Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Икки оёқли йиртқичлар

Икки оёқли йиртқичлар
17 Mayıs 2016 - 5:00 'да юкланди ва 1107 марта ўқилди.

1455960195-1b09315004d365fe2dfe62d81120d3c9Алихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 40

(давоми)

Қаттиқ бўрон, шамол аралаш ёмғир уриб турганликдан ҳар қандай шарпа бўлса ҳам, уқулғудек (билингудек, кўрингудек) эмас эди. Шундан фойдаланиб, қўрадан қўрага том оша тушиб, кўча бошидаги том устига уйилган бир ўрам ҳашак остига кириб ёшириндим.

Орада 5-6 ҳовли бўлиб, ўзим узоқда турган бўлсам ҳам, икки ора очиқлик эди. Шунга кўра ўз қўрамизда бўлаётган ишларни йироқдан бўлса ҳам пайқаб турдим. Бош оёқ уйларимизни, қўни қўшниларимизни қолдирмай, 1-2 соат онтар-тўнтар қилишиб мени топишолмагач, Асилхонни олиб жўнадилар. Бу золимлар кетганларича, уй ичи оилаларимизга ваҳшийларча кўрсатган даҳшатларига қаралса, буларни: «Икки оёқли йиртқичлар», дейишлик хато айтилмаган бўлади.

Булар кетиб тонг саҳар яқинлашганча тарновдан қуйгандек тўхтамай ёмғир ёғмокда эди. Эгни бошим сиқиб олғудек бўлиб сувга чиланиб қолдим ва ҳам тонг отмасдан илгарироқ бу жойдан бошқа бир ўринга йўткалиб ёширинишим ҳаммадан зарур эди. Шунинг учун кўчамиздаги ўз дўстларимиздан кошғарлик Аюбохун уста қўрасига тушиб, минг ҳижолатлик билан секингина ўзи ётган уй эшигини тақиллатиб эдим, довушимдан таниди бўлғай, тура келиб эшикни очиб, мусулмонга ярашган ахлоқ билан мени яхши қаршилади. Бу воқеа 1937 йили март ойида бўлмиш эди. Шу орадан 33 йил ўтиб, бу китобни ёзмоқдаман. Агар минг йил ўтса ҳам, бу яхшилик ҳеч вақт унутилмай доимий сақланғусидир. Аллоҳ уни раҳмат қилсин!

Ҳўл кийимларим қуритилиб бўлғач, эрта намоз азони айтилгач, катта салла, узун чопон билан Аюбохун уйидан «Бисмиллоҳ» деб масжидга кетаётган бўлиб эшик олдимиздан ўтаётганимизда қарасам, дарвозамиз олдида икки нафар хитой чериги турмиш экандур. Шу ўтганимизча Аюбохун уста бошлаб олиб, марҳум Усмон қорим уйига етказди. Кўча эшиги очилмаган, ҳали бомдот вақти бўлмаган эди.

Девордан ошиб тушиб, менинг хабаримни онглатгач, югурганича чиқа келиб, кўнгил кўтаргич сўзлар билан дўстлиғини билдириб, ўйлагандан ортиқроқ ҳурмат билан мени кутиб олди. Аллоҳ улуғ ажрлар берсин у кишига!

Бу кишининг уйида туришимиз эҳтиёт юзасидан тўғри келмаганликдан, ўзидан йироқроқ орқа кўчасида куёв ўғли қўрасида туришимизни маслаҳат кўрдилар. Мана шу жойда 10 кун чамали тургандан кейин, бир кун ҳукумат жосусларидан бўлган виждонсиз ватан хоини Шароп шангю Усмон қоримга келиб менинг тўғримда сўз сўрабдур. У кетгандан кейин эҳтиёт юзасидан ўрин янгилаш лозим бўлиб қолди. Қоримнинг боғи орқасида неча йиллик ташланди, эски, бузулган хумдони бор экан, шошилинчда жой тополмагач, шунинг ичига тушиб, тўққиз соат ёшириниб ётдим. Шу куни кечқурун бу жойдан йўткалиб, дарё бўйига яқин бир хилват ер топиб, бир неча кунлик азиз умримни у жойда ўтказдим.

Менинг бу каби энг оғир кунларимда вафодорлик қилиб, дўстлик ҳақини ўтаган эрларнинг энг биринчиси тўқмоқлик Абдураҳмон эди. Ўғли Абдуқодир бошлиқ катта кичик бутун оиласи билан менинг ёрдамимда бўлдилар. Иккинчиси, отушлик савдогарлардан менга жонфидо ихлослик бўлган Матниёз эди.

Бу қаҳрамон Олтой ва Монғулияда Ғулжа йилқиси пул экан деган баҳона билан, атайлаб мен учун юз йилқи олиб, Монғулияга ҳайдамоқчи бўлди. Бундан мақсади эса, мени ҳам хизматчи йилқичилар қаторига қўшиб олиб, Монғулияга етгач, у кунлари Манжурияда турган японларга ўтказвормоқчи эди.

Чин кўнгли билан биз учун бу ишга киришган бўлса ҳам, бу иш тўғри келмагач, йўлимиз бошқа ёққа бурилди. Ё Раббим, бу бандаларингнинг бизга қилган яхшиликларига яраша ҳеч қандай иш қилолмадим. Ўзинг билурсан, сенинг йўлингда ҳар кимга яхшилик қилиш, ҳар кимга фойда етказиш менинг энг суюб тилаган мақсадим эди. Энди мен қилолмаган бўлсам, эй улуғ Тангрим, мен учун буларга икки дунё яхшиликларини сен ўзинг бергин! Омин.

Дунёда қочгандан, ёширингандан оғир иш йўқ экан. Шундай бўлса ҳам бошга тушгандан кейин чора йўқ. Овчидан қочган тулкидек у тешикдан бу тешикка йўткалиб юриб, икки ой ўтказдим. Шу орада марҳум ўғлим Ғаппорхон, ваъда бўйича сафар жамолғаси билан икки от тайёрлаган ҳолда Кунасдан келди. Хитой ҳукумати мени биринчи босган кечаси қўлга тушуролмагач, 18 ёшлик ўғлим Асилхонни олиб кетганлиги юқорида айтилмиш эди.

«Бунинг яқин кишилари кимлар?», деб Хитой ҳукумати томонидан сўралганида, баъзи бир мунофиқлар: «Бунинг яқинлари бошқалардан кўра тунгонлардан кўпроқ», деб хеч нарсадан хабари йўқ Сўқулуқ тунгони дўстларимиздан марҳум Ёнг шангю билан боласи Хошимни кўрсатган экан. Буларни идорага келтириб, Хитой ваҳшийлари одатларича уриб сўкиб биз учун кўп азоб бермиш эдилар. Билмаган, кўрмаган ишлари ҳақида сўроқ бериб буларни қийнагани билан фойда чиқмаслигини билгач, Ҳаммаларини бўшатиб юборган хабари бизга етиб, хафалигимиз анча кўтарилмиш эди. Сўнгра, ёширин ҳолда кечалаб, уй оиламизни кўришга бориб, уларга оталиқ насиҳат ва сиҳатларимизни ўтаган сўнггида, қайтиб Абдураҳмон уйига келдим. Бу ерда бизни узатиш учун Ёсин халфатим бошлиқ сирдош ёру дўстларимиздан кутишиб ўлтирған одамлар билан ҳажга кетаётқандек қучоқлашиб, йиғлашиб, хўшлашган сўнггида, ярим тунда ота бола Тўпадўнг билан Ғулжадан чиқиб, Нилқи йўли орқалик Кунаска қараб жўнадик.

Бу ер Ғулжа шаҳрининг тўппа тўғри шарқ томонида бўлиб, тескай йўли орқалик 4-5 кунлик йўл бўлса ҳам, биз кунгай Боғати ёлғизоёқ йўли билан кун тунлаб юриб Кўктол тўғрисига келдик. Шу ерда бизни Тўқмоқдан қирғизлар билан биринчи мартаба қочиб чиққанимиздаги йўлдошларимиздан Ҳайдарали деган оғайнимиз кутиб олмоқчи бўлган. У киши эса ўғлим Ғаппорхонга берган ваъдаси бўйича, Тян-Шан тармоқларидан бўлган Қўйошув тоғларининг қарағайлигида бизни кутиб ётган қирғиз Турғунбой уйига бошлаб бормоқчи экан.

Мўлжалланган ерга келмагач, «Бирор ҳодиса бўлмаса келиши керак эди, энди ўзим бориб хабар олиб келай», деб ўғлим Ғаппорхон унинг уйига қараб кетди. Бориб қараса, катта фожиалик воқеа устидан чиқмишдур. Шундоқки, бу киши икки аёллик бўлса ҳам, узун йиллардан бери бола кўрмай юриб, ахири кўп тилов эмидемилар ўтказган сўнггида топган, 5-6 ёшлик бўлиб тўй қилишга етган бир ўғли бор эди. Ғаппорхоннинг боришидан олдин илон чақиб, у болани ўлдирмиш экан. Қон йиғлаб ўлтирган кишиларга бошқа сўз сиғмагач, борар жойимиз йўлларини сўраб, мўлжаллаб олиб қайтмишдур.

Бундай оғир ҳол устида кетаётганимизда тўсатдан 6у ҳодисанинг бўлиши биз учун энг оғир сезилмиш эди. Шундай бўлса ҳам, ўғлим Ғаппорхон: «Борар жойимизни белгилаб олдим, адашмай топиб борурмиз» дегач, у ердан қўзғалиб йўлга тушдик.

Кечалаб юрганимизча Оролтепа сирти билан тун ярмида Кунас дарёси бўйига келдик. Қоронғу тунда ҳайқириб оқаётган сувни кечиб ўтиш анчагина қўрқинлик бўлса ҳам, худо ёрдами билан эсон-омон ўтдик. Узун тун бўйи от устидан тушмаганликдан ҳориб-чарчаган ҳолда, тоғ этагига тушиб, бироз бўлса ҳам ухлаб олдик. Лекин, тоғ ичида ёлғизоёқ йўлларда юриб кўнмаган киши йўлбошчиси бўлмаса, излаган жойини мўлжал билан топиб бориши кўп қийин ишдур. Шунга кўра эрталабдан юрганимизча нимадурки белгиланган ерларни пайқамай қолиб, шу куни кечга давр тоғтош ичида йўл тополмай адашиб юрдик. Булутга тиралган улуғ тоғлардан бошқа ҳеч нарса кўзга кўринмас эди. Шу адашганимизча, кундузни кечага улаштириб ҳуфтон вақти киргач, ёғду йўқолиб оламни қоронғулик қоплади. Қалин чўплар ичида кўзларимиз қоровланиб, юрар йўлимиз йўқолгач, тўғри келган бир ерни топиб, тушишга мажбур бўлдик. Бироз ўлтирганимиз сўнггида яна чидаёлмай кўнгилга ваҳима келдики, бу ер Хитой қоровулхонасига яқин бўлса, эрталаб черикларини чорлаб чиққанларида фалокат босиб бизга йўлиқишиб қолмасин, мен буни пайқаб келишим керак деб, Ғаппорхон отланиб кетди.

Худо хоҳласа бало йўқ дегандек, бироз юрганидан кейин йироқдан чироқ ёруғини кўргач қозоқовули бўлғайму, булардан йўл сўрайман деб, бориб қарайди. Бир уй лиқ тўлиқ ярақ жабдуқлик, ухлаб ётган хитой қоровуллари Доғут, Тойошув довон йўлини тўсиб ётган қалмоқ аскарлари экандур. Худо сақлашини кўрингки, қўйилган қоровуллари, боққан бўридай соқчи итлари, ётганларича қотиб ухлаб қолмиш эдилар. Бу каби даҳшатлик ваҳшийлар балосидан қутулиб келиб, воқеани айтиши билан дарҳол орқага қайтиб, йўлга тушдик.

Келишимизда кўринмаган мўлжаллик белгиларимиз қайтишимизда от қашқасидек бўлиб олдимизда кўрина бошлади. Шундан мўлжал олиб тоғ тепасига қараб тортилган ёлғизоёқ йўлга тушганимизча, уч-тўрт бел ошиб, туташ тоғлар орасида кетаётган эдик; йўлдошидан ажраган йўлбарсдек, бир ҳайқириқ чикди. Буни эшитгач, ҳар икковлан тинглашиб (жим бўлиб маъносида) қулоқ солсак, иккинчи тоғ бетида аранг кўринган киши қораси томонидан «Ҳой, Ғаппорхон!» деб чин юракдан чиқарган қийқириқ довуши экандур. Бу товуш эгаси мўлжал бўйича ўтган куни кечгача бизнинг келиш йўлимизни тўсиб кутган экан. Биз адашиб бир кун кечикиб қолганлигимиздан ҳар турлик қўрқинчлик ишлар кўнглига келиб, бугун йўлда йўлиқишмасак Оролтепага бормоқчи бўлиб, йўлга чиқмишдур. Бу товуш эшитилиши билан Ғаппорхон ҳам тоғ устига чиқиб, ўзини кўрсатмиш эди. У орқасига қайтиб, биз томонга қараб юра бошлади. Яқинлашиб келганида кўзи менга тушгач, ўзини отдан ташлаб, йиғлаганича келиб мен билан кўришди.

Бу киши эса биздан бир-икки йил илгари руслар зулмига чидаёлмай Ғулжага қочиб ўтган Тўқмоқ қирғизларидан эди. Менинг бошимга шу каби зулм кунлари, қоронғу тунлари тушиб, ҳеч ерга сиғмай қочиб юрганимни эшитгач, кўп хафа бўлиб: «Менинг олдимга келсун, Юлдуз довони йўллари очилгунча мен ўзим у кишини сақлайман», деб ўғлим Ғаппорхонга ваъда бермиш экандур.

Бундан илгари кўришиб танишмаган бўлсак ҳам, бир юртлик ҳақини сақлаб, шундоқ оғир қўрқинчлик кунларимизда бизга бошпана бўлиб, улуғ хизмат қилмиш эди. Агар бу киши вафот бўлиб дунёдан ўтган бўлса, Аллоҳ у кишини раҳмат сувига чўмилдириб, жаннатдан даражали жойлар ато қилсин! Агар ҳаёт бўлса, охирги кунларигача Аллоҳнинг паноҳида бўлсин!

Байт:

Яхшилик қилғон кишини ҳеч унутмас Соғуний,
То ҳаёти борича доим дуо қилғай они.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort