Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳирс ва қўрқоқлик кишининг энг ёмон хислатларидир

Ҳирс ва қўрқоқлик кишининг энг ёмон хислатларидир
04 Mayıs 2016 - 7:00 'да юкланди ва 673 марта ўқилди.

the_russians_545x300_u6i (1)Абдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(33-қисм)

ҲИРС

Аммо саъй-ҳаракатнинг натижасига рози бўлмаслик ҳирсдир. Ҳирс касаллигига мубтало бўлган шахслар, яъни қилган ҳаракатларининг натижасига рози бўлмайдиган ёки сабру тоқатларидан ортиғига зўр берганлар махлуқий ҳирс йўлида ўз нафсларини ҳалокат домига ташлайдилар.

Баъзилар эса буткул маъюс бўлиб ишдан қўл узадилар ва ғам-ғусса чекиб ўзларини тамом қиладилар. Бу иккала суратда киши нобуд бўлиши мумкин. Шунинг учун ислом дини бизни ҳирсдан манъ қилади: «Ҳирсдан ҳазар қилингки, ҳирс сиздан олдин ўтган қавмларни ҳалок қилган».

«Жомеъ ус-сағир» ҳадисларидан бирида шундай дейилган: «Ҳирс ва қўрқоқлик кишининг энг ёмон хислатларидир».

Ҳирс фақатгина ўз соҳибига зарар етказмай, балки бир жамиятнинг интизом ва осойишталигига халал беради. Зеро, ҳирс доимо ҳасадга сабаб бўлади, ҳасад эса буғзу235 адоват туғдиради. Вакилларининг орасидан буғз ва адоват жой олган қавмнинг ҳаёти, боқийлиги йўқлик шамолида соврилади. Ҳақ ислом дини бу ҳақда очиқ-равшан баёнотлар беради. Имом Муслим «Китобуз-зуҳр»ида ривоят қиладики, Пайғамбаримиз саҳобаларидан сўрадилар: «Эй асҳобим, Эрон ва Румни фатҳ қилганингизда қандай ҳолга тушасизлар?» Абдураҳмон ибни Авф жавоб бердиларки: «Биз у вақтда ҳам илоҳий амрларга тобеъ бўламиз».

Ҳазрат дедилар: «Шу амрларга қарши борасизларми деб қўрқаман, ҳирсга берилиб қоласизлар-а! Ундан сўнг ҳасадга гирифтор бўласиз, ундан кейин (ҳасаднинг ортидан) дўстлик алоқалари ва биродарлик ўртангиздан кўтарилади, оқибатда ишингизга буғз ва адоват аралашади».

Имом Бухорийнинг «Китоб ур-риқоқ»ида, Имом Муслимнинг «Китоб ул-фазоил»ида «Замин хазиналарининг калитини сизларга топиб беришим учун бердилар, Аллоҳга қасамки, шундан кейин сизнинг кофир бўлишингиздан қўрқмайман, балки бу дунёга ҳирс қўйишингиздан қўрқаман», — дейилади.

ИҲМОЛ

Иҳмол (вақтни бекор ўтказиш) — биз туркистонлиларда мавжуд бўлган, ўзимиз қаноат деб атайдиган танбаллик, бекорчилик, ҳаракатсизликдир. Буларнинг жоиз эмаслиги хусусида рисоламизнинг бир неча жойида батафсил баён қилдик, яна такрорлаб ўтиришни лозим кўрмадик.

ҲУСНИ ҲАЙЪАТ

Ҳусни ҳайъат тоқат етганга қадар ўзини покиза тутушлик ва шу қадар зийнат беришликки, одамлар сиз билан кўришиб, суҳбатлашганларида сиздан нафрат қилмасинлар. Покизалик дини исломнинг энг муҳим амрларидан биридир. Бизнинг шариатимиз ўз тобеъларига кеча ва кундуз қўл ювмоқликни фарз айлаган.

Тозаликнинг фойдалари шу қадарки, уни айтиб ва ёзиб тамом қилиб бўлмайди. Энг аввало, озодалик тан сиҳатини ҳимоя қилиб, умрни узайтиради. Бугун бизнинг мамлакатимиздаги мавжуд турли касалликларнинг асосий сабаби ифлосликдир. Иккинчидан, поклик одамнинг табъини равшан қилади. Учинчидан, одамнинг иззат-эътиборини зиёда этади. Агар одам бою бадавлат, ё илму фан соҳиби бўлиб ифлос, кир бўлиб юрса, у одамдан халқ юз ўгиради. Тўртинчидан, неъматнинг шукридир, зеро аъзойи баданимизнинг ҳар бир узви бир илоҳий неъмат бўлиб, биз парваришлаб покиза сақлашимиз лозим. Маданий миллатлар тозаликни ҳаётларининг гарови қилиб олганлар. Биринчи қиладиган ишлари болаларини тозаликка ўргатадилар. Уларнинг мактабларида қулай ҳаммомлар қурилган бўлиб, мактаб болаларини ҳафтада бир марта чўмилтирадилар, кийимларини кир қилган болаларга жазо берилади. Қани кўрайлик-чи, бу хусусда ислом дини нима фармойиш берган экан: «…Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни… истайди»236.

«Либосингни покиза тут» дейилган ҳадисда ҳам. Бу ҳақда Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Пайғамбаримиздан кўплаб ҳадислар келтирганлар, уларнинг баъзиларини шу ўринда келтирамиз: «Покизалик иймоннинг жузъидир». «Агар мушкул бўлмаганида умматларимга ҳар намоз вақтида мисвок қилишни амр қилардим». Ҳар бир мусулмонга илоҳий Ҳақ амри келганки, ҳафтада бир марта ғусл қилиб, бош ва баданларини ювсинлар.

«Хилол қилинг (яъни, тишларингизни тозаланг), зеро хилол қилишлик тозаликдир, тозалик иймонга бошлайди, иймон эса ўз соҳибини жаннатга етказади». «Намоз вақтида ва таом вақтида хилол қиладиган умматларимнинг ҳоли хуш бўлсин».

(давоми бор)

235.Буғз — гина, кудурат.
236.Куръони карим, Моида сураси, 6-оят.
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
ЕХҲТ анжуманида расмийлар Б.Абдуллаев ҳақидаги саволларни очиқ қолдирди
Бобомурод Абдуллаевнинг онаси: ‘Болам, қўрқма! Мен сени тўғри ўстирганман’
Интиқор (Қорабозорчилик)
Давлат тўнтаришида айбланаëтган журналистнинг онаси Мирзиëевдан ëрдам сўради
Муҳаммад Солиҳ: Мустақил журналист Бобомурод Абдулла (Усмон Ҳақназар) ва Акром Маликов (Абдуллоҳ Нусрат)нинг ҳибсга олиниши ҳақда мулоҳазалар
Давлат адвокати журналист Абдуллаевнинг онасидан пул сўради
МХХ ертўласида қолаётган журналистнинг онаси Мирзиёевдан ёрдам сўради
БМТнинг диний эксперти: Мамлакатда виждон, фикр, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд тартибга солинади
Қирғизистон президентлик сайловларида Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонди
Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, ўғли билан кўришишга рухсат беришини сўраб терговчига ариза билан мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган
Ўхшаш хабарлар