Битта мустабидни йўқ қилган билан ҳеч нима ўзгармайди…

Битта мустабидни йўқ қилган билан ҳеч нима ўзгармайди…
9 views
23 February 2016 - 5:00

axb_30_07_2015Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

(2)

Бир буюк мусулмон мутафаккири бизни қийнаётган муаммоларга ечим топганига эллик йилдан кўп бўлди. Бизлар ҳалигача у олимнинг номини ҳам, китобини ҳам билмаймиз.

Абул Ҳасан Али Надавий! Китоб “Дунё нима йўқотди – мусулмонлар ортга чекиниб…” деб номланади.

…Инсоният ҳаёти турли жиҳатларга эга: жисмоний, ҳиссий, ижтимоий, ахлоқий, ақлий ва маънавий. Улардан бирини остин, бирини устун қўёлмаймиз, дея ёзади у киши. Токи ҳар бир инсоний инстинкт чинакам  ҳаракатга келтирилмас экан, инсоният юксак тараққиётга эриша олмайди. Токи Илоҳий яратилишига мувофиқ инсоннинг яширин имкониятларини очиб, ривожлантирувчи ақлий, моддий, ахлоқий ва маънавий муҳит яратилмас экан, соғлом инсоний жамият қуришга умид боғлаш беҳуда. Тажрибадан биламизки, то тамаддун жилови ҳам моддий, ҳам маънавий эҳтиёжларни диққат марказида тутувчи, юксак ахлоқий ва маънавий фазилатларга эга бўлган ва шу билан баробар, инсон табиати талабларию шахс ва жамият муносабатларини доимо инобатга олувчи инсонлар қўлида бўлмагунча, бу мақсад фақат орзу бўлиб қолаверади.

 Инсон ички табиатидаги моддий ва маънавий унсурларнинг бир-бирига номутаносиблиги бутун жамият қиёфаси ва қурилишида акс этади. Буни Ўзбекистон президенти, Ислом Каримов тимсолида бутун дунё кўриб турибди. Масалан, жамият киши ҳаётининг ёлғиз бир жиҳати – моддий прогресга зўр берса-ю, унинг маънавий жиҳати, чунончи, ўлгандан кейин тирилиш, абадий тириклик каби тушунчаларни унутса, у дунёни забт этади ва унинг тамаддуни ғишт, тош, қоғоз, мато, пўлат ва қўрғошин каби моддий ашёларда намоён бўлади. У кемалар, жанг майдонлари, заводлар, рақс заллари, меҳмонхоналар, клублар ва театрлар атрофида айланишиб, ўша ерларда яшаб бойийди. Аммо оилавий муносабатларда кишилик ҳаётининг ахлоқий ва шунга яқин соҳаларида инсон билан ҳайвон ўртасидаги фарқ йўқолади. Бошқача айтганда, бундай тамаддун бир қарашда бақувват, гуллаб яшнаётган бир вужудга ўхшаса ҳам, аслида беҳисоб иллатлар, хасталиклар уясига айланиб қолади.

Худди шунингдек, ҳокимият тепасига келган жамоа фақат маънавий жиҳатларга зўр бериб, шахс ва унинг дунёвий эҳтиёжларини рад этса, инсоннинг табиий имкониятлари ривожланмайди, тамаддун ўлади. Бунинг натижасида кишилар дунёдан воз кечиб, дарвеш, қаландарларга айланишади. Улар оилавий ҳаётдан яккаликни, қишлоқ ва шаҳарларда яшашдан ўрмон ва ғорларда умргузаронлик қилишни афзал билишади. Ўз-ўзларини қийнаб, таннинг жон устидан ҳукмронлигини камайтириб, шу йўсинда гўёки “покланиш”га интилишади. Шундай қилиб, ўлим ҳаётдан устун келади. Зеро, унинг воситасида инсоният моддий дунё васвасасидан қутулиб, маънавий дунё фароғатига етишади ва ўз маънавий ривожини тугатади.

Бундай фалсафа инсоний табиатга зид бўлгани туфайли, ҳар сафар шундай жамият пайдо бўларкан, инсон руҳи унга қарши исён қилиб, оёққа туради ва гўёки ўч-интиқом олмоқчидай, ўзини иккинчи ёққа – бетайин моддий эрмаклар ва бузуқчиликка уради.

Тамаддун машъалини турли тарихий даврларда кўтарган жамоалар камдан-кам ҳолларда моддийлик ва маънавийлик, тан ва руҳ, ақлу идрок ва ҳис туйғу ўртасида уйғунлик, мувозанат ўрнатишга муваффақ бўлишди.

Улар кўпинча ақлий ва маънавий жиҳатдан ё қўпол моддиётчилар ёки тарки дунё этувчилар бўлиб майдонга чиқишди. Натижада инсоният деярли ҳамиша бир-бирига зид бўлган материализм билан аскетизм (зоҳидлик) ўртасида тебраниб турди.

Битта мустабидни йўқ қилган билан ҳеч нима ўзгармайди. Бошқаси келади. Айтмоқчи, тўрт асрдан буён жаҳолат ботқоғига ботган халқни уйғотиш мингта мустабидни йўқ қилишдан минг карра қийин. Маърифатга эврилмаган ҳар қандай қадам, Ленин инқилобига ўхшаган қароқчилик амалиёти бўлиб қолади. Халқ навбатдаги муттаҳамнинг малайига айланади. Миллат руҳига илғор ғояларни сингдириб, қалбига эзгу ҳислар билан ишлов бериш зарур. Шунда, уларнинг ўзлари зўравонларнинг додини беради. Буни Оврупо ва Амриқо, Русия ва Туркия фуқаролари тимсолида эътироф этса бўлади. Уларнинг одоб-ахлоқлари, баъзи бир нотўғри кўз қарашларини ҳисобга олмасак, амалга ошираётган ишлари биз орзулаган тизимга мос келади.

Айтилганлардан “мустабидларни тек қўйиш керак” деган маъно чиқмаслиги жоиз. Яхши томонга ўзгариш учун ният яхши бўлмоғи керак. Ҳукумат бошига келганларнинг онгида давлатчилик пойдевори шаклланган бўлиши зарур.

Мустақиллик давлатчилик унсурларидан бехабар кимсаларни миллат бошига олиб келди. Бу халқимизнинг оламонлашишига, маданиятимизнинг инқирозига сабаб бўлди. Халқ аҳволи баттарлашди. Сиёсий-ижтимоий муносабатлар таранглашди. Навбатдаги хато Туркистон орзусини абадул-абад йўққа чиқариши мумкин.

 Азалдан дунёни чаламуллалар бузади, деган нақл бор…

Мусулмонлар қўлида нодир бир устунлик – Илоҳий китоб (Қуръони карим) ва Ҳадиси шариф (шариат) бор. Улар ҳаётнинг туб, мураккаб масалаларида шахсий кўз қарашларга суянмайди. Бинобарин, шу билан боғлиқ бўлган турли қийинчиликлар ва хавфу хатарлардан жуда ҳам йироқ. Илоҳий сўз инсонларнинг бутун ҳаёт йўлларини ёритади, ўзлари аниқ тасаввур этган мақсад сари дадил қадам босишларига имкон беради. Уларда синаш ва адашишлар усулига ҳожат йўқ.

Қуръони каримда дейилади:

“Ўлик (кофир) бўлган одамни (ҳидоят билан) тирилтириб, унга одамлар ичида ўзи билан олиб юрадиган нур (имон) берганимиздан кейин у зулматлар ичида қолиб, ундан чиқмайдиган кимсага ўхшамайдими?” (6:122).

Бу китобларни тубдан ўрганган одамлар Илоҳий сўзга суяниб ҳукм юритишлари жоиз бўлади. Улар адолат ва тенглик талабларини четлаб ўтолмайдилар. Уларнинг фикрига адоват ва нафрат, ўч-интиқом истаги таъсир этмаслиги лозим. Шу китобларни билмаганлари учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати бошида ўтирганлар адолат ва тенглик қудратини ҳис қилолмайдилар, адоват ва нафратга, ўч олишга, босиб-янчишга зўр берадилар.

“Эй имон келтирганлар! Тангри учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бир қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Тангридан қўрқингиз! Албатта, Тангри ишларингиздан хабардордир” (5:8).

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон