Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Елена Урлаеванинг ҳаёти хавф остида

Елена Урлаеванинг ҳаёти хавф остида
14 Mayıs 2016 - 15:12 'да юкланди ва 897 марта ўқилди.

ElenaUrlayevaМана, икки ойу 6 кун, аниқроғи 68 кундирки “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева сафимизда йўқ.

Ҳар галгидек Елена Михайловна 2016 йилнинг кўкламини ҳам руҳий касалликлар шифохонасида кутиб олди. Аниқроғи Ўзбекистондаги энг етакчи инсон ҳуқуқлари соҳасининг ледирини шунга мажбур қилишди.

Елена Урлаеванинг руҳий касалликлар шифохонасига банди этилганлиги хусусида унинг энг яқин сафдошларидан бири сифатида аллақачонлар маълум қилишим керак эди. Шарт эди.

Қилишим керак бўлган ишни ўз вақтида амалга оширмаганлигим учун энди пушаймон бўлиб ўтирибман.
Урлаеванинг руҳий касалликлар шифохонасининг асриасига айлантиришганликларини илгарироқ кенг жамоатчиликка, оммага етказганимда, эҳтимол, Елена Михайловна руҳий касалликлар шифохонасида бу қадар узоқ муддат, 68 кун қолиб кетмаган бўлармиди деган ўй кўнглимни кемирмоқда.

Негаки, Урлаеванинг руҳий касалликлар шифохонасига тушиб қолиши касаллиги билан боғлиқ эмаслигини ҳам, шунчаки тасодифий эмаслигини ҳам яхши билардим.

Елена Урлаевага ғолиблиги хусусидаги хабар анча илгари, февралнинг биринчи ўн кунлигида етиб келганди.
“Тақдирлаш маросимида мукофотни шахсан қабул қилиб олиш учун ғолиблар АҚШга бориши керак экан” дедилар бир кун Елена опа.

– Сизда ОВИР йўқ-ку? Бораолмай қолишингиз мумкин. Менга ҳам берилмаяпти. Келинг, ОВИР беришларини талаб қилиб Ички ишлар вазирининг қабулига борамиз?, – таклиф қилдим Урлаевага.

Иккимизнинг номимиздан талабларимиз битилган ариза битиб, 9 февраль куни Ички ишлар вазирлигига боргандик. Қабулхона олдида пикет ҳам ўтказгандик.

Шу куни хайрлашиш олдида 12 февраль куни Бш прокуратура ва МХХга шикоят ариза олиб бориб топширишга келишиб, хайрилашдик.

12 февраль куни учрашув белгиланган жойда бирмунча кутиб қолишимга тўғри келди. Шунда телефоним жиринглади. Гўшакни кўтарсам, Елена опа экан:

– Кечиринг, мен сизни куттириб қўядиган бўлдим. Мен белгиланган муддатларда руҳий касалликлар шифохонасидан истеъмол қилишим мажбурий бўлган дориларни бориб, қабул қилиб олишиб керак бўлади. Ҳали қарасам, бу галги муддат ўтиб кетмоқда. Мен аввало, руҳий касалликлар шифохонасида шифокорлар томонидан буюрилган дориларни имзо қўйиб, олиб келишим керак. Ўз вақтида бор олмасам, кечикгудек бўлсам, улар мени жиннихонага куч билан олиб бориб ёпиб қўйишади. Шу сабаб мен темир йўллар вокзалига кетаяпман, шифохонага. Дориларни оламану, тезда қайтаман, кутиб туринг, – дедилар.

Улар айтганларидек, кутиб турдим. Ўша куни Урлаева касалхонадан кечроқ қайтганликлари сабабли биргина Бош прокуратурага шикоят топширгандик. МХХ идорасига киришга улгурмагандик.

– Мана, бўлди, энди қутилдим, – дегандилар ўшанда Урлаева.

– Елена опа, дориларни қабул қилиб юрманг яна, – ўзимча ақл ургатган бўлдим.

Режадаги ишларни уддалагач, хайрлашдик.

Қиш кнулари ҳамиша бирга эдик. Гоҳ Урлаеванинг уйларида, гоҳ бизникида турли шикоятлар, хабар ва мақолалар устида ишлардик, ҳуқуқлари топталган фуқароларнинг арзини тинглардик.

Деярли ҳар куни кўришардик. Елена Михайлровна гоҳро бизникида тунаб қоларди.

Бирга юрган кезларимизда, уйимизда тунаб қолган паллаларида Елена Михайловна ўша, руҳий касалликлар шифохонасидан келтирган қандайдир дориларини вақти-вақти билан қабул қилиб турардилар. Ўшандагина Елена Михайловна менинг маслаҳатимга амал қилмаётганликларидан хабар топдим. Бироқ эътироз билдиришни ўзимга эп кўрмагандим….

Орадан кўп ўтмай, 2016 йилнинг 7 март куни Елена Михайловнани руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишганликлари ҳақида эшитдим….

21 март арафасида Урлаевадан хабар олиш мақсадида шифохонага бордим. Киритишмади. Ҳатто панжара тортилган эшик ортидан кўришишга ҳам рухсат тегмади.

Иккинчи гал ҳам шу аҳвол, яна кўришишга изин тегмади. Оқбиатда, тахталар қоқиб, маҳкамлаб ташланган 5-6 та деразалар тагида туриб, “Елена Михайловна, шу ердамисиз? Яхшимисиз?” деб овоз беришга мажбур бўлдим. Бу ҳаракатимдан ҳақратланганлар мени аниқ “томи кетиб қолганми нима бало?” деб ўйлашлари тайин эди…

Кейин яна эшикка бордим. Овозимни эшитган Урлаева буриб чиқди.

– Сизмидингиз? Булар менга “Сизни сўраб қандайдир Ширин исмли аёл келиб-кетишди” дейишганди-ку. Нима гаплар? – дейишга улгурдилар холос. Шу пайтда шифокор аёлнинг “Эшикни беркитинг!” деган амри эшитилди. Ҳамшира бўйруқни бир зумда адо этди. Охирги бор Урлаевани ўшанда кўрганим. Бошқа кўришишнинг имкони бўлмади.

Елена Михайловнанинг руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишганликлари ҳақида туғишганларининг илтимоси билан сукут сақлаб юргандим.

Арель ойининг ўрталарида Урлаева кимнингдир мобил телефонидан Шуҳрат Рустамовга сим қоқиб, “Эшонқуловага айтинг, мени мажбурий тарзда тутиб туришибди” дейишга улгурганлар холос.

Урлаеванинг туғишганлари “Еленанинг касалхонада эканлиги ҳақида хабар тарқатишингиз унинг у ерда узоқ қолиб кетишига олиб келади” деган эътирозлари сабаб фойдамдан кўра кўпроқ зарарим тегиб қолишидан қўрқиб, жим эдим. Шу бугун Е. Михайловнанинг онасига сим қоқиб, ҳол сўрадм, йиғладилар: “Еленам ҳамон йўқ. У касалхонада пайтида ҳамма қочиб кетди. Уйда эканлигида, очиқди эканлигида юзлаб одамлар келарди. Ўтирардинглар, ёзардинглар, ишлардинглар, ёрдам сўрардинглар…. Энди… Ҳеч ким сўрашга ярамайди. Ёрдам қилмаяпсизлар. Еленани мажбуран олиб ўтиришибди. Бу ҳақда бирортанг ёзмаяпсизлар” дедилар хафа бўлиб. Онанинг йиғисига кўнглим бузилди…

– Елена Михайловнани мажбурий тарзда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишганликлари ҳақида хабар тарқатаман деганимда, бошида қаршилик қилгандингизлар, шунинг учун ҳам ноилож қолгандим, – дедим…

Ҳар гал Елена Михайловнани узоғи билан бир ойга қолмай қўйиб юборишарди.

Бу гал Халқаро ташкилотлар бехабар қолганликлари сабаб ҳам асиралик муддати ниҳоятда чўзилиб кетди деб ўйлайман.

Аммо айтмоқчи бўлганим бу эмас.

Бошқа.

Айтингчи, руҳий касалликлар шифохонасидан истеъмол қилиши мажбурий бўлган дориларни олиб келиб қабул қилганидан кейин нима учун Урлаевани руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишга мажбур бўлишди? Қандай дори эди у инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган?

Айни дамда Елена Урлаевага Халқаро ташкилотларнинг, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган элчихоналар, дипломатик корпус вакилларининг кўмаги жуда-жуда зарур.

Елена Михайловнанинг ҳаёти хавф остида.

“Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ледирига кўмак қилишга шошилмаса, кейин кеч қолишимиз мумкин.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист, ҳуқуқбон

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар