Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Кўчиб кетмакка уч кун муҳлат берилди

Кўчиб кетмакка уч кун муҳлат берилди
24 Mayıs 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1183 марта ўқилди.

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 46

(давоми)

ҚАЙНАҚЎ ҒАЗОТИ

Расулуллоҳ Бадр ғазотидан қайтиб, Мадинага келганларидан сўнгра бир ой ҳам ўтмасдин туриб, Қайнақў яҳудлари Пайғамбаримиз билан қилган аҳд-паймонларини бузиб, хиёнат қилдилар.

Булар бўлса, яҳудлар араблар ичида урушчанлик — баҳодирлик билан номлари кўтарилган эди. Темирчилик, заргарлик ҳунарларида анчагина моҳир эдилар. Шунинг учун уруш асбоблари буларда мукаммал эди. Хотун-қизларга керакли зеб-зийнат, олтин-кумуш асбоблари буларнинг бозорларида кўпроқ сотилур эди.

Бир куни бир мусулмон араб хотуни исирға-узук мисоли бир нарса олмоқчи бўлиб, бир яҳудий заргар дўконига кириб ўлтирди. У заргар хотунга тегишмоқчи бўлиб бошига ёпилган бурғунчиғини орқа томонидан тортиб боғлаб қўйди. Ўлтурган хотун билмасдин бирдан турганда, бошидаги, эгнидаги кийимлари шипирилиб ерга тушди. Одатда ёт кишилар кўриши мумкин бўлмайдиган жойлари баданидан очилиб қолди. Ул ерда ўтиришган яҳудлар қаҳ-қаҳлашиб, ула хотунга кулдилар. Бунга хотуннинг хўрлиги келиб: «Мусулмон борми?» деб йиғлаб юборди. Бунинг ноласини эшитган мусулмонлардин бириси чидаб туролмай, қилич суғуриб, ул яҳудийни чопиб ташлади. Буни кўрган кўпчилик яҳудлар унинг устига ҳужум қилишиб, уни порапора қилдилар. Шу баҳона бўлиб, яҳудлар билан мусулмонлар орасига душманлик тушиб, уруш қўзғалди.

Бу хабар Расулуллоҳга етгач, яҳуд раисларидан бир нечаларини Мадинага чақирдилар. Аҳд бузгувчиларнинг охири ёмон бўлишини аларга айтиб: «Ўртамизда тўхталган аҳд-паймонларимизга қараганда, сизларнинг бу ишинглар аҳдни бузмоқдур. Эй яҳуд қавми, биласизлар, албатта, мен Худо тарафидан келган ҳақ пайғамбардурман, бу сўзнинг ростлигига шул ўқиб турган китобинглар — Тавроту Инжилни гувоҳ қилурман. Бу ҳақиқатни ўзинглар у китобларда кўриб, аниқ билгандин сўнгра яна инкор қилдинглар. Энди сизларга Аллоҳнинг ғазаби келгай, Бадр урушида Қурайш устига тушган мусибат кунлари сизларга ҳам тушгай», дедилар.

Анда ул яҳудлар: «Эй Муҳаммад, сен бизларни ўз қавминг арабларидек чоғлама, Бадр урушидаги ғолибиятга алданиб унга мағрур бўлма, уруш ишларида усталиги йўқлигидан Қурайш қабиласи сендан енгилдилар. Агар бизни ҳам улардек чоғлаб, биз билан тўқнашур бўлсанг, ана шунда урушнинг қандоқ эканлигини, кимлар уруш эрлари эканлигини билур эдинг», дедилар.

Мана шу чоғда Аллоҳдин бу оят келди: «Қул лиллазийна кафарув сатуғлабуна ва туҳшарувна ила жаҳаннама ва биъсал миҳад».

Маъноси: «Эй Муҳаммад, бу кофирларга айтгил, агар биз билан урушур бўлсангиз, албатта енгилурсиз, ўлдирилурсиз, сўнгра жаҳаннамга йиқилурсиз, борган жойингиз қандоқ ёмон ўринлигини шунда билгайсиз», демакдур.

Сўнгра Расулуллоҳ яҳудлардин яхшилик чиқмаслигини юқориги оят мазмунидан онгладилар. Алар ҳам душманликларини очиқдан-очиқ билдириб, мусулмонларга боғий, яъни, душман бўлдилар.

Бу сабаблардин Расулуллоҳ бошлиқ Ислом туғини кўтариш ҳазрати Ҳамзага топширилган эди. Мадинадан аскар чиққан хабарини эшитиб, яҳудларга қаттиқ қўрқинч тушди. Юқориги оят мазмунича, Ислом аскарига кўзлари тушмай туриб, барилари қочиб, қўрғонга қамалдилар. Бунинг устига Расулуллоҳ қўшин билан келиб, ўн беш кун қўрғонни қаттиқ қамал қилдилар. Яҳудларнинг хотун ва болаларидин бошқа урушга ярамлик аскарлари етти юз киши бор эди. Илоҳий томонидан буларнинг кўнгулларига қаттиқ қўрқинч тушганлигидан ҳеч қандоқ қаршилик кўрсата олмадилар.

Охир Расулуллоҳдан ўзлари сўрадиларким, ёлғуз йўл озуғи билан бола-чақаларини олиб араб тупроғидан чиқиб кетгайлар. Қолган мол-мулк, турар жойларини қолдиргайлар. Мана шу сўзга тўхташ бўлганидин сўнгра, кўчиб кетмакка уч кун муҳлат берилди.

Бу ишга Убода ибн Сомит вакил бўлди. Араб тупроғидан ўтиб, Шом тупроғига кирганда Азруот деган жойда ватан тутиб ўлтирдилар. Лекин йилига етмаёқ, барчалари вабо касали билан ўлиб тугадилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort