Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон Каримов балосидан халос бўлса…

Ўзбекистон Каримов балосидан халос бўлса…
16 Mart 2016 - 9:16 'да юкланди ва 626 марта ўқилди.

chinor-Karimov-e1455969443564.jpgҲаволарга совурилган йигирма уч йил…

(5)

Дунёда тенги йўқ Фарғона водийси каби жаннатмакон гўшамиз бор. У юрт кишиларини Каримовнинг шунча йиллар қонига ботириб келгани етар!

Ўзбекистонни Каримов ва пахта қуллигидан қутқариб, озод ва ривожланиш кўчаларига олиб чиқишда, бутун ўзбек миллати уларга умид кўзларини тиккан.

Боғ-роғлар яратишда, шаҳарлар барпо қилишда водийликлар каби юксак маданиятли, дунёда тенги йўқ миллатдошлармиз бор экан, бизлар реформалар йўлидан қўрқмаймиз. Уларга ташаббус ва имконият берайлик. Улар ўзларидаги юксак салоҳият ва бунёдкорлик иқтидорлари билан бутун Ўзбекистонни ердаги жаннатга айлантирадилар. Улар яратган боғ-роғларнинг болдан ширин меваларини ўзимиз еб-ичиб, бутун ер юзи бўйлаб сотиб ҳам адо қила олмаймиз. Бунинг орқасидан, Ўзбекистонга пахтага нисбатан юз минг баравар кўп даромад оқиб келади. Оқибатда, Каримов вайронага айлантирган саноат тизими оёққа туриб, ўзимиз етиштирган маҳсулотларни ёппасига ишлаб чиқарадиган бир мамлакатга айланамиз. Ишсизликдан бутун ер юзига сочилиб кетган миллатдошларимиз, ўзларининг ватанларида иш ўринларига эга бўладилар, дейишга ҳар бир ўзбекнинг ҳақ-ҳуқуқи бор-ку, ахир!

Чорак аср бир вайсақи сассиқ чолнинг оғзига термулиб яшаш, кўнгилни айнатадиган гапларига тоқат қилиш, наҳотки бизларнинг жонимизга тегмади. Наҳотки, бир чақага арзимаган тентакдан қўрқиб, тилимизни чорак аср тишлашдан чарчамаймиз?!  Бир бадбахтни дея, наҳотки гўзал аёлларимизни, ширин-шакар болаларимизни бахтсизликка маҳкум этамиз?! Наҳотки, наҳотки…

Далаларимизнинг катта қисмини кам меҳнат талаб қилиб, кўпроқ фойда берадиган қишлоқ хўжалиги экинларига ажратадиган вақт етганига чорак аср бўлди. Озиқ-овқат мўл бўлиши учун жамоат чорвачилигини – хусусий чорвачиликни ривожлантириш айни муддао. Бу учун чорвабоп минтақаларни пахта ва Каримов яккаҳокимлигидан қутқариб, ҳақиқий эгаларига топшириш лозим.

Ўзбекистонда пахта каби буғдой етиштириш ҳам самарасиз соҳа ҳисобланади. Буғдой кўп меҳнат талаб қилиб, кам ҳосил беради. Бир гектар ердаги буғдой ҳосили ўртача 10 – 20 сентинердан ошмайди. Бир гектар ердан икки тонна буғдой олиш, уят эмасми? Бундан ташқари, бизда етиштириладиган буғдойнинг озуқабоплигини Қозоғистонда етиштириладиган буғдойнинг озуқабоплиги билан таққослаб бўлмайди. Бизда етиштириладиган буғдойнинг озиқабоплик миқдори жуда ҳам паст.

Яна, бир гектар ердан йиғилган икки тонна буғдойни унга айлантирсак, 1,5 тонна ун чиқади. Бир гектар ерга помидор экилсачи? Камида, 50 тонна ҳосил беради. Уни олиб бориб Қозоғистонга сотиб, унинг дароматига Қозоғистондан икки юз тонна аъло сифатли унни сотиб олсак бўлади.

Бизда, яна Ташқи иқтисодий алоқалар, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги деган текинхўр ва юзсиз ташкилотлар бор. Фермерлар ва деҳқонларни Каримовга пичоқсиз сўйиб берадиган бу каби кони зарар вазирликларни ёпиб ташлаб, фермерларнинг оёқ-қўлларидаги кўринмас кишанларни ечиб ташлаш вақти етди. Фермерларга прокуратура, ички ишлар бошқармаси ходимлари зуғуми билан ҳаракатга келадиган жандарм вазирликлар эмас, қишлоқ хўжалиги ривожи учун беминнат ёрдам берадиган ташкилотлар зарур. Улар деҳқонларга фойдали маслаҳатлар берсин, яхши ўғитлар ва маҳаллий шароитларга мос тушадиган техникалар топиб беришда ташаббус кўрсатсин, тавсиялар ишлаб чиқсин. Улар, Каримовнинг умрида қуруқ таёқни ерга суқиб кўрмаган  жандармлари сингари фермерларга экиш-тикишни ўргатмасин, минг машаққат билан етиштирган маҳсулотини сотаётганда, уларга ҳалақит бермасин.

Адолат, халққа ихтиёр беришдан, халқнинг ўз мулкига ўзи эгалик этишидан бошланади. Ўзига тегишли бўлмаган нарсаларни Каримовчасига ўмаришдан, тайёрга айёрликдан – бакавуллик сиёсатидан тамоман воз кечиш зарур.

Каримов чорак асрдан буён халқнинг бошида қонуний қароқчилик ёхуд беҳаёларча ўғирликни амалга ошириб келмоқда. Фермерларнинг ихтиёри ўзларида экан, улар ҳар нарсанинг иложини топадилар.

Масалан; маҳсулотни сотиш учун 4 – 5 та ёки 10 та фермер бирлашиб, битта фура сотиб олади. Шунда, маҳсулотнинг тан нархи, деярли ошмайди. Бу унинг тез ва сифатини йўқотмасидан сотилишига ижобий таъсир кўрсатади.

Россияда ёки хорижий бошқа бир мамлакатда юрган фермернинг ака-укаси юкни қабул қилиб олиб, Ўзбекистон маҳсулотларини ўша юрт бозорларида ўзи сотади. Ўртада туриб, ўзбекнинг қора меҳнати эвазига осонгина бойиётганлар, деҳқон қолиб маҳсулотнинг асосий қисмини туя қилаётганларнинг шунда нафсига болта урилади. Фойданинг асосий қисми, яна турли усуллар билан Ўзбекистонга қайтиб келади.

Ўзбекистонда етиштириладиган мева-чева, полиз экинларига эҳтиёжи баланд юртларга маҳсулот арзон гаров етиб борса, табиийки, ўша юртларда ўзбек бозорлари пайдо бўла бошлайди. Бу ўзбекнинг мавқейини кўтариши билан бир пайтда, унинг ҳақиқий мустақиллигини, ўзига хос усуллари афзаллигини кўрсатади.  Сотилган маҳсуллотлар ҳисобидан Ўзбекистон бозорларида ва Яқин Шарққача бўлган минтақалардаги давлатларда сотиладиган бозори чаққон товарлар олиб қайтилади. Бу ўзбек фермерининг қўлидаги бир сўмни ўн сўмга, ўн сўмни юз сўмга айлантиради.

Чорвачиликни ривожлантиришнинг орқасидан ҳам юз минглаб иш ўринлари пайдо қилса бўлади.

Ўзбекистон Каримов балосидан халос бўлса, мамлакат ишсизлик муаммосидан олти ойда қутулади. Бу учун бутун ташаббусни халқнинг ўзига бериб, ҳукумат уни адолатли қонунлар асосида қўллаб-қувватлаб турса, бас.

Халқ Каримовга ўхшаган ақлдонлардан кўра, милён баравар ақлли ва донороқдир. Унга ихтиёр бериш зарур. Унга озодлик ва ҳурлик керак. Бошқа нимаики бор, қолганини у жуда усталик билан амалга оширади.

Унга қишлоқ хўжалигини топшириб қўйган каби хусусий чорвачиликни ривожлантиришни ҳам топширадиган кунлар етяпди.  Бу соҳада ҳам ўтлоқларни тиклаш билан бир пайтда, қўшни Қозоғистон ва Туркманистондан доимий равишда арзон чорва озуқаси сотиб олиш фойдадан холи бўлмайди. Чорвачилик ҳам қишлоқ хўжалиги сингари жуда ранг-баранг соҳа. Биз ота-боболаримиз каби бошқа турлар қаторида милёнлаб қўй етиштиришни, уларнинг наслини тинмасдан яхшилаб боришни йўлга қўйишимиз лозим. Қадимдаги каби қўйларни соғиб, қўй сутидан дунёдаги энг сифатли сут маҳсулотларни етиштиришни ўрганишимиз, бизларнинг Каримов тешган чўнтагимизни бутлаши билан бир замонда, у ғариблаштирган руҳий дунёмизни ҳам гўзаллаштиради. Исломдан бизгача етиб келган бу одат, бизга соғлом турмуш-тарзимизни қайтариб беради.

Битта қўй бир кунда ярим литр сут беради. Юзта қўйни соғиш учун иккита соғувчи етарли. Ўша икки соғувчи юзта қўйдан эллик литр эмас, ўттиз литр сут соғиб олсин. Ўттиз литр қўй сутидан 10 – 13 кило бренза билан пишлоқ ишлаб чиқарса бўлади. Энг хуштаъм ва энг юқори баҳоланадиган қўй пишлоғининг бир килоси дунё бозорларида ўттиз доллардан кам турмайди. Энди, ҳар бир оиладан 2-3 та одам қўй соғса, яна 2-3 та одам ундан маҳсулот ишлаб чиқарса, Ўзбекистонда милён-милён қўй боқилса, қанча одам  иш билан таъминланади?

Қўйлар қанча кўп соғилса, шунча сут етказиб бериш муддати чўзилиб, шунча уларнинг соғломлиги даражаси таъминланиб боради. Баробарида, хўранлиги даражаси ошади.

Қўйдан чиқит чиқмайди. Унинг қўзиси бир йил ўтиб туғиб беради, тезаги энг юқори сифатли маҳаллий ўғитга айланади.  Гўшти ейилади, жунидан дунёдаги энг ажойиб, қиммат нархларда сотиладиган табиий гиламлар ишлаб чиқарилади. Яна, унинг жуни ва ёғидан ҳарбий соҳалар ва техникалар учун бизнинг хаёлимизга келмаган маҳсулотларни ишлаб чиқарса бўлади.

Жундан экологик жиҳатдан тоза замонавий гиламлар ишлаб чиқариш бошқа бир масала. Уларни санъат даражасига кўтариб, дунёнинг кўзини яшнатиш эса, яна бир бошқа масала. Бу учун оддий ҳунармандлар санъаткорга айланишлари керак. Уларнинг танлаган ранглари, фантазиялари бутун жаҳондаги гўзал инсонларнинг нафақат уйининг кўрки, уларнинг қалбини ҳам безаши лозим. Бунга эришиш учун бизга нима монелик қилиши мумкин? Яна ўша Каримов балоси, яна ўша ўзи оқ, қилмиши қорага айлантирилган пахта?

Ўз юртимизда, Аллоҳ берган шу кичик ватанимизда буларнинг барчасига етарли имконлар бўла туриб, биз нима учун асрлар асносида қўл қовуштириб ўтиришимиз керак?!

Бу кабилар биздаги имкониятларнинг мингдан бири, холос. Мен каби одий бир ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси англаган нарсани деҳқонлар ёхуд чорвадорлар англамайдиларми? Ёки, Ўзбекнинг миллат сифатидаги ақл салоҳиятини, юртимизнинг минтақадаги чексиз имкониятлар макони эканлигини президент Каримов, ростданам билмайдими? Президент Каримов ўзбек аёллари ва болаларининг Мустақиллик йилларидаги чексиз азоб-уқубатлар гирдобида умригузаронлик қилаётганидан бехабарми?

У ҳаммасини яхши билади. Ўзбекнинг тараққиёт йўлига киришини истамайди, холос…

Деҳқонлар ва чорвадорлар учун мен айтаётган гапларнинг ҳеч бир қизиқ жиҳати йўқ. Улар бу нарсаларни мендан кўра ўн марта яхши биладилар. Уларда, биз кабиларнинг хаёлига келмайдиган оламшумул ғоялар ва пишиқ-пухта ишланган режалар борлигига ҳам мен қаттиқ ишонаман.

Уларда ўзларини намоён этиш ва ўзбек финонимини рўёбга чиқариш учун ҳуқуқий асос ва ихтиёр йўқ. Уларнинг борини тортиб олиб, қулга айлантирган Каримов, шу кунларда уларга камроқ кислород улашиш хусусида бош қотиряпти…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Исроил ;

    Яхши гаплар.Факат Каримов кетса амалга ошмайдида бу гаплар.Каримовда эмасда айб.Халкни узида.Халк шунака парадоксал хаётга куниккан.Куллик менталитетини йукотиш учун куп харакат ва вакт керак.Бугдой масаласида икки огиз.Узбекистонда хам зур бугдой етиштирса булади.Факат кузда экиб бахордада урмасдан,бахорда экиб кузда уриш керак.

    17/03/2016 01:06
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар