Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Уруш-талаш, қон тўкиш, қароқчилик касбимиз эди…

Уруш-талаш, қон тўкиш, қароқчилик касбимиз эди…
04 Şubat 2016 - 13:35 'да юкланди ва 510 марта ўқилди.

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ – 9 (давоми)

ҲАБАШИСТОНГА ИККИНЧИ ҲИЖРАТ

Бу дафъа ҳижратларида, болалардин бошқа эр-хотун бўлиб, муҳожирларнинг сони саксон учга етган эди. Ҳазрат Алининг акалари Жаъфар Тайёр, Ҳазрати Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом буларнинг ичида эдилар. Бу келишларида Ҳабашистон подшоси меҳмоннавозлик қилиб, муҳожирлар ҳақида кўп яхши муомалада бўлди. Қурайш халқи бу мусулмонларнинг бундоғ роҳат, амният билан туришларига ҳасадлари қўзғолиб, аларни қайтариш учун чора кўришга киришдилар. Ҳабашистон подшоси ва унинг аркон-давлатларига атаб, бирмунча тансуқ тортиқлар тайёрлашдилар. Қурайш ичида ишлик, кучлик одамлардин ҳисобланган икки киши, бириси Абдуллоҳ ибн Рабиа, иккинчиси Амр ибн Ос эди. Бу икковларини вакил сайлашиб, ҳозирланган ҳадяларни аларга топширдилар. Бу мақсадларига ёрдам бериш нияти ила подшоҳ атрофидаги давлат арбоблари учун белгиланган ҳадялари бор эди. У вакиллар Ҳабашистонга келгандин кейин, дастлабда давлат арбоблари ила кўришдилар. Аларга ҳадялар тақдим қилиб, бу ишга ёрдам беришларини сўрадилар. Подшоҳ яқинлари қўлга киргандек кўриниб, кўнгиллари тинчиди.

Эртаси куни тортиқ-тарағайлари билан баробар подшоҳ ҳузурига кирдилар. Сўнгра:

— Эй подшоҳ, бу яқинларда ўз ичимиздан чиққан бир неча ёш, ақлсиз йигитлар пайдо бўлишган эди, қарасак, улар ўзларича сизу биз танимаган янги бир дин чиқардилар. Бу тўғридан ўз орамизда душманчилик кўпайди. Сўнгра улар халқ тарафидин қаттиқ қаршиликка учрашиб, у жойда туролмасдин, қочишиб кетган эдилар. Кейин ул бузуқ қочоқларнинг сизларнинг кўз остингизга келиб, тинч-омон яшаётганлари бизга эшитилди. Энди, ул юртнинг яхшилари, буларнинг қавму қариндошлари бизни юбордилар. Ота-боболарининг динларидин қайтган, ўз эл-юртларига сиғмаган ул бузуқларни ўз ерингиздан ҳайдаб чиқариб, уларга қайтариб беришингизни сиздан сўрайдилар, — деб айтдилар. Подшоҳ атрофида ўтирган давлат арбоблари:

— Эй подшоҳ, уларнинг ҳақида бу вакилларнинг айтган сўзлари тўғридур. Буларнинг яхши-ёмон феъл-хўйлари бизларга маълум эмас, аммо ўзларига маълумдур. Ўз элига сиғмаган одамлардин бошқа жойда ҳам вафо келмас, деб ўйлаймиз. Шунинг учун уларни қайтариб беришингизни бизлар ҳам маъқул кўрамиз,— дедилар. Бу сўзларни эшитиб подшоҳнинг ғазаби қўзғолди. Сўнгра:

— Қасам қилурманки, буларни қайтариб бермайман. Нечук қайтарайки, бошқалардин мени ортуқ кўриб, яхшилик умиди ила келибдилар. Бир мамлакатдин иккинчи мамлакатга қочиб, паноҳ сўраб келган бечораларни қайтариб чиқариш подшоҳлар шаънига лойиқ иш эмасдур. Муносиб иш шулдирки, ул қочқинларни чақириб, ўзларидин гап сўрайлик. Агар ҳақиқатда бу икковлари дегандек бўлиб чиқсалар, ул ҳолда қайтарсак арзимиз қабул бўлур. Агар бундоқ бўлмаган тақдирда, қўл остимда турганларича ўз ҳимоятимга олурман. Ҳар ҳолда аларга яхшилик қилурман,— деди.

Бу сўз сўнгида муҳожирларни ҳузурига чорлаб, бир киши юборди. Келишлари олдида саҳобалар ўзаро йиғилдилар. «Подшоҳ олдида диний масалалардин сўралса, қандоқ жавоб берилур ва ким жавоб қилур?» деган сўз устида тўхталдилар. Охирги маслаҳатлари шул бўлдики, диний саволларда Пайғамбаримиздин қандоқ эшитган бўлсак, шундоқ жавоб берайлик, дейишиб подшоҳ муколамаси учун ичларидин ҳазрати Жаъфар ибн Абу Толибни тайин қилдилар. Шунинг билан барчалари подшоҳ девонига ҳозир бўлишди. Подшоҳ ҳам диний руҳонийларини ушбу мажлисга чақирди. Алар ҳам келиб подшоҳ атрофида Таврот, Инжил китобларини очиб ўтирдилар. Шу чоғда муҳожирларга қараб подшоҳ:

— Сизлар тутган янги динингларнинг асоси — ҳақиқатини бизларга баён қилинглар. Ота-бобонглар йўлидин чиқиб, ўз дининглардин қандоқ ажрадинглар? Нечук ҳозирги кунларда машҳур бўлган бизнинг динимизга ёки бошқа динларнинг бировига кирмасдин, у динга кирдинглар? — деди.

Подшоҳ жавобига ҳозирланган ҳазрати Жаъфар деди:

— Эй подшоҳ, биз араб халқи узун замонлардин бери жоҳилликда яшаб юрган бир тоифа эдик. Ўзимиз ясаган бутларга ибодат қилур эдик. Ҳалол-ҳаромни фарқ қилмай, ўлимтиклар ер эдик. Уруш-талашлар, қон тўкиш, қароқчиликлар бизларнинг касбимиз эди. Ҳар турлик бузуқчилик, хиёнат ишлар бизларда кўп эди. Кучликларимиз кучсизларимизни босиб, ейиш бизларга одат эди. Мана шундай ҳол ила бирмунча давр ўтказдик. Охирда Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, ўз ичимиздин бизларга пайғамбар чиқарди. Унинг ҳасаб-насаби, ақл-фаросати, сидқ-омонати ёшлигидин бери барчамизга маълум эди. У келиб бизларни Аллоҳни бир билмакка, ёлғизгина Ўзига ибодат қилмакка чақирди. Бизларни ҳам ота-боболаримиз қилган, олтин-кумушдин, тош-тупроқдин ўз қўллари билан ясалмиш бутларга сажда қилишдин қайтарди. У бизни ҳар ишда ростликка, омонат сақлашга, сийлаи раҳмни узмасга, қўшнилар ҳаққини билишга буюрди. Зулм-хиёнат қилишдин, уруш-талаш, ноҳақ қон тўкилишлардин, ёлғон, туҳмат сўзлашдин, барча бузуқчилик, ҳаром ишлардин, етим молини ейишдин, умумий инсонлар ҳуқуқига хиёнат қилишдан бизларни қайтарди.

Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ибодат қилмакка, анга ҳеч кимни шерик қилмасга, кундалик беш вақт намоз ўташликка, бой кишилар молларидин камбағалларга закот беришга, ҳар йили бир ой рўза тутишга, бор кишилар йўқ кишиларга ёрдам қилишга, булардин бошқа, инсонга фойдалик барча яхшилик ишларни қилишга бизларни буюрди. Сўнгра биз анинг сўзига ишондик, ўзига иймон келдирдик, Худо тарафидин келтирган нарсаларни ҳақ деб билдик. Шериксиз, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилдик, ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билдик. Мана шу сабабдин қавмимиз бизга ҳужум қилдилар. Бизни урдилар, қийнадилар, динимиздин қайтаргали бизларга кўп азоблар бердилар. Яна илгариги бутпарастлик, ҳаромхўрлик, хиёнатгарлик, ҳар турлик бузуқчиликларга бизларни зўр билан қайтармоқчи бўлдилар. Динимиздин чиқариш учун аларнинг бизларга қилган жабру жафолари, бизга кўрсатган зулмларига қарши мудофаа кучига эга эмаслигимиздин, ҳар тўғрида улардин енгила бошладик. Ўз элимизда ҳимоятимиз қолмади. Ночор бўлиб, ўз еримиздин қочиб чиқдик. Бошқа ҳеч кимни хоҳламай, барчадин сизни ортиқ кўриб паноҳингизга сиғиниб келдик. Энди, эй подшоҳим, шундай аҳволга қолиб, сизнинг паноҳингизга сиғиниб келувчилар ҳеч вақт зулм кўрмагайлар, деб умид қиламиз, — деди.

Сўнгра Нажоший:

— У пайғамбарга Аллоҳ юборган оятлардин ўқигил, эшитайлик, — деди.

Анда ҳазрати Жаъфар сураи Марям бошидин бир неча оят ўқиди. Тиловат таъсиридин подшоҳ йиғлаб, соқолларини ҳўл қилди. Атрофида ўтиришган руҳоний олимлар ҳам йиғладилар.

Кейин Нажоший:

— Худонинг зотига қасам ичаманки, бунинг ўқиган оятлари, Исонинг келтирган Инжил китоби ҳар иккови бир чироқдин чиққан нурдек кўринур, — деди. Сўнгра ул икки вакилга қараб:

— Энди бу жойдин чиқинглар. Аллоҳга қасамки, ман бу азиз меҳмонларимни ҳар вақт ўз ҳимоятимда сақлайман, турганларича адолатим паноҳида турсинлар, аларни сизларга қўшиб юборишим менга зулмдур, — деб сўзини узди.

Шундоғ бўлиб, Қурайш мушрикларидин келган бу икки вакил хижолатлик билан ул жойдин чиқдилар. Сўнгра Амр ибн Оснинг ғазаби келиб, бу ишга чидолмай: «Булар устидан бир сўз топдим, шунинг билан буларнинг туб томирларини қирқамиз», деди. Анда иккинчи йўлдоши Абдуллоҳ: «Ортиқча буларга зарар еткурмакни қасд қилмайлик, ҳозирча булар бизга динда муҳолиф бўлсалар ҳам, ўз қариндошларимиздур», деган эди, Амр ибн Ос: «Йўқ, албатта, у сўзни айтишим керак, мусулмонлар Исони Худо яратган бандадур, деб эътиқод қилурлар. Насоролар бўлса, Исо Худонинг ўғли ёки ўзи дейдурлар. Мана шу сўз бўлса, аларнинг динига қаттиқ ҳақоратдур», деди. Шунинг билан эртаси куни иккови подшоҳ ҳузурига кириб:

— Эй подшоҳ, сиз ҳимоятингизга олган мусулмонларни чақириб, сўранг-чи, аларнинг Исо ҳақида кўп ёмон бузуқ эътиқодлари бордур, — дедилар.

Буни подшоҳ эшитиб уларни чақиришга одам юборди. Бу ишдин саҳобалар қаттиқ ғамгин бўлдилар. Чунки бу эътиқод аларнинг динига ҳақорат қилиш эди. Мусулмонлар бу ҳақда маслаҳат учун йиғилишиб, қандоқ жавоб беришларини музокара қилишди. Охирида ҳаммалари бир иттифоқ бўлиб: «Қуръони каримда қандоқ айтилган бўлса, Пайғамбаримиз бу тўғрида нима деган бўлсалар, ўша жавобни берамиз», дедилар. Шу йиғилганларича подшоҳ ҳузурига киришди. Подшоҳ буларга қараб, Исо ҳақида қандоқ эътиқод қилишларини сўради. Анда ҳазрати Жаъфар:

— Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу ҳақда бизларга нима айтган бўлсалар, бизлар ҳам шуни айтамиз. Исо Худонинг бандаси ва унинг барҳақ пайғамбари Руҳиллоҳдурлар. Бу руҳ Аллоҳ амри ила Марямга ташланиб, андин туғулдилар, — деди. Бу сўзни эшитгач, Нажоший подшоҳ қўлини ерга узатиб, қилчалик бир чўп олиб кўрсатди ва: «Сенинг айтганингдин Исо шунчалик ҳам бошқа эмас. Унинг ҳақида айтилган аниқ ҳақ сўз шудир», деди. Подшоҳ шундоғ деганида атрофида ўтирган насоро олимлари бу сўзни ёқтирмасдин ўзаро ғудурлашдилар, буни пайқаб, подшоҳ: «Ҳар қанча ғудурлашсанглар ҳам, яна ҳақиқат сўзи шудур», деди. Сўнгра саҳобаларга қараб:

— Боринглар энди, менинг еримда сизлар меҳмонсизлар. Сизлардин бир кишининг озор топиши, менинг олдимдин тоғдек олтин кетишидин ҳам оғирдур. Сизларга ким озор берса, ул жазоланади, — деб бу сўзни уч қайта қайтариб айтди. — Бу вакилларнинг келтирган ҳадяларини ўзларига қайтаринглар, қасам ул худогаким, мени подшоҳ қилишда мендин пора олмади, мен нечук пора олайин, мени тўғримда ҳеч кимнинг сўзига кирмади, унинг ҳақида мен энди кимнинг сўзига кирай, — деб тўхталди.

Сўнгра ул икки вакил бу қилган макрларига пушаймон бўлиб, шармандалик ила ўз ерларига қайтиб кетдилар. Шунинг билан саҳобалар Нажошийнинг давлатида роҳат билан яшаб турдилар. Энди бу орада яна бир ҳодиса пайдо бўлди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар