Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади…ми?

Ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади…ми?
15 Mayıs 2016 - 15:58 'de eklendi ve 803 kez görüntülendi.

150826124236_uzbek_village_fuel_640x360_m_nocreditАнчадан буён кўп нарсаларни ёзмоқчи эдим, бироқ кўп нарсаларни “эй, барибир фойдаси йўқ, ёзганларим қоғозда қолиб кетади. Кимлардир ўқиса ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Мана шу мавзуга алоқадор, мана шу муаммонинг ечимига масъул бўлган шахсларнинг мен кўтарган муаммо билан бир тийинлик иши йўқ” дея қораламаётгандим. Яқинда Баҳлул Доно ҳазратлари ҳақидаги бир ривоятни ўқиб, менда яна ёзиш истаги уйғонди.

Аввало, ўша ҳикоятни келтираманда, кейин гапларимни давом эттираман.

Баҳлул Доно ҳазратлари бозорда, халқ ичида кезиб юрар экан, одамларга панд-насиҳат қилар, нотўғри хатти-ҳаракатлардан сақланишлари учун уларга танбеҳ берарди. Унинг танбеҳлари баъзи одамларнинг ғашига тегарди. Улар Баҳлулдан норози эдилар.

Бир куни Баҳлулнинг танбеҳларидан безор бўлган кишилар унинг устидан шикоят қилиб, халифанинг олдига келишди.

– Султоним, бизнинг қилаётган ишларимиздан унга нима зарар бор? Бизни ўз ҳолимизга қўйсин. Насиҳат қилмасин. Ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади,- дейишди улар. Халифа бу шикоятларни эшитиб, Баҳлулни ҳузурига чақирди ва одамларнинг истагини унга билдирди.

160505105102_uzbek_village_640x360_bbc_nocredit

Баҳлул бир оғиз гапирмай, саройдан чиқиб кетди. Кейин бозордан бир нечта қўй сотиб олди ва уларни сўйди. Ҳар бир қўйни ўз оёғидан маҳаллаларнинг чорраҳаларига осиб чиқди. Баҳлулнинг бу ишини кўриб турган одамлар:

– Телбадан бошқа нима кутиш мумкин, доим шунақа ғалати ишлар қилиб юради, – дейишди.

Бир неча кун ўтгач, осилган қўйлар сасиб, ўзидан бадбўй ҳид чиқара бошлади. Бундан маҳалла аҳлининг ҳаммаси зарар кўрди. Айниган гўштнинг ҳидига чиқаб бўлмасди. Одамлар яна халифанинг олдига келиб, шикоят қила бошлашди:

– Эй султоним, Баҳлул осган қўйларнинг ҳидидан маҳаллаларда туриб бўлмаяпти. Бизни жуда беҳузур қилаяпти. Унга айтинг, осган қўйларини олиб ташласин.

Халифа Баҳлулнинг қилган бу ишига қизиқиб, ҳайрон бўлди. Девонани саройга чақиртириб, сабабини сўради.

– Эй, Баҳлул, осган қўйларингнинг ҳидига одамлар чидолмай, яна шикоят қилишаяпти. Бу нима қилганинг?

Баҳлул Доно шундай жавоб берди:

– Эй, мўминларнинг амири, мен нотўғри иш қилганим йўқ. Фақат ҳар бир қўйни ўз оёғидан осдим, холос. Лекин кўраяпсизки, ҳар бир қўй оёғидан осилса ҳам, атрофидагилар бундан зарар кўраяпти. Бир ёмон ишнинг зарари кишининг фақат ўзига эмас, ҳаммага тегиши мумкин. Одамлар буни тушунсин, деб шу ишни қилдим.

Шикоятчилар хатоларини тушуниб, Баҳлулнинг танбеҳларига эътироз билдирмайдиган бўлишди.

Бу ҳикоятни ўқиб, сизларда ҳам бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир давлат идораси, таълим масканига биттадан қўй осиб қўйиш керак, деган фикр уйғонган бўлса ажаб эмас.

Ҳозирча, бу ҳикояни шарҳламай, Ўзбекистонда “жонажон диёримизда, мустақил юртимизда, истиқлолга эришган давлатимизда” биргина таълим тизимида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни оддий ўқитувчи сифатида таҳлил этсам.

160505110241_uzbek_school_640x360_bbc_nocredit

Мен бошланғич синф ўқитувчилари ҳақида бирорта салбий фикр айтишдан йироқман. Сабаби энг фидоий, ўз касбини сидқидилдан яхши кўрадиган ўқитувчилар бор бўлса, ана ўшалар бошланғич синф ўқитувчилари. Уларни қийнайдиган, аммо ишидан ажралиб қолиш қўрқуви туфайлигина жимгина ишлашга мажбур қиладиган сабаблар кўп. Буларнинг энг асосийси ва муҳими бошланғич синфларда ўқувчиларнинг белгиланган меъёрдан кўп ўқишидир. Яъни аксарият синфларда 40-42 нафаргача ўқувчи таълим олади. Тасаввур қилаяпсизми? Бир ёки икки нафар фарзандингизнинг уй вазифасини тайёрлатиш учун қанчалик асабингиз бузилиб, баъзида дилбандингизга қўл кўтариш даражасигача борасиз. Бир нафар фарзандингизга бир дона ҳарфни керак бўлса соатлаб ўргатасиз. Энди 1-синф ўқувчисига таълим бераётган ўқитувчининг 40 нафар бола билан савод ўргатаётганлигини тасаввур қилаверинг. Мен бошланғич синф ўқитувчиларига “ Вазирликка, ОблОНО, РайОНО га шикоят қилинглар, синфлардаги ўқувчилар сонини меъёрга келтириб берсин, ахир аллақайси қарорда ўқувчи сони 35 нафаргача деб белгиланганку” десам, улар “майли, кўп бўлса ҳам, агар директорга ёки райОНО мудирига шикоят қилсак, чидасанг ишла, чидамасанг катта кўча элликта болага ҳам дарс беравераман” деб юрганлар мингта дейди” дея ўз дардларини дастурхон қилишади. Бирортаси юрак ютиб, қонуний ҳаққини талаб қилмайди. Нимага?

Ана шу “нима учун, нимага, нега бундай бўлибди, наҳотки” деган савол аралаш ҳайратлар мени ҳам қийнайди. Нимагаааааааааааааааааааааааааааааааааааааааааааааа деб бутун оламга жар солгим келади.

Чунки дея, яна ўз саволимга ўзим жавоб топгим келади. Топгандек ҳам бўламан. Ҳаммасига мактабу боғчалардан бошланган порахўрлик, таниш-билишчилик айбдор. Ҳа айтганча, авваллари бундан 10 йиллар олдин таниш-билишлар орқали теппа текинга иш битирса бўларди. Яъни яхшироқ танишингиз бўлса ишга жойлашиш бепулга тушарди. Шу кунларда эса…………. Ҳа. Нуқталар кўпайиб кетаяпти. Чунки гапирмоқчи, айтмоқчи бўлган фикрларимга энг зарур ва керакли сўзларни топа олмаяпман.

Ҳозирча порахўрлар орасига Районо ва Облоно мудирини аралаштирмай, фақатгина кичкина бир мактаб директори мисолида фикрларимни давом эттирай. Бунга менга бир ўқитувчининг қуйидаги ҳикояси асос бўлади.

Мактабда ишлардим. Ўтган 2014 йилнинг август ойида мактаб директори “Ким Самарқанд, Бухоро, Тошкентга саёҳатга борса, мукофот пули ёзиб бераман” деди. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Чунки саёҳат йўлланмаси 740 минг сўм экан. Директорнинг премия ёзиб бераман деганига ишониб, мен номимни ёздириб қўйдим. Ва саёҳатга онам бориб келдилар. Ўтган йилдан шу кунгача мактаб директорига “Опой (бизда ўқитувчилар опой дейилади) премиямни қачон пластигимга тушириб берасиз, деявердим. Директор ҳам “молия премия учун пул ажратмаяпти” дейишдан чарчамади. Бугун туман молия бўлимига кириб, ҳамма гапни очиқ ойдин айтганимдан сўнг, молия бўлимининг бюджет бўлими бошлиғи мактабдаги буйруқлар китобини бирортасидан бериб юборинг, деб директорга телефон қилди. Директор опа нақ 2 соатда деганда ўзи буйруқ китобини кўтариб келди. Маълум бўлишича, буйруқ китобида менга премия ҳақидаги буйруқ ёзилмаган экан. Директорнинг бир йил давомида виждонсизларча мени алдаб юрганини ҳазм қила олмаяпман. Одамзот ҳам шу даражада юзсиз, виждонсиз, ёлғончи бўладими? Ахир 2014 йилнинг декабрь ойидан буён ҳар сафар ойлик тушишига яқин директорнинг олдига кириб, премияни ҳам пластигимга ташлатворинг, деяверардим. У эса “хўп-хўп, молия пул ажратиши билан сизга туширтириб бераман”, дерди. Бир йил давомида кўзимга тик қараб ёлғон гапириб, бирор марта сесканмаганига, бирор марта кўзларини олиб қочмаганига ҳайронман”.

Фарғона вилояти мактабларидан бирида бўлган бу воқеанинг давомини эшитинг. “Мен бу ҳақда аввал туман халқ таълими мудирига, сўнгра вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғига шахсан кириб, айтдим. Сўнгра Ўзбекистон республикаси халқ таълими вазирлигининг 1006 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиб ҳам шикоятимни баён қилдим. Бу пайтда мактабдан бўшаб кетганлигим учун директор опа менга ҳеч қандай зуғум ўтказа олмади. Ва премиямни тушириб берди, дейди аламзада ўқитувчи.

Худди ана шу ўқитувчининг бугунги кунда ҳам фиғонидан дуд чиқиб юрибди. Менга “сиз журналистсиз, нега ана шундай раҳбарлар ҳақида ёзмайсиз, ахир президентимизнинг “Барча бўғинларда инсофли, диёнатли, билимдон, тажрибали, ўз ишининг устаси (компетентли) раҳбарлар бошчилик қилмас экан, мустақил мамлакатимизнинг обрўси, унинг манфаати учун мардлик, жонкуярлик билан ишламас экан ишларимиз кўнгилдагидек бўлмайди” , деган гаплари борку, дейди ўқитувчи соддадиллик билан.

У мен вазирликкача шикоят қилдим, энди жамият битта порахўр директордан қутилади, деб ўйлаганди. Аммо … Яна оғриқли нуқта қўйганимга сиз ҳаммасини тушундингиз чоғи. Ҳа ўйлаганингиздек, “юқоридагилар” директор хонимни мудир хоним дея тайинлаб, эълон қилиб кетишди.

-Ўзбекистонда ишга кириш бир азоб, ишга киргандан сўнг ишлаб кетиш, иш берувчи раҳбарнинг қош-қовоғига қараб меҳнат қилиш яна бир азоб, дейди мактаб ўқитувчиларидан бири. Ҳар йили июн-август ойларида дарс тақсимоти бўлади. Ана ундаги қиёматни кўринг. Ким аввалроқ кириб, директор билан муомалани қуюқ қилиб чиққан бўлса, ана шу ўқитувчининг “кетмони учди” деяверинг. Пул беришни истасада, чўнтагидан шамол ўтиб турган ўқитувчилар яна ўша ҳафтасига 10 соатга ҳам етмаган дарс билан қолаверади. Директорнинг дилозорлиги, бақироқлиги, одамларни уялмай нетмай ҳақорат қилиб юриши ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади, чунки булар халқ тили билан айтганда “мелич” нарсалар.

Яна ўша ўқитувчининг ҳикоясини давомини эшитинг. “Нимага менга бир йил давомида “премия” яъни мукофот пули берилмаганлигини сабабини айтишди. Ҳар бир мукофот пули олган ходим, унинг ярмини директор хонимга бериши шарт ва мажбурий экан. Мен сал бетгачопар, ўз ҳаққини талаб қилувчи ходим бўлганлигим сабабли, директор мен билан бу ҳақда гаплашмаган экан.

Таълим тўғрисида ёзадиган журналистларни ҳам ёмон кўраман, дейди ўқитувчи. Бир сафар вилоятдаги “Адолат йўли” газетасидан бир мухбир келди. Унинг вазифасига кирадими йўқми синф журналларининг юритилишидан тортиб, ҳатто ҳожатхонагача бориб “текширди” (билишимча, журналистлар текширувчи эмас, таҳлилчи ёки кузатувчи бўлиши керак) ва журналдан “камчилик” топди. Баъзи фан ўқитувчилари пахта мавсуми бўлганлиги сабабли ўтилган дарсларни ўз вақтида қайд этиб қўймаган экан. Ва директор опа ташаббуси билан унга ўқитувчилар баҳоли қудрат пул йиғиб беришди.

Ўзи “олиб” ўрганган директор бошқаларни ҳам “олиш”га ўргатворганлиги шу кунларда халқ тилида достондек юрибди. “Ҳа каттароқ ташлагандир-да, бўлмаса..” дейди бир ўқитувчи, “нимасини айтасиз, 2013-2014 ўқув йилида мактабнинг 23 миллион пулини ўзлаштириб, жиғилдонига уриб олган эди. Ҳатто молия вазирлиги, прокуратуранинг бу ҳақдаги тақдимномаси ҳам бор… шундоқ директор мудир бўлиб ўтирса-я” дея ўз “фикри ожизини” баён эта бошлайди бошқаси, “энди бизга ҳам кун йўқ экан-да…” дейди унинг таъмагирлиги, “олди-берди”ни қуюқ қилишини билган бошқа мактаб директорлари… Ва энг ёмони ана шу бир инсон мисолида Ўзбекистонда коррупция аталмиш жиноятчилик қай даражада илдиз отганлигини билиш мумкин. Юқорида нимага ҳар бир мактаб дарвозасига қўйнинг оёғидан осиб қўйиш керак, деганимни энди тушунгандирсиз?

Адолат Тошканбой қизи

Манба: bbc.com/uzbek

Etiketler :
HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT

 BU HABER HAKKINDA YAPILAN YORUMLAR

( 2 Yorum )

  • Samariddin ;

    Qiyofa, qiyofa, qiyofa, chehra, oraz

    O’qituvchilar qo’yga o’xshab og’zidagi chupini berib quymasdan haqqini talab qilishni o’rganishsin.

    Qonunni bilib tegishli joyga murojaat qilinsa hammasi joyida buladi manimcha …

    31/05/2016 16:52
  • Зайни ;

    Бу бари чин хакикат. Мустакил Узбекистоннинг мана ша хакикий киёфаси.

    15/05/2016 20:20
SON DAKİKA HABERLERİ
İLGİLİ HABERLER