Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мамлакатимизда икки гуруҳ бахтсиз одамлар бор

Мамлакатимизда икки гуруҳ бахтсиз одамлар бор
23 Ocak 2016 - 16:53 'да юкланди ва 649 марта ўқилди.

full_523Абдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(4-қисм)

Мамлакатимизда икки гуруҳ бахтсиз одамлар борки, ҳаракатлари танқид ва танбеҳга сазовордир. Биринчи гуруҳ ҳаётларининг мақсадлари деб, еб-ичишни биладилар, улар бир луқма таом ва ётадиган жой учун инсоний вазифаларини эсларидан чиқарадилар, бирон-бир иш ҳақида ўйламайдилар ҳам. Кечаси эрта учун қоринларининг ғамида, кундузи эса ётиш тўшаклари ғамида бўладилар. Хулоса қилиб айтганда, улар бу дунё осойишталигини ўйлаб, бошқа нарса билан ишлари йўқдир. Аллоҳнинг ўзи сақласин, бу пасткаш жамоа ўзларини инсонийликнинг баланд мартабасидан махлуқийлик даражасига туширганлардирлар. Бу жамоанинг асли жойи инсонлар ичида эмас. Бу жамоа жамиятга кўп зарар етказади. Худованд уларни охират саодатидан маҳрум қилган. «Баъзи одамлар Аллоҳ таборак ва таолодан бу дунёни талаб қиладилар. Уларга охират саодати насиб қилмайди»45.

Иккинчи гуруҳ шундай жамоаки, ҳаёт ғоясини фақат охират саодати деб биладилар, бу дунё саодатига эришиш учун ҳеч ҳаракат қилмайдилар, балки бу дунё саодатини кофирларга хос деб биладилар, бошқача қилиб айтганда, дунёни кофирлар жаннатию мусулмонлар дўзахи деб биладилар. Булар ҳам инсонийлик вазифасини, башарият яратилишининг ҳикматини идрок қилмаганлар, уларнинг фикри ҳам илоҳий ҳукмга тўғри келмайди. Икки дунё саодатини талаб қилган инсонгина комил мусулмондир. Худованди ҳаким ҳам икки дунё саодатини талаб қилганларни мадҳ этиб, «Бақара» сурасида буюрган: «Баъзи одамлар, эй Худо, мени дунё ва охират саодатига етказиб, дўзах азобидан нажот бергин, деб дуо қиладилар. Бу одамлар ўз касбларига яраша, яъни амалига мувофиқ насиба оладилар, Худо сариъ ул-ҳисобдир»46. Бу ояти каримада баъзи дақиқ ишоралар ва нозик нуқталар мавжудки, уларнинг зикри фойдадан холи эмасдир. Масалан, Худованди карим шу оятда жамоани дуо қилиб, «нимаики талаб қилсалар, топадилар» демасдан, балки «ўзларининг саъй-ҳаракатлари эвазига топадилар» деган. Шундан маълум бўладики, Аллоҳ олдида мустажоб бўладиган дуо биз туркистонлиларнинг дуоларига ҳеч ўхшамайди. Негаки, биз кечаю кундуз вақтимизни беҳуда ишларга сарфлаймиз. Баъд47, фалон масжид ёки фалон мозорга бориб, мақсадимизни Худодан сўраймиз-да, яна чиқиб бемаъни ва нолойиқ ишларимиз билан машғул бўламиз, мақсадимизга етиш учун ўзимиз саъй-ҳаракат қилмаймиз. Бировнинг бирон-бир мақсади бўлса, энг аввал ҳиммат камарини белига маҳкам бойлаб, мақсадига етишиш учун саъй-ҳаракат қилиб, кейин дуо қилса, дуоси ижобат бўлади. Бу ерда баъзи муҳтарам ўқувчиларимиз айтишлари мумкинки, агар биз мақсадимиз ҳосил бўлиши учун саъй-ҳаракат қилсак, унда дуо ҳам керак бўлмай қолади. Балки саъй-ҳаракатларимиз соясида ўша мақсадимизга етармиз. Уларга жавобим шуки, сизлар масъалани нотўғри тушунибсизлар. Кўпчилик мақсадларига етишиш учун ниҳоятда кўп ҳаракат қиладилар, бироқ мақсадларига эришолмайдилар. Саъй-ҳаракатлари натижасиз қолади. Шунда саъй-ҳаракатимиз фойдасиз ва зоеъ кетмаслиги учун дуойи хайр лозим.

Масъалани бир мисол билан шарҳлайман. Фалон бир деҳқоннинг икки таноб ери бор. Яхши ҳосил олишни у жуда хоҳлайди. Агарда бу киши баҳордан ҳўкизлари, қўш, омоч, уруғ ва бошқа асбобларини экишга тайёр қилмай, фалон бир масжиднинг бурчагида ётиб, «Эй Худо, шу еримдан эллик ман48 буғдой ҳосил бергин», — деса ҳам бу дуо қабул бўлмайди, яъни еридан ўзидан-ўзи буғдой кўкариб чиқмайди. Лекин экин асбоб-анжомларини тайёр қилиб, ерни яхши ҳайдаб, уруғни экса ҳам, сиз ўйламанг-ки, деҳқоннинг иши шу билан тамом бўлди, энди у, албатта, яхши ҳосил етиштириб олади, деб. Бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Масалан, сел келиб мазкур ерни бузиши ёки чигиртка келиб кўкарган буғдойини еб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун деҳқон самодан келадиган бало ва офатларнинг олдини олиш учун дуо қилади, ҳазрати Воҳиб ал-атоё49 унинг дуосини қабул қилиши ҳам мумкиндир.

Яна бир мисол келтираман. Фалон ёш йигит катта олим бўлишни орзу қилади, истеъдодли, қобилияти ҳам камолига етган. Агарда пгу йигит мадрасага бормаса, пул сарфлаб китоб олмаса, меҳнат қилмаса, мударрислардан дарс олмаса, балки фалон мозорнинг бир чеккасида чин дилидан нола чекиб, Худо даргоҳидан илми ладунийни талаб қилса ҳам дуоси қабул бўлмайди, ўлимигача у жоҳил ва нодон бўлиб қолади. Аммо китоб олиб, мадрасага бориб дарс ўқиса ҳам уни катта олим бўлишига ҳали ишонманг. Мумкинки, у касал бўлиб ёки нафс ҳавасларига учиб, илм олиш йўлидан тойиб кетиб, охиригача жоҳил қолса. Агар бу йигит ғайбдан келадиган офатларни бартараф қилиш учун дуо қилса, дуоси ижобат бўлиши мумкин. Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) ҳам шундай дуо қилар эдилар. Бадр урушида ул зот қурол-аслаҳани тайёрлаб, қўшин тортиб, кофирлар билан рўбарў келиб жанг қилди, сўнгра ғалаба учун дуо қилди. Мазкур ояти кариманинг маъноси ҳам шундадир. Худованди карим шу оятнинг охирида буюрган яъни, «…Худо дуо қиладиганларнинг ишлари ва феълларига ҳамиша назар қилади ва уларнинг ҳеч бир амаллари унинг назаридан четда қолмайди. Агарда улар дуоларига мувофиқ амал қилсалар, яъни мақсадларига етиш учун қаттиқ ҳаракат қилсалар дуолари қабул бўлади, бўлмаса қабул бўлмайди». Бу оятнинг ҳар бир сўзида, балки Қуръони каримнинг ҳар бир оятларида шундай олий сирлар ва буюк ҳикматлар мавжудки, ўқувчиларни ўзига шайдо қилади. Лекин уларнинг барчасини баён этишга имконимиз етмайди. Шунинг учун ҳам юқоридагилар билан кифояланиб, Қуръони карим сир-асрорини биладиганларга мурожаат қиламан, беҳуда сўзларни қўйиб, тезроқ Қуръони карим мутолааси билан машғул бўлинглар!

(давоми бор)

45.Қуръони Карим, Бақара сураси, 200-оят. (тарж.)
46.Қуръони Карим, Бақара сураси, 201-оят. (тарж.)
47.Баъд — кейин.
48.Ман — оғирлик ўлчови.
49.Воҳиб ал-атоё — ғойибдан туҳфалар берувчи.

 

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар