Топширилган вазифани уддалаган Каримов, у пайтда ўлган бўлади

Топширилган вазифани уддалаган Каримов, у пайтда ўлган бўлади
79 views
09 May 2016 - 6:00

chinor-Karimov-e1455969443564.jpgҲаволарга совурилган йигирма уч йил…

(12)

Ўзидан кечолмаган Бойқушали, энди ҳеч қачон ўзлигини тополмайди. У соясига эргашади, унга эса вазирлари – бутун ҳукумат эргашади.

Миллат маёғини излаган карвон сингари бошини йўқотган ҳукуматнинг теварак-атрофида айланаверади, айланаверади.

Узоқ йўл босилади, аммо бирорта ҳам чўққи забт этилмайди, кўзланган манзиллар сароб бўлиб чиқади.

Фуқаро охирида, қоқ денгизнинг ўртасида эшкакларини сув оқизиб кетган қайиқ ҳолига тушади.

Саросима, бўлар-бўлмас гап-сўзлар урчийди. Оғиз-бурун ўпишиб юрганларнинг барчалари, бир-бирларини айблай бошлайдилар. Шунда, янги қаҳрамонлар чиқади. Улар Каримовнинг номини айтиб, оғзи-бурниларидан оқ кўпик сочиб масиққан туя сингари жон аччиғида қичқира бошлайдилар.

Афсуски, ҳомийлари томонидан олдига қўйилган вазифани тўла-тўкис амалга оширган Каримов – Бойшқушали бу пайтда ўлган бўлади. Янги қаҳрамонлар унинг орқасидан тошбўрон қилар эканлар, қуллуқ қилиш учун иккинчи бир Бойқушалини излашга киришиб кетадилар…

…Анжуманлар саройидан туриб, дурбиндан отнинг чоти орасига термулаётган президент Каримов юқоридаги каби сон-саноқсиз муаммоларни билмайди, деб ўйлайсизми?!

Албатта, билади!

Нафақат билади, у шу муаммолар бош ижодкори, халқни шундай аҳволга солиш тарафдорларининг толмас йўлбошчиси, безбет йўриқчиси ва жирканч илҳомчисидир. Унинг қўлидан шу йўсин бузғунчиликлардан бошқа иш келмайди.

Баъзи бировлар: “ота”нинг бу ишлардан хабари йўқ, барчасини пастдагилар лойқалатиб ётибди, дегани шунчаки чўпчак, ақлсизликдан бошқа нарса эмас. Бу билан улар ўзларининг сиёсий жиҳатдан саводсизлигини, ҳали тўлақонли фуқаро даражасига етмаганликларини намоён этаётганларини сезмайдилар ҳам.

Қўлида бутун мамлакатнинг хавфсизлик тизимлари, пул ва бошқа даромад манбаалари туриб, бу одам ҳамма нарсадан бехабар экан, демак-ки, бу унинг президентликка тўлиқ нолойиқлигини намоён этмайдими?!

Ён-атрофида нималар содир бўлаётганини билмаса, зулукдек курсига ёпишиб нима қилади?

Ички аҳволни билмаса, Қозоғистон, Тожикистон ёки Афғонистон каби мамлакатларнинг ички ишларига бурун тиқиб, ўзини билағон кўрсатишга бало борми?

Ёким у ўзбек халқи ҳаётида сон-саноқсиз муаммоларни урчитишни хоҳламаган экан, нима учун мухолифатни мамлакат ичкарисидан суриб чиқарди? Нима учун тўғрисини айтган кимсаларни қамоқхоналарга ташлади, ўлдирди, қирди?

Мухолифат бўлганда, мамлакат ва миллатнинг аҳволи шу даражага тушиб қолардими?!

Йўқ, албатта!

Ҳақиқий демократик – ўз-ўзини бошқариш тизими бунёд этилганда, президентга қонунларни ишга солиб туришдан бошқа иш қолмасди. Мухолифат вакиллари ҳар жойда олов алангга олмасидан аввалроқ бурди-балоларнинг олдини оларди, карвон қўнғироғи сингари туғилиши мумкин бўлган хатарлардан жамиятни вақтида огоҳ этарди. Каримовга ўхшаб ўзи атай олов бериб, барчаси ёниб кулга айлангач, орқасидан дод-вой этилишига имкон берилмасди.

Эркин матбуот бўлмагач ҳар ерда мухолифат тушунчаси ва танқидий қарашлар одамлар онгидан сиқиб чиқарилади. Сўнгра эса, қаерда бўлмасин биздаги каби хунук ҳолатларнинг рўй бериши табиий эҳтиёжга айланади. Қонунлар куч-қудратдан қолади, ишсизлик авж олиб маиший бузуқликларга йўл очилади, маънавиятга путур етиб, минг йиллик анъаналар завол топа бошлайди.

Бу нарсалардан ҳайратга тушишнинг кераги йўқ, аюҳаннос ҳам солиш керак эмас. Ёким, яна чорак аср айбдорни қидириб, ҳар куни бир-биримиз билан ёқа бўғишгандан ҳам фойда чиқмайди.

Яна, ўша гап. Биз ҳурликка эришмоқни чин юракдан истасак, ҳақиқатан қуллик занжирларини узиш истагимиз бўлса, бир мушт бўлиб, бир ёқадан бош чиқаришимизга тўғри келади. Шунда, бутун миллатнинг ва мамлакатнинг ёвуз душмани бўлган Каримов истибдодидан осонлик билан қутуламиз, пахта яккаҳокимлигига чек қўямиз. Бизнинг олдимизда шундан бошқа йўл йўқ.

Каримовни мамлакат ҳаётидан ситиб ташлаб, тараққиёт учун кураш – бизнинг ҳаёт-мамот ишимизга айланиши зарур. Шунда, биз ўзимизнинг ҳақ-ҳуқуларимизга эга бўламиз, болаларимиз ва миллатимизнинг келажагини яратамиз.

Агар, қароқчиларча тортиб олинган эркимизни – ҳақ-ҳуқуқларимизни  Каримовнинг қўлидан онгли равишда тортиб ололмас эканмиз, унинг орқасидан ҳукумат бошига келадиган кимса, бизни ундан ҳам баттар хору зорликларга гирифтор қилади. Биз, кейинги тўрт асрдаги сингари Ҳурлигимизни, Озодлигимизни йўқотган ҳолда яшашни давом эттирамиз…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон