Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ит-мушуклар

Ит-мушуклар
07 Nisan 2016 - 10:44 'de eklendi ve 727 kez görüntülendi.

enhanced-4039-1452938643-5

Туркия манзаралари

15. ИТ-МУШУКЛАР

Сарлавҳани ўқиб хаёл чалғимасин ‒ қачон қараса бир-бири билан жиққа-мушт бўлиб юрадиганлар ҳақида эмас гап. Одатда, бу икки ҳайвон оти ўртада чизиқча билан ёзилса, бир-бири билан ҳеч келиша олмайдиган, доим жанжаллашиб юрадиган кишилар тушунилади.

Мен бугун росмана ит ва росмана мушуклар ҳақида ёзмоқчиман. Ит ва мушук бўлганида ҳам хонакиларини эмас, дайдиларини танитаман сизларга.

Истанбулга (балки бутун Туркияга) келиб, бу ерда дайди ит ва мушукларнинг ўрни бошқача эканини пайқамаган одам Туркияни кўрмабди, туркларни танимабди! Чунки ёввойи қуш ва ҳайвонларга муносабат турк маданиятининг ажралмас бўлдагига айланиб кетган.

Шунга кўра, Туркия (Истанбул) ҳақида бир нима ёзаётган одам бу мавзуни четлаб ўта ёки ташлаб кета олмайди.

sokak-kopek12А) ИТЛАР

Итни турклар “köpek” дейди. Ўзбекчада ҳам “кўппак” сўзи бор ва тез-тез қўлланади. Фақат биз битта “п”ни орттириб айтамиз.

Умуман, бизда аслида битта бўлган товушни кучайтириб иккита қилиб айтиш одати эскидан бор. Яхши кўришимиз ё ёмон кўришимизни, завқимизни ё нафратимизни, хурсандлигимиз ё хафалигимизни билдириш учун орттирамиз.

Масалан, эшакни “эшак” деб қўяқолмасдан албатта “эшшак” деймиз. Мазани “мазза” деймиз. “Маза қилдим!” десак худди нимадир камдек, унча маза қилмагандек бўлаверамиз ва “Мазза қилдим!” деб туйғуларимизга ҳам маза киритиб юборамиз.

“Ҳамма” сўзи ҳам илгари “ҳама” бўлган, лекин бизга бу етарли бўлмаган, гўё “ҳама” сўзига ҳамма сиғмай қолаётгандек шартта битта “м” орттирганмиз-да, айтиб кўриб, қулоқ солиб кўриб, кўнглимиз жойига тушган: “Ҳа, энди чидаса бўлади”, деганмиз.

Ва тўғри қиламиз. Чунки бу орттиришу “қўшиб ёзиш”ларимиз камчиликдан эмас, балки ифода бойлигимиздандир. Битта ортиқча товуш қанчадан-қанча туйғу қўшади сўзимизга.

Хуллас, биз “ит”, “кўппак” дейдиган ҳайвонни турклар юмшоқроқ товушлар билан “köpek” дейди. Нафақат товуши, балки муомаласи ҳам юмшоқ. Айтиш мумкин, ўта юмшоқ.

Итлар ҳам бундай муносабатга кўниккан. Бўйнига занжир боғласангиз ваҳшийга ўхшаб қоладиган эш-шакдек бир ит, ёнидан ўтаркансиз, сизга парво ҳам қилмайди. Ётган бўлса, ётаверади. Юрган бўлса, юраверади. Қараса ҳам, дўстона боқишлар билан қараб қўяди. Сиз ҳам “Устимга шартта ташланиб қолса-я!..” деб ўйламайсиз. Парво қилмай ўтиб кетаверасиз. Қарасангиз ҳам, дўстона боқишлар билан қараб қўясиз, қўлингиз бўш бўлса, бир суйиб-эркалаб ўтасиз.

Мен бўрттираётганим йўқ. Чиндан шундай. Дайди ит деганимга хаёлингизга оғзидан сўлаги оққан, кўзи шилпиқ, танаси ифлос итлар келмасин. Шаҳар ичида дайди итлар худди хонаки итлардай парваришланган, соғлом, қорни тўқ юради. Ҳар-ҳар ерларда уларга махсус ин қилиб қўйилганини кўрасиз. Бекатларда, йўлкалар чеккасида сув қуйиб қўйилган идишларни, ёнида турли-туман емаклар солиб қўйилган ялоқларни учратасиз. Ўтиб кетаётган биронта ит қорни оч бўлса, тўхтаб овқатланиб олади, кетидан сувини ичади. Сўнгра, ҳаво иссиқ бўлса, бирон салқин ерга бориб, совуқ бўлса, офтобшувоққа чиқиб озгина мизғишга ётади.
Лекин мен барибир итдан эҳтиёт бўламан. Тўғрироғи, қўрқаман. Болалигимда бир марта ёмон қопиб олган. Кўчамизнинг бошида бир ёлғиз эна яшардилар, онам ул-бул нарса бервориб йўқлаб турардилар. Бир гал эшикларини қоқиб чақириб турсам, орқамдан бир ит келиб, олдин роса ириллаб, мен қўрққан сари баттар важоҳат билан вовиллаб, охирида ўнг сонимдан тишлаб олган эди. Ҳартугул қутурмаган экан, тезда ярам тузалиб кетди.

Болалигимдан ит билан ошначилигим йўқроқ. Талабалик йилларим бир гал қишлоғимга келсам, қўшнимнинг эшиги тагида бир қора кучук ётибди. “Ҳайт!” деб бир чўчитган эдим, аккиллаганича дарвоза тагидан уйига қочди. Завқим қўзиди. Кейинги келишимда бир оз катта бўлиб қолибди, лекин иккала қўлим билан икки сонимни шаппатилаб яна “Ҳайт!” десам, ерни чангитиб аккиллаб қочиб қолди. Яна завқим келди. Тағин бир-икки марта уни шунақа қилиб қўрқитиб юрдим. Сўнгра, эътибор бермабман, кучук аллақачон катта ит бўлиб қолган экан, мен эсам одатимча “Ҳайт!” деб юборибман. Йигирма беш метр тепароқдаги эшигим тагигача обориб қўйди ўзиям! Шунақа ириллайди, оёқларимга яқин келиб шунақа даф қилади, бўларим бўлди. Ҳартугул тишламади, аммо Тошкентдан 300 чақирим масофани босиб келган йўлим бир бўлдию шу йигирма беш метр йўлагим бир бўлди! Уйга кирганимда рангимда ранг қолмабди экан…

Шунақа, ит билан ошначилим йўқлигига кўпинча ўзим ҳам сабабчиман.

Мавзуга қайтамиз.

Истанбулда итларнинг озғинини деярли учратмайсиз, ҳаммаси ўзига тўқ. Тунов куни биттасини кўрдим, худди бўрдоқига боқилганга ўхшайди. Эти ниқ, тирсиллаган. Териси ҳам ялтираб турибди. “Хайрият Кореяда яшамаяпсан, шукр қил!..” деб ўтиб кетдим.

Фақат шаҳарлардагина эмас итларга бунақа муносабат. 1997 йилги сафаримиз чоғи мезбонлар мошинада ярим Туркияни кездиришган, кейинги келишларимда ҳам шаҳарларда, қишлоқларда, ўрмонлик ерларда, очиқ далаларда кўп бўлдим ва ҳамма жойда итлар доим парвариш остида эканини кўрдим.

2013 йили Истанбул ташқарисида бир манзаранинг гувоҳи бўлдим. Май ойи эди. Йўлда кетаётиб бир ерда тўхтадик. Теварак паст-текисликлар. Ҳаммаёқ кўкалам. Одатда бунақа жойлар дарахтзор бўлади. Лекин биз тўхтаган ердаги тепаликлар бўш эди. Битта-иккита бута учрайди, қолган жойларида ўт ўсиб ётибди.

Шундай бўш бир тепаликнинг ёнбағрида тахтадан охурга ўхшатиб узун бир идиш қилиб қўйилибди. Икки-уч киши қўлида қоп билан тепаликка ‒ ўша сирли идишлар сари чиқиб боряпти.

‒ Улар ким? ‒ деб сўрадим мезбонлардан.

‒ Баладия ишчилари, кўппакларга емиш опкелишган, ‒ деб тушунтирди бири.

“Баладия” деб бу ерда ижро ҳокимияти айтилади. Худди бизда совет пайтидаги Ижроқўмлар каби.

Қаранг, ҳокимиятнинг дайди ҳайвонларга боқадиган махсус ишчилари бўларкан. Ҳудудини тез-тез айланиб, емакидишларга овқат солиб, сувидишларга сув қуйиб кетаркан! Қиш кунлари қор устига дон сепиб қўйишаркан! Қушлар оч қолмасин деб!

Олдинги келишларимдаёқ йўл чеккаларида, ҳатто одам яшаймайдиган бўлгаларда ҳам ҳар-ҳар ерларда бунақа идишларни кўрганман. Лекин нимагадир илгари эсимга келмабди, ҳозир қизиқиб қолдим: давлат бу ишларга қанча маблағ ажратаркин?

Интернетни очдим. Топмадим. Ё керакли ерини очолмадимми? Анча қизиқарли маълумотларни учратдим, лекин давлат бутун Туркия бўйича ёввойи ҳайвонлар назорати учун қанча маблағ ажратишини тополмадим. Майли, имкон бўлганида сўраб оларман. Ҳарҳолда ҳазилакам бўлмаса керак!

Лекин бу ишлар илк диққатимни чекканидан бошлаб деярли ҳар йили мезбонлардан шу ҳақда сўрайвериб баъзи маълумотларни билиб олган эдим.

Айтишларича, мамлакат бўйича ҳамма дайди ит махсус рўйхатда тураркан. Кўпайишса, уни ҳам билиб тураркан давлат. Ҳар бир итнинг қулоғида шахсиятини билдирувчи белги бўларкан. Улар қаерда юрганини билиб туриш учун кейинги замонларда махсус чиплар ҳам ўрнатилибди қулоқларига. Саломатлиги доимий назоратда эмиш. Бирон итнинг қутурганини ё бошқа бирон касал билан оғриганини билган заҳоти ҳайвон дўхтирлари ишга тушаркан. Ўзларига хос “Тез ёрдам”лари бор экан. Хуллас, ҳам ажабланасиз, ҳам қойил қоласиз.

Бундай қараганда ажабланишга ўрин йўқ. Чунки бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. “Ердагиларга раҳм-шафқат қилсанг, кўкдаги Зот сенга раҳм-шафқат қилади” маънодаги ҳадис билан тарбия топган мусулмон юртида бундай анъана қарор топган бўлиши бежиз эмас, албатта!

Ўша 1997 йили Туркиянинг бир газетида бир профессор-докторнинг (афсус, ҳозир у газетнинг ҳам, у олимнинг ҳам отини эсламайман) мақоласига кўзим тушган эди. Сарлавҳасига “Ғарбда шундай бир ҳужжат бўлганида оламга ноғора қоққан бўларди!” маъносида сўзлар чиқарилган эди. Унда ёзишича, усмонли халифаларидан бири бундан тўрт-беш аср илгари ёввойи, дайди ҳайвонларга яхши боқиш, улар учун махсус шифохоналар очиш ҳақида Олий Фармон чиқарган экан! У замонларда Ғарб қандай яшаганини биламиз, аммо бугун тараққий этди, ҳайвонларга яхши муомалани ҳам кейинги асрларда ўрганди ва бугун бизнинг ўтмишимизни қоронғи, зулмат дея бошлади, ҳолбуки беш юз йил бурунги тарихимиз дунёга инсонлик таълимини бераётир! Агар бугун Ғарб халқлари қўлида бизнинг султонимиз чиқарган фармон каби бир ҳужжат бўлганида эди, улар оламга ноғора қоққан бўларди, биз эса шундай бойлигимизнинг қадрига етмаяпмиз ва дунёга кўрсатиб беролмаяпмиз, деб хулоса чиқарган эди муаллиф мақоласида.

Бу иш ҳам бежиз эмас, албатта. Халифа Умар ибн Абдулазизга (р.а.): “Тоғларга дон сепиб қўйинглар, мусулмонлар юртида қушлар оч қолибди дейишмасин!” деб айттирган дин кейинги халифаларга ҳам тўғри йўл кўрсатмаслиги мумкинми ахир?!

tumblr_mpkafhIQsT1s8za4to1_1280Б) МУШУКЛАР

Кимдир битталарининг яқин кунларда фейсбук саҳифаларида “Бир ёқларда хор бўлиб юргандан Истанбулда мушук бўлган яхши!” деган маънодаги ёзувига кўзим тушган эди.

Бир оз муболаға билан, лекин ҳақиқат айтилган бу гапда. Истанбулда мушуклар ҳам худди итлар каби, балки ундан ҳам яхши эъзозланиши бор гап. Маҳаллий аҳоли учун бу ҳол ажабланарли эмас, уларнинг кундалик ҳаёт тарзи ўзи шунақа, аммо бу хислат меҳмонларнинг кўзига яққол ташланади.

Мушукни суймаган, суйиб эркаламаган одам йўқ бу ерда. Эркагу аёл, ёшу қари бирдай. Худди болаликдан мактабларда муттасил ўқитилгандай. Мактабда ўқитилмаган бўлса ҳам, эскидан бу анъана борлиги ва ҳар кейинги авлод мушуксеварликни ўзидан олдинги авлоддан ўргангани аниқ.

Ҳайронлар қолиб кетасиз! Хафсалани қаранг, дейсиз!

Тўғрисини тан оламан: шахсан мен итни ҳам, мушукни ҳам унча суймайман. Ит- ку, тепада айтдим: болалигимда бир марта тишлаган, ундан кейин кўп бора қўрқитган, уни яхши кўрмаслигим аниқ, аммо мушукни нимага суймаслигимни билмайман. Қаттиқ ёмон кўрмайман, лекин унча хушламайман ҳам.

Бизнинг уйимизда ҳеч қачон ит боқилмаган. Ота-онам (Оллоҳ раҳмат қилсин) замонларида мушук бўларди лекин. Сичқонга қарши ҳам боқилган бўлса керак. Ҳовлининг этагида қолган-қутган овқат солиб қўйиладиган идиш туриши эсимда.

Туркияга илк келган кезларим дайди мушукнинг бунча кўплигига кўзим ўрганолмай ҳам юрдим. Улар йўлкаларда, боғларда, касалхона ҳовлиларида, маҳаллаларда, ҳатто мачит ҳовлиларида ҳам тўдалашиб эмин-эркин юришар, ҳеч ким уларнинг мушугини пишт демас эди. Бир оз жирканардим. “Нимага?” деган саволларим кўп эди. Бора-бора кўзим ҳам, туйғуларим ҳам кўникди. Олдин парвосизроқ бўлдим, айниқса бу галги келишимда завқ билан томоша қиладиган одат ҳам чиқардим.

Дайди мушукларга худди итларга бўлганидек алоҳида давлат дастури борми-йўқмилиги билмайман, аммо биронта мушук назоратдан четда қолмаслиги аниқ. Мушуклар билан кўпроқ аҳолининг ўзи шуғулланади чоғи. Қаерга қараманг, бир чеккаларга ё нон ташлаб қўйилган, ё дўконда сотиладиган мушук емишлари чиройли-чиройли идишларга солиб қўйилган.

Одамлар меҳрибонлик қилаверса, ҳайвон ҳам одамдан чўчимайдиган бўлиб кетаркан. Оёғингиз тагида ўралашиб юради, сиздан чўчимайди. Жуда борса, тиззаларини сал букиб, чўчиганнамо бўлиб ҳушёр туради, аммо қочмайди. Ё менинг ёбончи (четэллик)лигимни билганидан юзимга ҳадиксираброқ қараб турадими, билмайман. Лекин мен ҳам ўрганиб кетдим: ҳали шу пайтгача биронта мушукка пишт демадим.

Биз ҳозир вақтинча яшаб турган уйимиздан икки кўча нарида йигирма метр оралиғида икки-учта мушук ини бор. Кимдир хафсала билан қутидан уя ясаб, ичига юмшок тўшакчалар солиб қўйибди. Олдида бир идишда сув, иккинчи идишда кит-кат. Айримлар ҳатто қўлбос ҳам ташлаб кетади!

Бир куни қаердандир келаётган эдим. Мендан ўн-ўн беш одимча олдинда бир жувон қўлида салафан пакет билан боряпти. Муюлишга етганда йўлка четига тўхтаб пакетидан ул-бул нарса олиб идишларга солди. Яна кетаверди. Орқасида келиб қарасам, мушукка кит-кат емишидан тўкиб кетибди. Қизиқиб, ортидан боравердим. Атай қадамимни секинлатдим. Ҳов наридаги яна битта уя олдидаги идишга овқат солди. Ундан сўнг кўча бошидаги уяга кит-кат солди. Ва… орқасига қайта бошлади. Демак, мушукларга меҳрибонлигини йўлакай қилмади, атай шуларга овқат тарқатиш учун уйидан чиқди, дўкондан мушук суядиган овқат сотиб олди ва тақсимлаб чиқди. Бундан кўринди: бу ишини у биринчи марта қилаётгани йўқ. Фақат мен биринчи марта кўрдим холос.

Яна бир куни онаси билан шаҳар айланиб қайтаётиб кеч қолдик. Шом намозини йўлда ўқидик. Сўнг йўлимизда учраган кичиккина, ихчамгина боққа кирдик.

Турклар кичкиналарини ҳам “парк” деб аташади. Бунақа боғчалар деярли ҳар катта маҳаллада бор. Болалар ўйинларидан тортиб бадан тарбия билан шуғулланадиган жиҳозларгача энг замонавийлари ўрнатиб ташланган.

Озгина дам олмоқчи эдик. Бу ерга кундузи ҳам бир-икки марта кирганман, лекин эътибор қилмаган эканман: қарасам, боғчанинг бир четига пирамида шаклида уч қаватли қилиб катак шаклида ўн бештача уяча қуриб қўйилибди. Агар уч-тўрттаси ичида мушук бўлмаганида уларни болачалар учун қурилган ўйинчоқ-уй бўлса керак ўйлашим табиий эди. Айтганимдек, уч-тўрт мушук уячаларига чиқиб ётибди, бир-иккитаси шу атрофда кезиб юрибди.

Шу пайт орқа томондаги апартман (кўп қаватли бир йўлакли уй)дан бир аёл чиқиб келди. Қўлида халта.

‒ Мушукларни боққани чиқяпти, ‒ деб тусмоллади онаси.

Чиндан, ҳалиги аёл мушукларнинг “апартманчаси”га яқин келиб, чўккалади. Халтасидан бирнималар олди. Ҳар бир уяга ва “апартман” теварагидаги идишларга солиб-қуйиб чиқди. Сўнг бирпас уларнинг кечки овқатланишларини кузатиб турди-да, яна ўзининг апартманига кириб кетди.

Лекин мушукка муҳаббатнинг сал афсусли томонини ҳам кўрдим.

Истанбулга янги келган кунларим эди. Бир куни уй тагида йўл бўйида турсам, пастдан ўттиз ёшлар атрофидаги бир йигит чиқиб кела бошлади. Олдимдан мутлақо парвосиз ўтди ‒ на салом бор, на алик. Бўлмаса ўзидан икки баравар катта ёшдаги одам турибди унга қараб. Менинг қаршимдан индамай ўтди, лекин икки одим нарида ивирсиб юрган мушукни кўриб тўхтади. Хафсала билан ўтирди. Одамларнинг қўлига ўрганган эмасми, мушук ҳам қочиб кетмади. Йигит унинг бошини силади, бўйинларини қашлади, бирнималар деб эркалатди. Сўнг туриб йўлига кетди.

Майли, буни яхши десак, олдинги қилиғини, яъни ўзидан каттага салом бермай ўтганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, менимча. Салом берган бўлганида эди, бунинг устига мушукни ҳам эркалаб қўйса, ахлоқ мукаммал бўларди. Шу томони унча ёқмади. Ёқимсизлиги билан эсимда қолди.

Ҳамма ҳам шу йигитдай демайман. Баъзан ёши мендан катталар ҳам салом бериб ўтганини кўрдим. Аммо бу йигитнинг бир ерда икки яралмишга икки хил муносабати одамни мени бир оз ўйлантирди барибир…

Мен турган уйнинг қаршисида ‒ пастликда қанақадир темирчилик ишхонаси бор. Ўзи кичиккина, лекин иши кўп бўлса керак, келди-кетдиси тинмайди. Ҳар гал мачитга чиққанда атай ўша ишхонага, унинг олдидаги майдончага ихтиёрсиз равишда бир қараб қўяман. Майдоннинг қоқ ўртасида айланасига бир метр майдончада ҳамиша ё дон сепилган, ё суви қочган нонлар ушатиб қўйилган бўлади. Эллик-олтмиш қушнинг ризқи доим ҳозир. Манзара чиройли. Қушлар бири кетса, иккинчиси келиб ризқини териб юрибди…

Олдинги якшанба куни кемага миниб бўғознинг нариги қирғоғига ‒ Каракўй бекатига ўтдим. Кемадан тушиб, автобусларнинг сўнгбекатидан ўтиб бораётсам, бир ерда одамлар тўпланиб турибди. Кўпи четэллик. Қизиқиб мен ҳам тўхтадим. Худди томоша бўлаётгандай эди. Беш-олти мушук ҳар хил ҳолатда ‒ бири оёғига бошини қўйиб, бошқаси гўё ёнбошлаб ётибди. Бир бола қўлидаги сумкаси билан чиройли бир мушукни ўйнатяпти. Сакрайди, сумкани ошиб ўтмоқчи бўлади, боланинг қўлига қараб сакрайди. Бошқа мушуклар эса, худди теваракдаги четэлликлар каби, бу ўйинни завқ билан томоша қилади…

Интернетни очдим: “İstanbul’ın sokaklarında kedı” (“Истанбул кўчаларида мушук”) деган кичик филм ҳам олинганини кўриб, айримлар Туркия мушукларига нимага ҳавас қилишининг янги бир сабабини ҳам билдим. http://bigumigu.com/haber/istanbul-un-kedileri/

Тағин “Туркия мушуклари” жамияти ҳам бор экан, улар фейсбукда махсус саҳифа ҳам очишибди. Вақтим зиқроқ, бўлмаса, яна кўп маълумотлар тўплашим мумкин эди.

Ит ва мушуклар ҳақида ҳам яна анча гапирса бўлади, лекин фб. шароити одамни чеклаб турибди. Ҳозирча шуниси етарли деб ўйлайман.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Манба: Facebook.com

Etiketler :
HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT

SON DAKİKA HABERLERİ
İLGİLİ HABERLER