Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Аллоҳ таоло бировнинг кўнглини юмшоқ яратур, яна бировнинг қўнглини тошдин ҳам қаттиқроқ қилур

Аллоҳ таоло бировнинг кўнглини юмшоқ яратур, яна бировнинг қўнглини тошдин ҳам қаттиқроқ қилур
15 Mayıs 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1100 марта ўқилди.

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 41

(давоми)

АСИРЛАР ҲАҚИДА МУЗОКАРА

Сўнгра асирлар тўғрисида сўз бошланди. Расулуллоҳ бу ҳақда саҳобаларга, маслаҳат қилдилар. Анда ҳазрати Умар айтди:

— Ё Расулуллоҳ, булар сизни ёлғончи қилишди, ўзингизга ва ҳам сизга иймон келтиргувчиларга қилмаган ёмонликлари қолмади. Охирида ўз ватанимиздан қочиб чиқмоққа мажбур бўлдик, устимизга қўшин тортиб келиб, ўзлари уруш қилдилар. Эндиги маним маслаҳатим шуки, буларни қатлиом қилайлик, барини қўймай ўлдирайлик. Булар ичида менинг туққан қариндошларим бўлса, буюринг, аларни мен ўлдирай. Ҳамзанинг яқинларини Ҳамзага, Алининг яқинларини Алига топширинг, ўлдирсинлар, бошқалари ҳам шундоқ қилсунлар. Булар куфр бошлиқлари, бузуқлар беклари эрурлар буларни тирик қолдирмагаймиз, сўнгра бошимизга бало бўлур, — деди.

Ансор саҳобалардин Саъд ибн Муъоз, Абдуллоҳ ибн Равоҳа шу фикрга қўшилдилар. Анда Абу Бакр Сиддиқ:

— Ё Расулуллоҳ, бу асирлар бўлса, ўз уруғ-аймоқларимиздур. Аллоҳ таоло сизга зафар берди, биз аларни енгиб, асир олдик, энди буларни ўлдирмоғимиздан тирик қолдирмоғимиз яхшироқдур. Жон бошига мол кесиб, булардин фидя олайлик. Бу ишимиз эрса, келарги кунларда биз учун куч-қувват бўлғувсидур. Балки асирлар ўлимдан қолсалар, сўнги кунларда ажаб эмаским, ҳидоят топгайлар, у чоғда сизга кучли ёрдамчи бўлгайлар,— деди.

Шундоқ бўлиб, бир-бирига қарши бўлган икки фикр ўртага ташланди. Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Аллоҳ таоло бировнинг кўнглини юмшоқ яратур, андоқ кишининг кўнгли сутдек оқ, қаймоқдек юмшоқ бўлур. Яна бировнинг қўнглини тошдин ҳам қаттиқроқ қилур. Эй Абу Бакр, сен ўтган пайғамбарлардан Иброҳим Халилуллоҳдек кўнглинг юмшоқдур. Ул айтмиш эрди:

«Фаман табианий фаиннаҳу минний ва ман асоний фаиннака ғафурур раҳим».

Маъноси: «Ҳар ким менга итоат қилур эрса, ул кимса мендин бўлур. Агар менга бўйинсунмасдин, қаршилик қилур бўлса, ул чоғда ғофурсан, раҳимдурсан», демакдур. Яъни, унга ғазаб қилмасдин, ёзуқларини ёпиб, яна раҳмат қилур эрсанг, эркликдурсан», деди.

Иброҳим алайҳиссаломнинг бу айтган сўзларига қаралса, ул зотнинг кўнгли юмшоқлиги, раҳмдиллиги маълум бўлур. Чунки ўзига иймон келтурмай, қаршилик қилгувчи кишиларга ҳам ёмонликни раво кўрмадилар. Балки ёзуқларини (яъни, қилмишларин) кечирмоқни Аллоҳдин сўрадилар. Сўнгра Ҳазрати Умарга қараб:

— Эй Умар, сенинг бу айтган сўзинг Нуҳ пайғамбар айтган сўзидек турур. Ул айтмиш эрди:

«Робби ла тазар алал арди минал кафирийна дайёро», яъни «Эй Раббим, ер узра кофирлардан ҳеч кишини қўймай ҳалок қил».

Бу сўзлардан сўнгра Расулуллоҳ уйларига кириб кетдилар. Маслаҳат бергувчиларнинг сўзларини англаб, ҳеч бирини рад қилмадилар. Ҳар икки фикрни тўғри топган бўлсалар ҳам, лекин ҳазрати Абу Бакр фикрига кўнгиллари мойил бўлди. Сўнгра саҳобаларга қараб:

— Cизларда фақирлик, камбағаллик бордур, ҳар киши ўз асирини яхши сақласин, алардин фидя мол олиб, сўнгра бўшатгаймиз, — дедилар.

Бу сўз Қурайшга онгланди. Алар айтдилар:

Биз бу ишга шошқинлик билан киришмайлик, агар асирларни қайтариш учун фидя молларини илдам юборур бўлсак, Муҳаммад бундан озиқланиб, биздин ортиқча мол сўрар. Ўлим устига яна мол бериб, товон тўламак биз учун оғирдир. Шу сўз билан бу ишни кечиктирмоқчи бўлдилар, шундоқ бўлса ҳам мушриклардан Мутталиб деган киши бу сўзга қулоқ солмай, яширинча Мадинага келди, бунинг отаси Абу Видў асир тушганлардан эди. Тўрт минг танга товон тўлаб, отасини ажратиб олди. Буни кўриб, Қурайш халқи асирлар учун орқама-орқа фидя молларини юборишга киришдилар. Тўрт минг тангадан минг тангагача товон тушган эди. Буни тўлашга кучи етмаган киши, агар ўқиш-ёзишни яхши билур бўлса, Мадина болаларидан ўн болага ўқиш ёзишни ўргатмоқ шарти ила озод қилинди. Яна асирлардан Абу Суфён ўғли Амр, отаси Абу Суфёндан фидя молини юборишни талаб қилди. Отаси мол юборишга рози бўлмай:

«Муҳаммадни боламга ва молимга нечук эга қилурман, қўйинглар, тилаганича боламни қўлида сақласин», деб фидя молини юбормади.

Шу орада Саъд ибн Нуъмон деган саҳоба умра ибодатини қилмоқ учун Маккага келган эди. Абу Суфён бундан хабар топиб қолиб, уни ушлаб олди. «Ўғлим Амрни Муҳаммад озод қилмас эрса, мен буни қўймасман», деб қамоққа олди. Бу воқеа Мадинага эшитилгандин сўнгра, Саъднинг қавму қариндошлари бўлган воқеани баён қилдилар. Шу сабаб бўлиб, Абу Суфён ўғли Амрни Маккага қайтардилар, анинг баробарида Саъд ҳам саломат Мадинага келди.

Яна асир тушган кишилардан бирови куёвлари Абул Ос ибн Рабеъ эди. Пайғамбаримиз Маккада турган чоғларида қизлари Зайнабни шул кишига берган эдилар. Бундан бошқа икки қизлари амакилари Абу Лаҳабнинг ўғилларига тушган эди.

Пайғамбаримизга қилган душманлиги орқалик буларни ажратиб олишга мажбур бўлдилар. Буни кўрган Қурайш мушриклари Зайнабни ҳам талоқ қилишни Абул Осга таклиф қилган бўлсалар ҳам, Абул Ос: «Аллоҳ оти билан қасам қилурман, рафиқам Зайнабдин ҳаргиз ажралмасман, Қурайш хотин-қизларидан ҳеч бирини унга тенг кўрмасман», деб аларнинг сўзларини қайтардилар.

Зайнаб Абул Осга фидя молини юборай дер эрса, анинг юборгудек ҳеч нарсаси йўқ эди. Ночор бўлиб, бўйинга осар мунчоқларини фидя моли ўрнида Мадинага юбордилар. Бу нарсани онаси ҳазрати Хадича, қизлари келин бўлиб тушган тунида бўйнига таққан эди. Фидя моли учун келтирилган, қизларининг бўйин мунчоқларини кўриб, Расулуллоҳнинг кўнгиллари оғриди. Анда саҳобаларга айтдилар:

— Агар рози бўлсанглар, Зайнабнинг юборган бўйин осмаларини унга қайтариб, анинг асирини бўшатурсиз, — дедилар.

Барчалари ризолик бериб, Абул Осдан фидя моли олинмай, Маккага қайтариди. Лекин Расулуллоҳ, қизлари Зайнабни Мадинага қайтаришни унга шарт қилиб, киши қўшдилар. Бир неча кундан кейин юборилган киши Зайнабни саломат Мадинага келтирди. Сўнгра ҳижратнинг саккизинчи йилида, Макка фатҳ бўлишдан бурунроқ, Абул Ос иймон келтириб, Мадинага келди.

Расулуллоҳнинг рухсатлари билан бурунги никоҳ бузилмасдан бирга бўлдилар. Яна асирлардан Суҳайл ибн Амр деган киши ўзи Қурайш раисларидан бўлиб, унинг устига атоқлик шоир, ҳам араблардан чиққан чечанлардан эди. Бунинг тилидан мусулмонларга кўп азиятлар етмиш эди. Шунинг учун ҳазрати Умар:

— Ё Расулуллоҳ, рухсат қилинг Суҳайлнинг олдинги икки тишини суғуриб олайин, бундан кейин араб мажлисларида сизга қарши шеър айтиб, сўз қилмоқдин ожиз қолсун, — деди. Анда Пайғамбаримиз:

— Эй Умар, инсондаги аллоҳ ясаган аъзоларни бузгани бўлмас, агар у бу кунгача қарши сўз қилган бўлса, бир кун бўлурким, Ислом ёрдамида яхши сўзлар қилиб, Аллоҳ ризосини топгай, — дедилар.

Расулуллоҳнинг бу айтган сўзлари вафотларидан сўнгра, деганларидек тўғри чиқди. Пайғамбаримизнинг вафотларида қалбларига иймон — Ислом ҳақиқати билан ўрнашмаган бир неча араб қабилалари муртад бўлдилар. У чоғда Макка халқи ҳам янги мусулмонлардин эди. Булар ҳам муртад бўлишга мойил бўлишди. Шу чоғда Суҳайл туриб, Аллоҳга ҳамду сано айтгандин кейин, кўпчилик халқ ичида ўткир бир нутқ сўзладиким, мазмуни бу эрди:

— Эй одамлар, ҳар кимса Муҳаммад учун Исломга кирган бўлса ва Муҳаммадга ибодат қилган эрса, аниқ билсинки, Муҳаммад вафот бўлди. Агар Аллоҳга иймон келтириб, ибодатни Аллоҳга қилса, ул Аллоҳ тирикдур, ул ҳозиру нозирдур, доимий боқийдур. Аллоҳ Қуръонда хабар берган:

«Иннака маййитун ва иннаҳум маййитувн».

Маъноси: «Эй Муҳаммад, сен ҳам бир кун ўлурсан, ўтган пайғамбарлар ҳам ўлганлар».

Яна Аллоҳ айтди: «Ва ма Муҳаммадун илла расувлун қод халат мин қоблиҳир русул».

Маъноси: «Муҳаммад инсондин чиққан пайғамбардур, бундан бурун ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандурлар».

«Афаин мата авқутилан қолабтум ала аъқобикум».

Маъноси: «Муҳаммаднинг ажали етиб ўлса, ё душманлари томонидан ўлдирилса, диндан чиқиб, илгариги йўлингларга қайтгайсизларму?» демак.

Бу оятларни далил келтиргандин сўнгра яна Суҳайл айтди:

— Худо ҳаққи, мен аниқ билурман, бу Ислом дини янги чиққан қуёш янглиғдур. Соат сайин юқорига кўтарилгай. Бир кун бўлурким, бу қуёш бутун оламни ёритгай. Бўш иймонлик бир неча кишилар сўзига алданманглар. Аллоҳга таваккал қилинглар. Аллоҳ ҳаққи, дини Ислом оёқ узра доим турғусидур. Аллоҳ сўзи — Қуръон албатта камолига еткусидур. Бу динга ёрдам бергувчиларга Аллоҳ ёрдам берур. Ичимизда энг яхшимиз Абу Бакр Сиддиқ бу динга бош бўлди. Бундан буён кундан-кунга Ислом дини янада кўтарилиб, қувват топгай. Шуни билингларким, ҳар кимса диндан қайтиб, муртад бўлса, тўхтовсиз унинг бошини кесиб ўлдиргаймиз, — деб сўзини тамом қилди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort