Гиёҳвандлик моддалари олди-соттиси билан шуғулланасизми?

Гиёҳвандлик моддалари олди-соттиси билан шуғулланасизми?
82 views
16 June 2016 - 5:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (7-қисм)

Тўртинчи боб

Баҳромни сарғиш юзлари лўппи, семизлигига қараганда уйқучироқ, кўкимтир кўзли, қизғиш-қора сочли бир кимса ҳузурига бошлаб келишди.

У ўзини:

– Мен бош терговчи Рахмонов бўламан! – деб таништирди.

Баҳром, Мелис билан адвокат тилидан қўймайдиган Жамшид деган одам шу экан-да, дея кўнглидан ўтказди. Унинг илинжи пучга чиқаётган ушбу лаҳзаларда бош терговчи сўнган умидларини қайта алангалантирди:

– Нима учун қочиб юрипсиз?

Баҳром лаб жуфтлашга улгурмай, бошқа одам жавоб қайтарди:

– Жамшиджо-он, Баҳром дегани шу йигит. Барча ишлардан ўзингиз хабардорсиз, бу ёғи жойида. Ўзи ҳам ишонса бўладиган яхши йигит!

Баҳром орқага бошини буриб адвокатни кўрдию, юз-кўзлари йилдирим чақнашидан ёришган ўрмонлар сингари яшнаб кетди.

– Текшириб кўрамиз, айби йўқ бўлса, қўйиб юборамиз. Бизга ҳам гуноҳсиз кимсаларни ушлаб туришнинг қизиғи йўқ. Айби бўлса, қамалади! – деди бош терговчи. Унинг бу шамадан жаҳли чиққани янаям қизариб кетган қизил башарасидан билиниб турарди. Адвокатнинг гапи ёқмаганини билдириш учун у тўнглик билан гапида давом этди. – Ишингиз қайси тилда олиб борилишини хоҳлайсиз, ўзбек тилидами ёки рус тилида?

Воқеалар шиддат билан салбий томонга эврилаётганини кўриб, асаблари таранглашаётган Баҳром:

– Албатта, ўзбек тилида! – деди.

Бош терговчи телефонда кимгадир:

– Мадраҳимов дарҳол олдимга кирсин! – дер экан, ярим дақиқа ўтар-ўтмас бўйи узунроқ, ранги оқиш-сариқ, ўрта яшар кимса хонага кириб келди.

Уни кўрган адвокат лаққа балиқнинг оғзига ўхшаш оғзини йиғиштиролмасдан:

– Ниғмат, бормисиз, кўринмай қолдингиз? – дея мўйлабларини ўйнатиб, қорнини селкиллатиб, товушсиз кулди.

– Ассалому алайкум, Шамшод ака! – деди у бош терговчи олдида ўзини жиддий тутиб.

Унинг ҳолатини пайқамаган адвокат талтайиб:

– Ва-алайкум ас-сало-ом! – деди чўзиб.

 Бу бош терговчига ёқмади.

– Мадраҳимов, сиз Қурбонов Баҳромнинг жиноят ишини тергов қиласиз! – деди у. – Ҳар қандай масалада мен билан маслаҳатлашишингиз мумкин. Терговни қонунлар доирасида олиб бориш зарурлигини сизга уқтириб ўтирмасам ҳам бўлади. Бўшсиз! Жиноятчини олиб чиқиб кетинглар!

Шу заҳоти икки қўриқчи Баҳромнинг қўлларига қайта кишан солиб,  хонадан олиб чиқди.

Бешинчи боб

Уни терговчилар хонасига олиб кириб, бир чеккага ўтқазиб қўйдилар. Деразадан бошқарма ҳовлиси кўриниб турар, кўчадан ушлаб келинганлар миршабхона ҳожатхонасини тозалаш ва ҳовлидаги аллақандай қурилиш ишлари билан овора эдилар.

Текин ва беминнат ишчи кучи ҳисобланадиган мардикорлар гўё “дунёдаги бор илмларни ўзлаштирган”, аммо ҳақ-ҳуқуқларини билмайдиган оми бир тўда эса-да, иқтисоднинг узилиб қолмаслигини таъминлаётган жуда муҳим қатлам эди. Улар ўз ҳуқуқларини олий тоифадаги ҳуқуқшунос даражасида билганларида ҳам, ҳақларини талаб қила олмас эдилар. Қай биринингдир эси оғиб, қонуний ҳуқуқини пеш қилган тақдирда, беш дақиқа ўтар-ўтмас “қонун пешвоси”га қарши “жиноят иши” қўзғатиларди. Бу нарсани улар ўз исмларини билгандек аён билишларини ҳисобга олсак, ҳеч қачон ўз ҳуқуқларини талаб қилолмасликлари уларнинг биз ўйлаган омилардан эмаслигини англатарди.

Ҳуқуқини талаб этиб миршаблар ғазабига учган мардикор, акс ҳолда, чўнтагидан гиёҳвандлик моддаси чиқиб қолганда ҳам ажабланмаслиги зарур. Гиёҳвандлик моддаси – ҳизбут таҳрирчилар ёинки ваҳҳобийчилар ғоялари тарғиб этилган варақага ўралмаган бўлса, у дўпписини осмонга отиши керак. Чўнтакдан чиққан нарсани “меники эмас” дейиш жуда катта хато. Бирга ўсган жонажон дўстинг, ҳожатхонани бирга тозалаган шеригинг, кутилмаганда пайдо бўладиган маҳалладошинг ҳизбут таҳрирчи ёхуд ваҳҳобийчи эканлигингни ўн дақиқада ишончли далиллар билан исботлаб беради. Ҳеч қанча ўтмасдан, “ҳақиқатан, шунақа муттаҳам эканман, ватанфуришлигимни билмасдан юрган эканман”, деб ўз қилмишингдан пушаймон ея бошлайсан. Ҳаётингда бир дафъа намоз ўқимаган бўлсанг-да, уч кун ўтиб, намозни бир марта қазо қилмаган “мутаассиб диндор”га – ашаддий ақидапараст, кўзига қон тўлган террорчига айланасан қоласан. Ўзинг ҳаққингдаги баъзи нарсаларни “жиноий иш”га тикилган маълумотлардан ўқиб, кирдикорларингни очиб, юртни ўз вақтида сенинг тажовузингдан қутқариб қолган хавфсизлик ходимларига телевидение орқали ташаккурномалар йўллай бошлайсан…

Шунинг учун, қўлга туштингми, индамасдан, “хўп бўлади, командир” деб, бўйинсиниқлик билан буюрилган вазифани бажарсанг, хавф-хатарларнинг қора булутларини бошингдан аритган бўласан. Миршаблар сени бирор-бир қора ишга ёллаяптими, улар буни ўзларичамас – оғзиларидан тушмайдиган қонунлар устиворлигини товони билан сигаретнинг қолдиғи сингари эзадиган ҳукумат бошида ўтирганлардан чиққан буйруққа биноан амалга оширяпти. Кулиб туришингнинг ўзи, қонунни минг яхши билишингдан кўра, ақл-фаросатли эканлигингни белгилаб, сенга нисбатан раҳм-шафқат уйғотади…

Баҳром бошқарма ҳовлисида ишлаётган  мардикорларга боқиб, шу кабиларни мулоҳаза этар, неча марталаб таниш-билишларини, қариндош-уруғларини шу жойдан олиб чиқиб кетган пайтларини эсларди. Пойтахтга келган аксарият қишлоқдошларининг чўнтагида унинг телефон рақами, уй манзили ёзилган бир парча қоғоз бўларди. Улар шу юрт фуқаролари бўлсалар-да, кўчаларда эркин юра олмасдилар. Миршаблар уларга илк назар ташлашдаёқ вилоятдан келганини пайқар, бу муаммонинг дебочаси бўларди. Миршабларнинг тўқсон фоизга яқини вилоятлардан келиб чиққанига қарамасдан, атрофдан ҳар хил сабаблар билан пойтахтга келган ҳамшаҳарларини аяб ўтирмасдилар. Мабодо меҳр-шафқатли бўлишни хоҳлаганларида ҳам, хизмат бурчлари бунга асло йўл бермасди. Ўзгаларга қонун нуқтаи назаридан муомала қилмоқчи бўлиб, зиммаларига қўшимча муаммо орттиришни истамасалар, юқоридан қўйилган қатъий талабларни бажаришга мажбур эканликларини улар ҳар нафасларида ҳис этмоқлари шарт бўларди.

Уларнинг чангалига тушган кишилар тақдири ҳар хил якун топарди. Ишнинг ҳал бўлиши, асосан, улар билан тутқунлар ўртасидаги муросаю мадорага тақалиб, порадан кўра ҳам кўпроқ кайфиятга  боғлиқ бўларди.

Бу маконларда асрлар асносида қонунларнинг шунчаки хўжакўрсинга ишлатилишини аксарият яхши билади. Ер юзи кафтга жой бўладиган ахборотлар асрида буни кўздан яшириш қуёшни этаги билан ёпмоқчи бўлган жодугар кампирнинг уринишига ўхшайди. Қонунлар ўзини ҳимоя этолмагани учун уларга суяниб иш кўриш қийин. Раҳбарлар ва миршаблар тилини топган кимсанинг қўлидан ҳамма иш келади. Шу қоидага риоя қиладиган Баҳром юзлаб чорасизларни бу жойлардан олиб чиқиб кетган кунлар жуда кўп бўлган. Кимдир қўнғироқ қилиб йиғлагудек бўлиб ялинса, қандай қилиб “вақтим йўқ” дей оласан киши. Ҳафсала этилса, уч-тўрт сўм пул эвазига ҳамиша муаммони ечса бўлади. Ўзини билган кимса бундай ишни савоб учун амалга оширади. Бу ишни касб қилиб олиб тирикчилик ўтказадиганлар ҳам сон мингта.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Баҳром ҳафтада миршабхонадан бир-икки шўрпешонани олиб чиқадиган кунлар кўп бўларди. Кандиёр билан ҳам шундай машмашалар сабаб танишиб қолган эдилар. Уйига келган меҳмони йўқолиб қолса, Баҳром тўғри миршабхонага борарди. Аксар ҳолларда мўлжали тўғри чиққанида, ёш боладай қувониб кетарди. У бошда Мелисни қидириб топар, уни тополмаса, нархини икки ҳисса қўшиб айтадиган Нормуродга илтимос қиларди. Участка нозири бўлиб ишлайдиган Нормурод тўрт сўм пул учун отасини ҳам сотишдан тоймайдиганлар хилидан эди.

Бир гал Баҳромникига қишлоғидан Нуритдин исмли ёш йигит меҳмон бўлиб келди. У шаҳар кўрмаган содда, ҳазилга мойил, чапани бир йигит эди. Баҳром палов пиширмоқчи бўлганида, хотини уйда сабзи қолмаганини айтди. У Нуритдиннинг қўлига пул бериб, бозорчадан сабзи сотиб олиб келишни буюрди. У шу кетганча орқасига қайтмади. Ундан сувга чўккан тошдек дарак бўлавермагач, Баҳром безовта бўлиб, миршабхонага йўл олди.

Навбатчиликда турган йигитлар:

– Келганингиз яхши бўлди, сизни қидираётган эдик! – дейишди.

У Нуритдин шу ерда бўлса, бир нима хомтаъма бўлаётгандирлар-да, деб ўйлаб, “гапи йўқ, йигитлар, эрийман” деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Улар:

– Бизни тушунмадингиз, сизни бошлиқ йўқлатган эди. Кажалиевга учрар экансиз, – дейишди.

У ҳақиқатан ҳам ҳеч нимага тушунмаётганди. Кажалиев дегани ким, қанақа бошлиқ, нима учун уни сўратади?!

Баҳром иккинчи қаватга, унинг ҳузурига чиққанида, Кандиёр унга қийиқ кўзларини тикиб:

– Қурбонов Баҳром сиз бўласизми? – деб сўради.

– Ҳа, мен бўламан, тинчликми? – деб саволга савол билан жавоб қайтарди у.

– Данғара кўчасидаги 23-ҳовлида яшайсизми?

– Шундай!

– Гиёҳвандлик моддалари олди-соттиси билан узоқ йиллардан буён шуғулланасизми?

Қўққисдан айтилган бу гап уни карахт қилиб қўйди. Кимдир бошига гурзи билан ургандай бўлди. Икки қулоғи жаранглаб, кўз олди қоронғилашди.

 (давоми бор)