Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Агар булар ҳокимиятда қолса, мамлакат қонга ботади!

Агар булар ҳокимиятда қолса, мамлакат қонга ботади!
10 Mayıs 2016 - 6:00 'да юкланди ва 2203 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

(3-қисм)

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

“Ўзбекистон ССР Олий кенгаши раёсати ва Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар раҳбарлари иштирокидаги қўшма мажлисининг БАЁНОТИ”(дан:)

“1. Бугун мамлакатда ниҳоятда зиддиятли аҳвол юзага келди, республикалараро қарор топган алоқалар бузилди, нарх-наво ошиб кетди, аҳолининг турмуш даражаси пасаймоқда, халқни озиқ-овқат ва истеъмол моллари билана таъминлаш кундан-кунга ёмонлашмоқда, миллатлараро ва ижтимоий танглик, жиноятчилик кучаймоқда, фуқароларнинг хавфсизлиги ва осойишталиги етарли даражада таъминланмаяпти. Мамлакатдаги тоқат қилиб бўлмайдиган бундай аҳвол узоқ вақтдан бери давом этмоқда ва ҳал қилиниши зарур”.

Ушбу баёнотда ва, умуман олганда, Ўзбекистон томони қабул қилган бошқа ҳужжатларда “ФҲДҚ қарорларини қўллаймиз” деган кўринишда очиқ гап йўқ, аммо қайта қуриш сиёсати ҳаммаёқни издан чиқарди, мамлакатда тартиб-интизом ўрнатиш заруратини юзага келтирди, деган хулоса билан зимдан ФҲДҚнинг қайта қуриш даврига берган баҳоси тўла қўллаб-қувватланди.

“…республикалараро қарор топган алоқалар бузилди” деб нолиш эса, ҳаммамизни бир-биримизга боғлаб турган СССРдай бир давлат шундоқ кўз ўнгимизда бўлиниб кетяпти, деган ички фарёднинг юзага чиққан ифодасидир. Бу каби мурожаату баёнотлардан кейин газетнинг таг қисмида “Осойишталикни сақлайлик, тартибни мустаҳкамлайлик” деган сарлавҳа остида мана бундай хабарча ҳам чоп этилган. Унда жумладан бундай дейилади:

“19 август куни Ўзбекистон ССР Президенти И.А.Каримов Тошкент шаҳри фаоллари билан учрашди. Учрашувда мамлакатда юзага келган вазият кўриб чиқилди. Республика Президенти ҳозирги мураккаб вазият ҳақида ахборот берди. У совет жамиятини демократик руҳда қайта тиклашга умид туғдирган қайта қуриш ҳозир боши берк кўчага кириб қолганини таъкидлади. Бунинг сабаби қайта қуришнинг аниқ-равшан концепсияси бўлмаганлигида, уни рўёбга чиқаришнинг стратегияси ишлаб чиқилмаганлигидадир.
Ўзбек халқининг: “Янги уй қурмай туриб эскисини бузма”, деган доно мақоли бор, деди Ислом Абдуғаниевич. Бизда эса аксинча бўлди ‒ эскисини бузиб ташладик. Мана сизга аянчли натижа ‒ ёмонроқ яшай бошладик…
Шундан сўнг Ўзбекистон ССР Президенти янги Иттифоқ шартномасига тўхталди. Айни вақтда у Ново-Огаревода ишлаб чиқилган шартнома нусхасининг тарафдори бўлиб қолишини таъкидлади, чунки у яхшилаб пишиқтирилган, пухта ўйлаб тузилган ҳужжат бўлиб, барча томонларнинг манфаатини акс эттиради”.

Яъни, қисқача айтганда, қайта қуриш сиёсати демократия қиламан деб мамлакат бошига кулфат олиб келди, бошбошдоқлик бошланди, тезда Иттифоқ шартномасини имзолашимиз керак ‒ биз Иттифоқ доирасида қоламиз…

Камина ўша кезлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси қошидаги “Мовароуннаҳр” нашриётида ишлар эдим. Давлат тўнтаришидан хабарсиз қолибман. 19 август куни эрталаб ишга келсам, шов-шув: одамлар нимадандир ташвишда, аммо ичидаги ташвишни ташига чиқармайди, кулимсирамоқчи
бўлади, кулгиси тиржайиш бўлиб чиқади. “Нима гап?” десам, “Эшитмадингизми?..” деб воқеани қисқача сўзлаб беришди.

Ҳар неччи дақиқададир ФҲДҚ баёноти радиода ўқиб турилибди экан. Навбатдаги такрор чоғи матн терувчилар хонасидаги радио теварагида уч-тўрттамиз тўпландик. Икки оғиз эшитган заҳотим:

‒ Тамом, – дедим, – ёмон бўлибди! Агар булар ҳокимиятда қолса, мамлакат қонга ботади!

Нашриёт мудири “тилингизга эҳтиёт бўлинг” деган маънода кўрсаткич бармоғи учини шундоқ ҳам юмиқ лабига босиб қўйди. Қарасам, фикрини очиқ айтиб юборган бир мен бўлибман…

Шу куни идора теварагида ҳар хил шубҳали-шубҳасиз кишилар ўралашиб қолди.
Адашмасам, пешиндан кейин ТуркВО (Туркестанский военный округ – Туркистон ҳарбий округи) штабидан сиёсий ишлар бўйича ўринбосар бир армани майор (адашмасам, фамилияси Богдасаров эди) олдин диний бошқарма идорасига, ундан кейин нашриётимизга келди. Ҳаммани мудир хонасига тўплатди. Сиёсий вазиятни ўзича тушунтирган бўлди. Ҳушёрликка, “тентаклик қилиб қўймаслик”ка чақирди…

Айтмоқчи бўлганим, унинг оғзидан чиққан ушбу муҳим сўзлардир. У айнан бундай деди:

– Москва тўпаланг… Елсинчилар кўчада… Лекин бугун-эрта ҳаммаси қўлга олинади, мамлакатда тартиб-интизом ўрнатилади! Митингвозликларга чек қўйилади! Ўрта Осиёда Қирғизистондан бошқа жойларда тинчлик. Ақаев жиннилик қиляпти, одамларни кўчага чиқишга ундади, Елсинни ва демократияни қўллаймиз, деб чиқди. Ничево, Бишкекка ТуркВОнинг танклари киритилди, бугун-эрта унинг иши ҳал… Лекин бизнинг президент (яъни, Ислом Каримов. ‒ Н.М.Р.) маладес! Округимиз қўмондони Ҳиндистонга телефон қилиб ҳолатни тушунтирган эди, Ислом Каримов “Биз ФҲДҚни қўллаймиз!” дебди. Бугуноқ мамлакатга қайтяпти. Маладес!..

Бу воқеага шахсан гувоҳман ва шу гапларни ўз қулоғим билан эшитганман. Майор Богдасар(ян)овнинг хабари тўғри эканини эртаси ва индини газетларда эълон қилинган, сал тепада келтирганимиз ҳужжатлар қатъий исботлади.

Кейин пиластинка бирдан чаппа айланиб кетди.
21 август куни Масковда ФҲДҚ ютқазди, ҳокимиятга Борис Елсин бошлиқ демократлар келди. Шу заҳоти “Ўзбекистон ССР Президентининг Фармони” чиқди:

“…
1. Ўзбекистон ССР ҳудудида ҳокимият ва бошқарув идоралари, корхоналар, ташкилотлар ҳам муассасаларнинг қабул қилган барча қарорлари ва уларнинг ижроси СССР ва Ўзбекистон ССР Конституцияларига ҳамда қонунларига, Ўзбекистон ССР Президенти Фармонларига, Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши билан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишларига сўзсиз мос келиши керак.

2. СССРда Фавқулодда ҳолат давлат комитетининг СССР Конституцияси ҳамда қонунларига, Ўзбекистон ССР Конституцияси ҳамда қонунларига зид келадиган фармонлари ва қарорлари ҳақиқий эмас, деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Президенти
И.Каримов.
Тошкент шаҳри 1991 йил 21 август”.

Бу Фармон гарчи ФҲДҚни республика ҳудудида қонундан ташқари деб эълон қилаётган бўлса-да, ҳамон СССР Конституцияси ва қонунлари устувор эканини ҳам алоҳида таъкидлаб турибди.

Яна бир антиқа ҳужжат:
ФҲДҚ қулатилганидан кейиноқ СССР Президенти М.С.Горбачёв уй қамоғида ушлаб турилган Қораденгиз бўйидаги Форос далаҳовлисидан Масковга келтирилди. У пойтахтга келган заҳоти ҳокимият ҳали ҳам ўзининг қўлида эканини билдириб қўйиш учун кетма-кет мурожаату фармонлар эълон қила бошлади. Сўнг негадир 1991 йил 24 август куни тўсатдан ғалати бир баёнот берди:

“…Мана шундай вазиятда КПСС Марказий Комитети ўзини ўзи тарқатиб юбориши ҳақида қийин бўлса ҳам виждонан қарор қабул қилиши керак. Республика Компартияларининг ва маҳаллий партия ташкилотларининг тақдирини уларнинг ўзлари белгилайдилар. КПСС Марказий Комитетининг Бош котиби вазифаларини бундан буён бажаришни ўзим учун имконсиз деб ҳисоблайман ва тегишли ваколатларни зиммамдан соқит қиламан”.
Бугунги кўз билан қараганда ҳам бу баёнот ниҳоятда оламшумул, дунёнинг кейинги тақдирига катта таъсир кўрсатадиган улкан воқеа эди. Мустақиллик истаганлар учун эса, агар чиндан ҳам мустақилликни юрак-юракдан истаган бўлса, айни вазият такрорланмас фурсат, отни қамчилаб қолишга энг қулай имконият эди! Ахир, Бош котибнинг ўзи қудратли партиясининг ўлимига ҳукм ўқияпти! Ер юзининг олтидан бир қисмида 74 йил давомида ҳукмини юритиб келган, ҳақиқатни тескарисидан ўқиш билан кишилик жамиятлари бошига кўп кулфатлар солган, худосизлиги билан машҳур ёвуз партиянинг ҳаётига сўнгги нуқтани қўйяпти! Республикаларга ўз тақдирингни ўзинг белгила деяпти!

Хўш, ўша республикалардан биттаси бўлган Ўзбекистон бошлиғи бунга жавобан нима қилди?

Орадан тўрт кун ўтказиб (демак, роса ўйлаб, мулоҳаза қилиб, ниҳоят бир тўхтамга келиб) Ўзбекистон ССР Президенти, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Биринчи секретари Ислом Каримов шахсан бундай баёнот берди:

“Бугун ишонтириб айтмоқчиманки, биз бундан буён ҳам коммунистлар билан маслаҳатлашмай, Марказий Комитет Пленуми аъзоларининг фикрини инобатга олмай ҳеч қандай туб қарорларни қабул қилмаймиз…

Мен М.С.Горбачёв қабул қилган қарорга мутлақо қўшилмайман. У КПСС Марказий Комитети Бош котиби ваколатларини зиммасидан соқит қилиш ҳуқуқига эга, албатта. Лекин партия ўзини ўзи тарқатиб юбориши тўғрисида, партия мулкининг тақдири тўғрисидаги масалани Пленум ёки партия съезди ҳал этиши керак”.

Жайдарича айтганда, “Эй Миша Горбач, сен партиямизга бошлиқликдан кетмоқчи бўлсанг ўзинг кетавер, катта кўча, аммо муқаддас партиямизнинг тақдирини бизга ‒ Пленум аъзоларига қўйиб бер! Биз эса “бундан буён ҳам коммунистлар билан маслаҳатлашмай, Марказий Комитет Пленуми аъзоларининг фикрини инобатга олмай ҳеч қандай туб қарорларни қабул қилмаймиз”!!!

Бундай фикрдаги одамни “мустақиллик меъмори” деса бўладими?!

Менимча, изоҳ шарт бўлмаса керак.

Энг ажабланарли иш Республикада мустақиллик эълон қилиб бўлинганидан кейин юз берди. 1991 йил 3 сентабир куни “Халқ сўзи” газети бир ҳужжат чоп этди. У “СССР Президенти билан иттифоқдош республикалар олий раҳбарларининг БАЁНОТИ” деб аталган (республикалар раҳбарлари шаънига битта “олий” сифати қўшилганини демаса, СССРнинг эски ҳолатидан ҳеч нарса ўзгармаган!).

Баёнот катта бўлгани учун уни бу ерда тўлиқ келтириш имконимиз йўқ, қисқачаси бундай: республикаларга “Иттифоқ шартномаси” бераётганидан кўпроқ ва кенгроқ ҳуқуқлар берилади, ички-ташқи сиёсатини ўзи юритадиган бўлади, ҳатто Бирлашган Миллатлар ташкилотига алоҳида-алоҳида аъзо бўлиши мумкин, лекин…

Лекин мамлакат ҳудуди яхлит бўлиб қолади, пул ва армия бирлиги сақланади… ва ҳоказо. Яна ўша Иттифоқ шартномаси! Эскисидан фарқи ‒ энди республикалар олдига сал каттароқ суяк ташланган, холос.

Баёнотга қўл қўйганлар: СССР Президенти М.С.Горбачёв ва РСФСР, Украина, Белоруссия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбойжон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон республикаларининг “олий” раҳбарлари! (Бу битим имзоланиши маросимида Гуржистон кузатувчи сифатида иштирок этган, Арманистон, Молдавия ҳамда Болтиқбўйи республикалари умуман йўқ!) Ана сизга 31 августда эълон қилинган “мустақиллик”имиз баҳосию қадр-қиймати!

Бунга ҳам изоҳ шарт эмас, шундоқ ҳам ўзи тушунарли бўлиб турибди. Албатта, август ойи ярмидан то йил охирларигача кўп “олий раҳбар”лар қатори Ўзбекистон “олий раҳбари” Ислом Каримовга ҳам жуда оғир бўлган: кўнглида, Шукрулло Мирсаидов айтганидек, мабодо миллатпарварлик ва ватанпарварлик туйғуси бор бўлган тақдирда ҳам, бир ёқдан, республика коммунистлари бошлиғи сифатида Масковдаги бевосита хўжайинларига сўзсиз бўйин суниши ва СССРни бус-бутун сақлаб қолишга жонбозлик кўрсатиши лозим, иккинчи ёқдан, озодлик истаб майдонларга тўкилган халқининг босим-талабига ҳам қулоқ солишга мажбур эди.

Бугун бизни ўйлантираётган ва бизга тарихий адолатсизлик бўлиб туюлаётган масала шу нуқтада: “Муҳтарам давлатбошимиз” чиндан ҳам мустақилликнинг ягона ташаббусчиси ва лойиҳачи-меъморими ёки ички-ташқи шарт-шароит тақозоси билан ўртага қалқиб чиқиб, кечагина мустақилликни истамаган, ҳатто унга қарши бўлган “Биринчи секретар”дан бугун мажбуран “мустақиллик меъмори” га айланиб қолган бир арбобми?!

Ҳа, агар “мустақиллик меъмори” 16 унвонини кимгадир бериш лозим бўлса, бир замонлар бизни мустамлака қилган давлат (Ўрусия)нинг ўзига бериш керак бўлади. Чунки Ўрусия росмана кетига тепиб ҳайдаб солмагунича Ўзбекистон раҳбарияти сира мустақил бўлгиси келмади!

1991 йил мартида ўтказилган референдумда СССРни сақлаб қолиш йўлида тиш-тирноғи билан курашиб, тарғибот-ташвиқотни кучайтириб, халқининг мутлақ (97 фоиздан ортиқ) кўпчилигига Ўзбекистоннинг СССР таркибида қолишига овоз бердиртиргани сабаби ҳам шунда.

Ташқи вазият етилиб турганида ички вазият унга мослашишдан бошқа иложи қолмайди. Курашиб олинмаган, мустамалакачиларнинг ўзлари тепиб-суриб бир чеккага чиқариб ташлаганидан кейингина эришилган “мустақиллик”да шахснинг аҳамияти бўлмайди.

Яъни, Ислом Каримов ўрнида ким бўлса ҳам осмондан тушиб қолган “мустақиллик”ни эълон этишга мажбур бўлар эди, демоқчимиз. Диққат қилганмисизлар, курашиб эришилган мустақилликлар тепасига ўша курашганлар келган, ўшаларни озми-кўпми “меъмор” деса бўлади ‒ булар Гуржистон, Озарбойжон ва Болтиқбўйи жумҳуриятлари эди. Аммо мустақил бўлиб ажраб чиқишга мажбурланган бизларники каби давлатлар тепасида Компартиянинг ўша палладаги Биринчи секретарлари қолаверишди! Кўйлак-иштонини алмаштириб олди, холос! Қул “Биринчи секретар”дан бир кунда мустақил “президент”га дўнди!

Бу дўнганлар асосан Ўрта Осиё жумҳуриятлари ва айрим бошқалар эди! Мана шу ҳолатнинг ўзидан ҳам кўп нарсани англаб олса бўлади. Ҳа, “мустақиллик”нинг эълони Ўзбекистонда чиндан ҳам Ислом Каримовнинг
оғзидан чиқди ва йигирма йилдан бери… мияларимизга буни қайта-қайта қуйиб-уқтириб келяпти.

Ҳолбуки, озгина виждони бўлганида бу нарса Оллоҳнинг хоҳиш-иродаси, халқнинг ҳаракати билан юзага чиққанини тан олар ва ҳеч қачон унутмас эди! Жанговар маддоҳлари ва журналистларига ҳам тайинлаб: “Э барака топкурлар, ҳар ишга менинг отимни тиқиштираверманглар, мен чекимга тушганини қилдим.

Аслида мустақиллик истаб-талаб қилиб майдонга чиққанлар бошқалардир, ана ўшаларни чинакам маънода “мустақиллик ташаббускори ва меъмори” деса бўлади, уларнинг хизматини ҳам гапиринглар, ёзинглар!” дейиши керак эди.

Амалда бундай бўлмади, бўлмаяпти.
Ёки бўлмаса, дейлик, агар Ислом Каримов эскидан халқини озод кўриш иштиёқида ёниб юрган-у, бу иштиёқини ҳар хил сиёсий найранглар билан ёмон кўзлардан пана қилиб келган бўлса (майли, бу тахминни ҳам ҳисобга олайлик), унда бугун ҳақиқатни очиқ айтиши лозим.

Халқ тўғри гапнинг гадоси.
Бир оғиз: “Сиёсат ўзи ўйин, у оғир вазиятда кўнглимизда бир нарсани ўйлаб ташимизда бошқа ишни қилишга мажбур эдик. Лекин асл ниятим халқимнинг нияти билан бир бўлган, шу халқимга суяниб мустақиллик эълон қилдим. Халқим бўлмаса мен кимман? Демак, мустақиллигимизнинг бош ташаббусчиси
ҳам, ижодкорию меъмори ҳам эрксевар халқимдир!” деб қўйса, олам гулистон эди. Шу билан тарихий ҳақиқат қарор топган, инсоф ютган, адолат тантана қилган бўларди.

Бундай дейилмади. Бундай дейилмаяпти. Китобларда, дарсликларда, газет-жўрнолларда ҳамма яхшиликка бир ўзини эга қилиб кўрсатяпти. Асл мустақилликчилар, миллий ҳақ-ҳуқуқлари талабида кўчаларга, майдонларга чиққан фидойилар эса тирақайлатиб юртдан қувилди, қолган-қутганини битта-битта топиб-йиғиштириб қамоқларга тиқилди. Халқ дами ичига тушиб қолаверди.

Йигирма йилдан бери мамлакат бошида мана шу ёқимсиз, тушунарсиз, оғир ҳолат қалқиб турибди. Бу айтилганлар бор гапни юзага чиқарадиган мисоллардан бир-иккитасидир. Келгусида тарих илми жиддий шуғулланса, бунақа мисоллардан кўпини топади. Бизга ҳозир шуниси етади. Чунки шунинг ўзи ҳам айниқса бу кунларда Бир Киши боши узра чалинаётган карнай-сурнайлар қуруқ шовқиндан бошқа нарса эмаслигини кўрсатади. Қуруқ шовқин эса, биласизлар, қулоқларни қоматга келтиргани, кўнгилларни ҳузурсиз қилгани қолади, холос.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano
paykasa instagram takipi hilesi instagram followers free followers ak bys ak etme bys shell indir php shell hacklink hacklink al hacklink satn al denizli escort tempobet giri altanya escort bayan ankara escort bayan maltepe escort umraniye escort eskiehir escorteskiehir escort eskiehir bayan escorteskiehir escort

rokettube