Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳайвондек ишлаб, қуллардек қийналиб, кун кечирмоқдамиз…

Ҳайвондек ишлаб, қуллардек қийналиб, кун кечирмоқдамиз…
15 Mart 2016 - 4:00 'да юкланди ва 1817 марта ўқилди.

290591_originalАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 19

(давоми)

Энди шуни билмоқ лозимдирким, бу дунё ишларини Аллоҳ таоло бутунлай сабабга боғламишдир. У дунё ишлари бўлса, Қуръоннинг айтишича, сабабсиз, худо қудрати билангина пайдо бўлур. Ҳаёт оламидаги дунё ишлари заррадан Қуёшгача, барча нарсаларнинг бўлиши ва бўлмаслиги бари сабабга боғлиқир. Таваккал қилиш, яъни, Аллоҳга топширишни эрса, инсон тоқатидан ташқари, қўлидан келмайдиган ишлардагина шариат буюради. Шундоқки, деҳқон ерни танлаб ҳайдайди, бутун шароитларини бажарган сўнггида тупроққа уруғ кўмади. Аммо тупроқ ичидан уни ундириб чиқариш унинг иши эмас. Бу тўғрида таваккал қилиб туришдан бошқа чораси йўқдир. Бизнинг бу сўзимиз ҳаммага тушунарлик бўлганликдан, дунё ишларини мусулмонлар, албатта, шунга таққос қилишлари лозимдир. Пайғамбаримиз айтдилар: «Мусулмонлар дунёда яхшилик кўрсалар Аллоҳга ҳамд айтсин. Агар ёмонлик кўрар эканлар, ўзларидан кўрсин, қилмишлари уларга қайтарилмишдир».

Оят, ҳадис, худо, пайғамбар сўзи мазмунича тўхталган ҳукм шулки, исломият шароитларини 6утун бажариш шарти билан дунё ишларида моддий, маънавий томондан замонавий асбобларини тўлиқлаб қўлга келтириш мусулмонлар учун фарздир. Агар бу ишни юзага чиқариш учун юз шарти бўлар экан, шулардан тўқсон тўққизини бажариб, бирига келганда узрсиз уни қолдирса, шариат олдида хиёнат қилган бўлиб, шу ишда жиноятчи ҳисобланади. Чунки, ҳаёт оламига қурган Аллоҳ қонунини бузиб, яхши сақламаган бўлади. Қайси нарсанинг салбий, ижобий бўлиши бўлмаслиги сабаблари тўлиқланар экан, кимнинг қўлидан бўлса ҳам, у нарсанинг юзага чиқиши аниқланмишдир. Биз мусулмонларга ҳам шундай ишониш лозимдир. Чунки, бир ишнинг пайдо бўлиши учун, унинг сабаблари тўлиқ қўлга келар экан, уни юзага чиқариш Аллоҳнинг ҳаёт оламига қўйган қонунидир. Қуръон тилида буни «одатилло, суннатилло», яъни «Аллоҳ одати, Аллоҳ йўли» деб айтилади. Пайғамбарлардан бошлаб бутун дунёда яшайдирганлар шу қонунга бўйсунишга мажбурдирлар. Бунга мисол Уҳуд урушида шу қонун яхши сақланмаган эди. Бир зумда аҳвол ўзгариб, иш мўминлар зиёнига айланди. Бунга тушунмаган бир неча кишилар: «Муҳаммадни Худо юборган бўлса эди, биз шундай кунга қолармидик, ўзининг тиши синиб, боши ёрилди, йўлдошларидан қанча кишилар душманлари қўлида ўлдирилди», деб хато фикрга кетдилар. Ҳақиқатда эса бу ишга ўзлари сабабчи бўлмиш эдилар.

Худо Қуръонда кўрсатган уруш қонунларини бузиб, Расулуллоҳ буйруқларини бажармагач, зафар булардан юз ўгирмиш эди. Бу қонун дунё борича давом этажакдир.

Энди, биз мусулмонлар, айниқса, икки Туркистон туркий халқлари: барча ўзбек, уйгурлар ҳаёт оламида қурилган Аллоҳ одатига яхши тушуниб, динимиз, Қуръонимиз буйруғини амалга оширолмадик. Шунинг учун ҳозирги ҳаётимизда душманлар қўлида эрк ихтиёримиздан бутунлай ажралиб, бурнимиз ерга ишқаланган ҳолда ҳайвондек ишлаб, қуллардек қийналиб, кун кечирмоқдамиз. Яна шундай бўлса ҳам, келажакда кўзда тутилган умидлар асоси кўриниб, уйғониш туйғуси ўқимишлик ёшларимиз орасида сезила бошланмишдир. Фикр уйғониши ортидан иш ўзгариш натижа бериши бурундан бери сиёсат оламида бўлиб келган ишдир. Тарих саҳифаларида бундай ҳолларни кўп учратамиз.

Кофирлик ёмонми, билмаслик тушунмаслик ёмонми? Бу саволга дунёнинг энг улуғлари пайғамбарлардан бошлаб, барча билимлик донишмандлар: «Билмаслик ва тушунмаслик куфрдан ҳам ёмонроқ», деб жавоб бермишдурлар. Чунки, ўз замонига тушунмаган мусулмонлар шариат олдида ислом асосларини билмаган бўладилар.

Ўз миллий ҳукуматидан ажраган инсонлар, ўз ватанида турган бўлсалар ҳам, биз Туркистон халқи каби бутун ҳуқуқларидан ажраб, хор зорлиққа қолишлари шубҳасиздир. Биз эса ўз меросимиз она ватанимизга эга бўлолмай мол-бошларимиздан, динимиздан борлиқ нарсаларимиздан бутунлай ажрамоқдамиз.

XX аср маданияти орқалик дунё бўйича илм тарқалиб, бунинг натижасида Оврупо аждарҳоларининг мустамлакаларида қулчиликда яшаётган инсонлар озодликка чиқиб, ўз миллий ҳукуматларига эга бўлдилар ва бўлмоқдалар. Шу билан баробар иккинчи томондан ўзларини «меҳнатчилар ғамхўри» деб пардалаган коммунист қизил аждарҳолар тушунилмас, бузуқ тузулмалари остида бутун халқни қутулмас қулчиликка солиб, ҳайвонларча ишлатмоқдадирлар. Айниқса, биз икки Туркистон ўзбек уйғур мусулмонлари икки аждарҳо оғзига тақашиб, ютилиш олдида турибмиз. Энди иш шундайин фожиалик ҳолга етганда бундан қутулиш учун қандайча чоралар кўришимиз мумкин ва қандайча чоралар кўришимиз керак! Чунки, ҳаёт оламидаги бутун ишлар сабабга боғлиқ эканлигини, қачон бир ишнинг сабаби топилар экан, уни юзага чиқариш, Қуръон ҳукмича, Аллоҳнинг бузилмас одати эканлигини аниқ билдик. Бундай бўлгач, бу фурсатни ҳам ғанимат билиб, ютилиб кетмасдан болдирроқ (олдинроқ, илгарироқ), ундан қутулиш чораларига киришимиз лозимдир.

Ер усти инсонлари ер ости маъданлари каби турликча яратилганликдан, ҳар қайсилари ҳар турлик қобилиятга эгадурлар. Булар ичида темир кўмирлари кўп бўлгандек, олтин олмослари ҳам оз эмасдир. Энди эса келажак кунларда биз учун яхши шароитлар туғилиб, қобуси келар экан, тоғ боскандек устимизда босиб ётган босқинчилар қўлидан ватанимиз Туркистонни, албатта, қутқара оламиз. Чунки, бизлар ҳозирги ҳолда тоғ тагига тушган чумолидек ожизликда ётган бўлсак ҳам, бунга қарши кўз олдимизда тоғларни қўморгидек (ағдаргудек, кўчириб, юлиб ташлагудек), даҳшатлик куч қувватлар фурсат кутиб турибдилар. Агар шундоқ кунлар тўғри келар экан, сиёсат майдонига миллат етакчилари, албатта, чиқади ва шунда Туркистон халқи ўз ҳукуматини биринчи навбатдаёқ қуриб олиши, албатта, лозимдир. Ҳар миллатнинг ўз ҳукумати ўз қўлида бўлмас экан, чўпони қўйчибони йўқ бир тўда қўй каби йиртқич қушларга, оч бўриларга ем бўлиб, охири инқирозга учраб йўқолади. Энди мақсадга етмоқ учун давлатимиз қўлимиздан кетган бўлса ҳам, миллатимизни ютилишдан сақлаб қолиш керак. Бунинг бирдан бир чораси эса, диний ва ҳам миллий ҳисларимиздан ажрамаслик эди. Бироқ бу ҳийлагар босқинчилар ўзларининг зулм-истибдод ҳокимиятлари остида диний миллий ҳисларимизни йўқотиш учун, тиш-тирноқлари билан қаттиқ киришганликлари натижасида, Туркистон халқининг диний ҳислари кўнгилларидан кўтарилиб қолди. Нечук кўтарилмагайким, дин илми, дин тарбияти биринчи навбатдаёқ мактаб мадрасалардан чиқарилиб ташлаб, ўқув ўқитув ишлари бутунлай динсизлик асосига қурилмиш эди. Шундан бери 50 йил ўтди. Совет ҳукумати коммунистик истибдод остида диний миллий ҳисларини бутунлай халқ кўнглидан чиқариш учун, моддий ва маънавий кучлари билан динга қарши бутун чораларини кўрмоқда. Бунинг таъсири орқалик ҳозирги ёшларимизнинг дин ҳақидаги тушунчалари ўзгариб, диний ҳислари йўқолиши бошланди. Унинг устига байналмилал пардаси остида ёшириниб олиб, миллатчилик йўқ деса ҳам, бошқаларни ютиш қонунини амалга ошириш билан бизни ютмоқчи бўладилар. Энди бу ёлмоғизларга ютилишдан ўзимизни қутилтириш учун, диний, миллий ҳисларимизни сақлаб, замонавий фан илмларини эгаллашдан бошқа чора топилиши мумкин эмасдир.

Хулоса шулдирки, миллий ҳокимиятимиздан ҳозирча ажраб турган бўлсак ҳам, миллий ҳиссиётимиздан ажрамай, уни сақлай олсак, келажакда душманларга ютилишдан ўзимизни қутқара оламиз. Энди бу мақсадга етиш учун қўйилган масалаларнинг энг биринчи шарти тил масаласидир. Агар биз тил адабиётимизни кенгайтириб, унинг қадр қимматини ошириб, бошқа маданий тиллар даражасига етқизур эканмиз, мана бу чоғда миллатимиз, миллий ҳиссиётларимиз доимий равишда ўсиб сақлангусидир. Агар бундай бўлмай балки, аксинча, ўз она тили қадрига етмасдан унга аҳамият бермас эканлар, у чоғда кўп узоқламаёқ алвидо айтиб, ўз тилларидан абадий ажраган бўладилар. Шундоқ бўлиб, ўз она тилидан ажрамоқлик, миллий ҳиссиётларини йўқотиш натижасидир. Бу иш эса инсоният олами олдида улуғ хиёнат, кечирилмас жиноят ҳисобланади. Бундай бўлди демак, улуғ Туркистон улуси Турон насли босқинчилар тилагича, қурбон бўлган ҳолда инқирозга учраб, Аллоҳ сақласин, тарих саҳифаларидаги шон-шарафлик ном нишонлари ўчирилади демакдир.

«Хонлигингдан ажрасанг даги, улусингдан ажрама», деган эскидан қолган мақол энг ҳикматли сўздир. Чунки, бизнинг ишимиз ва биз ўхшаш бошқаларнинг ҳам ишлари шу ҳозирда талашиб-тортишиб ётган дунё сиёсатига боғлиқдир. Шунга давр тил адабиётимиздан адашмай, миллий ҳиссиётимиздан ажрамаган ҳолда, замонавий илмларни эгаллашимиз келажакда кўз тутилган улуғ мақсадларимизнинг биринчи шартидур.

Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Шундай қилиб, тоғдан тоққа, довондан довонга оша икки кун юрганимизча, бизни кутиб олишга мўлжал қилишган тоғга етиб келдик. Қарасак, биз ваъдалашган кишилардан бу ерда ҳеч кимни кўролмадик. Бу ишдан ўйланиб гумонга тушгач, соғлик билан олға томон юриб, кун туш вақтида Қудурғу тоғига етиб келдик. Бизни кутиб турмоқчи бўлган Қўйчи ботирнинг ёширинган жойи тўп қарағай, қаршимиздаги тоғ бетида кўриниб турмоқда эди. Кўз тутган еримиздан ҳеч ким кўринмай, жим-жит бўлганлиги учун ҳайрон қолиб турганимизда, бирданига уч отлиқ киши тоғ чўққисидан чиқдилар. Бизнинг кишиларимиз бўлсалар керак деб, Ҳизрни кўргандек баримиз қувнашган ҳолда чувқон (бақириш) солишиб, ёғлиқларимизни (қўл рўмоли) айлантириб уларни чорлагани турдик. Бизга қарши улар ҳам дўстлик белгиси билдириб, жавоб қайтарган бўлдилар. Биз пастда, улар тоғ устида икки ўрта узоқроқ бўлиб, товуш етарлик эмас эди. Орадан бирор соат ўтар ўтмас тоғдан тушиб, тўп қарағай ичига кирганларича, икки-уч соат кутдик, у ердан чиқмадилар. Бу ишдан гумон олиб, бизга қўрқинчлик тушгач, буни пайқаб келиш учун икки кишини юбордик. Булар ёширинча бориб қарасалар, бизни тутишга Қоракўл шаҳридан юборилган ўттизча аскар бўлиб ётмиш эканлар. Буни кўриб шошилинч билан қайтиб келаётганларида йўлда улар томонидан ўлдирилган Қўйчи ботирнинг икки йигитини кўрмиш эдилар.

Шу билан ишнинг қандай эканлиги бизга маълум бўлғач, дарҳол қуролли кишиларимизни тоғ бетидаги ёширин ўринларга жойлаб, шу куни бир-бирларимизни пойлашиб ётдик. Кеч яқинлашган сайин, ҳаво бузилиб, қор ёғиб, тун қоронғулиги бости. Биз келаётган ёлғизоёқ йўлимизни душман тўсиб турғонликдан, отишиб-чопишиб бўлса ҳам, шулар олдидан ўтишимиз ёки орқамизга қайтишимиз керак, бундан бошқа чорамиз йўқ эди. Кўпчилик йўлдошларимиз қўшқулон, хотин болалик бўлганликлари учун, душман олдидан кесиб ўтишга журъат қилолмадилар. Бунинг устига қор қаттиқ ёғиб, олди-орқа йўлимиз бутунлай йўқолди. Улуғ тоғлар оралаб йўлбошчисиз ёлғизоёқ йўл билан қўрқинч остида келаётиб, ҳар томондан душман билан ўралган ҳолда, бу каби оғир кунга қолишимиз бизни энг қаттиқ даҳшатга туширмиш эди. Ахири, ўзаро кенгашгандан сўнгра, олдимиздаги душман қўлига тушмаслик чорасини ўйлаб, орқамизга қайтдик. Кўз кўрмас қоронғу кечаси, минг турлик машаққат билан тоғдан тоғга ошиб ўлтириб, тонгга яқин бир сой ичига келиб тушдик. Шу кеча ҳар қанча машаққат тортган бўлсак ҳам, ҳозирча раҳмсиз душман қўлидан қутилган ҳисоб бўлдик.

Агар бу ваҳшийлар қўлига тушар эканмиз, хотин болалар билан бир қаторда бирортамизни қолдиpмай, отиб чопиб йўқотиб юбориш, буларнинг одатлари эди. Худо сақлаб, шу туни қалин қор ёққанликдан эрталаб изимизни топишолмай, бошқа йўл билан ўтиб кетган деб гумон қилиб, кетларига қайтган эканлар. Шу баҳона бўлиб уларнинг ноҳақ зулмларидан бизларни худо қутқармиш эди. Иккинчи куни эса, у сойдан кўчиб, Челак довони туюғидаги қалин қарағай ичига кириб, омон олмоқчи бўлиб кетаётганимизда, Иссиқкўл бўйидаги қирғизларнинг оқсоқолларидан бир неча кишилар оқ байроқ кўтаришиб олдимизда кўриндилар. Қарасак, булар бизни йўлдан қайтариш учун бир қанча алдов ёлғон ваъдалар билан ҳукумат томонидан юборилмиш кишилар экан. Қочоқлар ичидаги чоғайларга (камбағалларга) тарқатиш учун бир мунча тайинланган нарсалар ҳам бор. Буларнинг сирти тотлиқ, ичи заҳар сўзларига беш олти одамдан бошқа кўпчилиги алданиб, қайтишга мойил бўлдилар.

Шу билан келган йўлимизни қолдириб, Суттибулоқ ошуви орқалик иккинчи йўл билан, отларимиз ориқлаган, ўзимиз хориб чарчаган ҳолда, Иссиқкўл усти Бойсоврун яйловига қайтиб келдик. Бу ерда саяқ уруғи қирғизлардан ота қадрдонларимиз кўп эди. Ҳар қайсилари бизни чақириб, зиёфат қилгани туришди. Танимиз соғ бўлса ҳам, кўнглимиз тинчсиз бўлғанликдан, емак ичмагимиз ўзимизга татимас эди. Шу ерда уч тўрт кун турганимиз сўнггида, қирғиз йўлдошларимиз ҳар қайсилари ўз эл-юртларига тарқалиб кетдилар. Булар ичида кўзга кўринган беш олти киши бошимизга тоғ ағдарилгандек, нима қилишимизни билмай ҳайронликда қолдик.

Ахири, маслаҳат билан Тўқмоққа қайтмоқчи бўлганимизда ўзим йўлдошларимдан ажраб, фалон жойда топишайлик деб, уларни кечалаб йўлга солдим. Бу ер билан Тўқмоқнинг оралиғи икки юз чақиримча бор эди. Сўнгра қадрдон қирғизлардан бир йўлбошчи олиб, кўл бўйлаб ёлғизоёқ, ёширин йўл билан уч кун юрганимизда Иссиқкўлдан 30 чақиримча йироқликдаги Майдонтол деган қалин тўқай ичидаги Ирисбек қирғизнинг уйига келиб тушдик. Бу киши эрса, худо раҳмат қилсин, бизнинг энг ишонимлик дўстларимиздан бўлиб, бунинг қўлида 200 дан ортиқроқ тул қўйимиз бор эди.

Мусулмончиликка ихлослик, хиёнати йўқ, бизга муҳаббатлик яхши киши эди. Биздан илгари кўришган йўлдошларимиздан бўлган воқеани эшитгач, келишимиз учун тайёргарлик кўриб, ҳеч кимга туйдирмай, қалин тўқай ичида ёлғиз уй тикиб, бизни кутиб ётмоқда экан. Бу ерда уч тўрт кун ётиб ҳордиқ олғанимиз сўнггида, киши йўқ тоғ йўллари орқали юрганимизча, орада бир қўниб, эртаси тонгга яқин Тўқмоққа келдик.

1930 йили сентябр ойининг ўн бешларида шу хатарлик сафарга чиқиб, 20 кундан ошиқроқ тоғу тош, қору музлар орасида меҳнат машаққатларга қолиб, ахири қазодан қочиб қутулиш имконияти йўқлигидан, тақдирга бўйинсунишдан бошқа чора тополмадик. Бу раҳмсиз золимлар зулмидан қочиб, суюмлик она Ватанимизни ташлаб ва ҳам бутун ҳаётимиз ҳосили ўз оиламиздан ажраб, ҳасратлик кўзларимиздан қон ёшларимизни оқизган ҳолда кетган бўлсак ҳам, олдимиздаги эркин озодлик оламига чиқиш умиди билан улуғ тоғлар устида анчагина кўнглимиз очилиб, руҳимиз кўтарилмиш эди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano
paykasa instagram takipi hilesi instagram followers free followers ak bys ak etme bys shell indir php shell hacklink hacklink al hacklink satn al denizli escort tempobet giri altanya escort bayan ankara escort bayan maltepe escort umraniye escort eskiehir escorteskiehir escort eskiehir bayan escorteskiehir escort

rokettube