Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган “Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)

Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган “Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)
62 views
11 February 2016 - 3:00

IKA(3-бўлим)

Митингга қарийиб бир ой қаттиқ тайёргарлик кўрилди.

Албатта, сафарбарлик ҳаракатида “Эркин ёшлар ушмаси” фаолларининг хизматлари беқиёс эди.

Бутун Тошкент шаҳридаги талабаларни кўринмас ришталар бир-бирларига боғлашини тасаввур эта олсак, ўшанда “Бирлик” ҳаракати йўлбошчилигидаги “Эркин ёшлар уюшмаси” аъзоларининг бир ой давомида пойтахт тугул, бутун республикадаги Олий ўқув юртларидаги талабаларни оёққа турғазганига амин бўламиз.

Чунки, бизнинг кунларимиздаги каби ўшанда ҳам пойтахтга мамлакатнинг ҳар бир бурчагидан келган талабаларни, бутун мамлакатдаги талабалар билан қариндош-уруғчилик, дўсту биродарлик, ҳамшаҳарлик ва ҳамқишлоқлик алоқалари боғлаб турарди.

Бу каби ҳолатлар ишни осонлаштириши мумкин бўлган омил сифатида, “Бирлик” халқ ҳаракатининг Намойишни тайёрлаш гуруҳидагилар томонидан алоҳида эътиборга олинмаслиги мумкин эмасди.

Гуруҳ таркибида, “Эркин ёшлар уюшмаси” фаоллари каби Тошкентдаги завод-фабрикалалардан, маҳаллалар, илмий муассасалар ва ҳар қанақа турли ташкилотлардан сараланган етакчилар намойишнинг тўла қонли ўтиши учун шижоат кўрсатар эдилар.

Мен ҳам шу гуруҳ ичида эдим.

“Эркин ёшлар уюшмаси” фаоллари орасида бўлмасам ҳам, улар билан бевосита алоқада турардим.

“Эркин ёшлар уюшмаси” фаоллари орасида юқорида номлари келтирилганлардан ташқари Бадриддин ва Асқар деган йигитлар бўларди.

Айниқса, Самарқанднинг эрониларидан бўлган Асқарнинг обрўси, “Бирлик”да ҳам “Эркин ёшлар уюшмаси” аъзолари ичида ҳам аввал бошдан бошқа ёшларникидан кўра юксакроқ эди.

У ўзини меъёрлардан чиқмаган ҳолда тута билар, баробарида ўзининг нималарга қодирлигини ва мақсади чегараларини ҳам аниқлаб олганга ўхшарди. Аммо бир-икки йил кейин, у сиёсий ҳаракатлардан батамом узоқлашиб кетди. Айтишларича, Асқарнинг Исмоил Жўрабеков билан қариндошлиги бўлиб, унинг босими билан у сиёсий ҳаракатлардан четлатилган эди.

Шунга қарамай, ёрдам зарур бўлган бирликчиларга қўлидан келгунча кўмак бериб турганини фаоллар оғзидан эшитиб юрдим. Бир сўз билан айтганда, у ақлли-ҳушли, ўзини тутиб олган, камтарин йигит эди.

Эзилган ўлканинг катта-кичик қишлоқларида ўқиётган талабалар, ўшанда туғилган қишлоқларига, ота-оналарига Хушхабар етказиш бахтига муяссар бўлган кейинги асрлардаги биринчи Озодлик элчилари бўлдилар.

Хушхабарнинг сарлавҳаси “Муҳаммад Солиҳ” исми билан бошланиб, мазмуни унинг тили билан ҳар бир миллат фидойисини ҳақ-ҳуқуларини талаб қилиб Майдонга чиқишга чорларди.

Бугун айтилаётганидек, ўшанда биргина Тошкентдаги “Талабалар шаҳарчаси” “қайноқ нуқта” эмасди. Бу гаплар, ўшанда ҳам ҳозирдаги сингари мухолифатнинг халқ ичидаги кўламини кичрайтиб кўрсатиш учун айтиларди. Ўзбеклар орасида мисли кўрилмаган руҳий кўтаринкилик  бор эди, бу жорий ҳукуматни чўчитиб қўйганди, чунки ҳар он ҳар бир туман, ҳар бир қишлоқ бир зумда “қайноқ нуқта”га айлана оларди.

Ҳукумат бошидагилар, ўзбекларнинг бу қадар тез уюшиб, ўзларига келишларига ишонмаган эдилар. Чунки, улар халқнинг хотираси уйғониши мумкинлиги нима эканлигини, бор нарсанинг буткул йўқолиб кетиши ҳеч қачон мумкин эмаслигини, умуман ўйлаб кўрмагандилар.

Қозонда бўлса, чўмичда чиқади, деган иборани, улар пахта, пилла ва ҳакозоларни режани ошириб бажариш учун қора меҳнат билан боғлиқ бир нарса, деб билардилар. Масаланинг руҳий жиҳатлари улар учун бегона эди.

Биринчи галда, Каримовга ўхшаган босқинчилик ғоялари таъсирида улғайган ҳар қанақа маҳаллий раҳбар, ўзбекнинг шахс сифатида шаклланишини ҳазм қилолмасди.

Ҳар ҳолда, ҳақиқий зиёлилари етмиш йил сурункасига қатлиом қилиб келинган Ўзбекистонда, аҳвол шунақа эди.

Маҳаллий миллатлар таркибидан етишиб чиққан, бироқ коммунистик қарашларга муккасидан кетган раҳбарларнинг тасаввурида, “қолоқ ва қўрқоқ” бир миллатнинг Озодлик ва Ҳурлик ғояларини байроқ қилишга ҳақлари йўқ эди. (Бунга  Каримов мисолида юзлаб далиллар келтириш мумкин).

Талабалар шаҳарчасидаги ҳолатнинг бошқа ерлардаги ҳолатлардан фарқи, бутун республиканинг ҳар нуқтасидан бошланган Озодлик ҳаракатларининг илдизлари, талабалар тимсолида Тошкентга келиб уланиб, Талабалар шаҳарчасидан бутун дунёга акс-садо бериб турарди.

“Бирлик” шу нуқтадан бутун халққа таъсир ўтказа бошлаган эди.

Ёзувчилар уюшмаси биносида жойлашган “Бирлик”нинг ўттиз квадарат метрни ҳам ташкил этмайдиган штаби – бир-икки ой ичида бутун мамлакатнинг уриб турган юрагига айланганди.

Адашмасам, ўша машҳур намойиш апрелнинг ўн тўққизида рўй берганди.

Қуёш шарқдан кўз ёриб осмонга қизил найзалар итқита бошлаган, алвон бўлиб осмонга ёйилаётган шафақ – Озодлик ва Ҳурлик байроғининг муқаррар бир кун келиб ўзбеклар руҳида тикилишидан хабар бераётгандек эди.

Тонг саҳарда сепалаб ўтган ёмғир, яқинда уйғонган яшиллик дунёсини янаям яшнатган, ҳар тарафга қарама кўз қувонарди. Ҳаммаси, атайлаб уйқули кўзларини ишқаётган ўзбекнинг тезроқ уйқудан уйғониши учун қилинаётгандек эди.

Бу пайтда, “Эркин ёшлар уюшмаси”нинг уч минглар атрофидаги намойишчилари Лениннинг маҳобатли ҳайкали пойида дасталанган гулдаста сингари ял-ял очилиб, турли-туман шиорларни бошлари узра кўтариб турардилар.

Айниқса, матоларнинг ранг-баранглиги намойишчилар руҳиятида байрамона кайфият уйғотиб, уларнинг ичидаги қўрқувни босарди.

Албатта, биз ҳеч нимадан қўрқмасдик, дея айта олмаймиз. Асрлар асносида бизни эшак этиб миниб олган зулм ва зулмат туфайли, ичимизда қўрқув танча қуриб ўтириб олганди. У бизни ҳар қадамда таъқиб этарди. У ҳозир ҳам бизни ўттиз йилга яқин вақт оралиғида таъқиб қилиб келмоқда. Биз уни бошида ичимиздан қувлаб чиқара олганимизда эдик, Каримов каби бир олчоқнинг қўлида ўйинчоқ бўлмас эдик.

Бизлар Лениннинг ҳайкалининг тўғрисида, йўлнинг нари томонида, Ҳозирги Шароф Рашидов шоҳ кўчасининг иккинчи қанотида йиғилгандик. Ишлаб чиқилган режа, ана шунақа эди. Шароф Рашидовнинг биринчи дафн этилган ўрни, бизнинг ўнг томонимизда, биздан юз-юз эллик қадам нарида эди. Ўша атрофлар ҳам намойишга чиққанлар билан тўлиб тошарди.

Орқа тарафдан чумолилар лашкаридек ёпирилиб келаётган одамлар оқимидан кўп ўтмай, ҳамма ёқ ёпилиб қолди. Олдимизда одам белидан баландроқ темир панжарадан қилинган тўсиқ бор эди. Панжаранинг нари томонида сон-саноқсиз миршаблар тизилган эдилар. Мен ҳам панжарага тиқилиб, сиқилиб қолмаслигим учун уни икки қўлим билан итариб турардим. Орқага чекинишга умумман йўл қолмаган эди.

Миршабларга қўлларимни чўзсам, уларга бармоқларим учи бемалол тегар эди. Мен ҳеч қачон ичим тўла исён билан миршабларга бунчалик яқиндан рўпара бўлмаган эдим.

Биз, “Бирлик” фаолларининг кўпчилиги, мана шу ерда панжарага тиркалиб туриб қолдик.

Орқадан одамлар ёпирилиб, денгиз тўлқинидек суриб келаётган бўлса ҳам, ҳеч кимнинг панжарадан сакраб ўтиб, бориб Ленин майдонидаги намойишчилар билан қўшилишга юраги бетламасди. Аммо, миршабларнинг хайрихоҳлиги уларнинг юзларидан балқ уриб тутрар, Урайим Абдиғаниевдан бошқа бирор бир миршаб, беҳудага бақир-чақир қилмасди. Урайим Абдиғаниев куйиккан маст туюдек, тажанглик қилиб ўзини ҳар ёнга уриб, йиғилганларни нари томонга ўтказмаслик учун қўл остидагиларга йўл-йўриқлар берарди.

Бир пайт, мен ўзим ҳам билмаган ҳолда, “Қани, кетдик!” дея ҳайқирдим-да, панжарадан сакраб нари томонга ўтиб кетдим. Йўлнинг нари ёғидаги пажарадан ҳам кечиб ўтиб, орқамга қараганимда, қуюндек орқамдан ёпирилган оқимнинг  ичида миршабларнинг бирпасда кўринмасдан қолганларига кўзим тушди.

Намойишчилар, миршабларнинг биринчи жонли деворини ёриб ўтганларидан, руҳланиб кетган эдилар. Бутун Ленин майдони беш дақиқада халойиққа лиқ тўлди. Майдонга сиғмай кетаётган намойишчилар фаввораларнинг ичларини ҳам кўз очиб-юмгунча тўлдириб юбордилар.

Оқимга аралашиб хас чўпдек ожиз қолган минглаган миршаблар намойиш иштирокчиларини очиқ юзлилик билан табриклай бошлаган эдилар. Кимдир, уларни қўрқди, деб ўйлади. Кимдир, яна уларга аллақанақа куракда турмайдиган айб тўнкаб, тартибсизликлар келтириб чиқармоқчи бўлди…

Аввалдан, тартиб-интизомни сақлашга шай масъулларимиз, ўз вазифаларини қойилмақом қилиб амалга ошираётган эдилар. Шунинг учун ҳам намойиш тинчлик билан бошланди.

Мен ўзим миршаблар масаласида, бошқаларнинг қарашларига умуман қўшилмаганман. Улар, чин юракларидан намойишчиларни қўллаб-қувватлаган эдилар, деб ўйлайман. Чунки, улар ҳам шу миллатнинг бир бўлаги эдилар. Уларнинг ҳам шу миллатдан ҳеч қанақа фарақланадиган жиҳатлари йўқ эди. Халқ ўз кучини кўрсатса, уларнинг халқ тарафига ўйлаб ўтирмасдан ўтиб кетиши табиий эди.

Ҳозир ҳам, шунақа. Халқ кўчага оқиб чиқиб, бир муштга айланса, миршаблар тараддудланиб ўтирмасдан халқ томонига ўтади. Бу иш шак-шубҳасиз содир бўлади.

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон