Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Чин юзага чиқиб, ёлғон йўқолди…

Чин юзага чиқиб, ёлғон йўқолди…
15 Nisan 2016 - 7:00 'да юкланди ва 558 марта ўқилди.

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 31

(давоми)

Сўнгра Жаброил алайҳиссалом келиб, бўлган воқеадан хабар бердилар. Расулуллоҳнинг амрлари билан Ҳазрати Али бориб, ул жоду амалларини қудуқдан топиб чиқди. Ўн бир тугунлик сеҳр таъсирининг раддига ўн бир оятлик икки сура: «Фалақ ва Нос» суралари нозил бўлди.

Жаброил ҳар оятни ўқиганда бир тугун ечилар эди. Ўн биринчи тугун ечилиши билан сеҳр таъсиридан ҳеч асар қолмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлом бўлдилар. Лекин шуни билмак керакким, бу сеҳрнинг таъсири оз-кўп, муборак жасадларида маълум бўлган эди. Аммо ақлларида заррачалик ўзгариш йўқ эди. Шунинг учун пайғамбарликка бу ишнинг заррача нуқсони йўқ эди. Агар инсоний томонга боқилса, турлик жисмоний ҳодисалар пайғамбарларга ҳам бўлиши мумкиндур. Ўтнинг куйдириши, сувнинг ҳўл қилиши, ёлғиз табиатлари билан бўлмай, Аллоҳ изми билан бўлганидек, сеҳрнинг таъсири ҳам Аллоҳнинг изнисиз бўлмайди. Қуръондаги «Ва маҳум бидоррина илла би изниллоҳ», яъни: «Соҳирлар (сеҳр қилувчилар) Аллоҳдин изнсиз ҳеч кимга зарар етказа олмас», деган оят бунга очиқ далиллур.

Ўт ўчиришга сув қандоқ керак бўлганидек, сеҳр амалини бузишга ҳам унинг сабабини топмоқ керакдур. Шунинг учун Расулуллоҳ буни рад қилиш йўлини умматларига ўргатдилар. Сеҳр амаллари билан зарарланиш, кўз тегиб, ундан зиён кўришлик бурундан бери дунёда бўлиб келган ишлардур. Бунинг борлиги Қуръонда ва ҳадис китобларида очиқ баён қилинмишдур. Шунинг учун диёнат аҳлларидан бу нарсаларни инкор қилувчилар йўқдур. Сўнгра Расулуллоҳ сеҳрчи Лабид ибн Аъсомни чақириб, ундин сўрадилар. У ҳам бу ишни қилганига ўзи иқрор бўлиб, бўйнига олди:

«Яҳудлар бир қанча тилло беришиб, мени қизиқтирган эдилар, ақчага алданиб, бу ишни қилдим», деб Расулуллоҳдин кечиришни ўтинди, Олий ахлоққа эга бўлган Пайғамбаримиз унинг гуноҳидан ўтдилар. Бу яҳудларнинг Расулуллоҳга ҳар вақт душманлик қилишларида энг зарур ёрдамчилари Мадина мунофиқлари эди. Буларнинг сонлари бир ривоятда келишича, уч юзга яқин бор эди. Бу мунофиқларнинг раислари Абдуллоҳ ибн Убай ўлгунчалик Пайғамбаримизга қаттиқ душманлик билан дунёдин ўтди.

Мунофиқ деб, Қуръонда тили мусулмон, дили кофир кишиларни айтилур. Тилида иқрор қилиб, мусулмон бўлса, кўнглида шак келтириб, куфр сақласа, мана шундоқ одам чин мунофиқдур. Шариат олдида кўринов кофирдин яширин кофирнинг гуноҳи қаттиқроқдур. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръонда «Иннал мунафиқийна фидарил асфали минаннар» ояти билан мунофиқларга қаттиқ жазо беришини билдирди. Яъни, «Мунофиқлар дўзахнинг энг остинги қаватига тушадилар», деди. Қуръондаги Мунофиқун сураси мана шулар ҳақида нозил бўлди.

Пайғамбаримиз буларнинг оғзаки иймон айтишларига қаноат қилиб, Ислом ҳақида қанча кўп қилган хиёнатларига қарши сабр этдилар. Чунки у кунларда илоҳий томондан берилган буйруқ шундоқ эди. Ва Расулуллоҳ ҳар вақтнинг сиёсатига қараб иш қилур эдилар.

Оламда сабабсиз ҳеч бир ишнинг вужудга чиқиши мумкин эмасдур. Бу мунофиқларнинг Расулуллоҳга бунчалик қаттиқ адоват тутишларига сабаб шул эдиким, Расулуллоҳ Мадинага келмасларидан илгари Абдуллоҳ ибн Убайни Мадина араблари подшоҳ қилмоққа иттифоқ қилган эдилар. Бунга атаб тожу тахт ҳам тайёрлаган эдилар. Шу орада ислом воқеаси қўзғалиб қолди. Расулуллоҳ ҳижрат қилиб, Маккадан Мадинага келдилар. Чин юзага чиқиб, ёлғон йўқолди. Ҳақиқат келди, ботил бузилди. Одамлар у мунофиқнинг тилагидан тондилар. Мусулмонлар у амалпарастнинг истагини эсларидан чиқаздилар. Мана бу иш сўнгида бунинг бошига қиёмат қўпди. Бутун вужудини ҳасад ўти ўртади. Барча оламга етган «Раҳматан лил оламин»нинг файзидин бу мунофиқнинг бир тола туки ҳам баҳра топмади. Дунё ва охирати бу ўт ичида тамом куйиб, кул бўлди.

Байт:

«Этар раҳмат суви кўк кавкабина
Этишмас қатраи гумроҳ лабина».

Шунинг учун айтдилар:

— Ҳар душманликнинг сабаби, агар ҳасаддан бошқа нарса бўлса, ундоқ душманлик дўстликка айланиши мумкиндур. Аммо ҳасаддин чиққан душманлик бўлса, бунинг дўст бўлиши мумкин эмасдур. Мисоли, отамиз Одам билан Иблис алайҳил лаънанинг душманлигидур. Бу душманлик ҳасад сабабидин бошлангани учун авлодлари орасида душманчилик қиёматгача давом этмоқдадур.

Шунга ўхшаш дунёдаги бойлар ва чоғойлар (камбағаллар) ўрталарида узлуксиз душманликнинг давом этмаги шу ҳасад қўзғалишининг айрилмас натижасидур. Бу ҳасад ўтини иймон сувидан бошқа нарса билан ҳеч қачон ўчиролмайдилар. Шунинг учун инсоният оламининг ислоҳига ҳақиқий исломиятдан ўзга ҳеч чора йўқдур. Бу ҳақиқат қачон юзага чиқар экан, уни Аллоҳ билур.

Яна мақсадга келайлик. Энди шу юқоридаги сўзлардин маълум бўлди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларидан кейин икки тоифадан қаттиқ қаршилик кўрдилар. Биринчиси, Мадина мунофиқлари, иккинчиси, шу ерлик яҳудийлар эди. Шу вақтнинг шароитига қараб, мунофиқлардин тил иқрорини қабул қилдилар. Шунга ўхшаш яҳудлар билан аҳднома

туздилар. Унинг мазмуни бир-бирларига зарар етказмаслик, мусулмонларга қарши ҳаракатда бўлмаслик, Мадина устига бошқа душманлар тарафидан ҳужум бошланган ҳолда мусулмонларнинг ёрдамида бўлишлик — шу сўзлар аҳдномада шарт қилиб қўйилган эди. Мадинага келганларига орадан ўн уч ой ўтди. Шу муддат ичида ҳеч ерда диний жиҳод қилмадилар. Динга киргазиш қасдида ҳеч бир қабила билан урушмадилар. Бу тўғрида Худо тарафидин ҳам жиҳодга изн берилмаган эди. Балки динга даъват қилишда сабр билан тебраниб, тадрижий равишда иш олиб бормоққа буюрилган эди. Аҳқоф сурасида:

«Фасбир кама сабара улул азми минар русули фала тастаъжил лаҳум», яъни: «Ўтган улуғ пайғамбарлар сабр қилгандек, эй Муҳаммад, сен ҳам сабр қил. Мушрикларга тездан азоб келишини тилама», деган мазмундаги оят шу ҳақда нозил бўлди. Худо тарафидан ғазот қилишга рухсат бўлгунчалик ҳақиқатни тушунтириш, билмаганларни билдириш йўли билан халқни динга даъват қилдилар. Уруш-талашга ҳеч кимни қизиқтирмадилар. Бунга шошилган кишиларни қаттиқ қайтардилар. Чунки инсоннинг вужуди — Аллоҳнинг иморатидур.

Буни бузишга Аллоҳнинг ризолиги йўқдур. Ҳақиқатни юзага чиқаришга бутун йўллар ёпилса, инсон оламининг танасида ҳаром қон тўлиб тошганлигидан, умумий ҳалокатни юзага келтириш қўрқинчиси бўлса, буни қайтаришга қон олишдан бошқа чора топилмаса, ана шу чоғдагина, Қуръон ҳукмида, ақл олдида жиҳодга, урушга рухсат қилинади. Чунки инсон ислоҳи учун қўлланиладиган чораларнинг энг охири— қиличдур.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар