Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ўзбек журналистикаси” мурдаси устидан айбнома

“Ўзбек журналистикаси” мурдаси устидан айбнома
25 Şubat 2016 - 17:53 'да юкланди ва 687 марта ўқилди.

212Ўзбек журналистикаси ҳақида бир мақола ёзган эдик. Мазкур мақолада Ўзбекистонда журналист бўлишдан ор қилган маъқул деган фикрни илгари сурганмиз. Зотан, адолат ўрнатувчи даъвосида бўлган касб эгалари зулм тегирмонига сув қуядиган қул бўлгач, бу касбни тутиш ва шу тариқа ундан нон топиш инсоф эгаси учун шармандаликдир десак, бу хулоса кескин ва эмоционал кўринишда бўлса ҳам, ҳақиқатдир. Минг афсуски, ҳақиқатдир.

Ўзбек журналистликаси ботқоқликка ўтириб қолган. На-да ўтириб қолган, ботқоқликка ботмоқда, чўкмоқда. Аслида, у ҳалок бўлган, ўзбек журналистикасининг ўлик жасади ҳам йўқ бўлиб бормоқда.

Бугун Ўзбекистонда Жаҳон тиллари университетида Халқаро журналистка факультети мавжуд. Буни Каримов очган. Аммо кўзбўямачиликка. Бизда халқаро журналистика бор деб одамларнинг кўзларини бўяш учун қилинган масхарабозлик бу.

Иккинчиси собиқ совет замонидан буён мавжуд бўлган журналистика факультети – бу Ўзбекистон Миллий университети таркибидадир.

Иккала факультетда ҳам Каримов диктатурасининг манқурт аскарлари ишлаб чиқарилади. Бу факультет битирувчилари Каримов режимининг маддоҳи бўлиши шарт, албатта.

Раҳбарият танқид қилишни талаб қилса, танқид қилади, мақташни амр қилса, табиий, мақтайди. Яъни бугун ўзбек журналистлари мия ишлатишлари шарт эмас, таҳлил қилишнинг ҳам лузуми йўқ – тайёр қолипга тушиб берилса, кифоя. Ҳатто, улар мухолифат сайтларидаги мақолаларга эплаб жавоб ҳам бера олишмайди. Ўзбекистон Халқ ҳаракати мисолида олсак, мазкур ташкилот сайти мақолаларига асосли жавоблар бериш уларнинг қўлидан келмайди. Сайт эълон қилаётган материалларнинг қайси нуқталари асоссиз ёки асосли эканини тадқиқ қила олмайдилар. Чунки мавжуд тузум бунга йўл бермайди. Агар бирор журналист бу ишга берухсат бел боғласа, боши кесилади. Албатта, бундай “масъулиятли” иш учун Президентдан амр келиши керак: “ЎХҲнинг сайтида чиққан мақолага раддия ёзларинг!”

Бу амрнинг берилиши даргумон. Чунки сал эс-ҳуши жойида бўлган журналист сайт мақолалари билан дабдурустдан танишиб, улардаги таҳлил ва танқид қаршисида эсанкираб қолиши, жавоб излаб довдираши табиий. Чунки сайт материалларида Каримов режими ўрнатган цензура ва зулм йўқ, эрк ва ҳуррият мавжуд, самимийлик бор. Раддия ёзсалар ҳам, берилган қолипга қамалиб олиш шарт. Рақибларнинг афзал жиҳатларини тан олиш учун эса Ўзбекистон журналистларида мардлик йўқ. Мардлик қаердан ҳам бўлсин! – биринчи раҳбарнинг ўзи пасткаш ва номард-ку! Қози бузуқ бўлса, додингни кимга айтасан!

Каримов қўл остидагиларнинг мияси бўш, фикрдан йироқ тўтиқушлигини билади. Шунинг учун ўз мухолифларига раддия ёзишни улардан талаб қилмайди.

Масалани бироз конкретлаштирсак.

Ўзбекистонда мустақил журналист деган тушунча ғалати ва бегона – журналист ҳам мустақил бўладими???

Ўзбекистон журналистлари “маънавият” тадбирлари, турли “партия”ларнинг зерикарли йиғилишлари, “Олий Мажлис”нинг сессиялари, фермерларнинг “бойиб кетаётгани”, пахта ва ғалла планлари “бажарилгани” ҳақида ёза олишади. Шунингдек, “бахтиёр” оилалар, “иқтидорли” ёшлар мавзуси ҳам долзарб. Газеталарда аввалги мақола билан кейингилари фарқсиз – фамилияларни ўзгартириш кифоя.

Халқаро журналист деган ном-ку, бекор ном. Ўзбекистонда бирор журналист халқаро мақомда ишлай олмайди. Каримов чет элга сафар қилса, қандайдир спорт мусобақалари уюштирилса, ўшанда МТРК журналистлари боришади ва Ўзбекистонни “дунё тан олгани” ҳақида ёзишади ва гапиришади. Ҳеч бир журналист мустақил тарзда хорижий давлатлар у ёқда турсин, ўз қишлоғидаги ҳақиқатни тиклашга қодир эмас.

Агар ўзбек журналисти ИШИД ҳукмронлик қилаётган ҳудудга – майли, у ерга эмас (мен ҳам топдим-ку а!) – Сурия ва Ироқнинг ИШИД қўл остига ўтмаган ҳудудларига бориб, тадқиқот ўтказибди; қочоқлар билан суҳбатлашибди; қочоқ оилаларнинг тақдирини ҳикоя қиладиган мақола ёзибди; экологик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий муаммолар қайнаб ётган нуқталарга бориб, ўрганибди, шарҳлар ёзибди, бу шарҳлар ўзбек матбуотида эълон қилинибди, унинг сафарга оид барча харажатлари расмий ташкилот томонидан қопланибди деган гап айтилса, ғирт эртак деб қабул қилинади.

Ўзбек журналистлари дунёда кечаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маданий муаммоларни аниқ нуқталардан туриб таҳлил қиляпти; ўзбекона хулосаларни тақдим этяпти; бошқа манбалардан кўчираётгани йўқ; керак бўлса, халқаро оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларни текширяпти десак, бу гапларимизга афсона эмас, афсоналарнинг афсонаси деб муносабат билдирилади.

Тасаввур қилинг-а:

Ўзбек журналистлари ўзбек ҳукумати таркибини тафтиш қилмоқда.

Ўзбек журналистлари президентнинг оиласи ва шахсий харажатлари учун кетадиган пулни тафтиш қилмоқда.

Ўзбек журналистлари ҳокимларнинг фаолиятини текширмоқда.

Ўзбек журналистлари депутатларнинг ишларини тафтиш этмоқда.

Ўзбек журналистлари мухолифатга ҳам, ҳукмрон тузумга ҳам бўйсунмасдан мустақил таҳлил олиб бормоқда, бу икки томоннинг фаолиятини адолатли баҳолаб бермоқда.

Ўзбек журналистлари мактаб, коллеж, лицей, университет дарслари сифатини текширмоқда.

Ўзбек журналистлари Республикадаги ишсизларнинг ҳолатини ўрганмоқда.

Ўзбек журналистлари Ўзбекистон диний муҳитини тадқиқ қилмоқда. Диндорликка бўлган муносабатни ўрганмоқда – деган қатор гапларга ақли бутун одам ишона олмаслигини биласиз, тўғрими? Чунки бу ишларнинг ҳеч бири – юздан, мингдан бири Ўзбекистондаги ўзбек журналистлари томонидан амалга оширилаётгани йўқ.

Бу ҳол эса ўзбек журналистикаси деган атаманинг таги йўқлигини кўрсатади.

Ўзбек журналистикаси хўжакўрсинга қўйиладиган спекталь, қўғирчоқлар театри эканига исботдир бу.

Ўзбекистонда ўзини: “Журналистларнинг журналистиман!” – деб юрганлар кам эмас. Ўзларини доҳий журналист деб фаҳм этадиганларнинг саноғи йўқ. Аммо уларнинг аксари хаёлига биз қўйган муаммоларни ҳал қилиш нияти келмаган ҳам.

Ўзбек журналистлари учун “Олтин қалам” деб номланган Каримов асос солган мукофот юксалиш чегарасидир. Зотан, улар, айтганимиздек, золим режимнинг орсиз қулларидир.

Ўзбекистонда журналистлар уюшмаси деган ташкилот борлигини эшитиб кулгингиз келади. “Журналистлар уюшмаси” эмиш! Шундай ном бор ва бир қанча мажлис протоколлари бор. Аслида, ташкилот йўқ, фаолият йўқ. Дарвоқе, ўзини журналист деб атайдиган тоифа ҳам бор.

Бу ҳолатни биздан кўра яхши билишади Ўзбекистонда.

Ўзбек зиёлилари борки, жуда ҳам оқил! Уларга мардлик, ҳақгўйлик ҳақида гап очсангиз, “Тирик қолишинг жиҳоддир!” – дея таълим берадилар. Шунда беихтиёр агар жиҳод деб номланган тушунча тириклик ила ўлчанса, ҳайвонлар ҳам жиҳод қилар экан деб ўйлай бошлайсиз.

Ўзбек зиёлилари, ўзбек олимлари, ўзбек журналистлари мавжуд ҳолга кўникиб бўлишди. Улар қимирлагилари келмайди. Улар ҳаракатни хушламайдилар. Умрни ўтказиш, вақтни беҳуда нарсаларга сарфлаш билан яшайдилар.

Ўзбек зиёлилари Каримовнинг ўзи кучдан кетишини кутадилар, агар ҳақиқатан шундай бўлса! Улар Каримов ва унинг режими кучдан кетгач, жасоратга тутинадилар. Аммо золимни кучдан кетказадиган ҳаракат қилмайдилар. Золимга қарши курашмайдилар. Золимга бош эгадилар. Бу ишларини эса минг хил важ билан оқлайдилар. Ёшлардан кимдир жасорат ва мардлик ҳавосидан нафас олса, зудлик билан уни бўғишга интилишади:

“Агар узоққа боргинг келса, узоқ яшагинг келса, қисиб юр! Сиёсатга аралашма! Умринг қамоқда ўтиб кетади! Турмага олиб бориб икки марта биқинингдан мушт есанг, жағингга тепки тушса, кейин кўрасан! Танимаган одамларингни айблаб ҳам ёзиб берасан. Хаёлингга келмаган жиноятларни тан оласан. Биласанми, бугун тоштурмалардаги ўнта маҳбуснинг тўққизтаси кимлар? Сенга ўхшаганлар – ҳаммаси мустақилликдан кейин туғилган йигитлар! Маҳбуслар ичида қотил, ўғрилардан кўра сиёсатга қарши бўлган, диний экстремист, террорист деб қамалганлари кўп! Уларнинг ҳаммаси йигирма ва ўттиз ёш оралиғида! Биласанми, бу нимани билдиради? Бу агар ўзбек ҳукумати, МХХ сенинг изингга тушса, шафқат қилмаслигини билдиради! МХХ ўзингни жувонмарг қилса ҳам майли, уруғингни ҳам қуритади! Ҳамма жиноятларни бўйнингга олганингдан сўнг эса ё касалван қилиб чиқаради ё ўлигингни чиқаради! Биласанми анави Фалончини? Ўша Фалончи Покистонда ўқиган. Умрида бир марта Тоҳир Йўлдош билан бир дастурхонда ўтириб қолган экан. Тошкентга келди, ўн йил яшади, кейин уни тутиб қамадилар? Биласанми, нега? Чунки уни Тоҳир Йўлдош командасига бу ердан туриб маълумот етказиб берган деб айб қўйилди. Аслида, у ўз эҳтиётини қилиб қишлоқдан чиқмаган. Уйланган, тўртта фарзанд кўрган. Қамалди. Беш йилга. Муддати тугаган эди – яна беш йил қўшиб беришди. Бу беш йил ҳам тугаётиб яна беш йил қўшиб беришибди! Ҳей бола! Бу Фалончининг катта ўғли йигирмани қоралаб қолди, уйланадиган бўляпти, қизлари эрга тегадиган! Лекин ота қамоқда! Ота – тирик, аммо қамоқда! Буларни ким уйли-жойли қилади? Қайси ота-она маҳбуснинг болаларини келин ё куёв қилади? Бу замонда ким буни истайди? Ҳеч ким! Бу оиладан йироқ юрайин дейди! Шуларни кўра туриб, била туриб бўқ борми исён қилиб? Бало борми сиёсатимизга қарши китобларни ўқиб? Жим юр! Қисиб юр! Фалончи қори болаларни ўқитар эди, Қуръонни ёдлатар эди. Ҳовлисида ҳар куни йигирма-ўттиз шогирди бўларди. Ўзи деҳқончилик қилади. Ҳам болаларга араб тили ва Қуръон ўргатади. МХХ ҳамма қориларга тўхтатинглар ўқитишни деди. Ҳамма тўхтатди. У тўхтатмади. Охири обориб қамаб қўйишди. Ўн беш кун панельнийда ўтириб чиқди. Нима деди шу қори, биласанми? “Турмада ўтирган ўн беш куни озодликда юрган вақтда ўқиган бир вақт намозимга арзимайди! Турмада ўтириб қазо қилган бир вақт намозимни ўн беш кунлик ҳибс оқлаб беролмайди!”

“Жим юр! Қисиб юр!”

Мана бу ўзини, эркини салгина англаб қолган йигитларга бериладиган танбеҳнинг “классик” намунаси. Бу гапларни фақат биз биламизу, Ўзбекистонда ҳеч ким билмайдими? Масалан, журналистлар билмайдими? Билади! Журналистлар ҳаммадан яхшироқ, тиниқроқ билишади! Аммо улар ҳам “қисиб” юришни маъқул топишади. Ахир, уйланган, оиласи бор, ота-онаси бор…

Биз мақоламизни “Ўзбек журналистикаси” мурдаси устидан айбнома” деб номладик. Сарлавҳада ўзбек журналистикаси бирикмасини қўштирноққа олдик. Зотан, бу мурда аслида мавжуд бўлмаган, мавжуд бўлишга озгина уриниб чала туғилган бир вужуд эди. Бугун у мурда ҳолига келди. Айбномамиз шу мурдани яхшироқ таниш ва бошқаларни тирилишга ундаш учун ёзилди.

Абдуллоҳ Нусрат

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар