Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Биз 16 февралда рўл ўйнаб берганмиз…

Биз 16 февралда рўл ўйнаб берганмиз…
17 Mayıs 2016 - 7:00 'да юкланди ва 808 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(10-қисм)

Хўш, ўша заҳоти ва кейинроқ асосан кимларга айб тақалди? Биринчи ўринда диний ақидапараст (экстремист)лар. Буларга асли бор-йўқ турли номдаги оқим ва оқимчалар киритилиб, бир-бирига қориштириб, бўтқа қилиб ташланди.

Мамлакатда умуман мустақил сиёсий, иқтисодий, ижтимоий таҳлил бўлмаганидек, мустақил диний таҳлил ҳам йўқлиги натижасида бу оқимлар нима, йўллари қанақа, уларни бир қозонга солиб дастурхонга бир товоқда тортса бўладими-йўқми – буларни ажратиб, ҳақиқатни юзага чиқарадиган одам топилмади.

Оллоҳдан кўра кўпроқ давлатдан ва МХХдан қўрқадиган “уламои киром” эса тўғрисини айтиш ўрнига, сўралган жой истагига қараб ва кайфиятига мослаб маълумотномалар тузиб, фатволар чиқариб беришди. Ёки бир чеккада ўзини кўрмаётганга-билмаганга солиб ўтириб олди.

Диний ақидапарастлар айбдор, деган ғояни биринчи бўлиб президентнинг ўзи, ўша майдонда турганидаёқ (“Оллоҳу акбар!” деб қочишди дея) илгари сурди ва ҳалигача давом эттириб келяпти.

Дунёда “исломчи”ларни, “динчи”ларни айблаш урфга кириб бораётгани учун Ислом Каримов ҳам 16 феврал воқеалари ҳақида қачон гапирса, “диний экстремистлар”ни албатта тилга оладиган бўлди. Ҳатто бир гал Марказий Осиё давлат бошлиқларининг Остонада ўтган бир йиғилиши чоғи ҳамкасабларига Тошкентдаги портлашлар ҳақида билги бераётиб: “Ҳалиги, Исроилга қарши террорчилик қилади-ку, ўша “ҳизбуллоҳ”чилар қилди”, деб ҳам юборди!

Бу гапи билан президент, биринчидан, “Ҳизбуллоҳ” номи Исроилда ва ғарбда ёқимсиз эканини ҳисобга олди ва дунёга “Сизларнинг душманларингиз менинг ҳам душманим! Мамлакатда менга қаршилар бўлса, улар сизлар ҳам ёқтирмайдиган мана шунақа тоифалардир”, деган хабар йўллади; иккинчидан, “Ҳизбуллоҳ”нинг қон душмани “Исроил”нинг қулоғини мойлаб, кўнглини овлагиси келди; учинчидан, халқимиз назарида динни ёмонотлиқ қилишга уринди; тўртинчидан, халқаро суянчиқ қозонмоқчи бўлди. Аммо, ўзи истамаган ҳолда, 16 феврал воқеалари орқасида қайси ташқи кучлар турган бўлиши мумкинлигини ҳам очиб қўйди!

Ҳолбуки – бу нарса алоҳида ўрганишга арзирли жуда қизиқ нуқта ‒ президент Остонада “Ҳизбут таҳрир” дейиши лозим эди, унга “маслаҳатчилари” ва суянчиғи МХХ шуни айтасиз деб тайинлаб юборган. Ахир, Ўзбекистонда “ҳизбуллоҳ”чи йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!

Лубнон шиаларининг “Ҳизбуллоҳ” фирқаси қаттиқ истаганида ҳам бизнинг мамлакатда бўлимини очиши маҳол иш. Диндан ва дунё воқеаларидан озгина хабари бор оддий кишилар жуда яхши биладиган бу ҳақиқатни президент билмади!

Қуролли лашкарига эга ва Эроннинг Лубнондаги таянч қўрғонларидан бўлган шиа “Ҳизбуллоҳ” билан сиёсий тушунтириш орқали халифаликни тикламоқчи бўлаётган сунний “Ҳизбут таҳрир” фирқасини президент чалкаштириб юборди, уларнинг фарқига бормади! Шарманда!

Фарқига бормагани етмаганидай, “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроилга тинчлик бермай  келаётганини у ер-бу ердан эшитиб олган шекилли, илҳоми қайнаб кетиб:

“Ҳалиги, Исроилга қарши террорчилик қилади-ку, Тошкентдаги портлашларни ҳам ўша “ҳизбуллоҳ”чилар қилди!” деб ўзидан қўшиб юборгиси келди. Ва, бирон куракда турадиган гап айтармикан, деб ўзига қараб ўтирган теварагидаги давлат бошлиқларига мамнун бир қараб қўйди!

Эҳ, бу гапини узоқлардаги керакли давлатлар эшитишини қанчалик хоҳлади! Хом сут эмган банда-да, ўз мамлакатида чексиз ҳокимият эгаси бўлса ҳам, чет мамлакатлардан бир “меҳрли дўст”га қаттиқ муҳтожлигини кўрсатди.

Аммо юртида олдиндан “жиноятчи” қилиб “Ҳизбут таҳрир”ни мўлжаллаб қўйган ва президентга шуни айтасиз деб уқтирган кучишлатар идоралар Остонада президентлари жуда хунук адашганига парво қилмай, “ҳизбуллоҳ”чиларни эмас (уларни қаёқдан излаб ўтиради?!), босиб “ҳизбуттаҳрир”чиларни қамай бошлади.

Ожизлик, нотавонлик, уятсизлик, масхарабозлик бу қадар!

Иккинчи гумон Муҳаммад Солиҳ бошлиқ демократик мухолифат устига тушди.

Давлат 16 феврал портлашларидан кейиноқ ҳар қанақа йўл билан президентнинг биринчи рақамли душмани Муҳаммад Солиҳни ёмонотлиқ қилишга киришиб кетганидан аслида биринчи мўлжал Муҳаммад Солиҳ бўлгани сезилади. Биз бу ерда уни ва демократларни иккинчи гумон дерканмиз, натижа эътибори ила 16 февралдан кейин кўпроқ диндорлар жабр кўрганини ҳисобга олдик. Ҳолбуки, илк кезлари Муҳаммад Солиҳни бош айбдор этишга кўпроқ тиришилгани Зайниддин Асқаров кўргазмаларидан ҳам билиниб турибди.

Ўзи президент қачондан бери демократларнинг думини тугиб қўйиш пайида юрар, аммо сира бунинг уддасидан чиқа олмаётган эди. Сабаби ‒ биринчидан, демократларнинг асосий кучи чет элларга чиқиб кетган, иккинчидан, уларни орқадан дунё ҳамжамияти ҳимоя қилиб турар эди.

Ўзбекистон ҳукуматининг қўлини боғлаб турган бу арқонни қандай ечса бўлади?

Тепада айтганимиздек, эскидан синалган усулни қўллаб уларни эл кўзида ҳам, демократик олам кўзида ҳам ёмонотлиқ қилиш керак. Ёмонотлиқ қилганда ҳам уларни демократияга алоқаси йўқ, қўли қон деб, террорчи-қўпорувчи қилиб кўрсатиш керак, то дунё улардан воз кечсин. Ислом Каримов бошлиқ давлат уларни қийратиб тўғри қиляпти экан-да, десин!

Давлат қўпорувчилик-террорчилик ишига шерик бўлиб кирар экан, сўнградан мана шу мақсадини кўзлаган эди, албатта. Суиқасд ва портлаш ортида Ислом Каримовнинг бош рақиби, мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ турганини дунёга “исботлаш” режаси қандай тузилганини Зайниддин Асқаров кўргазмасидан биламиз.

Иқтибос:
“…Биз нима учун рўл ўйнаб беряпмиз ‒ 16 феврални биз қилдик, Муҳаммад Солиҳнинг алоқаси бор деб… Козимжон Зокиров чиқиб ҳамма нарсани айтиб бўйниларига олиб ташлаяпти. Ёки Баҳром Абдуллаев чиқиб айтяпти… бизни кечиринглар деб йиғлаб айтяпмиз?! Сабаб бор бу ерда! Катта сабаб шуки… Оллоҳ учун рост гапиришимиз керак, ёлғон гапировриб, ёлғон показания беровриб жонимизгаям тегиб кетган… рост бўлмагунча қинғир иш қийиғи қирқ йилда ҳам чиқовради.

Козим Зокировга айтишяптики, Козимов Муродиллаларнинг ҳаммасини сан раҳбарисан, биз ВЖига (қисқартма сўз бўлса керак. ‒ Н.М.Р.) спецом жўнатдик деб показания берасан, Муҳаммад Солиҳдан ман добро олиб келганман дейсан… ҳаммасини Муҳаммад Солиҳ бошқаряпти деб берсанг, мукофотига бир ярим милён дўллар оласан, деяпти. Бу одам (Козимов Зокир. ‒ Н.М.Р.) пул олмайман деяпти. Қийноқлардаям тан олмаяпти ҳеч нарсани… Охири тан оляпти… Нимага тан оляпти десангиз, “Абдували қори билан сани кўриштирамиз, (у) бизнинг қўлимизда турибди”, деган ваъдани беришяпти унга.

У киши Абдували қори аканинг шахсий телохранители, ноиби бўлгани учун, Абдували қори аканинг ишқида у ҳамма нарсани бўйнига олиб юборяпти. Биз кирсак, бизга ҳам илтимос қилиб: “Рўл ўйнаб беринглар, Қори акамизниям қўйиб юборишаркан, кўриштиришаркан, ҳамма нарсани бўйниларингга олинглар”, деган нарсани Козимбек Зокиров бизга ялиняпти. Биз ҳам бўпти деяпмиз. Биздан нима кетди Муҳаммад Солиҳу Палончи-Палончини ёмонлаб қўйиш… Қори акани кўрадиган бўлсак, Қори ака тирик экан… чиқар экан, битта эмас, минглаб жонимиз қурбон бўлсин!..

Ана энди, асосий масалалардан биттаси ‒ Баҳром Абдуллаев тергов вақтида: “Зайниддин, манга булар “вишка” бериб юборар ёки қўйиб юборар, билмайман, лекин мен олдиндан палон куни палон числода Фалончи-Фалончиларга (портлашлар бўлишининг. ‒ Н.М.Р.) хабарини берганман… Именно Йўлбарс Шералиев деган СНБнинг катта офитсерига ман хабар берганман”, деган гапни гапиряпти…

Хуллас… буни (16 феврал портлашларини. ‒ Н.М.Р.) ўзлари қилганлиги…ни ман кейин тушундим… Энди… ман нимага судда рўл ўйнаб бердим? Манга бўлган ваъда Баҳром Абдуллаев бошчилигидаги олтита “вишка”дагилар отилмаслиги эди… “Вишка” берилиб, президент томонидан афв қилиниш ваъда қилинган эди. Охири ман ваъда қилдим:

“Бўпти, ман рўл ўйнаб бераман. Муҳаммад Солиҳни ёмонлаб беришми?”

“Ҳа”.

Муҳаммад Солиҳ билан бизнинг келишувимиз шу эдики, сизлар золимнинг қўлига тушиб қолган вақтингларда, менга туҳмат қилиш керак бўлиб қолса ё сўкиш… мани сўкворовринглар, чунки халқ ҳам билади, деган. Ман Муҳаммад Солиҳ хафа бўлмайди деган мақсадда ман майли деб Муҳаммад Солиҳга туҳмат қилиб: “16 да алоқаси бор, бир милён олти юз минг (дўллар. ‒ Н.М.Р.) берган эди, Тоҳирнинг спонсори эди”, деб… йиғламсираб гапириб рўл ўйнаб бердим. Мани мақсадим Баҳром Абдуллаевдай легендарний қориларни асраб қолиш (эди). Чунки Ўзбекистон халқининг ичида етмиш минглаб унинг орқасида эргашиб турган мухлислар бор эди! Бизнинг устозимиз бўларди. Абдували қори акаларнинг (кўринмас зиндондан. ‒ Н.М.Р.) чиқиши эди… Қори акаларнинг ҳаммаси афв бўлиши эди… Шуларнинг ҳаммаси… Именно Ички ишлар министри Зокир Алматов мани чақириб: “Муҳаммад Солиҳни ёмонлаб берсанг, мана шу рўлни ўйнаб берадиган бўлсанг, ҳаммаси афв бўлади, отилмайди булар, сангаям енгиллик бўлади, суд залидан чиқиб кетасан!” дегани учун, Оллоҳ шоҳид, ман ўзимни қутқариш учун эмас, ана ўшаларни қутқариш учун шу нарсага мажбур бўлган эдим ўша вақтда…

Лекин булар чиқарганиям йўқ… уларга “вишка”ям бериб юборди… “Вишка” бериб юборганининг сабаби ‒ улар сирни биларди. Сирни билгани учун уларни йўқ қилиб юборди. Лекин улар бизга айтиб кетган эди ҳаммасини…

Шунинг учун сизларнинг радиостансиянглар орқали аввало “Эрк” партиясининг раҳбари Муҳаммад Солиҳдан кечирим сўрайманки, ўша вақтида унга туҳмат қилганмиз ҳақиқатда… мажбуран туҳмат қилганмиз… Тоҳир Йўлдошларнинг қилмаган ишини қилди деб айтганмиз… ўзимиз Ўзбекистон халқини олдида гуноҳкормизки, чиқиб 16 февралнинг баъзи бир нарсаларига алданиб қолиб, бу золим, диктатор, кофирларнинг ваъдасига алданиб, рўл ўйнаб, мусулмонларнинг обрўсига путур етказганимиз учун бутун Ўзбекистон халқидан биз кечирим сўраймиз…

AsqarovМуҳаммад Солиҳни, Оллоҳга қасам ичиб айтаман бу гапимни дунёю охиратда, умуман террористларга, террорга алоқаси йўқ… умуман алоқаси йўқ!

Ман демократ эмасман, у одамни яхши кўриш, ёмон кўриш мақсадим ҳам йўқ! Холисона баҳо берганда, ҳеч алоқаси йўқ! Бу бизнинг сиёсий кўрлигимиз, ишонувчанлигимиз, Зокир Алматовнинг ёлғон ваъдаларига ишонганимизнинг натижаси, холос. Бу гапдан кейин бизни отворса, биз шаҳид бўлиб кетоврамиз, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳимоя қилса, яхши, туроврамиз, лекин бизни биров ҳимоя қилиш-қилмаслиги бу гапни айтиб қўйишимиздан тўсиб қўймайди…

…Холисона Ислом учун, Аллоҳ розилиги учун билдирадиган нарсамни яна қайтариб айтаман: Муҳаммад Солиҳ нотўғри суд қилинган, ҳеч қанақа террорга алоқаси йўқ. Ҳаммаси Ўзбекистон прокуратурасининг сенарийлари холос бу нарсалар. Бу гапимдан қайтмайман. Қиёматга қолмаслиги учун, қиёматда ҳамма: “Асқаров Зайниддин, бизни алдабсан-ку?!” демаслиги учун ман оммавий ахборотлар орқали айтиб кетмоқчиманки, биз 16 февралда рўл ўйнаб берганмиз, “16”га Муҳаммад Солиҳнинг алоқаси йўқ, бизниям ҳеч алоқамиз йўқ!..”

“Зайниддин Асқаров ва бошқалар”нинг суддаги “рўли” жуда катта бойлик эди, аммо шу бойликнинг ўзи давлатни тўла қаноатлантирмасди. Унга қани эди бошқа тоифа кишилар ҳам шу каби кўргазма берса! Шунда айблов янада ишончли бўлади деб ўйлади.

Натижада ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудовни ҳам “Украинада Муҳаммад Солиҳ билан кўришгани”ни баҳона қилиб қўлга олди ва ундан Муҳаммад Солиҳ зарарига кўргазма истади.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар