Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Йигит ҳолинг қариликка солайин десанг, уйлангин…

Йигит ҳолинг қариликка солайин десанг, уйлангин…
08 Mart 2016 - 5:00 'да юкланди ва 1598 марта ўқилди.

oldkhivaМАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Уйлангин  

Йигит ҳолинг қариликка
Солайин десанг, уйлангин.
Кадхудолик андишасин
Қилайин десанг, уйлангин.

Кадхудолик гўзал йўлдир,
Қайғу қаритар, ғам – гўрдир,
Йигитлик бир қизил гулдир,
Сўлайин десанг, уйлангин.

Кезарсан ўйнаб, талошиб,
Куларсан ғамга булошиб,
Ҳасрату дардга улошиб,
Қолайин десанг, уйлангин.

Билиб, кечарсан ўзингдан,
Айриларсан хуш ёзингдан,
Туганмас дарднинг изиндан,
Елайин десанг, уйлангин.

Ўтар йигитлик замони,
Босар қарилик тумани,
Дунёда яхши-ёмонни,
Билайин десанг, уйлангин.

Йигитлик бир қизил гулшан,
Қариликда ўчар равшан,
Қучоқ-қучоқ қора ёвшан,
Юлайин десанг, уйлангин.

Махдумқули, кезиб ҳар жой,
Этмасдинг жаҳонда парвой,
Пайғамбар суннатин баржой,
Қилайин десанг, уйлангин.

*****

Пора-порадир  

Ёронлар, кажрафтор чархнинг дастидан,
Қон тўла юрагим, пора-порадир.
Сизиллайди таним Аюб танидек,
Киши билмас, бир оғизсиз ярадир.

Кеча-кундуз ишим бўлибдир, “оҳ”, “вой”,
Термулиб йиғларман, қонталаш ҳар жой,
Учрашиб, кўлига ғарқ бўлдим деб, “Ҳой!”
Эрлар-пирлар, сиздан мадад-ҳаройдир.

Ғариб бўлса, ғариб, ерда унажак,
Кўзларидан қонли ёшлар тўкажак,
Ошиқ агар мошиғини кўражак,
Гул-гул очилишар, оҳлар порадир.

Уруғ эк, ўрарсан, келдинг бу жойга,
Умрингни ўтирма беҳуда, зоя(е),
Назар этсангизлар ушбу дунёга,
Келган кечар, турмас, кўҳна саройдир.

Махдумқули қилмиш жигарин бирён,
Кўксига қон тўлмиш, кўзлари гирён,
Бўйла ожиз қолмиш, ёлвориб ҳар ён,
Раҳм этган бўлмади, бахти қорадир.

*****

Вайрона келди  

Байрам келин, Хонмангли қиз, Жонэҳсон,
Бу дардларнинг қайси билан ёнасан,
Чархи-фалак ҳар кун чаппа дўнасан,
Қалбимнинг дунёси вайрона келди.

Учнинг иқболини ботирди лоя,
Умримни ғам билан ўтирдим зоя(е),
Шому саҳар қўлим сардим Худоя,
Осмон оҳим кўриб, гирёна келди.

Махдумқули, алиф қаддим букилди,
Томирим тортилди, қоним қотилди,
Ўлим зарби уч тарафдан урилди,
Ақлу ҳуш депсиниб, ҳайрона келди.

Изоҳ: Халқ орасидаги гап-сўзларга кўра, Махдумқулининг синглиси Хонменгли, иниси Жонэҳсон ва унинг аёли Байрам учаласи бир кунда ўлганда, 21 ёшли шоир бу шеърини битган эмиш. Бу шеърнинг бошқа бандлари йўқолган.

*****

Айладинг мени  

Эй, Худоё, қудратингдан,
Йўқдан бор айладинг мени.
Тенг-тўшлардан айро қилиб,
Ғамғусор айладинг мени.

Толе бахтимни кенгдан солмай,
Тилакларим қабул этмай,
Илму дунё ато қилмай,
Молга зор айладинг мени.

Қардошим, ота-онамдан,
Айро тушиб туққанимдан,
Жудо бўлиб эл-юртимдан,
Мусофир айладинг мени.

Махдумқули фиғон айлар,
Кўзда ёшин равон айлар,
Ҳаққа зору нолон айлар,
Бўйла хор айладинг мени.

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort