Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туркия манзаралари

Туркия манзаралари
06 Nisan 2016 - 7:00 'да юкланди ва 938 марта ўқилди.

IMG_4049

14. ХАЛҚ БОЗОРИ

Истанбулда менга энг ёққан жойлардан бири “Халқ бозори” бўлди! Бу нима эканини ҳозир тушунтираман.

Ўзи умуман “халқ” номи қўшилган яна бир-икки иш бор ‒ ҳаммаси халқни ўйлаб жорий қилинган.

Масалан, “Özel Halk Otobusı”(Махсус халқ автобуси), “Halk Ekmegı” (Халқ нони), “Halk Pazarı” (Халқ бозори) каби нарсаларга тез-тез дуч келасиз. Давлат бу қўшимча хизмат билан халқига бир оз бўлса-да енгиллик бўлсин дейди.

Масалан, бошқа автобусларда йўлкира биринчи чиқишда 2 лира 35 қуруш бўлгани ҳолда “Халқ автобуси”да 1 лира 65 қурушдир. Барча дўконда 1 лира 25 қуруш турадиган нон “Халқ нони” дўконларида бор-йўғи 75 қуруш сотилади. Ўн беш кунча бурун ҳатто 60 қуруш эди!

Худди шунингдек, “Халқ бозори” деган бир бозор бор. Бутун бошли бир олам бу бозор! Фақат, “бозор” деганда тўғри тушуниш керак.

Мен Истанбулда ўзимиздагидек “Чорсу”, Қўйлиқ”, “Юнусобод”, “Қорақамиш”, “Чилонзор” каби муқим бир ерда жойлашган бозорни кўрмадим, борлигини эшитмадим ҳам. Бу ерда бозор кўчиб юради! Шунинг учун буларни “Кўчманчи бозор” деса ҳам бўлади.

Мана бундай тарз йўлга қўйилган:

1. Беш-олти маҳалла ўртасидаги бир ора кўча бозор учун ажратилган.

2. Кўчанинг икки чеккаси бўйлаб капани қаерга тикиш мумкинлигини кўрсатадиган қалин чизиқлар чизиб қўйилган аспалга.

3. Ҳафтанинг бошқа кунлари мошиналар бемалол юрса ҳам, бозор куни биронта мошина бу кўчага кирмайди.

4. Ҳар бир бозоржойга алоҳида кун тайин қилинган. Мас., манави беш-олти маҳалла учун душанба куни бозор бўлса, нариги беш-олти маҳалла учун сешанба куни бозордир. Шу тариқа давом этади. Яъни, теварагингизда бозор бўлмаган бирон кун йўқ.

5. Бир бўлгада айланадиган бозорчилар ҳам ажралиб қолган ‒ айни тужжор бугун бу ерда, эртага бошқа ерда, индин яна бошқа маҳаллада. Ҳафтада ўзи етти кун борлигини ҳисобга олсак, бир тужжор фақат яқин-атрофда айланади холос. Бошқа бўлгаларда яна бошқалар савдо қилади. Йиллар давомида тужжорлар ўз-ўзидан уюшиб қолган

6. Кўчма бозорларда рўзғорга керакли ҳамма нарсани топасиз: картишка, сабзи-пиёздан тортиб, олма, мандарин, пўртақолу бананларгача; тухум, гуруч, маржимак, ёнғоқ каби қуруқ емишлардан тортиб балиқ, пишлоқ(нинг ҳар тури), зайтуну кўкатларгача (турклар отқулоқ, исмалоқ, семизўт, қивиржиқ ‒ бизда бу баргларни “салата” дейди… каби кўкатларни жуда яхши кўраркан, халталаб олишади) бор. Полиз ва боғ маҳсулотларидан ташқари яна пайпоқ, кўйлак-иштон каби кундалик кийимлар; қошиқ, пичоқ, элак, жўва сингари минг хил майда-чуйда заруратлар ҳам бўлади бу бозорларда. Одамлар узоққа бормасдан шундай ёнларида бир ҳафталик бозорини қилиб олади.

7. Эрта биландан кўчма пештахталар ўрнатилиб, капалар тикила бошланади. Ҳар ким бўш вақтига қараб харидини қилаверади. Аммо-лекин шомга яқин одам гавжумроқ бўлади. Кўплар ишдан келганидан кейин бозорга чиқса, кўплар бу вақт нарсалар арзон бўлишини билганидан кечки пайт чиқади. Чиндан ҳам, кундузи 1 лира 50 қурушга сотилган картишка бозор охирлаганда 75 ва ҳатто 50 қурушга тушиб кетади! Мас., кеча ўзимиз кечки пайт 1 лирага 3 килодан олма олдик! Бу жуда арзон нарх!

8. Бозорда нарса деярли ортиб қолмайди. Биринчидан, нарасалар арзон бўлгани учун одамлар мўл-мўл олади, иккинчидан, бу бозорда қанча нарса сота олиши мумкинлигини йиллар давомида савдо қилавериб тужжорлар билиб кетган, шунинг учун кўпинча бир хил миқдорда маҳсулот опкелади. Бордию ортса, табиий, қайтадан идишларга жойлаб олиб кетади. Маҳсулоти озроқ қолган бўлса, кетма-кет арзонлаштириб бўлса ҳам молини ўтказади, унча-мунча ортганини эса текинга ҳам бериб юбораверади.

9. “Кўчма бозор” бўлаётган маҳаллаларга яқин ердаги катта дўконлар ҳам рақобат учун ўша куни маҳсулотини арзонлаштириб сотади. “Халқ куни” дейди бундай кунларни. Шунинг учун атай “Халқ бозори”га тушмай дўкондан оладиганлар ҳам топилади.

10. Бизда ҳозир бир оз унутилди ва камайди, бу ерда эса тужжор овози борича бақириб молини мақтаб харидор чақириб савдо қилади. Бозор бўлаётган маҳалла эртадан-кечгача ажиб бир шовқин-суронга тўла бўлади. Одамлар шунга кўниккан, миллий хусусият шу ўзи, шунинг учун биров бировнинг мушугини пишт демайди. Айрим тужжорларнинг реклам-чақириқларини эшитиб маза қиламан. Нималар деб юбормайди! Халқ оғзаки ижоди дейсиз!

Қаршисида бир зумга тўхтасангиз бўлди, дарров бир салафан пакетни очиб узатади. “Қач кило?” деб сўрайди.

11. Ҳа, айтганча, бозорда маҳсулотни харидор танлаб олади. Бирон марта эгаси: “Танламанг! Мен солиб берганнигина оласиз!” деганини эшитмадим, кўрмадим. Харидорга пакет узатади, ҳар ким ўзи хоҳлаганини олади. Бора-бора пештахтада сифатсизроқлари тўпланиб қолса, ўша заҳоти нархини тушириб ёзиб қўяди. Озгина сифати бузилган маҳсулотни зудлик билан ажратади: икки баравар арзонига сотади ёки биронта яшикка солиб чеккага қўяди, айрим кампирлар текинга олиб кетади. Сифатсизини сифатлилар орасига яшириб сотмайди!

12. Қишин-ёзин рўзғорга керакли ҳамма нарсани бу “Кўчма бозор”лардан топасиз. Айни чоқда, ҳар мавсумнинг ўзига хос мевалари ҳам бор. Мас., бирон ойлардан бери узум кўринмай қолди. Анор ҳам яқин кунларгача бор эди, шу кунларда кўрмаяпман.

Тасаввур ҳосил бўлиши учун айрим маҳсулотларнинг ўртача нархларини ёзаман. Олдин турк лирасининг (бу ерда уни қисқартириб “TL” ‒ “ТЛ” деб ёзишади ва айтишади) қадрини кўрсатаман: бугун 1 АҚШ дўллари 2 лираю 82 қурушга тенг.

Картишка ‒ 75 қурушдан 1 лираю 25 қурушгача.

Пиёз ‒ 1 лирадан 2 лирагача.

Сабзи ‒ 1 ё 1 лира 50 қуруш.

Памилдори ‒ ўртачаси 1 лира 50 қурушдан 2 лирагача.

Бақлажон ‒ 2 ‒ 3 лира.

Олма ‒ ўртачаси 1 лира 50 қуруш.

Пўртақол ‒ 1 лира.

Мандарин ‒ 3-4 лира.

Банан ‒ яхшиси 6 лира.

Балиқ ‒ катта-кичигига ва турига қараб: 3 лирадан 25 лирагача.

Пишлоқ ‒ турига қараб: 10 лирадан 18 лирагача.

Кўй (қишлоқ) сути ‒ бир литри эгасида 2 лира, пишлоқчиларга ўтиб кетган бўлса, 3 лира.

Тухум 30 таси ‒ катта-кичиклигига қараб: 5 лирадан 12 лирагача.

Ва ҳоказо…

Нархлар бозорига ва маҳалласига қараб бир оз фарқли бўлиши мумкин. Танишларим айтишича, шаҳарнинг Оврупа қисмида Онадўли қисмига қараганда сал арзонроқ бўларкан. Айниқса, Отатурк қўналғаси томонларда ва ундан нариларда ҳамма нарса арзон эмиш ‒ уй-жойлар ҳам, ижара нархлари ҳам.

Шунчаки қизиқиш учун бозор айлансангиз, сотувчилар билан олувчиларнинг муомалаларига қулоқ солсангиз, одамлар ўзимиз билан бир хил эканини дарров биласиз. Ўша-ўша гаплар: “Сиз учун майли бунча озгина тушаман…”; “Бундан ўзи фойда кам…”; “Менга ўзи фалонча нархдан келган…”; “Бошқа жойда бунақасини тополмайсиз…” каби ўзбекчилик бу ерда ҳам бор экан.

Хуллас, бозор ҳамма ерда ҳам бозор! Ота-бобомиз айтмоқчи, хўроз ҳамма ерда бир хил қичқиради!

Лекин ўзим сезганим: ён маҳаллада паранда боқадиган бир-икки оила бор, ўшаларнинг хўрози қандай қичқиришини эшитдим, охири сал бўғиқроқ ва тўмтоқроқ бўлиб қичқирди. Ё менга шундай туюлдими…

Бир куни аёлим ҳам айтиб қолди: “Бу ернинг товуқлари сал керикроқми, олдига сепилган донга ҳам боққиси йўқ унча”, дейди.

Билмадим, балки шундайдир. Қорни тўқ бўлса шунақа бўлардир-да товуқлар…

Хўрозиям қичқириғини хоҳласа тўла қилиб, хоҳламаса ярмидаёқ тўхтатиб қўяётгани ҳам шундандир балки…

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Манба: Facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар