Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хатарлик сафарга йўлдошсиз йўлга чиқиш тўғри эмас

Хатарлик сафарга йўлдошсиз йўлга чиқиш тўғри эмас
23 Mayıs 2016 - 5:00 'да юкланди ва 689 марта ўқилди.

0_10_KarkaraАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 42

(давоми)

ЮЛДУЗ ЯЙЛОВИ

Қўйошувни бугунги кунда меним ошиб ўтишим, биз учун бир тарихий воқеа бўлиб ҳисобланади. Қўноқ бўлиб биз тушган овул қозоқлари бизни Юлдузчи савдогарлардан бўлса керак, деб ўйладилар.

Шу билан эрталаб у ердан қўзғалиб, тушга яқин Қоракўл ошуви остига етдик. Уч тўрт соат мўлжалида довон устига чиқдик. Довон йўлларидан қор кетиб, қорайиб қолганлиги учун отдан тушиб, яёв юришга ҳожат тушмади. Чопқи ўйманидан ўрлаб, юқори тоғ бошига чиқиб, бироз юрганимиздаёқ икки тоғ орасида кўзга қорамтил кўринган бир қора кўл олдимизда ялтираб кўрина бошлади. Шу кўлни ёқалаб бир неча соат юрганимизча, тоғ орасидан ўтиб, бош оёғи кўринмаган улуғ Юлдуз яйловининг туганмас тузлангига чиқа келдик.

Тарихларда достон бўлган турк улусининг айдари деб аталган бу кенг майдоннинг ғарби Ғулжа, Текас тоғлари; шарқи Урумчи, Довончин тоғлари; жануби Кучар, Қорашаҳар тоғлари; шимоли Тян-Шан тармоқ тоғлари билан ўралмиш эди. Бу яйловнинг бошидан оёқ айланаси от юришида ўн кундан ортиқ деб чамалайдилар. Мана шу кенгри яйловда бош оёғи 10 минг оилага етмаган Сумул, Бўлус, Тўрғовут мўғуллари яшайдилар. Булар эса, бундан 200 йиллар илгари Аштархон атрофидан кўчиб қочган мўғуллардан бўлишлари тарихлардан онгланади. Дашти қипчақ чўлларини босиб ўтаётганларида кўчманчи турк улусларининг ҳужумларига учрағонларидан омонлиқ топқанлари ярим сонларини йўқотмиш эдилар.

Бу кенг текис майдон ҳавосида бир турлик ўзгариш борлигидан бўлса керак, қўй эчкилари йироқдан туядай; отлари, туялари эса қараган киши кўзига девдай бўлиб кўринар экан. Қиш кунларининг қандай бўлишини билмадик, лекин биз ўтган ёз чилласида тоғ парчаларидек оқ булутлар осмонда айлангач, даҳшатли момақалдироқлар ичида чақмоқлар чақнашиб, бирпасда ҳаво ўзгарур эди. Бунинг ортидан қор, муз дўл аралаш ёмғир ёққани туриб, яна хиёл ўтмай оқ қора булутлар тарқалиб, ялтираб қуёш чиқа бошлайди.

Юлдузнинг ери текис, тўқай йўқ бўлса ҳам, майда гулли ўтлар кўп бўлганлиқдан, ов қушларининг ҳар турлари бу ерларда кўпдур. Булардан бошқа ер қўйнида яшовчи бўрсиқ, суғур, қўшқулоқ каби ин ҳайвонлари ҳам ҳисобсиз кўпдур. Бироқ ерлик мўғуллар одатларича, бу ин ҳайвонларидан кўп емас эканлар. Ғоз, ўрдак каби учар қушларни овлаб булардан фойдаланиш ҳам кўп одат эмас экан. Айниқса, қанотли қушлар ичида оққув қушини Тангри қуши деб билганликлари учун, буни бек ҳурматлаб, унга озор 6ерувчиларни қаттиқ жазолар экан. Бу ернинг қўл ҳайвонлари, қир ҳайвонлари эса бошқа ерларникига кўра ортиқча сифатли, куч қувватлик бўлади. Айниқса Тўрғовут отлари ўлка бўйича отоқлик бўлиб йўрғалар, йўртоқилар (отнинг силлиқ юриш турлари) шулардан чиқади.

Энди ўзимни шундай чексиз кенг бир ҳайрат майдонида турганимни кўргач, бу ҳаёт оламида агар маданият ҳақиқий инсоний исломият адолатига қурилмас экан, шарманда маданият сиқиндиси (сиқими, босими, зулми) остида яшагандан кўра бадавият майдонида умр ўтказишни ўзим учун ортиқроқ кўрдим.

Бу Юлдуз яйловининг бошқа тарихий воқеаларини қўятурган тақдирда, шуни айтиб ўтиш керакки, мўғуллар салтанатига Темур султон энг сўнгги зарбани шу ўринда бермиш эди. Мўғул аскарлари енгилгач, қиличдан қутилғанлари Илёсхўжа ўғли Ўғлонхонни олиб, асли ватанлари Қорақурум Мўғулистонга қараб қочмиш эдилар. Булар ортидан Мирзо Улуғбек қўмондасида шипирма қилич 10 минг чамасида Темур аcкарлари қувлаганича Иртиш сувидан душманларини ўтказиб, бобоси олдига улуғ Юлдуз яйловига қайтиб келади. Сўнгра Олтишаҳар ўлкасидан мўғуллар салтанатининг қолдиқларини йўқ қилиш учун, Мирзо Улуғбекни етарлик аскар билан Кошғар томонига жўнатган сўнггида, ўзи Олмалиғга тушиб, Самарқандга қайтмишдур. Шу даврдан бошлаб Или ўлкаси Жунғория текислиги билан Уйғуристон-Олтишаҳар қўшилиб, Чин иқлими чегарасигача Турон подшоҳи, Туркистон ҳоқони Темур султон ҳукмига ўтмишдур.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундоқ қилиб, Юлдуз кенг майдонига эрталаб чиқиб, шу юрганимизча кечга яқин Юлдузли савдогарлардан отушлик Қосимҳожим деган кишининг қўшхонасига келиб тушдик.

Буларнинг турган жойлари Юлдуз қалмоқларининг савдохонаси экан. Уй эгалари билан илгари кўришиб танишмаган бўлсак ҳам, Туркистон халқи одатича қўй сўйиб меҳмондўстлик кўрсатиб, бизни яхши кутдилар. Лекин бизнинг воқеамиздан бироз хабарлари бўлса керак, бу ердан тезроқ чиқиб кетишимизни кутгандек бўлиб туришди. Биз ҳам кўп туролмай, эртаси куниёқ Турғунбой оға икковимиз йўлга чиқдик. Юсуфғужғур деган кучарлик савдогарнинг қўшхонасида Кучардан келган эшакчи киракашлар бор деб эшитиб, уларга қўшилиб кетмоқчи бўлдим. Қўшхонамиздан отланиб чиққач, Юлдуз яйловининг жануб томонида Тян-Шан тизма тоғлари қаторларида икки «оғиз» кўрина бошлади. Ботиш томондагиси мўғулча Қўнақай, чиқиш ёғидагиси Қуйқун аталмиш эди. 20-30 чақирим йироғлиқда туриб, юрар йўлимиз бўлган савдогар эшакчиларининг қатнов йўлини Турғунбой оға менга аниқлаб кўрсатиб қўйди. Сўнгра, икковимиз Юлдузнинг киши йўқ кенг майдонида кўзларимиздан қайғули ёшлар оқизиб, от устида қучоқлашган ҳолда хўшлашиб ажраштик.

Ул орқага қайтди. Мен бўлсам, ёлғизоёқ йўлга тушиб, олға қараб мўлжалланган ерга жўнадим. Бироқ бизга ўхшаб кучлик душмандан қочган, йўлдоши йўқ ёлғиз одамнинг, ўзига ақли хуши етарлик даражада ёрдам етказолмаслигини, шу хатарли сафаримда тажрибамдан ўтказдим. Шунинг учун ҳукамолар демишдурлар офат урган, мусибат етган кишиларнинг ёр-дўстлари, уруғ аймоқлари унга қўлтиқтаёқ бўлишиб, тўғри маслаҳат бериб туришлари, албатта, лозимдур. Жон қўрқинчиси бўлмаган тақдирда, бу каби хатарлик сафарга йўлдошсиз йўлга чиқиш тўғри эмас эди.

Маданият оламининнг йиртқичларидан вақтлик бўлса ҳам қутилмиш эдим, бироқ бу кетаётган олдимдаги йўлда ер усти яйловларининг энг улуғи аталган Юлдуз тизма тоғларини оралаб юришга тўғри келур эди. Бундай бўлғач, йўлдошсиз, қуролсиз ёлғиз кетаётқанимда олдимдан, тепаси оқ қора булутлар билан ўралган Олатоғдан йиртқич ҳайвонлар чиқиб келса, мана бу ҳолда қандай чора кўришим керак? деган даҳшатлик хаёллар босиб, юрар йўлимдан адашиб қолдим.

Турғунбой оға йироқдан белгилаб берган Қуйқун йўлини қолдириб, мўғулларнинг боши туюқ яйлови Қўнақай йўлига кирмиш эканман. Мўлжал берган жойдан эшакчи савдогарларининг ўзлари эмас, изларини ҳам тополмадим. Шундай бўлса ҳам йўлдан адашганимни ўзим билмасдан, яйловга кўчган қалмоқлар (мўғулларнинг Дашти қипчоққан Мўғулистонга қўчиб қочганда Юлдуз яйловларида қолиб кетган қисми) қолдирган изларига алданиб, улар ортидан из қувлаганимча юравердим. Олдинроқ ўтган от эшак излари ҳам ора-сира кўзга чалинмоқда эди. Лекин тоғ ичига ичкарироқ кирган сайин йўллар торайиб, излар озайгани турди. Аксинча, бўрига ўхшаш йиртқич ваҳшийлар ва булардан қочган кийиклар каби ов ҳайвонларининг қолдирган излари борган сари кўпая бошлади. Шу ердан ўтиб, ёлғизоёқ йўл билан бироз юрганимдан кейин, сой ичида ҳайбатлик оқиб ётган каттагина сув бўйига келиб етдим. Қарасам, сувнинг у томонидаги йўл оқариб кўринмокда эди.

Ёлғиз киши учун синалмаган бундай сувлардан кечиб ўтиш анчагина қўрқинчлик бўлса ҳам, сув кечиш ишларида бироз тажриба кўрганимдан осонлик ила у томонга ўтиб, аср номозини ўқидим. Сўнгра, шу йўл орқалиқ ярим соат чамали юриб эдим, олдингидан хунукроқ яна бир сув устига келиб, у томонда из бўлиб кўринаётган йўлга ўтмоқ хаёли билан отни сувга солдим. Ўрталаб келганимда оёғи тошга қоқилиб отим йиқилди. Сув белимга чиқиши билан: «Ё, Аллоҳ!» садосини тортиб тепиниб эдим, ўрнидан сапчиб тура келди. Жилов буриб орқага қайтдим. Қарасам, шу вақтда кун ботиб, шом номозининг вақти ҳам кирмиш эди.

Шу оралиқ тоғ бошларида олалаб ётган оқ қора булутлар ҳар ёқдан кўзғалишга бошлади. Ҳаво юзин қоплағач, кун гуркираб, чақмоқлар чақилиши билан, дўл аралаш қаттиқ ёмғир қуйғали турди. Соатимга қарасам, Юлдуз яйловидан ўтиб тоғ ичига кирганим сўнггида от чоптириб дам олган вақтларимдан бошқа, шу ерга келгунча 10 соат ўтмиш экандур. Ҳар соатига 10 чақиримдан оз юрмаганлигим маълумдур. Қора булут остидан тарновдай қуйилиб ётган ёмғир суви ҳиёл ўтмаёқ ички ташқи кийимларимдан ўта бошлади. Танам сувга чиланиб, совуққа чидаёлмай титраб қалтирағали турдим.

Буни қарангким, жаҳонгир Чингиз, соҳибқирон Темур каби улуғ қўмондонлар кўриклар ўтказган, саноқсиз аскарлар от уловларининг туёқ изларини, ўз кўкрагида кўтарган тамғадек кўриб, юзи устида слаган Юлдуз яйловининг кўкка тиралган тоғлари остида ёлғиз ўзим сувга ботиб қалтираб ўлтиришим, инсон ҳаётида энг оз кўриладиган тарихий бир воқеа эмасми?

Сўнгра, тўрт томонга қарасам, боши булутга эришган ҳайбатли ола тоғлардан ўзга, ёмғирдан далда бўлғудек ҳеч нарса кўринмас эди. Бунинг устига одам йиртқичларидан вақтлик омон қолган бўлсам ҳам, тоғ йиртқичларининг қўрқинчлик оёқ излари ҳар ерда кўринар эди. Мана шу каби даҳшат ваҳшатлик қоронғу кечасида энг ҳалокатлик ўринда турган бўлсам ҳам, кўнглимдаги иймоним сабабли, яратгувчи меҳрибон Аллоҳ ёрдамига умид боғламиш эдим. Руҳоний қувватим жнсмоний кучимга мадад бериши билан, бўрон-шамолдан далдароқ деб, сой ичига тушдим.

Узун йўл юриб ҳорган, ўй чуқур ерлардан ўтарда уриниб чарчаган ҳар қандай отни тонг отқизиш керак бўлгани учун отни қонтардим. Лекин ҳаёт олами сабабга боғлиқ деган Қўръон қонунига қараб, ўзимни сақламоқ учун муштумдек тошлардан ўн бешини олдимга тўпладим. Пичоқ боғимига латта ўраб, ўнг қўлимга ушладим. Табиат оламининг ваҳшийлари ўт ёруғидан қўрқишини эскариб, қўлимга говут қопини олдим. Мана шулар билан имконият борича мумкин қадар инсоний, ҳайвоний душманларимга қарши қўярлик қурол тайёрлаган бўлдим. Ва «Оятал курсий», «Ли ийлофи қурайш» сурасини ҳам оғзимдан тушурмай ўқиғали турдим. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалам айтмишдурлар: «Роҳат кунлари Аллоҳни унутмай онинг амрини ушласанг, ўл доғи меҳнат кунлари бошингга келса, сени унутмағай».

Байт:

Ҳар гуноҳ қилған эрсанг, чин кўнгилдан товба қил!
Чин кўнгилдан товба қилсанг, ҳар гуноҳни ювғиси.
Сен Яратқон амрини ушлар эрсанг роҳат куни,
Бошингга меҳнат куни тушди эрса қутқорғуси.
Эй, ўғил-қизлар! Худо амрин қолдирмай тутинг!
Бўлса мушкил ишларинг, ёрдам худодин бўлғуси.
Соғуний қилғай насиҳат то ажал еткунчалик,
Чин кўнгил дўстлариға эсдалик қолдурғуси.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар