Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Умримизнинг сўнгги дақиқаларигача аёлларнинг ҳиммати ва ёрдамига муҳтожмиз

Умримизнинг сўнгги дақиқаларигача аёлларнинг ҳиммати ва ёрдамига муҳтожмиз
15 Haziran 2016 - 5:00 'да юкланди ва 676 марта ўқилди.

site_0602_0016-750-0-20130729144635Абдурауф ФИТРАТ

НАЖОТ ЙЎЛИ

(47-қисм)

Бизнинг орамизда илоҳий аҳкомларнинг ҳикматини тушуниб етмаган одамлар анча кўпдир. Шу боис улар хотин олишни фақат махлуқий шаҳватни қондириш учун деб ўйлайдилар. Шундан фақатгина ўзининг ҳавою нафси учун ҳар куни янги хотин олиб, аввалгисини талоқ қиладилар ёки хору зор ва муҳтож қилиб ташлаб қўядилар.

Бу хилдаги одамлар фақат махлуқий шаҳватларини ўйлаб иш кўрадилар, ҳеч бир нарсада одил Аллоҳ таолодан қўрқмайдилар. Ҳа, бир нечта хотинга уйланиш бизнинг шариатимизда бор, лекин шу шарт биланки, агар ҳаммаларига тенг муомала қила олса… «…Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг)…»255

Ҳадисда эса қуйидагилар айтилган: «Икки хотини бўлган эркак хотинлари ўртасида адолат қилолмаса (яъни уларнинг бирига зулм ўткизса), қиёматда яримта тана билан ҳозир бўлади».

Шуларни билганимиздан кейин яна бир нарсага диққатингизни қаратмоқчиманки, уйланмоқчи бўлган одам ўзига монанд, ҳар жиҳатдан ўзига баробар хотинга уйланиши керак. Зеро, Пайғамбаримиз айтганларки: «Хотинга тўртта нарсага қараб уйланадилар: молига, насабига, жамоли ва динига. Бас, сен диндор хотинга уйлан». Энди биз шу ҳадиси шарифдаги ҳикматларни муҳокама қиламиз.

Аввало, молига қараб уйлангин, дейилган. Эркак киши никоҳига ўзининг мол-мулкига тенг келадиган мол-мулкли аёлга уйланиши керак. Камбағал оилада ўсган қизларнинг аксари тўғри тарбия ва таълим ололмай, бутун ахлоқий фазилатлардан маҳрум қолган бўладилар. Хусусан, рўзғор тутишни билмасдан кўпгина нохушликларга сабаб бўлишлари мумкин.

Иккинчидан, насабига қараб уйланиш керак, яъни хотинининг насаби эриникидан паст бўлмаса яхши бўлади.

Чунки паст тоифадаги одамларнинг ахлоқи яхши бўлмайди, ахлоқий камчиликлар ирсий йўл билан ҳам ўтар экан. Шунинг учун ота-онанинг бадахлоқлиги ва паст фитрати ирсий йўл билан қизларига ҳам ўтади. Шундай қизларга уйланган кишининг хатарлари олдинда бўлади. Эрнинг ҳаётини заҳарга айлантирадилар, оила номусини сақлашга ожизлик қиладилар, ахлоқларидаги фасодлар уларнинг фарзандларига ҳам ўтади.

Учинчи ўринда ҳусну жамол туради. Юқорида арз қилганимиздек, Аллоҳ таоло эр-хотинни насл қолдириш учун жорий қилган. Бу мақсадга эрнинг хотинига майли бўлсагина эришилади. Агар хотинининг зоҳирий ҳусни жамоли бўлмаса, эркакнинг унга рағбати бўлмайди, у билан яқинлик қилишни ҳам хоҳламайди, бу сабабдан наслга нуқсон етади. Яна шундай бўлиши ҳам мумкинки, чор-ночор шаҳвоний рағбатини қондириш учун ҳаром йўлларга юриб, дунёю охиратини куйдиради.

Тўртинчи талаб — диндорлик. Маълумки, шахс (феъл) одамлардан болалик чоғидан турли одатни қабул қила бошлайди. Фазлу камол аҳли қўлида тарбия кўрган бола фазилат ва камолга ошно бўлади, беҳаё ва бадкирдорлар орасида ўсган гўдак эса катта бўлса, ўзи ҳам беҳаё ва бадкирдор бўлади. Шуни ҳисобга олиб бир фаранг ҳукамоси: «Бани одамнинг барча гўдакларини менинг тарбиямга берилса, ҳозирги олам шаклини ўзгартириб юборардим», — деган экан.

Тарбия фани уламолари бир овоздан айтадиларки, тарбия натижасида ҳосил бўлган одатлар инсонни тамоман одамийлик табиатидан чиқариб юбормайди. Яна шу ҳам маълумки, ҳар бир бола гўдаклигидан онасининг тарбиясига маҳкум.

Бинобарин, биз дастлабки тарбияни ўз онамиздан оламиз, бу оналар башариятнинг тарбиячиларидир дегани, агар улар диндор бўлсалар, фарзандлари ҳам диндор бўлади, шунинг учун уйланмоқчи бўлган одам диндор хотинга уйланишга ҳаракат қилиши керак. Аммо шу диндор сўзини ҳамма ҳам тўғри тушунавермайди. Бу сўзнинг ҳақиқий маъноси нима?

Диндорлик башариятнинг саодат мартабаларининг бири бўлиб, касбий ақлга, яъни илмга таянган бўлади. Равшанроқ айтадиган бўлсак, диндорлик Аллоҳга фармонбардорлиқдир. Илоҳий амрларга итоат этишнинг икки шарти бор. Аввало, коинотнинг холиқи бўлмиш Аллоҳни яхшилаб таниб олиш лозим, сўнг унинг Қуръони каримда мавжуд бўлган барча амрларини билиш керак. Шу икки шартсиз илм ҳосил бўлмайди, шундан ҳам биз диндорликнинг асоси илм дедик.

Мен буларни айтишимдан нима ҳожат? Бу ҳақда Қуръони каримда тушунарли қилиб: «…Аллоҳдан қўрқиш олимларга хос» дейилган ва бу оятни Пайғамбаримиз ушбу ҳадислари билан тўлдирганлар: «Дин бу ақлдир, ақли бўлмаган одамнинг дини ҳам йўқ». Бу гаплар бир минг уч юз йил аввал айтилган. Шундай экан, уйланшда ана шу тўртинчи шарт, яъни илмли бўлиш зарурий шартдир.

Уйланиш ниятида юрган эркакни тасаввур қилинг: у топган тўртга қизнинг бири пулдор, бири калонзода, учинчиси соҳибжамол ва сўнггиси олим ва диндор. Бу эркак учун қай бирини танлаш савоб? Яъни бу тўрт қизнинг қайси бирини никоҳига олсин? Мазкур ҳадисга биноан олим ва диндор бўлганни никоҳига олиши керак. Бошқаларидан келадиган манфаатлар гумон, тўртинчиси эса аввалдан мавжуддир. Айнан ана шу жиҳатлар айтилган ҳадисда маъносини топган.

Ҳозир эса хотинларнинг ижтимоий мавқеи ва уларга қилинадиган муошарат одоби ҳақида бир оз суҳбатлашсак.

Жамиятда аёлларнинг мартабаси улуғдир. Шу аёллар бизни қатра сув ҳолимизда отамизнинг пушти камаридан олиб, тўққиз ой раҳмида кўтариб, минг хил мушкулотлардан ўтадилар. Шу аёллар бир парча ожиз гўштлигимизда бизни меҳр-муҳаббат оғушига олиб, узоқ йиллар уйқуни уйқу демай тарбия қиладилар.

Бизнинг тарбиячиларимиз, табибларимиз, муаллимларимиз ҳам шу аёлларимиздир. Улғайиб вояга етганимиздан сўнг шу аёлларнинг бири бизга йўлдош бўлиб, шодлигу ғамимизга шерик бўлади, рўзғоримизни бошқаради, турмушимиз юкини енгиллатади, бизни минг хил ҳаромдан тўсади; хуллас, ҳаётимизнинг мушфиқ мудири, ахлоқимизнинг муҳофазаси бу аёллар, чунки биз отамиз сулбидан жудо бўлиб, яралиб, то умримизнинг сўнгги дақиқаларигача аёлларнинг ҳиммати ва ёрдамига муҳтожмиз.

(давоми бор)

255.Куръони карим, Нисо сураси, 30-оят.
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар