Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Оч кишига нон юзи ёрнинг юзидин яхшироқ…

Оч кишига нон юзи ёрнинг юзидин яхшироқ…
26 Mayıs 2016 - 5:00 'да юкланди ва 1120 марта ўқилди.

0_b4d4d_a596bf35_XXXLАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 43

(давоми)

Яна ўз сўзимизга келайлик. Тушган ерим сой ичи бўлиб, изғирин шамол аралаш тўхтовсиз қуйилиб турғон ёмғир остида, ичим тошим сувга чўмганлиқдан совуққа чидоёлмай қалтираб, титрағони турдим.

Лекин шу каби оғир даҳшатлик қоронғу кечада маним жон йўлдошим жонивор отим мен учун қоровуллик хизматини бажармиш эди. Шундоқки йирокдан бирор нарсанинг шарпасини сезиши билан дарҳол бўйнини кўтариб, қулоқларини ўйнатиб, менга ҳозир бўл хабарини берар эди. Шу билан ғам қайғулик бу каби узундан узун тунда ёр васлини кутган ошиқдек қачон тонг отар экан деб, термулиб ўлтурдим.

Ялт этиб тонг отиши билан талпиниб очирқоб турган отимни ўтга қўйиб, бу ўхшаш даҳшатли кеча офатларидан омон чиққаним учун Тангрига ёлвориб шукр саждасини қилдим. Юлдуз яйловидан ўтиб тоғ ичига киргач, ўн икки соат йўл юриб шу ўринга келган эдим. Энди эса боши туюқ яйлов йўлига кириб адашиб юрганимни билгач, яна орқага қайтмоқчи бўлдим. Отим жонивор адашганимни мендан илгари билган экан. Чунки, бу ёққа келишда зўр билан қамчи остида юриб келган эди, сал бўш қўйсам юришини секинлатиб орқага қайтишга интилар эди.

Ёмғир қаттиқ ёғиб, жала қуйганликдан ёлғизоёқ йўллар йўқолиб, от туёқ излари босилмиш эди. Бошоёғи жар бўлиб оққан улуғ сув бўйлаб, кечик йўлни тополмай, тўрт беш соат овора бўлдим. Бунинг устига яна ҳаво бузилиб, кийим бошим сергамай (қуримай) туриб, қор аралаш ёмғир ёққали турди. Охири тинкам қуриб кетганликдан оттўнни, хуржун халашни қолдириб, жардан сакраб сув сузиб у томонга ўтсамми ҳам дедим. Бироқ бу ишим ўзим сувдан ўтган тақдирда ҳам хатарлик бўлгани учун, бундан воз кечиб яна «Аллоҳ» деб отимга миндим. Менинг учун шу чоғда от изини кўрмак, ёр юзини ўпмакдан ҳам ортиқроқ кўринар эди.

Байт:

Ёр юзини завқини роҳат аҳли билгайлар,
Йўл йўқотган одамлар от изини сўрғайлар.

Қайтадан отимга мингач, тиззага чиққан чўплар ичида из излаб кетаётганимда худо ўнглаб, булут ичидан чиқиб келган ойдек «ялт» этиб, тақали от изи қўзимга кўринди. Агар бунинг ўрнида олтин туёқ ётган бўлса ҳам, бунчалик суюнмас эдим. Бу изни кўриб кўзимга суртгач, бунинг бошчилиги билан йўл топиб, дарё кечиги орқалик у томонга ўтмоқчи бўлиб сувга кирдим. Бироқ у томондаги бир тоғнинг тумшуғи осилиб, сувнинг ярмигача кириб турмиш эди. Сув йўли эса шу тумшуқнинг ўнг ёғида экан, мен бўлсам буни билмасдан сўл ёғига қараб юриб, қаттиқ оқаётган сув эпкини (тўлқини, оқими) билан қаршимдаги тоғ тубига чиқиб қолдим. Қарасам, тоғ этагида жар бўлиб эшилиб ётган 30-40 газча шағал қум бор экан. Унинг устидан кетган катта йўл борлигини билгач, тўғри йўлга кесиб чиқмоқчи бўлиб, ҳайҳайлаганимча тоғга қараб от солдим. Қий қассурон билан ярим белига чиқаёзганимда от оёғи тўхтамай, қум-шағал аралаш кўчки кўчгандек сирпаганимча сув бўйига етиб тўхтадим. Шу билан 2-3 соат сув ичида овора бўлиб ҳайронликда қолгач, йўлни мўлжаллаш учун яна сувнинг у томонига кечиб ўтдим. Ахир Аллоҳ ёрдами етиб иккинчи кирганимда йўл топиб, қаршимдаги катта тоғ йўлига келиб чиқдим. Мана шу чоғда ер кўк бир хилда кўкариб, булутлар тарқалган, ҳаво очилиб, қуёш ярақламиш эди.

Сувга чўккан кишидек ҳўл бўлган эгин бош, от жабдуқларимни кунга солиб, қоқ тушгача шу ерда ётдим. Лекин бу ётишда кўкарган еру кўкдан, ҳаводаги булутдан, осмондаги қуёшдан бошқа бирор нарса кўзга кўринмас эди. Бу ерда икки уч соатларча ётиб, ҳордиғим чиқиб, усти бошларим қуригач, яна от устига миниб йўлга тушдим. Не ажаб сирдурким, бу йўлда келаётганимда адашганимни отим билгандек, босган оёғи орқага тортиб, ўз ихтиёрича бир қадам йўл олға босмай, қамчи остидагина келмиш эди. Энди қайтар вақтида қарасам, жонивор бир турлик қувончлик билдириб, қамчига қарамай ўз эрки билан олға интилмоқда эди.

Тажрибага кўра ҳайвонларда, айниқса, отларда илоҳи томондан берилган бир турлик сезгу бўлиши керакдур. Бу йўли қайтиб кетаётганимда одатдагича юрмасдан, отимнинг интилишича тасқақлатиб (ўзига қўйиб чоптирмоқ), қаттиқ юришга тўғри келди. Чунки борар жойим олис бўлганликдан тун қоронғусига қолиш қўрқинчи бор эди.

Икки томонимдан булутга тиралган эгиз тоғ орасидаги сўқмоқ йўл билан от жиловини қўйганимча солдириб кетаётсам, йироқдан бир киши бошини шундай кўтариб, яна ёширинди. Буни кўргач, бу киши ёлғиз эмас, йўлтўсар қароқчилардан бўлиши керак, деган ваҳима билан кўнглимга қўрқинч тушди.

Исломият қонуни бўйича зиёндур, хаёндур (фойдадур) инсонга ҳар ишнинг сабабини қилмоқлик лозим бўлғонликдан дарҳол отдан тушиб, айил уланларимни (эгарни отда ушлаб турадиган тасмалар) қаттиқ тортиб, эгар тақимларимни (эгар тагидан солинадиган махсус кийгиз парчаси) ўнгладим. Чопонимнинг икки енги учини бўғиб бойлаб, ичига 5-10 тош солиб яна қўйин-қўлтиқларимни тошга тўлдириб олдим, қолганини Аллоҳга топшириб отга миндим эрса, ўғри қувгандек от қўйиб, 5-6 чақирим чамаси юрганимча тўхтамай чопдим. Қандай бўлса ҳам, шу билан қўрқинчлик мендан кўтарилди. Йўлда кўринган кишининг шарпаси чиқмай, ким эканлиги билинмай, эсон омон у ердан ўтиб, чўнг сув бўйидаги қалмоқлар тиккан Тиклихон арчасига етиб келдим.

Мўғуллар одатларича катта сувларнинг бўйларига, довон ошув тоғлар чўққиларига қуруқ арча бутоқларини қадаб ўлтирғизадилар. Айлантира тоғ тўдалаб, арча шохларига оқ латта бойлаб қўядилар. Расулуллоҳ алайҳи васаллам пайғамбаримиз: «Ҳар инсон ўз подшоҳининг динида яшайди», дедилар. Шунга кўра, Туркистон ўлкаси узун йиллар мўғуллар ҳокимияти остида яшаганликдан дўлана, қайрағочларнинг шоҳ бутоқларига хотин халажларнинг оқ латта бойлаб қўйишлари шуларнинг қолдиқларидур.

Шу ерга етганимча ҳуррият оламида эркинлик билан яшовчи инсонлар кўнгилларидек очилган ҳаво остида ёғин-чопин кўрмай келган бўлсам ҳам, Тиклихон арчасидан ўтганим сўнггида тоғ парчаларидек оқ қора даҳшатлик булутлар ҳар томондан қўзғалгали турди. Момақалдироқ қаҳр ғазаби билан булутга ҳайбат кўрсатиб эди, у қўрққанидан бутун вужуди тешилиб, кўз ёшин қолдирмай тўкишга бошлади. Бир дамда ёруғ оламни қоронғулик қоплаб, қуёш ботиши билан тун устида қозон тўнкаргандек қош қоронғулик ичида қолдим. Энди қопқора тун қоронғилиги билан қалин қор булутлар остида туриб, устидан изғирин шамол аралаш тарновдан тушкандай совуқ ёмғир уриб, сув ичида шилдираб турган бир одамнинг ҳоли на бўлғусидир. Охири, иложим кетганликдан, отимдан тушиб, ёмғирдан бошпана бўлғудек бир ер топилармикан деб пайпаслаб юрсам, шу ерда чуқурлиги бир одам бўйи келгудек жар борлиги билинди. Дарров жар ичига тушиб отимни чигаллаб, чилбирини белимга боғлаб олдим; ўзим бўлсам шу жар ичида сув олиб камор (ўпирилиб кетган ўйиқ жой) қилиб кетган, аранг бир киши сиғқудек бир ўрин бор экан, куч билан бўлса ҳам шу каморга кириб олдим. Бироқ усти бошим бутунлай ёмғир сувига чиланганликдан, сув ичида ётгандек бўлиб қийналдим. Шундай бўлса ҳам уйқусизлигим устига чарчашлик қўшилганликдан бу каби даҳшатлик жойда ҳеч бир нарса сезмасдан тонг отқунча ухламиш эдим.

Сўнгра уйғониб қарасам, ҳавода парча булут қолмаган, кўк кўкариб, юлдузлар чарақлаб, янгидангина тонг юзи ёримиш экандур. Тездан туриб тонг отқунча отимни жардан чиқариб ўтга қўйдим. Лекин, қор аралаш ёққан ёмғирдан сўнг эскан тонг шамолининг салқини, кийимларим ҳўл бўлгани учун мени қалтиратиб титратқали турди. Бир томондан совуққа чидаёлмай турганим устига, кун бўйи от устидан тушмай юриб, уринганлигимдан менда қаттиқ чанқовлик пайдо бўлмиш эди. Ёмғир ҳар қанча кўп ёғиб турган бўлса ҳам, ернинг текислиги, сўрғақлигидан (сўриб олувчи, тез сўрувчи) бўлиши керак, чанқоқлигимни босқудек ҳам сув тополмай, ахири чўпларни қоқиб силкиб юриб аранг уч тўрт қошиқ сув йиғиб, шу билан томоғимни ҳўллаб турдим. Шу орада қуёш ҳам ялтираб чиқа бошлади. Ёмғирга чиланиб (ивиб, бўкиб, ҳўл бўлиб), сув бўлган эгин-бошим, от-жабдуқларимни кунга қоқлаб (ёйиб қуритиб), уч тўрт соат шу ерда ётдим. Сўнгра бу ердан отланиб, мўлжалланган томонимга қараб икки соат юрганимдан кейин, олдимдан ялтираб кўринган оқар сувга кўзим тушгач, Ҳизр алайҳиссалом ичган обиҳаёт сувини топгандек, қувонмиш эдим.

Байт:

Оч кишига нон юзи ёрнинг юзидин яхшироқ,
Чанқамиш одамга сув ҳурининг кўзидин яхшироқ.

От жонивор ҳам йироқдан сувга кўзи тушиши билан қандай етганини билмасдан тумшуғини сувга ботирмиш эди. Мен ҳам шу баробар от устидан сакраб тушиб, ҳар икковимиз чанқоғимиз қонгунча бош кўтармай сув ичкани турдик. Сўнгра, бу ердан отланиб, бундан уч кун илгари қўниб ўтган, йироқдан кўриниб турган оқ чодирларга қараб жўнадим.

Йўлда кетаётганимда 14-15 ёш чамалик, мол боқиб юрган бир қалмоқ боласи менга йўлдош бўлиб, бир икки чақиримгача эргашиб бирга келди. Ўз тилида ғулдурлаб, узундан-узун сўзлаган бўлса ҳам, мўғул тилини биринчи мартаба эшитаётганим учун, нима деганини билолмадим. Ахир қилган имо ишораларидан тушунсам, қўлидаги эски ёмон қамчисини менга қолдириб, менинг эл ичида бир қўй турадиган яхши қамчимни сўрамиш экан. Қарасам, бошқа чора билан мендан ажрамайди, сўз тушунтирай десам тил билмайди. Кел, икковимиз от чопишайлик деган бўлиб, от бошини қўйиб орқамга қарасам, чанггимга ҳам етолмай қолибдур. Шу билан кечга яқин бир чодирга келиб тушдим.

Илгариги танишган еримга тушмакни ўзимга маъқул кўрмадим, чунки ул одамлар мени сезган бўлишлари керак. Бир кеча қўндириб эртаси узатиб қутулганча кўзлари тўрт бўлмиш эди. Энди у кунлари коммунист большевикларнинг қилаётган ваҳшиёна зулмларига кўра, бунга юз баробар инсоний шарафларини қурбон қилиб, ўзларини ҳалокатдан сақлашга мажбур эдилар. Чунки, бундай кунлари пэсар йўлини тутмоқ, яъни ўзгани ўзидай билмоқ, балки, бир мусулмонни ўзидан ҳам ортиқ кўрмоқ бу каби улуғ шарафга ҳақиқий ислом йўлини тутган чин мўмин мусулмонлардан бошқа ким эга бўлғусидур!

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort