Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Биз аёлларимизга илоҳий амрларга мувофиқ муомала қиламизми?

Биз аёлларимизга илоҳий амрларга мувофиқ муомала қиламизми?
18 Haziran 2016 - 6:00 'да юкланди ва 892 марта ўқилди.

MN12chalaАбдурауф ФИТРАТ

НАЖОТ ЙЎЛИ

(48-қисм)

Ҳаётнинг муқаррар қонунлари жумласига ҳар бир ва зифанинг ҳаққи, ҳар бир хизматнинг мукофоти бўлиши шартлиги киради. Яъни ҳар кимнинг менга нисбатан вазифаси бўлса, менинг зиммамда у учун ҳақ ҳам бўлиши лозим. Ойдинроқ қилиб тушунтирсам, ҳар ким менга хизмат қилиб, фойда келтирса, ажр ва мукофотини ҳам талаб қилади.

Бу қонун бенуқсон, комил қонун бўлиб, илоҳий адолатга мувофиқдир. Унга хилоф бориш зулм билан баробар бўлади. Бас, шубҳа қолмадики, бизга саноқсиз хизмат кўрсатиб фойда келтирган аёлларга биз ҳам муко фотларини беришимиз керак, ҳурматларини қилиб, уларни хушнуд қилишимиз шарт. Чунончи, бизга бу Ҳазрат вожиб таоло томонидан Қуръони каримда амр қилинган:

«…Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор»256.

«Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар»257.

Биргина шу оятнинг аҳамияти шунчалик каттаки, унинг тафсири бир китобга сиғмайди. Фаранг уламолари ва ҳукамолари юзлаб китоблар ёзиб, эру хотин ҳуқуқлари хусусида шу оятдан ҳам қатъийроқ бирор-бир қонун ўйлаб топганлари йўқ.

Ҳа, хотинлар барча ҳуқуқ ва вазифаларда бизлар билан баробардирлар. Сиз агар: «Ёзган шу оятингдан раёсат ҳаққи эркакларга берилган экан, қандай қилиб аёллар биз билан барча ҳуқуқда баробар бўларкан?» – дерсиз. Гарчи раёсат ва сардорликнинг номи улуғ бўлса ҳам, лекин ҳақиқатда меҳнат ва машаққатдан ўзга нарса эмас. Бир жамоатнинг раиси ва сардори ўша жамоатнинг хизматкори деган гапдир. Қўй чўпон учун эмас, балки чўпон қўйнинг хизматидадир. Бир жамоатнинг раиси Аллоҳ тарафидан ўзига тобеъларни саодат йўлига бошлаш учун бу йўлда уларнинг бошига тушадиган турли қийинчиликларнинг барини ўз зиммасига олишга маъмур этилган. Раис Аллоҳ тарафидан унга тобеъларнинг осойишта ва тинчлигини таъминлашга маҳкум этилган. У тобеъларига етадиган ҳар бир зарарнинг олдини олиш учун ҳаракат қилишга ҳам шаръан, ҳам ақлан мажбурдир. Бир жамоатнинг бошига тушадиган ҳар бир кулфат, балолар учун раис ҳам одамлар олдида, ҳам Аллоҳ олдида масъул бўлиб, ҳисобот беради.

Одамиятнинг латиф қисми бўлмиш аёллар, албатта, бу қадар қийинчиликларга тоқат қилолмас эдилар. Шуларни эътиборга олган ҳолда Аллоҳ раёсат ҳаққини эркакларга берган. Агар диққат қилсак, аслида бу аёлларга кўрсатилган буюк меҳрибонликдир, уларнинг баланд даражаларига далилдир. Энди ўзимизга савол берсак: биз аёлларимизга илоҳий амрларга мувофиқ муомала қиламизми?

Ҳайҳот… Бизнинг аёлларимизга қилаётган муомаламиз ислом таълимотига бутунлай зиддир. Одамлар ўз ҳайвонларига раво кўрмаган жабру зулмни биз аёлларимизга қиламиз. Ер юзида энг беқадр махлуқлар бизнинг мамлакатимиздаги аёллардир. Бу латиф хилқатлар елкаларидаги шунча хизматларига қарамасдан, таҳқиру дашном ва калтак зарби остида қолганлар. Бизнинг мулкимизда «хотин» деган сўз турли зулму ситамга ва бемурувватликка лойиқ бўлиб қолган. Биз бу латиф жинсни, башариятнинг муборак бир қисмини дунёдаги барча фасодларнинг сабаби, жаҳаннам ўтини деб ҳисоблаймиз.

Диққат қилинг-а, Исо Масиҳнинг эшагини258, асҳоби Каҳфнинг итини259 ва Солиҳ Пайғамбарнинг туясини260 жаннатий деб ҳисоблаган ҳолда хотинимиз бечорани жаҳаннам оташи деб санаймиз. Яъни оналаримиз бўлмиш аёллар гуруҳини тўрт оёқлилардан ҳам пастроқ кўрамиз. Соддалик ва хабарсизликни кўрингки, шу феъл-атворимизни шариатга мувофиқдеб ўйлаймиз. Афсус… минг марта афсус, мубин ислом дини бу хилдаги зулм ва бедодликдан пок ва холидир. Ислом дини эркагу аёлни барча ҳуқуқ ва вазифаларда баробар қилди, фақат риёсат хизматини эркакларга қолдирди, яъни эркакларни аёлларга посбон қилди. Ислом дини бизни доимо бундай ношойиста хатти-ҳаракатлардан манъ қилади. Юқорида мисол келтирилган оят ва ҳадислар шу муддаомизнинг исботи бўлса, лекин инкор этувчиларга бирон-бир ўрин қолмаслиги учун яна бир нечта илоҳий амрларни зикр қиламиз: «Агар аёлларингизга чиройли муомала қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз (ўзингизга яхшидир). Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир»261.

Ушбу оятни қуйидаги ҳадислар билан тўлдирамиз: «Худованди таборак ва таоло сизларга аёлларга яхши муомалада бўлинг, деб амр қилади, зеро, улар оналарингиз, қизларингиз ва холаларингиздир».

«Сизлардан яхшироғингиз аёлларингизга яхши муомалада бўлганингиздир».

«Сизларнинг яхшироғингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганлардир. Менинг аҳли аёлимга қиладиган муомалам сизнинг аҳли аёлингизга қиладиган муомалангиздан кўра яхшироқдир. Аҳли аёлига яхши муомалада бўладиганлар мурувватли ва жавонмард инсонлардир, уларга ёмон муомалада бўлганлар эса пасттабиат ва нокасдирлар».

Аёллар ҳаққига ислом динида ворид бўлган олий ҳукмлар ана шулардир. Энди ҳам бирор сўз денг-чи! Энди ҳам аёлларни жаҳаннам ўтини дейсизми? Энди ҳам аёлларни махлуқдан баттар санайсизми? Энди ҳам аёлларимиз дашному калтакка лойиқми? Мен шунча гапдан кейин сизларнинг фикрингиз ўзгаришини ва зулмни тарк этишингизни орзу қиламан. Зеро, мен аниқ биламанки, сизлар ўзингизни жону дилингиз билан ислом фармонларига бўйсунувчи, деб биласиз. Лекин бугунгача аёллар хусусида диний ҳукмларни билмасдингиз ва уларга нисбатан ношойиста ҳаракатларни жоиз деб билдингиз.

Ҳозир бу масъала хусусида билиб олганингиздан сўнг, шубҳа йўқки, Қуръони каримга хилоф бўлган ҳар бир ишни дарҳол тарк қилсангиз керак. Зотан, агар шу умидворлик бўлмаганда эди, мен бир қисм умримни ушбу рисолани ёзишга сарф қилмаган бўлар эдим.

(давоми бор)

256.Куръони карим, Бақара сураси, 228-оят.
257.Куръони карим, Нисо сураси, 34-оят.
258.Исо Масиҳ эшаги — бу ҳайвон пайғамбар Исонинг доим хизматида бўлгани «Инжил»нинг кўп жойларида зикр этилган.
259.Асҳоби Каҳф ити, асҳоби Каҳф — Ғор дўстлари қиссаси Куръони карим (Каҳф сураси)да келтирилган бўлиб, уғша золим ҳоким истибдодидан дини иймонларини сақлаб қолишлари учун ўз жонларини фидо қилган йигитларнинг бир Каҳф — ғорга паноҳ тортиб кириши, у жойда уч юз йил қолиб кетишганидир. Шунда улар билан бирга чўпоннинг ити ҳам кирган экан.
260.Солиҳ пайғамбарнинг туяси. Бу қисса ҳам Куръони каримнинг кўп сураларида келтирилган. Ривоят қилишларича, Солиҳ пайғамбарнинг қавми — Самут ундан ҳақ пайғамбар уларнинг кўз ўнгларида бир харсанг тошни тирик туяга айлантиради ва уни сўймай, ўлдирмай ўз ҳолига ташлаб қўйишларини буюрадилар. Акс ҳолда бошларига бало келиши ҳақида уларни огоҳлантирадилар. Самут қавми туяни сўйганда жазога мустаҳиқ бўлган.
261.Қуръони карим, Нисо сураси, 128-оят.
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар