Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Уларнинг қудрати – хоин “ҚУЛОҚ”дир

“Уларнинг қудрати – хоин “ҚУЛОҚ”дир
26 Aralık 2015 - 1:00 'да юкланди ва 1216 марта ўқилди.

мххҚўрқувнинг икки тури бор: Аллоҳдан қўрқиш ва бандадан қўрқиш.

Қўрқув кучли қуролдир. Агар Аллоҳдан қўрқсангиз, бу қурол сизни гуноҳлардан қутқаради, шайтони лаиннинг ҳийлалари устидан ғолиб бўлишга ёрдам беради.

Агар бандадан қўрқсангиз, бу қурол фақат ва фақат сизни маҳв қилади.

Бугун Ўзбекистондаги илдизи чириган тузум айнан ана шу қурол ёрдамида тутиб турилибди.

Бугун Ислом Каримов қурган тузум ўз умрини яшаб тугатмоқда. Келинг, мамлакатни идора қилиб турган энг улкан ташкилотлардан бир-иккитасинининг фаолиятини ўрганиб чиқамиз.

1.Девон

Ислом Каримовнинг идораси. У ерда Каримовнинг маслаҳатчилари, котиблари ишлайдилар. Барча фармонлар, қарорлар шу ердан чиқарилади. Мазкур идорада фисқу фасод авж олган. Маслаҳатчилар ва уларнинг югурдаклари орасида бесоқолбозлик билан шуғулланадиганлар бор. Девон мамлакатнинг бош маркази бўлиши билан биргаликда бош фитнахонасидир. У ерда ҳамма бир-бирининг ортини кавлаган, туҳмат қилган, “юқори шахслар” – бир-икки маслаҳатчилардан бўлак деярли ҳамма жуда тез алмашади. Бу ерда кадрларнинг фаолияти узоғи билан икки йилга бориши мумкин.

Президент девонида фаолият юритувчилар – Каримовни “бошқариб турувчи” кучлардир. Гарчи улар Каримовнинг қуллари бўлса-да, Каримов бу гуруҳнинг катта қулидир. У ўзи билмаган ҳолда ўз қўл остидагиларнинг ноғорасига ўйнайди. Каримов маслаҳатчилари муайян гуруҳ шаклида кўплаб жиноятларни амалга ошириб келмоқда. Ҳокимларни тайинлаш, вазирларни аниқлаштириш, турли фармонларни чиқариш девон маслаҳатчилари, котибларининг аралашувлари билан амалга ошади. Девонда ишлайдиган ҳар бир шахс ўз вақтида жонини хатар ичига қўйиб ишлайди. Чунки уларнинг деярли ҳаммаси Республика Миллий хавфсизлиги хизмати “қулоқларидир”. Бир-бирининг устидан чақувлар етказишда мусобақалашишади.

2.Вазирлар маҳкамаси

Ўзбекистонда ҳукумат вазирлар маҳкамаси ҳисобланади. Вазирлар маҳкамасига бош вазир Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлик қилади. Вазирлар маҳкамаси таркибида вазирларнинг ҳаммаси бевосита Ислом Каримовнинг амру фармони билан ишлайди. Шавкат Миромоновичнинг вазифаси – Ислом Каримовнинг фармонларининг амалга жорий бўлишини таъминлашдан иборат. Ислом Каримов Республикадаги 12 та вилоят, Қорақолпоғистон Республикаси ҳамда пойтахт Тошкентнинг раҳбарларини шахсан тайинлайди.

Вазирлар ҳар йили алмашади. Каримовнинг кўзига ёқмай қолган, девондагилари билан келишолмай қолган вазирлар, бошқа амалдорлар бир лаҳзада “учиб кетиши” ҳеч гап эмас. Вазирлар маҳкамасининг иш тартиби қизиқ: масалан, Халқ таълими вазири деган мансабда инженер ишлаши мумкин ва бу Каримов тузуми учун ўта табиий. Аммо бу вазир ўз ишини уддалай олмаса, девонаги акахонлари ёрдамида бошқа каттароқ мансабга ўтказилади.

Вазирлар маҳкамасида вазирларнинг алмашиши қанчалик оддий ва муаммосиз бўлса, бутун бошли вазирликлар тугатилиб, янгиттан бошқа вазирликлар ташкил қилиб ҳам юборилаверилади. Шунингдек, ҳукумат таркибига кирувчи қатор қўмиталар вазият талаби билан тузилади ва кўп ойлик талаб қилса, ёпиб юборилади.

Каримовнинг идеология бўлими вазифасини бажарадиган Маънавият ва Маърифат маркази деган ташкилот бор. Шу марказда Каримов ғоялари халққа мажбуран сингдирилади, бу марказнинг вилоят ва туманларда бўлимлари бор. Собиқ совет таълимини олган мутахассислар у ерга масъул қилиб қўйилган. Одатда, улар кўп гапиришни ва одамларга ўзларини кўрсатиб, чексиз ҳокимият эгаси каби таассурот қолдиришни хуш кўришади. Аммо ойликлари жуда кам. Уларнинг бўлимларида икки ёки уч киши ишлайди.

Каримовнинг ҳукумати таркибидаги вазирликлар ва уларга бўйсунадиган идоралар жуда тез ташкил этилади ва жуда тез бузилиши унинг бирор режа асосида ҳаракат қилмаслигини билдиради. Шунчаки, унинг маслаҳатчилари ва котиблари томонидан ишлаб чиқилган, одамлар кўз ўнгида ясалган “ҳайкал” бор. Унга кўра, қонунлар устувор, ҳаммаси жойида, келажак эса гуллаб-яшнаб ётган бўлади.

Яна бир қизиқ жиҳат шуки, Каримов тайинлаган ҳокимлар худди бедана каби. Ўзбек халқи тили билан айтганда: “Бедананинг уйи йўқ – қайга борса питпилдиқ”.

Чунки Каримов тайинлаган ҳокимларнинг ҳеч бири тайинли эмас. Ҳар йили Каримов, албатта, бирор ҳокимни алмаштиради. Чунки унинг кадрларни танлаш билан боғлиқ қатъий принципи йўқ. У ҳокимлардан сўзсиз итоаткорликни талаб қилади.

Негадир, Каримов тайинлаган ҳамма ҳоким доимо ишни “халта қилади”. Масалан, Наманган ҳокими 7 йилдан бери ҳаммаёқни расво қилибдию, Каримов буни яқинда “билиб қолибди”. Аввалги йилларда эса Қашқадарё ва Сурхондарё ҳокимларини алмаштирган эди.

Қисқаси, Каримов ҳукумати жуда бетартиб ишлайди. Улар нима учун ишлаётгани ҳақида билмайди, буйруқлар жуда кўп ва пала-партиш. Бир буйруқ иккинчисини инкор қилади. Аммо иккисини ҳам бажариш керак…

Каримовнинг бошқарув системаси 25 йилдирки, шундай тартибда ишлайди.

3.Куч ишлатар тизимлар

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги фаолияти ҳақида турли афсоналар кезиб юради. Мамлакатни қўлда тутиб турган бу икки тизим аллақачон яроқсиз ҳолга келган. Агар халқ кўтарилиб, кўчага чиқса, бу тизим уни бостира олмайди. Тўғри, Каримов ҳарбий қисмлар ёрдамида ўз халқини қириб ташлаши мумкин. Чунки бу унинг учун оддий бир иш. Аммо тубига етиб борсангиз, армия ҳам чириган. Чунки ҳар йили пахта терими билан шуғулланадиган, байрамларда чиройли қадам ташлайдиган аскарларнинг аксарида интеллектуал ва жисмоний маҳорат жуда суст.

Гарчи Ўзбекистон армиясининг қудрати жаҳонда олди қаторларда туради деб уқтириб келинса-да, бу сафсатадан бошқа нарса эмас. Бугун Ўзбекистонда армия бир йиллик ва бир ойлик деган икки турган бўлинади. Гўёки бир ойлик армияда йигитлар аскарликка тайёр бўлар эмиш. Бир йиллик армия эса чиниқиш мактаби экан. Армияда хизмат қилаётган ва хизмат қилган йигитлар тасдиқлаши мумкинки, ташқи тарафдан кучли кўринган бу тизим ичдан емирилган.

Ҳарбийлар гарчи мамлакатда энг юқори ойлик билан таъминланган бўлса-да, улар орасида ҳам коррупция авж олган. Хусусан, йигитларни армияга, Олий Ҳарбий ўқув юртларига қабул қилишда, ҳарбий даражаларни оширишда бемалол савдо ишлари гуллаб-яшнаб ётибди.

Аскарлар ватанпарварлик эмас, мажбурият билангина хизмат қилиб юришибди. Уларнинг деярли ҳаммаси ёдлатилган гапларни такрорлайдиган, ўз шахсий мушоҳадасига эга бўлмаган кадрлардир. Ҳарбий соҳага қизиқишнинг бош омили, албатта, халқ ёки Ватанга бўлган муҳаббат эмас, катта маош ҳисобланади. Буни Ўзбекистондаги ёш бола ҳам тасдиқлайди. Чунки мактаб ёки коллеж ўқувчиси ҳарбийликни орзу қиляптими, нега деб сўралса, ойлиги баланд, турли қулайликлар бор деб жавоб беришади.

Ички ишлар вазирлиги таркибидаги идоралар ҳам худди шу тартибда ишлайди. Бу соҳада ҳам порахўрлик гуллаб-яшнаган. Даражаларни ошириш, турли юқори мансабларга тайинланиш – ҳаммаси пора билан амалга оширилади. Агар кўчада қаққайиб метро тепасида турадиган ёки “участкавой” номига эга милиция ходими ўз даражасини оширишини истаса, албатта, бирор кимсанинг жиноятчи эканлигини исботлаши керак. Улар тутган одам жиноятчи бўлиши шарт эмас.

Бугун ўзбек милицияси одамларни қўрқитиш, озор бериш ва зулм билан машғул. Аслида эса бу соҳа одамлари кайф-сафони севади, иложи борича ўз постини ташлаб қочиб, бирор чойхона ёки ресторанда ўтиришни хуш кўради. Улар учун вазифани бир амаллаб адо қилиш, ойликни олиш муҳим. Юқоридан келадиган амрларнинг тутуриғи йўқ, улар гоҳида ўзлари нима қилишаётганига ҳам тушунишмайди. Устига устак, ҳар бир туман ИИБ ходимларига ҳар куни юз – икки юз нафардан шубҳаланувчи шахс тутиб келиш плани қўйилган бўлса, бу ҳам ғалати. Аммо улар буни уддалашлари лозим.

Бу сафсаталарнинг ҳаммаси одамлар ичига қўрқув заҳарини солиш учун қилинади. Қўпол ва тарбиясиз, инсон шаънини булғайдиган, иймон ва эътиқод тушунчасидан йироқ милиция ходимлари эса кўзига кўринган “шубҳали” шахсларни ҳамон уриб-сўкиб ёки мазах қилиб бўлимга элтиш билан шуғулланмоқдалар. Мамлакатда рўй бераётган қотилликлар, ўғриликлар ва бошқа жиноятларнинг ҳеч бири очилмай қолиб кетаверади.

Миллий хавфсизлик хизматидан мамлакатда Каримов ва Иноятов қўрқмаслиги мумкин. Мамлакат бу илоннинг заҳридан шунчалик кўрқадики, ҳатто, Худони унутиб юборишади. Аслида, таъриф қилинганидек МХХ шуналик қудратлими?

Очиғини айтиш шарт – Ўзбекистон МХХнинг ўзи ҳеч қандай қудратга эга эмас. Бу бўлимда хизмат қиладиган ходимларнинг саъвияси, таланти ва салоҳияти ўта паст ёки ўртача. Уларнинг ойлиги ўта юқори, қиладиган ишлари эса одамларни идорага чақириб руҳий жиҳатдан босим ўтказиб эзишдан иборат. Бу йўналишда хизмат қиладиган ходимларнинг сони кўп эмас. Аммо уларга хос жиҳат – бешафқатлилик, буйруқни иккиланишсиз бажариш ҳамда ҳеч кимга ишонмасликдир.

Яна бир жиҳати, МХХ одамлар ҳақида темир сандиқларда турли ҳужжатларни йиғиш билан машғул бўлади.

МХХ идорасида зерикиб ўтирадиган, доимо ҳаммага шубҳа билан боқадиган, кишиларни эзиб роҳат қиладиган қўрқоқ ходимларнинг қудрати йўқ. Уларнинг қудрати – “қулоқлар”дир. Тошкентдаги Миллий хавфсизлик институтини тугатмаган бўлса-да, ҳатто, ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаса-да, Ўзбекистоннинг ҳамма қишлоқлари, кўчалари, идоралари ва оилаларида камида биттадан “қулоқ” ишлайди.

Ана шулар МХХнинг “қудратли” қўлларидир.

Бу одамларнинг севимли касби – ўз атрофидагиларни кузатиш – жосуслик қилиш, маълумотларни тўплаш ва ўз ҳудудидаги МХХга етказишдир. Шунинг учун МХХ мамлакат одамларини кучли кузатувда ушлаб турибди. МХХ берган ахборот асосида бутун мамлакатдаги сиёсат машинаси ҳаракатланади.

Оддий одамлар – гадойлар, ўқитувчилар, косиблар, деҳқонлар, новвойлар, талабалар МХХнинг жосусларидир. Шунингдек, пистачилар, нос сотувчилар, ижтимоий тармоқларда турли номи остида бир неча профил очганлар, туппа-тузук одамлар ҳам МХХга хизмат қилишади. Улар бу хизматлари учун ҳеч қандай ҲАҚ ОЛМАЙДИЛАР. Шунчаки, улар жосусликдан завқланишади. Бошқаларнинг маҳрам сирларини бировга очишдан, бошқаларни билдирмай кузатиб туришдан севинишади. Яъни шундай пасткашлик уларни бахтиёр қилади.

МХХнинг идорадаги ходимлари учун эса юборилган маълумотларни папкаларга жойлаш ва уларни қиёслаб одамлар “тақдирини ҳал қилиш” билан шуғулланишади.

Ташқарида сирли кўринган ва одамларни қўрқувда тутиб турган МХХнинг ишлаш тарзи аслида ана шундай содда ва пасткашонадир.

Тан олиш лозимки, МХХдагиларнинг совуққонлиги, тубанлиги олий даражада. Улар одамларни киприк қоқмай ўлдириб юборишда, ҳодисалардан хулоса чиқаришда моҳир. Гарчи илм-фаннинг сўнгги ютуқларидан фойдаланишда бир мунча қолоқ бўлсалар-да.

Мамлакатда яшаб турган чирик тузум айнан МХХнинг жонбозлиги мевасидир. МХХ эса халқ ичидаги “қулоқлар”га таянади. “Қулоқлар” бегона эмас, халқ ичидаги халқнинг боласи, яъни халқнинг хоин боласидир.

Аммо уларнинг бу ҳийла макрлари узоқ яшамайди. Чунки Аллоҳнинг макри олдида уларнинг макри ожиздир.

Ўзбек халқи ичидаги хоинлар хоинликдан ор қилмаса, халқ ҳеч қачон юксалиш йўлига чиқа олмайди. Шу ҳақиқатни ҳам унутмаслик керак.

Халқ ўша хоинлардан қўрқади. Хоиндан қўрққани учун бугун хор бўлиб яшаяпти.

Халқ хоинлари халқнинг сара фарзандларини золимлар қўлига тутиб бермоқда.

Аммо хоиннинг умри қисқа. Уларни Илоҳий Тақдирнинг ўзи маҳв қилади.

Хоинлар кучига таянган, зулмга асосланган тузум, Каримов тузуми таназзул билан юзлашиб бўлди. Энди унинг батамом ағдарилиб, Ер юзидан супуриб ташланишини кутмоқдамиз. Бу кунлар яқин қолди, Худо хоҳласа.

Аблуллоҳ Нусрат

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 2 Yorum )

  • Anaxolos ;

    quloq SSSRda bulmaganmi?
    Britaniya josuslarichi. Fransuzlarda bu qanday amalga owadi. Muallifga savol. Siz davlat tepasiga kelganizda qanday chora kurardiz.

    Qirg’iz prezidentiga uxwab orqezga tepib xaydashardi

    22/01/2016 18:10
  • снб ;

    Каримовни ота деганлар булар ахволари шу

    27/12/2015 18:42
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар