Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Пластик карточка тизимига ўтиш ахолини нега бунчалар саросимага солмоқда?

Пластик карточка тизимига ўтиш ахолини нега бунчалар саросимага солмоқда?
15 Aralık 2015 - 11:30 'да юкланди ва 761 марта ўқилди.

пластикЎзбекистон ҳукуматининг банк тизимларида маошларни ёппасига пластик карточкаларга ўтказиш уринишлари бошланиб кетганига анча бўлган, эндиги навбат пенсия ёшидагиларнинг ва ногиронларнинг нафақасини пластикка ўтказишга етган.

Айни дамда мамлакатдаги мавжуд барча банк маъмуриятлари “Бизда аҳоли 100 фоиз пластикка ўтди” дея ҳукумат бошқаруви олдида “отчёт” бериш, кўкрак кериш йўлида куйиб-пишишмоқда.

Ривожланган ҳорижий мамлакатлар мисолида айтадиган бўлсак, пластик масаласида Ўзбекистонни ҳорижий давлатларга мутлақо қиёслаб бўлмайди. Чет эл давлатларида жорий этилган пластик карточка тизими тўла ўзини оқламоқда ва самарали иш бермоқда.

Нега?

Негаки, ҳорижий мамлакатларда пластик карточкалар билан муомала қилиш тизими тўлиқ ишлаб чиқилганки, ойлик маоши пластикка ўтказилган шахсни Ўзбекистон фуқароси каби “Бу маблағимни энди қаерда қанча фоиз эвазига нақд қилиб олармикинман?” деган ҳадик саросимага солмайди, ва ё “Эсиз, энди пластикка уну ёғни 20 фоиз қимматига сотиб оларканман-да” деган ваҳимали хаёл кўнглини ўйиб ўтмайди. Чунки ҳорижий мамлакатлардаги ҳар бир савдо тизимида нақд пул билан бир қаторда пластик карточкалар орқали савдо-сотиқ қилиш имкониятлари жорий этилганки, пластик орқали муомила қилиш ҳеч бир кимсага муаммо туғдирмайди. Дейлик, ҳорижда бир килограмм шакарни нақд пулга 5 минг сўмга сотиб олсангиз, пластик орқали ҳам айнан ўша суммага ҳарид қилишингиз мумкин. Бу икки хил савдо услубдаги харид ўртасида ҳеч қандай тафоввут йўқ, кўзга ташланмайди.

Айтингчи, Ўзбекистонда ҳам шундайми? Асло!

Пластик карточкалар билан олди-сотти қилиш тизими бирига пойтахт Тошкентнинг марказидагина “ҳалам-палам” қилиб бўлса-да йўлга қўйилган холос. Бироқ пойтахтдан олти чақирим узоқлашишингиз билан пластик карточкалар орқали муомила қилиш борасида енгиб бўлмас муаммоларга дуч келасиз. Вилоятлардаги бу борадаги хўжасизликларни эса асти сўрамай қўя қолинг!

Деярли барча савдо шахобчаларидаги “Пластикка савдо йўқ” деган жавоб аҳоли таъбини тирриқ қилади.

Ёлғон бўлмасин, биргина поезд ва ё авиабилетларини пластик орқали харид қилишда муаммо бўлмаслиги мумкин. Бироқ шусиз ҳам ишсиз, пулсиз аҳоли ҳар куни осмонга учмайди, поездда юрмайди-ку! Халқнинг ҳар куни авиабилет сотиб олишга эҳтиёжи бўлмайди-ку!

Аҳолига нима керак?: Кундалик эҳтиёж моллари: ун, сариёғ, шакар, гугурт….

Минг афсуски, пластик карточка билан муомала масаласидаги муаммолар харидорларни хор қилмоқда.

Тошкент вилояти ва Республиканинг қолган барча ҳудудларида пластик карточка билан савдо қилиш тизими кенг жорий этилмаганлиги сабабли “Пластикка савдо йўқ” деган кўнгилни хира қилувчи жавоб аҳолини сарсону саргардон этганлиги боис ҳам аросатда қолган халқ ҳар қандай шартга рози бўлмоқда.

Натижада, аҳолининг бунингдек имконсизлигидан фойда орттириб қолиш илинжида бўлган дўкон сотувчилари, ҳатто пластик билан савдо-сотиқ қилишга имконияти бор савдо шахобчалари ҳам харидорга кўзини лўқ қилиб “Пластикка 20 фоиз қимматига сотилади. Нақд пул қилиб олиш бизга ҳам муаммо яратади” дея оёғини бир этикка тиқиб туриб олмоқда.

Натижада, ойлик маоши ва ё нафақа пули пластикка туширилган фуқаро дўконлардан шакар, ун, ёғ, совун каби кундалик эҳтиёж молларини “қулоғини қимирлатмасдан” 20 фоиз қимматига харид қилишга мажбур. Акс ҳолда пластик карточкалар билан муомала қилинмас экан, ундаги маблағларнинг қандай қиймати қолади? Оддий, кераксиз қоғоздан қандай фарқи бўлади? Нима, аҳоли “Қачон пластикдаги пулимга устамасиз авиабилет олармиканман?” дея илҳақликда йил ўтказсинми, болалари оч қолсинми, тишининг кирини сўрсинми, ё уст боши титилиб, яланғоч юрсинми? Йўқ, албатта. Шу боис ҳам одамлар пластикка савдо қилиш тизими жорий этилган савдо шахобчаларидан 20 фоиз қимтига бўлса-да пластик карточкасидаги маблағига эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларни, кийим-кечакларни харид қилишга мажбур бўлмоқда.

Бундан ўзга йўли йўқми?

Нега энди йўқ бўларкан?! Ўзга йўли ҳам бор албатта!

Кези келганида шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон аҳолиси пластикда харид қилиш масаласида, айниқса, бозорларда ўтиб бўлмас ғовларга рўпару бўлмоқда.

Негаки:

Аҳолининг тўкин турмуш кечиришлари учун яна нималар муҳим?:

Маълумки, совуну шакар харид қилган билан, уну ёғ кўмагида қозонни қайнатган билан кишининг куни ўтиб қолмайди. Одам боласи ҳўл мевалар – узум, помидор, бодиринг, олма, анор, нок емайдими, сабзавот маҳсулотлари: сабзи, картошка, карам, пиёз деганлари керак бўлмайдими?

Тўғри, юқорида санаб ўтилган маҳсулотларни бозорлардан эмас, гарчи 20 фоизлик устамаси билан бўлса-да “СУПЕР МАРКЕТ”лардан харид қилса ҳам бўлади. Бироқ, “МИНИ МАРКЕТ”лардаги маҳсулотларнинг туриб қолиши ортидан сифатига путур етиб, униқиб қолиш ҳолатлари кузатилади. Қолаверса, юқорида айтиб ўтилган “…Маркет”ларда турғун бир нарх ҳукмрон, у ҳам бўлса – нарх-наволар ҳамиша осмонда бўлади. Ўзбекнинг бозорида савдо қилиш эса кишига ўзгача завқ бағишлайди: биринчидан, танлаш, барча маҳсулотларнинг “свежий”сини саралаб олиш имконияти каттароқ ва кўпроқ бўлади. Энг муҳими, ўзбек бозорларида савдолашиб, талашиб-тортишиб – 100 минг сўмлик маҳсулотни 70 минг сўмга олиш ҳам мумкин бўлади. Ҳар томонлама таққослаб кўрган тақдиримизда ҳам бозорларимиз билан “СУПЕР МАРКЕТЛАР” орасидаги тафоввут яққол кўзга ташланади-қўяди.

Шу маънода, аҳолининг бозорлардан харид қилишга эҳтиёжи катта.

Аммо, айтингчи, Ўзбекистоннинг бирор бир бозорида пластик карточка билан савдо-сотиқ қилиш имконияти йўлга қўйилган дея гувоҳлик бера оласизми? Йўқ. Аҳвол шу зайилда кетадиган бўлса, бу яқин юз йилликда бўлмаса ҳам керак!

Аҳолимизнинг қўлида эса фақатгина транспорт харажатлари учун –йўлкирогагина нақд пул бор холос, қолган сўмлари банклар томонидан автоматик тарзда пластикка “туширилган”-ку!

Хўш, модомики, мамлакат бўйлаб бозорларда пластик карточкаларга савдо-сотиқ қилиш тизими жорий этилмаган экан, унда аҳоли нима қилиши керак?

Аммо, лекин, бироқ, шуни ёдда тутингки, Ўзбекистонда ҳамиша “Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади” деган “ақида” асосида иш тутилади.

Юқоридаги “ақида”га амал қилаётган банк ходимлари-ю савдо тизимлари томонидан “Пластик карточкадаги маблағларни нақдлаштириб бериш”нинг ёзилмаган ҚОНУНИ жорий этилганки, бу услубдан биргина аҳоли беўт, беўтин ёниб-куйиб қолмоқда.

Одамлар бозорлардан харид қилишга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун ҳам пластикдаги маблағларини 15-20 фоизлик устама эвазига бўлса-да нақдлаштириб олишга маҳкум этилмоқда.

“Пластикдаги маблағни нақдлаштириб бериш”дек оғзаки “шартнома” ҳатто пойтахт Тошкент ҳухудида ҳам тез-тез кузатилади.

Оқибатда, шусиз ҳам арзимасгина ойлик маошига яшаётган одамларнинг иш ҳақини ҳам бўйидан, ҳам энидан уриб қолинмоқда, халқ ҳар томонлама зиён кўрмоқда.

Айнан мана шу каби муаммолар боис пластик карточка ўтиш тизими аҳолини саросимага солиб қўймоқда.

Оламу одамга айён бўлган пластик тизимидаги бунингдек муаммолардан Ўзбекистон расмийлари бехабар қолган деб ўйласангиз, адашасиз.

Ўзбекистон амалдорлари банк тизимидаги бунингдек бошболдоқликлардан яхшигина хабардоргина эмас, бундан манфаатдордирлар ҳам.

Ҳа, шундай.

Ўзбекистон иқтисодий таназзулга йўл тутганлиги, нақд пул камёблиги сабаб ҳам аҳолинининг, барча ташкилот ходимларининг ойлик маошларини, икки ёшгача бўлган болаларнинг, ногирон ва пенсионерларнинг нафақа пулларини гоҳида тўлалигича 100% ини, айрим ҳоллард 50-70% ини шахснинг сохта аризаларига асосланган ҳолда пластик карточкаларга ўтказиб юборилишига ҳукуматнинг ўзи фатво берган ва бунингдек бошболдоқликларнинг бошида ҳукумат раҳбарларининг ўзи турибди. Аҳолини нақд пул билан таъминлай олмаслигини англаган амалдорлар пластик панасига яшириниб қолишга, пластик карточкалардан нажот топишга умид қилишмоқда.

Гарчи сохта ва мажбурий тарзда бўлса-да одамларни оммавий тарзда пластикка ипсиз боғлаб қўйилишидан ҳукумат расмийларининг ўзи манфаатдор эканлиги айни кунда ҳеч кимга сир эмас.

Ҳукумат амалдорларининг қўли борлиги боис ҳам ойлик маошларининг пластик карточка тизимига ўтиши аҳолини саросимага солиб қўймоқда.

Пластик соҳасидаги муаммолар қўқонлик 80 ёшли Назбиби аянинг ҳам бўғзига чанг солди.

1935 йилда туғилган Назбиби ая Адилова Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида истиқомат қилади. Онахоннинг қизлари Валентинанинг айтишича, “Бор-йўғи 420 минг сўмгина қарилик нафақасини олади”.

Айтишларича, гарчи ариза ёзмаган ва имзо қўймаган бўлса-да, Назиби ая нафақасининг 50 фоизи ҳеч бир рухсатсиз пластик карточкага ўтказиб юборилган. Бу ҳақда аянинг ўзи яқингинада воқиф бўлган.

– Онам октябрь ойи учун 210 минг сўм пенсия пули олдилар. “Нега менга бу ойда 420 минг сўм эмас, 210 минг сўм нафақа пули берилди?” деб суриштиргач, ана шундагина нафақасининг 50% пластикка ўтказиб юборилганлигидан хабар топдилар. Кейин суриштириб билсак, “РайСабез” ходимлари нафақахўрларнинг номидан банк бошқаруви номига сохта розилик аризасини ёзиб, имзолаб, кексалар пенсиясининг 50%ини пластик карточкаларга ўтказиб юборишаётган экан.. Фуқаронинг ўзи “Нафақамнинг 50%ини пластикка ўтказишингизни сўрайман” деб ариза ёзмаган ва бунингдек мазмундаги аризага имзо қўймаган бўлса-да, пенсиясининг 50 фоизини шахснинг розилигисиз пластикка ўтказиб юборишлари ҳам мумкинми? – дея хабар беради Қўқондан қўнғироқ қилган 80 ёшли Назбиби аянинг қизлари Валентина (моб. тел: +99893 977 40 16).

Нафақа пулининг 50% ўзининг розилигисиз пластик карточкага ўтказиб юборилган 80 ёшли Назбиби аяга ҳақиқий қийинчилик ана шундай ҳақсизликдан кейин бошлади.

Энди 80 ёшли онахон нафақа пулининг 50% ини пластикка ўтказиш илинжида ҳар ой Қўқондан Данғара туман банкига бир неча километр масофа босиб бир эмас, бир неча бор боришга мажбур бўлмоқда. Янада аянчлиси шундаки, нафақасининг 50%ини пластикка тушириш истагида келганлар сони кўплиги сабаб, Данғара банк эшиги тагида тумонат одам. Кексалар гоҳо кун бўйи навбат кутиб туришга мажбур бўлишмоқда.

– Навбатнинг азборойи кўплигидан кун бўйи тик оёқда навбат кутиб турган аксарият кексалар ҳолсизланиб, хатто бехуш бўлиб йиқилиб қолишмоқда, – дейди Валентина.

Бунингдек талотупда II – гуруҳ ногирони бўлган 80 ёшли Назбиби Адилова пенсия пулининг 50%ини пластикка ўтказиш умидада Қўқондан бир неча километр масофа босиб Данғара туманига қандай боради, Данғара банкидаги турнақатор навбатни кекса ҳолига кун бўйи қандай кутади?

Адилова каби кекса, ногирон аҳолининг бунингдек муаммолари на Ўзбекистон банк тизими ходимларини ва на мамлакат расмийларини заррача қизиқтирмайди. Негаки, пул тақчиллиги сабаб пластик деган ўйинни айнан уларнинг ўзлари ўйлаб топишган, одамлар олдидаги пластик муаммоларни ҳам ўз қўллари билан бунёд қилишганки, бунингдек боқибеғамликни бартараф этиш оддий аҳоли учун ўлимдан-да қийин.

Қўқондагидек аянчли аҳвол Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кузатилмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятининг Янгийўл туман марказий шифохонаси пенсионерларининг нафақа пулларини мажбурий тарзда пластик карточкаларга ўтказиб юборилаётганлиги хусусида ҳам ташвишли хабарлар бор.

Модомики, Ўзбекистонда пластик карточкага ўтишнинг тўлиқ тизими ишлаб чиқилмаган ва амалиётга тадбиқ этилмаган экан, ҳукуматнинг пластикка ўтказиш борасида “фатво” бериши ҳеч бир ақлга сиғмайдиган иш. Негаки, пластикка оид тўлиқ тизим ишлаб чиқилмасдан, бу борада аҳолига етарлича қулайликлар яратилмасдан туриб ойлик маошлари ва нафақа пулларини мажбурий тарзда пластикка ўтказилиши Ўзбекистонда порахўрлик ва таъмагирликнинг янги кўринишларини келтириб чиқармоқда, холос.

Ўзбекистоннинг ҳеч бир тайёргарликсиз пластикка ўтишга уриниши, беҳуда чираниши, бир сўз билан айтганда, “Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига” дейилади.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист, мустақил ҳуқуқ фаоли

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар