлар, шаҳар ва земство бошқармалари, сиёсий, ижтимоий ва касаба уюшмалари, барча давлат, жамоат ва хусусй муассасалар, Туркистон халқ ҳокимияти атрофида бирлашиб, унинг зиммасига юкланган вазифаларни ҳаётга жорий этишда кўмак беришга чақиради. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражада ваҳимали урушлар гулдираги остида бутун жаҳонга ўт кетай деб турган бир маҳалда дунё халқлари ўз озодликларига замин яратадилар. Инсон қони билан тўйинган ер кўкларга қараб оҳ чекади ва ҳориган инсон кучсизланиб қонли қиличини қуйи солади. Одамзоднинг ақлсизлиги илоҳий онг олдида тан беради ва шундай кун яқинлашадирки, бутун ер юзида тинчлик барқарор бўлиб дунё халқлари мавжуд куч ила бузилган ҳаётни қайта барпо этишга киришадилар… Мана энди, занжирлардан халос бўлган Туркистон ўз ерига ўзи хўжайин бўлиб, тарихини ўз яратажак вақти келди. Бизларнинг олдимизга қўйилган масалаларни ниҳоятда маъсулиятли ва улуғворлигини англаган ҳолда, ўз ишимизнинг ҳақлигига жуда чуқур ишонган ҳолда биз Оллоҳу таолодан ўз меҳнатларимизга ривож сўраймиз ва ишга киришамиз» .

Худди шу кунларда Тошкент шаҳар шўросига Эски шаҳар аҳолисидан митинг ва намойиш ўтказишни сўраб ариза берилади. Тошкент шаҳар шўроси аризани ижобий ҳал қилади ва Эски шаҳарда митинг ва намойиш ўтказилишига рухсат берилади. Аммо янги шаҳарда бундай тадбирларга ижозат этилмайди.

Митинг 13 декабрда Шайхонтоҳур масжиди олдида соат 12 00 да бошланди. Кўп минг кишилик мазкур митингда турли сиёсий-партияларнинг раҳбарлари ва Шўролар Халқ комиссарлари қўмиталари аъзолари қатнашдилар. Ҳар қанча таъқиқларга қарамасдан митинг ва намойишда мусулмонлардан ташқари руслар, арманийлар, яҳудийлар, хуллас большовойлардан бошқа барча ижтимоий-сиёсий гуруҳларнинг вакиллари иштирок этдилар.

Жадидчилик ҳаракатининг атоқли ва йирик вакилларидан бири Мунавварқори Абдурашидхонов митингни очар экан, йиғилганларни муборак байрам айёми билан табриклайди. Митингда Тошпўлатбек Норбўтабеков ва Садриддин Махдумлар котибликка сайландилар. Бу ерда ҳозир бўлган ислом уламолари Қуръони Каримдан суралар ўқийдилар. Турли сиёсий ва ижтимоий ташкилотларнинг вакиллари митингда сўзга чиқиб меҳнаткаш омманинг мухторият учун курашга чақирдилар, улар ўзларини Халқ комиссарлари атаб халқ манфаатига, миллат манфаатига қарши бўлган большовойларни, кескин танқид қилдилар. Митингда оташин нутқ сўзлаган бундай шахслар Мунавварқори Абдурашидхоновдан ташқари Саид Ғанихон, Шерали Ляпин, Мулло Одил муфтий ва бошқалар эдилар. Рус фуқаролари номидан митингда доктор Шортц фаол қатнашди ва у митинг вакиллигига сайланди. Қора кучлар ҳар доим оммавий халқ ҳаракати уюшган мазмун касб этиб, ривожланиб бораётган пайтда уни барбод қилиш ва пайини қирқиш мақсадида айғоқчиларни ишга соладилар ва ғаламислик каби ишларни амалга оширадилар. Бу сафар ҳам худди шундай бўлди. Шайхонтоҳур масжиди майдонида митинг қизиб турган бир пайтда бир гуруҳ айғоқчилар шумлик ниятида тўпланганларга қамоқхонага бориб собиқ муваққат ҳукумат аъзоларидан комиссар Г.И.Доррер ва бошқаларни тезлик билан озод қилиш ва сўнгра ҳокимиятни қўлга олиш керак, деган таклифни илгари сурдилар. Қони қайнаб турган бир гуруҳ митинг қатнашчиларига бу чақириқ ўз таъсирини кўрсатди. Улар дарҳол умумий оммадан ажралиб, Ўрда кўпригидан ўтиб янги шаҳарга-қамоқхона томон юрдилар. Ана шу тариқа айғоқчиларнинг иғвогарлик ҳаракати туфайли биринчидан, умумхалқ ягона оммавий митинги иккига бўлиниб кетди ва кучсизланди. Иккинчидан эса уюшган, онгли ва мақсадли кураш усули ўрнига оломон кураши, стихияли бошбошдоқлик кураши йўлига ўтилди. Бундай кураш усули большевойлар бош бўлган Тошкент шўролар ҳукуматига қўл келар эди, улар бу иғвогарлик ва бошбошдоқлик ҳаркатидан ўзларининг разил мақсадларида баҳона сифатида фойдаланишлари мумкин эди. Шундай бўлди ҳам. Буни воқеаларнинг сўнги ривожланиб бориши очиқ-ойдин кўрсатди.

Янги шаҳар томон намойишчиларнинг бир гуруҳи шаҳар соқчилари бошлиғи Гуровични гаровга қўлга олдилар. Сўнгра улар қамоқхонага томон юриб Муваққат ҳукумат аъзоларини озод этишни талаб қилдилар. Қамоқхонадан Доррер ва Иванов озод этилдилар. Намойишчилар уларни автомобилга ўтқазиб Кауфман боғи (Ҳозирги Амир Темур ҳиёбони) томон юрдилар. Қизил гвардиячилар машинани тўхтатмоқчи бўлганларида яна иғвогарлик билан оломон ичидан ўқ отила бошлади. Бу аскарларга жавоб ўти очишга баҳона бўлди. Дастлаб милтиқлардан сўнгра пулемётлардан бебош оломон намойишчилари тўдаси устига дўлдек ўқ ёғдирилди. Ана шу тўс-тўполонда Эски шаҳарлик мусулмонлардан 16 киши қурбон бўлди.

Большовойлар Доррер ва Ивановни қўлга олиб отиб ташладилар. Мазкур фожеа муносабати билан Туркистон мухторияти раҳбарияти халққа қарата мурожаат қилдилар.

Унда бундай дейилган эди: «Биз Халқ Мажлиси ва Туркистон мухторияти Муваққат ҳукуматининг аъзолари чин юракдан таассуф билдирамиз ва туркистонлик мусулмонларнинг эзгу ҳис-туйғуларини ҳақоратловчи бу воқеаларга қарши чиқамиз. Ана шу муносабат билан бизлар мамлакатда тартиб ва осойишталик ўрнатилиши учун зарурий чоралар кўрилиши йўлида барча кучларимизни ишга соламиз. Ҳозирча эса Туркистон халқидан собитлик ва хотиржамлик кўрсатишларини сўраймиз. Бу энг оғир кунларда мусулмонларнинг тинчликни сақлаб қолишлари ниҳоятда зарурдир.»

Қонли фожеа содир этилган заҳотиёқ Тошкентдан Петроградга Халқ Комиссарлари Шўросига қуйидаги мазмунда телеграмма жўнатилади: «Қўқонда реакцион буржуазия томонидан тайёрланган мусулмонлар қурултойи Туркистон мухториятини эълон қилди, энди вужудга келган мухторият ҳукумати Туркистон пролетар оммаси томонидан тан олингани ҳолда, бор кучи билан ўлканинг айрим шаҳарларида мухториятни эълон қилишга тайёрланмоқда. Шу йил 13 декабрда Муҳаммад пайғамбар туғилган кунда Тошкентда мухторият эълон қилинди». Мазкур телеграммага жавобан Петрограддан «Жойларда ҳокимият сиз, ўзингиз, демак, сиз ўзингиз буйруқларни ишлаб чиқинг» деган мазмунда телеграмма Тошкентга жўнатилди.

Ана шундан сўнг, Туркистон Халқ Комиссарлар Шўроси Мухторият масаласида махсус қарор қабул қилди ва Ижроия Қўмита тасдиқлади. Мазкур қарор деярлик большовойларнинг нашрига айланиб қолган «Наша газета»да эълон қилинди. Унда жумладан бундай дейилган: «Туркистон Таъсис қурултойи чақирилади. Фақат унинг ўзигина Туркистон ўлкаси Мухториятини эълон қилишга ҳақлидир». Бизнингча бу қарор ортиқча изоҳга муҳтож эмас. Большовойлар Туркистон мусулмонларининг фавқулодда чақирилган IV қурултойи томонидан эълон қилинган Туркистон Мухториятини тан олмадилар. Улар Туркистон ўлкаси Таъсис мажлисини ўз ташаббуслари билан чақириб ўзларига маъқул ва ўзларига ёқадиган мухториятни келажакда ташкил этишни режалаштирган эдилар. Оқибатда шундай бўлди ҳам.

Шу нарсага алоҳида эътибор бериш жоизки, Туркистон ўлкасидаги сиёсий гурухларнинг Туркистон Мухториятига бўлган муносабати турлича бўлди. Бу табиийдир, албатта. Большовойларнинг Туркистон Мухториятига салбий муносабати юқорида таъкидланди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Чунки мустамлака ўлкаси бўлган Туркистонда ҳокимиятни ҳеч ким билан бўлишмасдан ёлғиз ўз қўлига олишга интилаётган большовойларни бу борада позициясини тўғри тушунса бўлади.

Февраль буржуа-демократик инқилобидан сўнг Туркистонда қарор топган муваққат ҳукуматнинг Туркистон қўмитаси, кадетлар, эсерлар ва меньшевиклар партияларининг вакиллари Туркистон ўлкаси халқларига мухторият ҳуқуқи берилиши тарафдори бўлган. Аммо энг афсусланадиган ва надомад чекадиган жойи шундаки, Туркистон мухторияти масаласида туб ерли мусулмон халқларнинг истиқлолчилик ҳаракати фидойилари сафларида муваффақият ва ютуқнинг энг зарур шарти-ўзаро бирлик, ҳамдардлик ва ҳамкорлик бўлмади. Таққослаш маъносида қуйида ҳарактерли бир мисолни келтириш ибратли сабоқдир. Туркистон эсерлари 1918 йилнинг 8-10 январида бўлиб ўтган иккинчи қурултойларида Туркистон мухториятининг муваққат ҳукуматини қўллаб-қувватлабгина қолмадилар, ҳатто мажлисига ўз вакиллари Скомороховни юборишга қарор қилдилар. Маҳаллий мусулмонлар вакиллари бўлган «Шўрои Уламо»чилар эса ҳар галгидек бу сафар ҳам Тошкентдаги Жомеъ масжиди майдонидаги митинг давомида Туркистон умуммусулмонларининг ягона жабҳасини бўлиб юбориш йўлидан бордилар. Бу қуйидаги ҳолларда ўз акс-садосини топди. Жомеъ масжидидаги митингда уламочиларнинг вакиллари сўзга чиқиб муваққат ҳукуматни танқид қилдилар, «…улар шу вақтгача бизнинг мафаатимиз учун ҳеч нарса қилолгани йўқ», дедилар ва уни қўллашдан бош тортдилар. Бу оддий халқ оммасини гангитиб боши берк кўчага киритиб қўяр эди. Чунки Туркистон Мухторияти ва унинг ҳукумати муваққат ҳукуматни ҳимоя қилаётган эди. «Улуғ Туркистон» газетаси муҳбирининг қайд этишича уламочиларнинг тутган йўли мусулмонлар ўртасида кенг тарқалиб фикрларнинг бўлинишига сабаб бўлган. Уларнинг баъзилари ҳайрон бўлиб: «бу қанақаси?! Аввалига «Уламо» бизни Мухторият учун қасамёд қилдирди, энди эса қарши бўлишга чақиряптими?» Дарвоқе мазкур митингда бунда-буён Тошкентда алоҳида мухторият эълон қилиниб, унинг номидан иш кўрилишига қарор қилинади . Бу воқеа кенг жамоатчилик ўртасида парокандаликка сабаб бўлди. Ҳатто «Уламо»чилар сафида ҳам тушунмовчиликларни келтириб чиқарди. Жумладан Тошкент «Уламо»чиларнинг Туркистон Мухториятини тан олмасдан ўзларига бошқа бир «Тошкент уламоси жумҳурияти» деб аталувчи мухториятни ташкил этиш борасидаги хабар Фарғоналик уламочилар қулоғига етиб боргач, улар тўпланишиб дарҳол бу масалани муҳокама қилдилар.

Тошкентлик уламочиларнинг бундай ҳатти-ҳаракатидан норози бўлган Фарғоналиклар ягона бир фикрга келишиб Тошкент «Шўрои Уламо»сига мурожаат этдилар. Бу мурожаат номани Тошкентга қўқонлик уламочи Мулла Камол Қози ва марғилонлик домулло Қосимхон қози олиб келган эди. Мурожаатномада Фарғоналик Уламочилар ўз маслакдошларининг умумтуркистон иттифоқидан ажралмасликка даъват этдилар. Унда қуйидаги жумлаларни ўқиймиз: «Рус золимларидан халос бўлмоқлик учун Туркистон аҳли ва унинг вакиллари Мухторият эълон қилдилар. Шундай муҳим ва маъсулиятли вазиятда биз иҳтилоф ҳолатида бўлишимиз яхши эмасдур. Муборак ватанимиз ва динимизни саломатлиги иттифоқ ва иттиҳоддадур». Фарғона уламочилари ўз мурожаатларида «Ҳадис»дан мусулмон уммати бирлиги тўғрисида айтилган сўзларни намуна тариқасида келтириб умуммусулмонлар бирлигини мустаҳкамлаш ва Туркистон мухторияти атофида янада кучлироқ жипслашишга даъват этдилар.

Туркистон мухториятини ҳимоя қилишда Қўқон шаҳрида ўз ишини бошлаган мусулмон ишчи, аскар ва деҳқон депуптатларининг I фавқулодда қурултойи қабул қилган қарорларнинг аҳамияти катта бўлди. Мазкур қурултойда 200га яқин вакил қатнашди: 93 киши Фарғона вилоятидан, 40 киши Самарқанд вилоятидан, 30 киши Сирдарё вилоятидан, 5 киши Каспийортидан, 4 киши Бухородан ва ҳоказо. Қурултой ишида турли гурух ва ташкилотларнинг вакиллари қатнашдилар.

«Мусулмон меҳнаткашлар»дан 100 кишига яқин, хизматчи ва деҳқонлардан-10, мусулмон аскарлардан-16, ишчилардан-2, хусусий жамиятлардан-5, вилоят шўроларидан-1, сартарош-1, талабалардан-6 киши эди. Мазкур қурултой ўз таркибига кўра унинг моҳияти ва характерини очиқ-ойдин ифода этсада большовойлар қурултойни тан олмасликлари аниқ эди. Лекин шунга қарамасдан, ўз вақтида «Улуғ Туркистон» газетаси бу ҳақда шундай ёзган эди: «Большовойлар бунга қадар Қўқонда бўлғон 4-фавқулодда мусулмонлар съездини бойлар ила муллалар (буржуйлар) қурултойи деб қарадилар ва шул баҳона ила идорани мухторият ҳукуматига бермийлар эди. Энди бу баҳонаға жой қолмағон бўлса керак. Чунки ҳозир Туркистон мухторияти ишчи, деҳқон ва улар тарафидан буюк бир миқдорда вакиллар сайланиб, мухторият идораси тамомила демократия асосина қўйилди. Бундан сўнг большовойлар қандай бир баҳона топиб мухториятга қарши туралар экан?»

Туркистон мухториятига нисбатан муносабат Қўқонда очилган қурултойниниг бош вазифаси ҳисобланар эди. Мусулмонларнинг ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари I Қурултойининг очилишини Туркистон Ҳарбий Шўроси раҳбари Ориф Клевлеев, Қозон мусулмонлари Ҳарбий Шўроси вакили аскар Исмат Убайдуллин, Кавказ мусулмонларидан Пири Мурсилзода, Самарқанд ишчи ва аскар депутатлари Шўроси вакили Пономарев, Қўқон уезд комиссари Акаев, Тошкент Ҳарбий Шўроси аъзоси Султонов, Қўқон шаҳар ҳокими ўринбосари. О.Маҳмудов ва бошқалар қўллашди. Қурултойда Муваққат халқ мажлиси номидан Ислом Шоаҳмедов ва эсерларнинг вакили Миллер нутқ сўзлаб табрикладилар.

Қурултой иштирокчилари 1917 йил 13 декабрда Тошкентда бўлиб ўтган хунрезлик ва фожеалар муносабати билан қурбон бўлганлар хотирасини ёдга олдилар ва Қуръону Каримдан тиловатлар ўқидилар. Шундан сўнг қурултой ҳайъати сайланди.

Унинг таркибига Абдулла Авлоний, Санжар Асфандиёров ва бошқалар киритилди.

Кун тартибидаги бош масала-Туркистон мухториятига муносабат, кескин баҳс, мунозаралар ва тортишувлар билан бир неча кун Қурултойда муҳокама қилинди. Ниҳоят қурултой Туркистон мухторияти Муваққат ҳукуматини қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Қурултой қабул қилган қарорда мусулмон ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари анжуман вакилларини Туркистон мухторияти муваққат ҳукумати таркибига киритишни мақсадга мувофиқ деб топдилар.

Қурултойда Петроградга, Халқ комиссарлари шўроси раиси В.И.Ленин номига телеграмма юборишга қарор қилинди. 1917 йил 27 декабрда жўнатилган телеграммада бундай дейилган эди: «Халқ Комиссарлари шўроси эълон қилган шиорлар Туркистонда жорий этилмоқда. Бутун Туркистон халқи иккала қурултойда Туркистон мухториятини бир овоздан эълон қилди ва Туркистон Таъсис мажлисига ўлкани бошқаришнинг сўнгги шаклини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Барча шаҳар ва қишлоқларнинг турли ташкилотлари намойишлар ва қарорларида мухториятнинг эълон қилинишини қўллаб-қувватлаяптилар. Сайланган Халқ Шўросида руслар ва овруполиклар шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг 2 фоизини ташкил этсада, биз томонимиздан 33 фоиз ўрин ажратилган, халқларнинг урушга чек қўйилиши, аннексия ва контрибуциясиз сулх тузилишига бир овоздан қўшиламиз.
Мусулмон пролетариатининг фавқулодда Қурултойи Халқ комиссарлари Шўроси томонидан Туркистон мухториятининг мустаҳкамланиши учун ҳақиқий чоралар кўрилади, шу билан халқларнинг ўз ҳуқуқларини ўзлари белгилаш тўғрисидаги шиорининг қатъийлиги ва бунга чин дилдан интилаётганлигини намойиш этади, деб ишонади. Туркистон мусулмон ишчи, аскар ва деҳқон депутатларининг I- фавқулодда қурултойида қабул этилган қарорлар ҳақида маълумот бериб, сизлардан Россия демократик республикасининг олий ҳокимияти сифатида Тошкент Халқ Комиссарлари Шўросига ҳокимиятни Туркистон муваққат ҳукуматига топширш тўғрисида фармойиш беришингизни сўраймиз. Бу билан сиз Туркистонни жуда катта фалокатга олиб келувчи анархия ва қўш ҳокимиятчиликдан қутқарган бўлур эдингиз» .

Мазкур телеграммага 1918 йил 5-январда шўролар ҳукуматининг миллатлар ишлари бўйича комиссари И.В.Сталиндан қуйидаги мазмунда жавоб жўнатилади: «Тошкентдаги Шўро комиссариатини йўқ этиш ҳақида Петроградга мурожаат қилишнинг эҳтиёжи йўқ, агар комиссариатни истамасангиз, уни куч билан йўқота оласиз. Бутунроссия Таъсис мажлисига Фарғонадан сайланган эсер Вадим Чайкиннинг Қўқонда ташкил топган Мухтор жумҳуриятни сақлаб қолишда ёрдам сўраб ўша И.В.Сталинга телеграф орқали мурожаатига келган жавоби ҳам худди шу телеграмма руҳида ёзилган эди. Бу телеграмма ўз моҳият-мазмунига кўра шўролар ҳукумати зўрликка таянувчи мустамлакачилик сиёсатининг ёрқин кўриниши эди. Чунки унинг мазмунига кўра шўролар Туркистон ўлкасидаги туб ерли мусулмон аҳоли истак-ҳоҳиши билан ҳисоблашмас, ўз тақдирини ўзи белгиламоқчи бўлган ўлка халқларини шўролар Россияси билан тўғридан-тўғри қон тўкишга, урушга чорлар эди. Петроградда ўтирган мустамлакачи большовой корчалонлар бу урушда албатта ғалаба қозонажакларини яхши билар эдилар. Туркистон мухториятида куч йўқ эди, у ҳали ҳокимият ўлароқ батамом шаклланиб улгурмаган эди.

Тошкент Шўролар ҳукумати Туркистон мухторияти тимсолида ўзининг асосий рақибини кўрди ва уни йўқ қилиш учун тайёргарликни бошлаб юборди. Буни Тошкентдаги Шўро комиссари большевик П.Г.Полторацкийнинг мусулмон ишчи, аскар ва деҳқон депутатларининг фавқулодда I қурултойида сўзлаган нутқи мазмунидан ҳам пайқаб олиш мумукин.

У бундай деган эди: «Биз камбағалларнинг мухториятига қарши эмасмиз, аммо биз бойларнинг мухториятига қаршимиз. Биз мухторият учун курашар эканмиз, буржуазия қўлидаги ҳокимиятни ўзимиз учун тортиб олганимиз йўқ, биз ишчи синф ва камбағаллар учун тортиб олдик. Биз ҳокимиятни рус буржуазияси қўлига топшириш учун тортиб олганимиз йўқ.

Ҳокимиятни биз ишчи ва аскар депутатлари Шўроси учун олдик. Биз мусулмон меҳнаткашларини ўз тарафимизга қўшилишлари учун ишлаб келдик ва ишлайверамиз» . П.Г.Полторацкийнинг нутқи муносабати билан қурултой қатнашчилари унга ўз муносабатларини билдирдилар. Жумладан, Мустафо Чўқаев шундай деган: «Бироқ Полторацкийнинг сўзларига ҳеч ким ишонмади, чунки Туркистонда совет ҳокимияти асосга эга эмаслиги очиқ-равшан бўлди». Ушбу масалада махсус қарор қабул қилинди. Мазкур қарорда қуйидагиларни ўқиймиз: «27 ноябрда бўлиб ўтган умуммусулмон съездида Туркистоннинг мухторият деб эълон қилиниши муносабати билан ўлкада вужудга келган вазиятни муҳокама қилиб, ўлка қурултойи шуни баён қиладики, бу қурултой буржуазия қурултойи бўлди, деган гапларни баъзи гуруҳлар томонидан тарқалиши хақиқатга тўғри келмайди, зеро, 27 ноябрдаги қурултой умуммусулмонлар қурултойи бўлиб, унда бутун аҳоли вакиллари қатнашди.

«Мазкур қурултой мавжуд Шўрога ва Туркистон мухторияти ҳукуматига тўла ишончдадир, унинг таркиби ишчи ва дехқонлар манфаати учун хизмат қилувчи тараққийпарвар зиёлиларимиз ҳамда диний тарбиячиларимиз-Қуръони шарифни ўргатувчи инқилобий домлаларимиздан иборат». Ички ишларга аралашишларни номақбул деб билган қурултой «рус демократларини» «Шарқ халқларига мурожаатнома»даги шиорларни амалда кўрсатиш ва уларга риоя этишга чақиради» .

Қурултойда Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилингач П.Г.Полторацкий ва унга қўшилганлар гуруҳи қурултойни ташлаб чиқиб кетдилар.

Бундан ташқари «Улуғ Туркистон» газетасининг ёзишича Еттисув қирғизлари (қозоқлари) Миллий ташкилотиниг баъзи бир вакиллари Туркистон мухториятига қўшилишни истамадилар ва ўз вакилларини Семипалатинскда ўтиши мўлжалланган «Алаш» фирқаси қурултойига юборишга қарор қилдилар. Албатта Еттисув мусулмонларининг бўлинишдан иборат тутган бу йўли Туркистон мухторияти учун кураш жабҳаси кучларини кучсизлантирди. Бундан Тошкент шўросидаги қизил салтанат мустамлакачи унсурлари усталик билан фойдаландилар. Улар Туркистон мухториятини тан олмасдан, ўзларининг бутун диққат- эътиборларини уни йўқотишга қаратдилар. Тошкнет шўролари ўз ташвиқот-тарғиботларида Туркистон мухториятини кенг оммага аксилинқилобчи, буржуа миллатчи ҳукумат дея тушунтирдилар. Бу борада улар «Наша газета»дан усталик билан фойдаландилар.

Тошкент шўролари Туркистон мухториятини яккалаб қўйиш мақсадаларини кўзлаб ўз қўлидаги барча имкониятларини ишга солди. Тошкент шаҳар Думасини тарқатди, «Туркестанский вестник» газетасини ёпди ва ҳоказо. Шўроларнинг бу ва шунга ўхшаш кўрган тадбирлари Туркистон мухториятига нисбатан амалий ва режали ҳужум бошланганлигидан далолат берар эди.

Давоми бор
Зокиров Элмурод

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort