Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўғирлик, одоб ахлоқсизлик, бир бирига ҳурматсизлик, виждонсизлик кўпайди

Ўғирлик, одоб ахлоқсизлик, бир бирига ҳурматсизлик, виждонсизлик кўпайди
07 Mart 2016 - 13:06 'да юкланди ва 549 марта ўқилди.

1215578_originalАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 17

(давоми)

Босқинчиларнинг биринчиси чор ҳукумати давридан 50 йил ўтгач, кофирлар акси уриб, баъзи бир ўзгаришлар бошлаган бўлса ҳам, у кунга давр диний-миллий, айниқса тил ўзгаришлари бўлмаган эди. Энди эса, бу динсиз коммунистлар давридан 50 йил унга қўшилиб, босқинчиларнинг келганига 100 йил тўлмишдур. Буларнинг асли мақсадлари бутун дунёга динсизлик тарқатиш, ўзларининг жирканч сассиқ тузумларини ўрнатиш бўлганликдан, буткул ишларини ўзларининг бузуқ сиёсатларига боғлаб, ҳар нарса коммунистлар раҳбарлиги остидагина бўлиши мажбурий равишда шарт қилинмишдур. Шунинг натижасида булар ҳар ишга аралашволиб, ҳушёрларига эсириклар (мастлар, беҳушлар), соғларига телбалар йўлбошчилик қилгандек, бутун мамлакатда бу мажнунларнинг аралашмаган ишлари йўқдир.

Халқда ихтиёрий ҳаёт кечириш йўқолгани учун уларнинг жон ҳаракатлари, ҳалол меҳнатлари билан чиққан ер ҳосилотининг юздан бирига ҳам ўзлари эга бўлолмадилар. Озиқ овқат, емақ ичмақ маҳсулотлари буларнинг ўз омборларида сақланиб, халққа тилаган ўлчамларида бериб туриш коммунистларнинг бузилмас қонунидир. Агар уч кун бермай тўхтатар эканлар, халқ бошига қиёмат қўпиб, шу куниёқ очарчилик бошланиши кўриниб туради.

Мана шундай бўлиб, ҳозирги кунда илгари тарихларда ярқираб кўринган, тилларда достон бўлган Туркистон улуси Турон мусулмонлари ёлғиз диний ҳуқуқларидангина эмас, инсоний ҳуқуқларидан ҳам ажраб, ютилиш олдида турибди. Келажакда биз учун энг қўрқинчлик иш эса, йўқ баҳоналар билан ўн минглаб, юз минглаб селдек келаётган босқинчиларнинг Ватанимизда ўрнаша ётқанларидур ва баъзи бир миллий ҳиси йўқ виждонсизлар кўз олдимизда ютулаётганлиги очиқ кўриниб турибди. Булар авлод олдида энг жиноятчи одамлардир. Тарихларда босқинчилар доим шундай амалпараст сотқинлардан кенг равишда фойдаланган.

Ҳозирги кунларда эса хитой босқинчилари интернационал ниқоби остида Сайпиддин Азизий, Бурҳон Шаҳидий каби виждонсизлардан шу тариқа фойдаланмоқда. Бу балолардан қутулиш чорасини излаш ҳар бир Ватан боласининг муқаддас вазифасидир. Бунинг учун бизлар диний ва миллий ҳиссиётларимизни сақлаш билан бир қаторда, бирлик-иттифоқлигимизни кучайтириб, энг аввал илм қуролини қўлга киритишимиз керакдур. Ҳаводан бошқа, ўт-сувдан бошлаб инсон ҳаётига керакли барча нарсаларни қулф-калит қилиб, ўз омборларига қамаб олдилар. Минг турли қилган ҳунар-тадбирлари, ҳар куйга солиб ўқиган байт-ғазаллари билан, вақти келганда одам боласини бир парча нон олдида бош эгишга мажбур қилдилар. «Ўлдирмай олар жонимни, бўғизламай ичар қонимни, ўлчаб берар нонимни», деб бундан неча юз йиллар илгари айтган қозоқ шоирининг сўзи ҳозир бизнинг устимизга келиб ўрнашди.

Динсизлик туфайли ўғирлик, одоб ахлоқсизлик, бир бирига ҳурматсизлик, виждонсизлик кўпайди. Ҳозирги маданият даврида диёнат билан тараққиёт бирга яшолмайди деган хато фикр оқиллар олдида эмас, жаҳон бўйича жоҳиллар орасида тарқалмишдур. Ҳақиқатда эса, дин покликдур. Покликка қурилган ахлоқдур. Динимизнинг асли ақлдур, қуроли илмдур. Ҳозирги тараққиёт ислом ахлоқи асосида олиб борилса, инсонлар учун энг фойдалик маданият бўлишида шак йўқдир. Умуминсоний ҳақ ҳуқуқлар бутун халқ олдида, айниқса, ҳукумат доираларида қонуний равишда ҳимояланиб сақланар экан, ўшандагина маданияти фозилага эришилади.

Шу кунларда устимизда ҳукмрон бўлган динсизлар маданияти эрса фосиқ маданият дейилади. Бундай маданият инсонларни ҳам ахлоқий, ҳам руҳоний фазилатларидан бутунлай ажратади. Коммунистларнинг мустабид ҳукмронлиги остида яшаётган ҳамма, инсонлик ҳуқуқларидан бутунлай маҳрум бўлиб, ҳайвонлар қаторида эрксиз ишлаётганлигини кўриб турибмиз. Ҳозирги даврда қайси йўл билан бўлса ҳам, кундан кунга илм ўсаётганлиги кўрилади. Бунинг раҳбарлиги орқасида, инсоният олами коммунистлар офатидан қутилар кун бўлар деган хаёлий умидлар ҳам кўнгилга келади. Лекин марказий арбоблардан бошлаб, тубандаги табақага келгунча, ҳамма иш устида ўлтирган ҳукумат хизматчилари шахсиятпараст, виждонсиз одамлардангина иборат бўлса, бу умиднинг вужудга чиқиши мумкин эмасдир. Чунки, илмга агар ақл чироғи раҳбарлик қилмас экан, ҳар ким уни ўз қобилиятига қарата ишлатади. Шунинг учун ёмонлар илмидан ҳозиргидек доимий ёмонликдан бошқа натижа чиқмайди.

Бунинг яна бир сабаби эрса, кўпинча иш бошида ўлтирувчилар икки гуруҳ кишиларидангина иборатдир. Биринчиси кўрларча етакчиси орқасидан кетаётган, қизил белатидан бошқа ишонадигани йўқ, мансабпараст коммунистлардир. Иккинчиси эса ҳозирги маданият соҳасидаги фанлардан етарлик даражада ўзлаштириб, илмий жиҳатдан халқ учун фойда еткузарлик маълумотни эгаллаган бўлса ҳам, ўз нафси учун ҳамма нарсани қурбон қиладиган одамлар, айниқса, иқтисодий ўринларни эгаллаган, кўпроқ шу виждонсиз кишилардир.

Энди иш шундай бўлгач, илм маърифат ривожланган сари фикрлар ўзгариб, ўз ичидан ўнгланиб қолишга кўз тутиш хаёлий умиддан бошқа нарса эмас. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан «Қиёмат қачон бўлади?», деб сўраганда: «Хукумат ишлари ёмон одамлар қўлига ўтганда бўлади. Мен кўрсатган ойдан ёриқ, тўғри йўлдан умматларим четга чиққанларида, халқ бошига шундай фитналар келгусидирким, ўша замоннинг энг доно билгичлари ҳам чора тополмай, ҳайронликда қолади», дедилар. Бундан 1360 йил илгари берган шу хабарларини ҳозирги кунда кўзимиз билан кўриб турибмиз.

Қуръон нима деган бўлса, Расулуллоҳ алайҳи васаллам нима хабар берган бўлсалар, унинг ҳақ ростлигида ҳеч гумонимиз йўқдир. Кўнглига гумон келганлар кўзлари кўрганда, албатта, ишонадилар. Инсон яратилгандан бери ер устига ҳар турлик офат-балолар келганлиги ёлғиз тарихдагина эмас, балки, Тангри томонидан пайғамбарларга тушиб, бизгача етган Таврот, Инжил, Қуръон каби илоҳий китобларда ҳам хабар берилмишдир. Лекин бу дунё аҳли қанчалик кўп бало офатларни кўриб, бошидан кечирган бўлсалар ҳам, шу кунларда бизларнинг бош устимизга келиб ўрнашган динсизлик балосини кўрмаган эдилар. Айниқса, бу балодан бошқаларга қараганда энг қаттиқ зарарланганлар биз Турон-Туркистон мусулмонлари бўлдик. Чунки, чор босқинчиларининг шум қадамлари етган кундан бошлабоқ ўз ҳукуматимиздан ажраган бўлсак ҳам, диний, миллий, ватаний ҳуқуқларимиз ўз қўлимизда эди, қачонки бу маданий йўқсиллар қўлига ҳукумат ўтди эрса, шу кундан бошлаб юқоридаги ҳуқуқларимиздан ҳам ажрадик.

Нега бундай бўлдик? деганимизда, Қуръоннинг айтишича, бандага берилган неъматларнинг заволига ўзи сабабчи бўлур. Ҳеч вақт қайтариб олмагай, берганини қайтариб олишдан Аллоҳ ўз бандаларига наҳий қилиб, уларга бу ишни лойиқ кўрмас экан, ўзига қандай лойиқ кўради? Худо Қуръонда «Сизларга берган неъматларимга қанчалик шукр қилсанглар, мен ҳам шунчалик орттираман. Агар қадрига етмасанглар, у неъматлардан ажрайсизлар, яна қаттиқ азоблик жавобга тортиласизлар», дейди.

Ватанимизни, динимизни душманлардан сақлаш, Куръон ҳукмича, ҳамма мусулмонларга фарздир. Чунки, худо Қуръонда: «Душманингларга қарши имконият борича қурол тайёр қилинглар», дейди. Расулуллоҳ замонларидаги мусулмонларга ўша замон қуролларини тайёрламоқ фарз бўлмиш эди. Бизларга эса, ўз Ватанимизни озод қилиш ва уни сақлаш учун замон қурол жабдуқларини қўлламоқ ва замонавий илмларни ўқимоқ фарздир. Агар буни қилмас эканмиз, Қуръондаги Аллоҳ амрига тушунмаган бўламиз. Ватанимизни озод қилиш, ўз давлатимизни қўлга келтириш ва уни сақлаш учун, ҳар даврнинг ўзига яраша бутун сабабларини қилиш, Куръонда айтилган Аллоҳ амри деб билишимиз керак. Баъзи бир жоҳилларнинг айтганларидек, Куръонда: «Бу дунё кофирларники, охират-сизларники», дейилган эмас, балки «Ислом ҳаммани енгади, ҳеч кимдан енгилмайди, ҳамманинг устида бўлади, остига тушмайди. Ҳар икки дунё яхшилигини Аллоҳдан сўранглар», дейилгандир ва ҳам буларни қўлга келтириш чораларини кўрсатиб, бутун сабабларини тўлиқлаб қилишга буюрмишдир. Энди худо ва пайғамбар сўзларида ҳеч шак йўқдир. Нима бўлғулуқ, кўрғулуклар бошимизга тушди эрса, ундан ибрат олиб, келажагимизни ўнглашимиздан бошқа унинг чораси йўқдир.

Байт:

Борлиғим сақлай десанг илм ҳунардан қил яроқ!
Йўқ эса олғай борингни қилмай ҳеч ким сўроқ.
Ер юзи ўзгарди аммо, ўзгаришдан бизда йўқ,
Синди Туркистон элининг бошида юз минг таёқ.
Оч кўзинг Турон эли, зинғирт бўлурму қўйчибон,
Борму бу ёнглиқ булон, пайқаб қара бошдин оёқ!
Ҳар ўғил ворис бўлур қолган отанинг молига,
Бўлди Туркистон элининг вориси юзсиз қароқ.
Мол эгасидур қароқчилар бу ажойиб ишга боқ!
Бахт очилмас ул кишилар, ким эрурлар илмсиз,
Илмсизлар хор бўлур хоҳи қародур, хоҳи оқ.
Қайсу миллат устидин ҳокимлик этса бошқалар,
Бу каби хорлик ҳаётдин ўлганидир яхшироқ.
Илму иймон иккисидин баҳралик бўл эй ўғил!
Бу икковлон бирла олғайсан қўлингга шамчироқ.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар