Жиҳод нима?

Жиҳод нима?
6 views
23 March 2016 - 4:00

345085112Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

(6)

Жиҳод ислом терминалогиясида кишининг ер юзида энг олижаноб мақсад сари бор кучини сарф этиб, интилиши маъносини англатади. Мусулмон учун Тангри иродасига буткул бўйсуниб, Унинг марҳаматига етишдан ортиқ хайрли иш йўқ. Бунинг учун инсон узоқ ва изчил ички курашни бошдан кечирмоғи, унинг ички дунёсини эгаллашга интилувчи сохта худолардан, уни тўғри йўл, яъни эзгулик ва ҳалолликдан чалғитувчи майлу рағбат, ҳою ҳаваслардан халос бўлмоғи зарур. Ана шу даражага етгач, у яқинлари ҳаётини яхшилаш ва ўзини ўраб турган дунёда адолатли салтанатни барпо этиш учун ўзини масъул ҳисоблайди. Бу ҳам диёнат, ҳам зарурат, негаки, киши нопок бир муҳитда яшаркан, ҳатто тор, шахсий муносабатлар доирасида ҳам Тангри таолога садоқатли бўлиши даргумон бўлиб қолади. Бу сўнгги ҳолат Қуръони каримда фитна деб аталади ва у офат, исён, хиёнат, гуноҳ, васваса, бузуқчилик, бир сўз билан айтганда, ҳар нечук фалокат маъносини билдиради.

Тўғри, бу дунёда мавжуд бўлган ҳамма нарса – ҳайвонлар, ўсимликлар ва маъданлар Тангри таоло олдида бош эгади ва унинг иродасига бўйсунади. Қуръони каримда дейилади:

“… Осмонлару Ердаги барча зотлар (фаришталар, инсу жинлар) хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбурий Унга бўйсунурлар ва унинг ҳузурига қайтарлар” (3:83).

“Эй Муҳаммад, Осмонлардаги ва Ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар ва барча жониворлар ҳамда кўплаб инсонларнинг Тангрига сажда қилишини кўрмадингизми? Уларнинг кўплари жазога лойиқдирлар” (22:18).

Аммо буларнинг инсон фаолияти, унинг  хатти-ҳаракатларига алоқаси йўқ. Яратилган ҳар не мавжудот борким, табиатнинг ўзгармас қонунларига бўйсунади. Аввалданоқ белгилаб қўйилган туғилиш, ўсиш ва сўлиш жараёнларини бошдан кечиради. Мусулмонлар устувор этиши лозим бўлган қонунларни эса бу дунёга  Пайғамбарлар келтиришган. То дунё тургунча уларга қаршилик кўрсатишади. Уларнинг йўлини тўсиб, рад этувчи кучлар Ер юзида ҳамиша топилади.

Шу сабабли жиҳод – инсон ҳаётининг узвий, муқаррар қисмидир. У турли шаклларга эга бўлиши мумкин. Улардан бири, энг  юксаги – инсониятни ҳақ ва ҳақсизлик масаласида даҳрийликка итариб, ғоят хатарли маънавий курашлар гирдобига солувчи қабоҳат кучларини синдириш.

Жиҳодда иштирок этувчи инсон учун фақат ислом таълимоти, мусулмон урф-одатларини билишнинг ўзи етарли эмас. У даҳрийлик фалсафаси, унинг расму русумларидан ҳам хабардор бўлиши, улар қайси қиёфада намоён бўлмасин, дарҳол таниб олиши лозим.

Халифа Умар ибн-ал Хаттоб айтган эди:

“Мен бир нарсадан қўрқаман: исломда тарбия топган киши, агар у  мажусийликдан бехабар бўлса, исломни хароб қилади”.

Албатта, ҳар бир мусулмон мажусийликни чуқур билиши даргумон, аммо ислом давлати тепасида турганлар бу офатдан ҳар томонлама хабардор бўлишлари шарт.

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон