Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Бу умрмас, қоп-қора мотам…”

“Бу умрмас, қоп-қора мотам…”
03 Haziran 2016 - 3:05 'да юкланди ва 592 марта ўқилди.

УМР
Гапларингда қанот бор, аммо
Кўтаролмас жисмингни афсус.
Истайсанки, бу ўтар дунё
Мақтаб айтса исмингни ҳар кас.

Ҳақ атайсан айтган сўзингни,
Ким мухолиф – ғаниминг шаксиз.
Ёпиб олиб қалбинг – кўзингни,
Оламингга нурлар кераксиз.

Йўқ ғанимга курашиб мудом
Умринг ўтар муаллақ, ожиз.
Асл душман ичинг қолиб
Ўйламассан у ҳақда ҳаргиз.

Эй сўзларин тиёлмаган зот,
Эй бўҳтонга эрк берган инсон,
Сен ўзингни билмайсан, ҳайҳот,
Танимассан ўзингни ҳамон.

Сен эрк деб баҳо берганинг
Нафсинг тўқиб берган қафасдир.
Ачинаман – очиғин айтса,
Истагинг ҳам маълум эмасдир.

Ёд биласан минглаб ҳикматни
Ёд билган бир тўти сингари
Минг афсуски, айтиб юрганинг
Нутқ безашдан ўтмайди нари.

Сукут сақлаб, нафасинг ростлаб
Ёлғиз қолиб ўзинг-ла бир дам
Кимлигингни англаб олмасанг –
Бу умрмас, қоп-қора мотам!..

ЭРК
Ўт тафтини сезолмас асло
Олов ичра куймаган инсон.
Қайдан қадрин билади, ахир,
Эрк ҳиссини туймаган инсон!

Қўллар севмиш кишан захмини,
Бош ҳамиша эгилмакка шай.
Қул бўлганлар қул деб ҳаммани
Қафасларга тиқар тўхтамай.

Қашшоқ ҳислар ичра бу умр
Қашшоқликда ўтар букилиб.
Зулм йўли. Қўрқув – уловинг,
Кечар ҳар кун юрак тўкилиб.

То сен эркни истамагайсан,
То қилмассан эзгуликка саъй,
Болаларинг туғилаверар
Қулликка ва чўриликка шай!…

ЭР
Асло қул эмасдинг туғилган онинг,
Асли туғилгандинг ҳур бўлиб мутлақ.
Ўғил дея хурсанд бўлганди отанг,
Ўғил деб онангни кетдилар қутлаб.

Кейин ўсмир бўлдинг, кейин бўзйигит,
Кейин уйладилар – эр номин олдинг.
Лекин бошинг, билмам, недан эгилиб,
Қул деб тепдиларки, ер бўлиб қолдинг.

Бошида бошингда хўжа йўқ эди,
Фақат яшар эдинг эрк оламида.
Аммо кейин эркинг кўкингни кийди,
Гўё қуллик қилдинг жоннинг ғамида.

Унутдинг жасорат исмини ҳар чоқ,
Ҳар нега боқасан негадир ҳуркиб.
Руҳингни қоплади аччиқ бир чарчоқ,
Сени йиқитади ҳар ким бир туртиб.

Жонингни сақлашга банд бўлиб ҳар дам
Яшаш ҳам ёдингдан кетгандир чиқиб.
Ичингда қўрқувга беролмай барҳам
Мардликка юрагинг кетди ичикиб.

Бир оила бошисан. Хотининг ҳам бор,
Туғилиб улғаяр болалар бир-бир.
Уларга ҳадикни мерос қилсанг гар,
Сени кечирмагай сен кечган тақдир.

Болангга ўргатиб қўрқувни, ҳайҳот,
Унга қолдирганинг бўлар хиёнат –
Токи ҳақиқатга тик боқолмасдан
Токи тополмасанг дилда жасорат.

Жон битта. Умрнинг йўли ҳам битта.
Биров яшамаган икки марта ҳеч.
Ҳамманинг қўлида кир бўлиб кетган
Дунёда ҳеч йўқса, қўрқувингдан кеч.

Золимнинг қошида титрама – эрсан,
Тиз чўкканинг бўлсин ягона Худо,
Жонингни олишга келсинлар, лекин
Ўзгага букилма – тик жон бер ҳатто!

Эр қилиб яратди сени Яратган,
Эр деган номингни мустаҳкам тутгин.
Терингни шилиблар олсалар-да сен
Эр бўлиб келгансан, эр бўлиб кетгин!

ТАЛАБГОР
Ҳақин талаб қилган одамдан эмас,
Сукут ичра сокин тургандан сен қўрқ.
Сўзлаган улушин ўзи сўрса-да,
Жим турганга Ҳақдан ўзга таянч йўқ.

Талабгор курашса – унинг устидан
Эҳтимол, бўларсан ғолиб муваққат.
Лек мазлум номидан талабгор бўлиб
Келса не қилурсан, ул Қодир Ҳаққа?

СЕН ЁРДАМ БЕРМАСАНГ
Бир балога тушдим – айбдор ўзим,
Ўзим абгордирман – юзи қораман.
Агар кетаверсам шу тарз, шу йўсин –
Айт, Сенга қай юз билан бораман?

Ўзимга ишончим қолмаган, ё Раб,
Ўзимдан ўзимнинг кўнгли қолгандир.
Ўзимни ўзимнинг қўлидан қутқар,
Менинг борлигим ҳам асли ёлғондир.

ГЎРЎҒЛИ

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар