Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Махсус буюртма: Навоий ва Бобурни реклама қилинг ёки бир тўлқин

Махсус буюртма: Навоий ва Бобурни реклама қилинг ёки бир тўлқин
15 Şubat 2016 - 5:30 'да юкланди ва 640 марта ўқилди.

boburday

Ўзбекистон ҳукумати халқни “байрамлар” билан алдашга уста. Мамлакатда кенг миқёсда нишонланадиган байрамларнинг саноғи йўқ. Чунки исталган бирор санани байрамга айлантириш мумкин. Мустақиллик, наврўз, конституция – алоҳида, жиддий масала.

Ҳукумат бир амаллаб байрамга етволса, бас, Каримов одамларни алдаш учун чиқиб нутқ ирод этади. Одамлар ҳам байрам баҳона “яйраб”, ўзларини яна кейинги “тантана”га қадар алдаб яшаш учун куч топадилар.

Алишер Навоий ва Бобур – турк халқларининг пешонасига битган қуёш, бир бахтдир. Аммо бугун бу “бахт”, бу “қуёш” Каримов ҳукуматининг сиёсати учун хизматкорга айлантирилди. Худди бу сиймоларга совет давридаги муносабат каби.

Бу йил ОАВ, интернет сайтлари ёппасига Навоийни реклама қилишга киришди. Дабдурустдан боққан одам: “Ия, ўзбек халқи, ёшлар Навоийни ўқийдиган бўлиб кетибдими?!” – дея ҳайрон бўлиши мумкин. Аммо бу ўйиндир. Каримов ҳукумати уюштирган уйдирмадир.

Ўзбекистон олий ва ўрта махсус вазирлигидан Ўзбекистон Миллий университетига келган “котта”лар журналистика факультетига йўл олдилар. Улар факультет талабалари билан учрашдилар. Гапни одатга кўра узоқдан бошлашди: истиқлол, уни ҳимоя қилиш, ташқи душманлар, виртуал ҳужум ва ҳоказо. Алал-оқибат, миллий ғурурни уйғотиш учун нима қиляпсанлар? – деган сиёсий савол ташланди:

“Нега фейсбукда ўтирасану, мен Ватанимни севаман деб ёзмайсан?”

“Нега фейсбукда ўтирасану, миллий ғояларимизни тарғиб қилмайсизлар?”

“Нега фейсбук, одноклассникида ўтирасану, у ердаги ғанимларга қарши гап ёзмайсанлар?”

“Нега Навоийнинг туғилган куни келса-да, ҳеч биринг унинг шеърларини “пост” қилмайсанлар? Сенлар журналистсан!”

Хуллас, алал-оқибат журналистика факультети талабалари зиммасига ижтимоий тармоқларда миллий ғуруни ҳимоя қилиш, ғояга қарши ғоя билан курашиш, Ватанга муҳаббат изҳор қилиш ва, албатта, Навоий, Бобур шеърларини мўл-кўл тарқатиш топшириғи берилди.

Бунинг “мева”сини кўриб турибсиз: бугун ЎзМУнинг журналистика факультети талабаларининг фейсбук ёки одноклассники.ру ижтимоий тармоқларига кирсангиз, Навоийдан камида битта шеър ва камида Ватанга қилинган битта изҳорни топасиз. Жуда ҳам ҳаяжонланиб кетган болалар эса байроқни ўпиб суратга тушиб эълон қилишяпти. Бу билан Ватанга муҳаббат изҳор этилган ҳисобланади.

14 февраль куни ўзбек ёшлари ўртасида Валентин куни сифатида кенг нишонланаётган эди. Бу – мустақуллик ўзбек ёшларига берган “фахру ғурур”лардан биридир. Аммо ҳукумат ўзининг миллатпарвар экани исботи учун 14 февраль кунини Бобур куни деб эълон қилди. Артисларнинг барчасига Ўзбекнаво деган ташкилотдан Бобур кунини нишонлаш, унинг ғазалларини куйлаш топшириғи амр этилди. Шунинг учун #Boburday деган ҳаштегни оммалаштиришга зўр берилмоқда. Гўё Навоий ва Бобур ҳаштегларини оммалаштириш билан омма бу икки буюк муаллифнинг асарларини ўқишга киришади! Аслида, бу хомхаёл. Шунчаки одамларни чалғитиши учун тўқиб чиқарилган сафсата. Сохта ва ялтироқ ишларни миллий ғурурни “тиклаш”, миллий ғурурни “ривожлантириш” ишлари уни муҳим деб тасбит этаётган одамларнинг онги қанчалик паст эканига далолатдир.

Навоий ва Бобурни “оммалаштириш” ҳукуматнинг фармонидир.

Мазкур фактлар шуни кўрсатмоқдаки, бугун ўзбек ёшлари характерсиз ва манқурт бўлиб қолган ва бу барчага маълум. Уларда мардлик, шижоат эмас, ўз йўли тўғри эканига улкан шубҳа, бу шубҳани билдиришдан эса катта қўрқув бор.

Аммо шу билан бир қаторда ўтган ҳафтада рўй берган баъзи воқеаларни сизга сўйлаб берай.

Ўзбекистонлик журналист Давронбек Тожиалиев бошқарадиган зиёуз.ком сайтида Франц Кафканинг “Эврилиш” ҳикояси эълон қилинди. Ҳикоянинг моҳияти ва ғояси – ўз йўлига, буни китобхон ва адабиётшунослар баҳолашади. Аммо асосий гап – ҳикояни ўзбек тилига ўгирган таржимондадир. Бугун Ўзбекистонда ижоди у ёқда турсин, исми-да тилга олиниши тақиқланган Муҳаммад Солиҳнинг таржимаси ҳисобланган ҳикоянинг Ўзбекистондаги ўзбек сайтида чоп қилиш жасорат намунасидир.

Буни сайт муаллифи китобхонларни яхши ҳикоя билан таништириш ва адабиётга дахлдор бир иш деб баҳолайди, биз буни рад этмаймиз, биз ўз гапимиз билан мазкур ҳодисани сиёсийлаштирмаймиз, биз ўз гапимиз билан Давронбек Тожиалиевни мухолифат тарафдори ҳам демаймиз, биз бу ерда унинг ЖАСОРАТини шарафлаймиз.

Ўзбекистонда Каримов сиёсатининг бузуқ ва эскирган машиналаридан бири ҳисобланган ёзувчилар уюшмасидаги воқеликни таъкидлаш лозим. Мустақуллик йилларида ўзбек ёзувчиси ва шоири, журналистлари ўз қиёфасини тамоман бой берди. Миллат фахри деб улуғланган, ўзини собиқ шўро даврида жабрланган деб эълон қилган жамики адиблар – ўзлари шўронинг лаганбардори бўлганларини “унутганлари” ҳолда (аслида ўз одатларига садоқат сақлаб) – Каримов тузумининг бичилган қулларига, хизматкорларига айландилар.

Уларнинг аввалида Абдулла Орипов исмли шахс туради. Бу шоир Каримовнинг ялтоқланувчи ялоқхўри эди. Каримов уни қаҳрамон деди, сенатор қилди, жуда катта имкониятларни берди, уюшмага раис қилди. Орипов ўз мавқеидан фойдаланиб бутун ўзбек адабиётини, шоир ва ёзувчиларни хорлади. Ҳамиша ўзининг номи биринчи бўлиб тилга олинишини истади. Пул топиш, бойлик орттириш истаги билан катта-катта жиноятларни, коррупцион ишларни амалга оширди.

Хусусан, Орипов ўз обрўсидан фойдаланиб чегарадан турли гиёҳванд моддаларни Ўзбекистонга олиб кириб, олиб чиқиб кетилишини таъминлагани ҳақида фактлар мавжуд. Кўплаб адибларни уюшмадан ҳайдаб, руҳан босим ўтказиб, уларни касал бўлиб ўлиб кетишларига сабаб бўлгани ҳам айни ҳақиқат.

Бугун у гўё ўз ишларига афсус чекиб ҳар куни шеърлар битмоқда, ўз рақибларига ўткир сўзлари билан жавоб бермоқда. Аммо ақли бутун одам бу шеърлар унинг номаи аъмолидаги қора ёзувларни ўчира олмаслигини (Валлоҳу аълам!) бир қадар тушунади, зотан, амали ва сўз ўта фарқли бўлган бу иккиюзламачи лаганбардор шоир бугун Каримовнинг эътиборидан қолгани учунгина ўзини мухолиф деб кўрсатмоқда, холос.

Бугун уюшмада ўтириб кўплаб жиноятларни амалга ошираётган фитначилардан бири – Ўзбекистон “Халқ” шоири Сирожиддин Саййиддир. Унинг уюшмага келиши Ориповга қилган “меҳнат”лари орқали бўлди. Бугун у “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бош муҳаррир ва кўп жойларга тили етиб борадиган илон, қўли узун маймундир. У сурхонлик адиблар – Эркин Аъзам, Усмон Азим кабиларни саҳнадан олиб ташлади, Эшқобил Шукур каби шоирларни тепиб юборди. Ўзига рақиб бўладиган одамни қолдирмади. Ҳамтовоғи, қўрқоқ Иқбол Мирзо иккови Каримов ва унинг сиёсатини мақташ билан шуғулланмоқда.

Уларнинг бошида эса Муҳаммад Али исм “аждаҳо” ҳоким. У Каримов ва МХХга дум ликиллатиш учун тайинланган кучукдир. Думини яхши ликиллатса ва тилини қанча осилтирса, унинг мавқеи шунча дахлсиз бўлиб қолмоқда. Шу кунларда у Германияда ЎзМУ ректори Шуҳрат Сирожиддинов, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов билан биргаликда Навоий таваллудига бағишланган конференцияда. Навоийнинг куни Навоийнинг “нун”нига ақли етмайдиган учта бенамоз ва бетаҳоратга қолди.

“Сиёсий вазият” тақозо қилди – уюшмадан 27 нафар адиб “ўчирилди”. Уларга қўйилган айблов маълум – истиқлолни куйламадилар улар. Рўйхатдаги номлар ичида Муҳаммад Солиҳ, Эврил Турон кабиларни борлиги у қадар янгилик эмас, гап ўтган ўн беш йиллар давомида истиқлол, наврўз тантаналари учун сценарийлар ёзиб Каримов мафкурасига хизмат қилган Ўзбекистон Халқ шоири Хуршид Даврондадир. Зотан, унинг бугунги сиёсатга қилган хизматлари унутилмасдир. У “Ёшлар” телеканалини бошқарди. Бироқ уни ҳам “жазоладилар”.

Хуршид Даврон яқин йилларда ўзининг мухолиф фикрларини у қадар яширмаётган шоирдир. Бугун кўплаб ёшлар унинг атрофига бирикмоқдалар. Чунки фақат унинг атрофида эркин фикрлаш имкони бор бўлса, иккинчидан, у ўзининг асл илдизига қайтаётгандек: у ўзида жасорат топиб, ёшларга асл ҳақиқатларни минг бир услубда бўлса ҳам англатишга киришди. Унинг сайти бугун энг оммавий ўзбек адабиёти сайтидир.

Хуршид Даврон ҳолатни маълум қилди, бу фейсбук фойдаланувчиларидан бири таъкидлаганидек, биринчи тўлқин бўлди. Иккинчи тўлқин кутилмоқда.

Уюшмада 1000 га яқин аъзо бор. Уларнинг бирортаси узоқ йиллик қадрдонлари ҳайдалганлари учун уюшмага бойкот эълон қилишлари ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Агар улар, ҳеч бўлмаганда эллик киши уюшмадан ўз ихтиёри билан воз кечса, ёшлар ҳам уюшмага нисбатан ўз эътирозларини ошкора билдиришдан чўчимасалар, бу иккинчи улкан тўлқин бўлар эди. Зотан, Каримовнинг қатағон машинаси – қатағон майдалагичи шунча одамнинг қонини сўра оладими? Агар шунча одамни ҳам аямаса бу зулм, нега орқага тисланиш керак? Зулм қаршисида ортга қараб қадам босиш – ғирт хоинликдир. Зулмга тик бориш билан жавоб берилади. Зулмга уни янчиб ташлаш билан жавоб берилади.

Қўрқмаслик керак – агар ёзувчи ва шоирлар жим ўтирмасдан бирваракайига ўринларидан қўзғалсалар, бу эрк байрами бўлар эди. Агар бу қўзғалиш ёшлар кучи билан бойиса, икки карра байрам бўлар эди. Аммо бу жасорат кимда бор экан? Ёки ўзбек адиблари фалажликда бичилиш доираси ичра қолаверадиларми?

Бугун ўзбек адабиётида ўз овозини топган ва топиб бораётган, ёшлар ҳурмат билан тан оладиган адиблар ушбулардир:

1. Жамол Камол.
2. Эркин Аъзам.
3. Назар Эшонқул.
4. Улуғбек Ҳамдам.
5. Исажон Султон.
6. Луқмон Бўрихон.
7. Алишер Назар.
8. Фахриёр.
9. Абдували Қутбиддин.
10. Хуршид Дўстмуҳаммад.
11. Тоҳир Малик.
12. Қозоқбой Йўлдошев.
13. Эшқобил Шукур.

Бу адибларнинг ёшлари турлича, биз рўйхатни бирор қонуният билан бермадик. Шунчаки, санадик, холос. Бу адиблар ўз ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ Каримов қатағонини чуқур англайдилар. Улар ҳамма ҳақиқатларни кўриб, билиб, қалблари ёниб, аммо қўрқув юзасидан нафас чиқаришга-да журъат этмаётган адиблардир.

Агар бу адиблар бирлашсалар, ўзларининг атрофидаги ёшларни ҳам бирлаштирсалар, мавжуд диктатурага ўз қаршиликларини изҳор этсалар, бу чинакам жасорат бўлар эди. Улар бу жасоратлари билан 25 йил давомидаги соқовликларини – жиноятларини оқлаган бўлар эдилар.

Улар ўз қарашларини мақолаларда акс эттириб ёритишлари керак, ёш қаламкашлар ҳам қўрқиб, ҳадиксирамасдан ҳаракатга тушмоқлари лозим. Зотан, бутун мамлакат оёққа турса, зулм синади. Агар ҳар бир вилоятдаги ёшлар бир ерга йиғилсалар ва намойишга чиқсалар, уларнинг олдиларида номлари саналган адиблар пешқадам бўлсалар, бу мисли кўрилмаган жасорат ва мардлик бўлар эди. Зотан, бу – катта куч. Бу куч қаршисида золимлар тиз чўкадилар.

Вақт етилиб келмоқда. Тонг ҳам отиши керак. Қачон ўзбек халқи кучга келади? Қачон уйғонади? Қачон оёққа қалқади? Қачон зулмга, бир шахснинг чексиз ҳукмронлигига, ҳаромхўрларнинг ситамларига қарши бош кўтаради?

Бугун ана шуни содир бўлишини орзу қиламиз. Агар кимки бунга қарши бўлса, шу йўлга чиққанларга ўқ отса, тиғ ўқталса, у – хоиндир.

Чунки агар адиб ва шоирлар халқ ҳимоясига отлансалар, улар ҳақ бўладилар. Улар каби дунёни теран англайдиган бошқа одамларни топиш қийин. Зотан, жасорат, мардлик бахти ҳаммага ҳам насиб этмайди. Шу бахтни бугун ўзбек зиёлиларида кўришни чин дилдан хоҳламоқдамиз.

Агар бу ишларни қилмасак, ўзбек халқи фарзандлари яна узоқ йиллар Навоий ва Бобурни реклама қилиш билан банд бўлишади… Кейин эса бу зулм ва манқуртлик оқибатида Ер юзидан ўзбек деган миллат қирилиб йўқ бўлиб кетади. Бу – сохта дағдаға эмас. Кўзи равшан, қалби сергак ҳар бир инсон кўриб турган ҳақиқат шудир.

Абдуллоҳ Нусрат

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар