Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Аросатдаги Тошкент, Аҳмадбой чинозлик ва ШҲТнинг навбатдаги мажлиси

Аросатдаги Тошкент, Аҳмадбой чинозлик ва ШҲТнинг навбатдаги мажлиси
18 Haziran 2016 - 19:47 'de eklendi ve 1294 kez görüntülendi.

аҳмадбой чинозликЎн олтинчи июндан то йигирма олтинчи июнга қадар Тошкентга кириш ва Тошкентдан чиқиш тақиқланади деган хабар тарқалди. Кейинчалик бу ёлғон деб эълон қилинди ва бу ахборотни тарқатган милиса ишдан олингани ҳақида ҳам гап бўлди. Ўзбек сайтлари ёппасига бу хабарни эълон қилиб, сўнг сўкиш эшитиб, хабар рад этилди деб ёзди.

Шунда ижтимоий тармоқларда, ўзаро суҳбатларда турли мулоҳазалар тарқади, албатта. Аввало, Тошкентнинг ёпилиши ҳукуматнинг энг аҳмоқона қарори бўлгани таъкидланди, эҳтимол, бу сафсата бўлиши тахмин этилди. Тошкентда яшаш ва бемалол юриш жуда катта муаммога айланган бу даврда мазкур “янгилик”нинг чиққани одамларни сира ҳам ажаблантирмади. Кўпчилик ишларини шу асосда режалаштиришга ҳам киришган эди. Бироқ Ўзбекистоннинг расмий ахборот манбаси – Ўзбекистон Ахборот агентлиги бу масалада аввал ҳам, кейин ҳам лом-мим демади. Эркин Воҳидовдек халқ шоири ўлими тўғрисида ҳам ўз вақтида сўз очмаган, фақат “бахтиёр ҳаёт”ни куйлайдиган, битта таъзия ҳам бу “куй”га путур беради деб ҳисоблайдиган ЎзА мум тишлаб тураверди.

Туғиладиган мулоҳазалар: нима учун Ўзбекистон расмийлари бу каби ёлғон-яшиқ хабарлар ҳақида баёнот бермайди? Албатта, буни талаб қилиш аҳмоқлик бўлиб туюлиши мумкин. Лекин гап бошқа жойда.

Аҳмадбой чинозлик (яъни чиназский) деган одам молиявий пирамида қуриб келаётгани бутун мамлакатга маълум эди. Унинг кўрсаётган “кароматлари”ни деярли ҳар биримиз биламиз. Уни жорий йилнинг ўн бешинчи июнь куни ҳибс қилишди, эртаси куни Ўзбекистоннинг ҳамма расмий телеканаллари шу ҳақида қисқа ахборот тарқатди. Қизиқ, Аҳмадбой бир неча йилдан бери Тошкентнинг шундоққина биқинида шу қадар катта пулни ўйнатди, одамлар унга пулларини ўз қўллари билан опкелиб бердилар, буни ҳукумат шу пайтга қадар кўрмаётганмиди?! Иккинчидан, Аҳмадбойнинг айби нима? Конституциянинг, қонунларнинг қайси моддасини бузди у? Хориж валютасини ноқонуний алмаштирдими? Бутун Ўзбекистонда долларни қора бозорда сотишади-ку!

Одамларни алдадими? Бировнинг пулини тортиб олдими? Албатта, йўқ. Кишилар унга ўзлари пул олиб келиб беришган. Аҳмадбой эса хотамтой бўлиб ном ҳам қозонган эди. Бутун Республикага довруқ солди. Энди тўсатдан уни қўлга олишдан мақсад нима? Шунча пайт уни ўз ҳолига ташлаб қўйишдан манфаат бормиди? Рустам Азимовдек вазир “Ўзбекистонда миллиардер бўлиши мумкин эмас!” – деб ваъда бериб бўлган бир паллада Аҳмадбойнинг миллиардерга айланишига қадар нима учун рухсат этдилар? Тан олиш лозимки, чинозлик бир одам, оддий одам ўз фаолияти билан, бу фаолият қаллоблик бўлган тақдирда ҳам, молиявий пирамида бўлган тақдирда ҳам, ўзбек банкларининг бир тийинга қиммат эканини исботлади. Чунки мустақулликдан сўнг халқ банкка пулини ҳеч қачон омонат қилиб қўймаган, халқ ҳеч қачон банкка ишонмаган эди, аммо Аҳмадбойга ишонди. Чунки у кўча тили билан айтганда, “гапига жавоб берди”. Иккинчидан, Аҳмадбойнинг шу қадар гуркираб кетиши табиийми? Учинчидан, нима учун Аҳмадбой айнан ШҲТ саммити арафасида қўлга олинди? Аҳмадбойнинг фаолияти ШҲТ саммитига не қадар халал беришими мумкин эди? Тўртинчидан, Аҳмадбойнинг қўлига тўпланган пул ҳақиқатан ҳам расмий манбалар кўрсатган миқдордами – ўн уч миллиард сўмдан кўра кўпроқ нақд пул ва етти миллиондан кўпроқ долларми?! Бешинчидан, “янгилик”ларни эскитиб, муддатидан камида ўн кун ўтказиб эълон қиладиган ЎзТВ шу қадар “тезкор” ишлайдиган бўлиб кетдими? Сал қўйса, Аҳмадбойнинг қўлга олиниши операциясидан тўғридан-тўғри эфир қилиб юборай дейишди-я!

Гап шундаки, аввало, Аҳмадбой бир ўзи эмас. Уни Ўзбекистон ҳукумати ичидан қўллаб турган шахслар бор. Бу шахслар Аҳмадбойнинг бу фаолиятини ҳар дақиқа кузатиб, шу даражага келиши учун имконият яратиб берган. Аҳмадбой ўзи учун эмас, ўша шахсларнинг амрига кўра ишлаган. Хўш, улар ким? Уларниг учи бош вазирга қадар тақалади.

Иккинчидан, Аҳмадбойнинг бу қадар гуркираб кетиши ҳам табиий, ҳам уюштирилган. Сабаби, одамларда пул йўқ ёки жуда кам, улар пулни кўпайтириш ва эвазига яхши яшашнинг бошқа йўлларини билмайдилар, сўнг Аҳмадбой кабиларга ишонишдан бошқа чоралари ҳам қолмаган. Қолаверса, Аҳмадбойнинг МХХнинг ўзи дастаклаб тургани маълум. Демак, бу ҳаракат уюштирилган. Учинчидан, Аҳмадбой ишлаган, ишламаган тақдирда ҳам ШҲТнинг мажлиси ўтаверади. Чунки унинг сиёсатга бевосита қизиқиши ва муносабати ҳозирча йўқ. Тўртинчидан, Аҳмадбойнинг давлат томонидан тортиб олинган пули асл суммадан пасайтириб кўрсатилган. Бу – аниқ. Чунки манбалар Аҳмадбойнинг қўлида тўпланган пул расмий билдирилган ҳисобдан бир неча ўн марта кўплигини маълум қилмоқда. Бешинчидан, ЎзТВнинг бу қадар “тезкорлиги” икки сабаб билан боғлиқ. Биринчи сабаб, одамларга Аҳмадбой ҳузурига келманглар деган гапни айтиш керак эди. Иккинчи сабаб, бу хабарни айтиш билан кишиларни шу хабар атрофида овора қилиб қўйиш эди.
ШҲТнинг саммити Тошкент учун муҳим масала. Чунки Ўзбекистоннинг халқаро сиёсий, иқтисодий алоқалари жуда суст экани аниқ. Ўзбек ҳукуматини ривожланган давлатлар ҳукуматлари ҳурмат қилмайди. Ўзбек ҳукумати ҳеч қачон халқаро майдонда ўз ўрни ва овозини муносиб шаклда ифода эта олгани йўқ. Ўзбек ҳукумати, асосан, Россия ва Хитой билан бир қадар муносабатларга эга. Чунки бу икки йирик давлатнинг системаси моҳиятан Ўзбекистондан фарқ қилмайди. Мамлакат бошқаруви бир гуруҳ жиноятчилар қўлида, халқнинг сиёсий фаоллиги нол даражада. Агар Жанубий Кореяни Ўзбекистоннинг яқин ҳамкори десак, у ҳам Ўзбекистон билан ҳеч қачон чуқур муносабатларга киришган эмас. Барча муносабатлар юзаки ва чекланган. Буни расмий олди-бердилар – сиёсий ҳамкорлик, таълим ва иқтисоддаги келишувларнинг ниҳоятда кичик кўрсаткичга эга экани билан кўрсатиш мумкин. Тошкентда очилган Инҳа университети эса моҳиятан у қадар катта масалани исботламайди. Инҳа университети Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатларининг муҳим ифодаси бўлиши учун университет талабаларининг сиёсий фаоллиги, илмий ютуқлари, матбуотдаги чиқишлари кўриниши керак эди. Аммо Инҳа университети ҳам Тошкентда очилган бошқа хориж университетлари каби сокингина иш олиб боряпти. Бугунги Каримов диктатурасининг оддий мурвати каби ишламоқда. Яна шу нарсани айтиб ўтиш жоизки, бугун Тошкентдаги хориж университетларида ҳам таълим сифати ўта пасайиб кетган.

Мавзуимиз Ўзбекистоннинг халқаро сиёсий майдондаги фаоллиги ҳақида эди. Ўзбекистон бугун ШҲТдаги иштирокини ҳар томонлама улкан воқеа ўлароқ кўрсатиш, тамсил этиш ҳаракатида. Каримов эса ўзини тинчликпарвар кўрсатиб, ташкилот сиёсий ёки ҳарбий блокка айланиб қолмаслиги керак деб ақл сўқади. Ўзбек аскарлари бегона юрт тупроқларида қийналиб юрмасин деб халққа ҳам яхши кўринмоқчи бўлади. Бу билан у ўзи ҳақида инсонпарвар деб таассурот қолдирмоқчи бўлади, асл ҳақиқат шуки, Ўзбекистон армияси халқаро меъёрий талабаларга мутлақо жавоб бера олмайди. Каримов норасмий шаклда Ўзбекистон армияси Марказий Осиёнинг энг кучли ҳарбий қудрати эканини одамларга сингдиришга интилади. Ташқи томондан шундай кўринади, аммо аслида ўзбек армиясининг аҳволи оғир. Аввало, ўзбек йигитлари армияга хўрак орқали чақирилади. Яъни ким армияга келса, унга олий ўқув юртига кириш учун қўшимча балл берилади! Иккинчидан, ўзбек аскари бугунги замон учун жуда содда ва тор дунёқарашга эга. Ўзбек аскари билан суҳбатлашсангиз, ғоявий, эътиқодий жиҳатдан ичи бўш эканини кўрасиз. Учинчидан, ўзбек ҳарбий тизими юз фоиз порахўрликка асосланган. Тўртинчидан, ўзбек ҳарбийларининг ичида, унвонлилар орасида Каримов диктатурасига қарши кайфият мавжуд. Бу кайфият Каримов диктатурасининг ағдарилишини истайди. Аммо бу нарса ошкор қилинмайди. Бу кайфиятнинг шаклланиши сабаби – ҳарбий тизимнинг пала-партишлиги билан боғлиқдир.

Шундай шароитда Каримов ўзбек армиясини тинчлик йўлидаги халқаро ҳарбий тадбирларда иштирок этишига рози бўлолмайди. Қолаверса, халқаро ҳарбий тадбирга чиққан ўзбек аскари бошқа мамлакат ҳарбийларини ўз кўзи билан кўрса, ўзининг асл ҳолатини англаб қолса, бу Каримов диктатураси учун жуда катта хатар. Шу сабабли Каримов ўзбек халқини минг хил алдов билан қобиқда, биқиқликда сақлагани каби ўзбек армиясини ҳам халқаро миқёсдаги тадбирларда қатнашишига рози эмас. У бу мунофиқлигини тинчликпарварлиги, ўзбек аскари бошқа юртда сарсон бўлмаслиги кераклиги билан изоҳлайди.

Аслида ШҲТнинг ўзбеклар учун, умуман, мусулмон турк дунёси учун қанчалик фойдаси бор? Агар Ўзбекистон бу ташкилотга аъзо бўлмаса, нима ўзгаради? Ўзбекистон бу ташкилотга аъзо бўлиб нима топяпти?

Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ бошчилигида НАТО тузилганда унга жавобан ССР Варшава шартномаси ташкилотини тузган эди. НАТО бугунги кунда ҳам халқаро ҳарбий ташкилот, конкрет ҳарбий куч сифатида дунёга сиёсий вазиятга жуда катта таъсир ўтказиб турибди, Варшава шартномаси ташкилоти эса ССР билан йўқ бўлиб кетди.

ШҲТ аввалбошда оддий сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорлик қилиш ташкилоти ўлароқ, шунақа ниқоб билан тузилган бўлса-да, аслида ҳарбий блокка айланиши мақсад қилинган тузилмадир. Бугун ядро қуролига эга бўлган Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши кутилаётгани бу фикрни тасдиқлайди. ШҲТ бугун дунёни бўлиб олишда ўз улушини талаб қилиб турган ташкилотдир. Ўзбекистон бу ташкилот таркибида ўзининг халқаро майдондаги ўрнини кўрсатиш учун қатнашиб турибди. Ташқаридан қараганда шундай, ташқаридан қараганда Ўзбекистон, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари ШҲТнинг тенгҳуқуқли аъзолари, аслида эса бу ташкилот Россия ва Хитойнинг дунё миқёсидаги гегемонликка бўлган даъвосининг намойишидир. Ташкилот масалалари Хитой ва Россиянинг бевосита амри ва кўрсатмасига мувофиқ ҳал қилинади. Бу икки давлат ташкилотга ким раислик қилишидан қатъий назар йўналишни белгилаб беради. Яъни бугун Каримов диктатураси ўрнатилган Ўзбекистон ШҲТ таркибида пиёда аскар мақомидадир. ШҲТ бир вақтнинг ўзида Каримов ва унинг Марказий Осиёдаги ҳамкасблари иқтидорда қолишининг кафолати ҳам ҳисобланади. Агар Марказий Осиёда давлат тўнтариши ёки шу каби воқеалар рўй бериб қолса, ШҲТ аъзолари ўша давлатнинг диктатор ҳукумати сўрови билан армия киритиши, инқилобдан, соф демократик кучлардан ҳимоя қилиши ҳам мумкин. Яъни ШҲТ халқларнинг, миллатларнинг хавфсизлиги кафолати эмас, балки зулмда, диктатурада тутиб турилишининг асосидир.

Ҳиндистон ва Покистоннинг бу ташкилотга қўшилиши эса бу икки давлатнинг Ғарб давлатлари сиёсий ва ҳарбий босимига қарши туриш учун бўлган ҳаракатидир. Ва уларнинг Евроосиёдаги сиёсий вазиятга таъсир кўрсатувчи кучга айланиш истагидир. Бу икки давлатнинг ташкилотга қўшилиши Хитой ва Россиянинг гегемонлигига путур етказиши мумкин, аммо келишилса, келишиб ишлаш ҳам мумкин.

ШҲТ сиёсий ташкилот сифатида фаолият олиб борар экан, у бугун ҳарбий блокка айланиш жараёнидадир.

Аммо Ўзбекистон ва унинг қўшниларида аҳвол ҳавас қиларли эмас. Йигирма беш йиллик диктатура тизими бу мамлакатларнинг ҳаммасини жар ёқасига олиб келиб қўйган. Айниқса, бугун Ўзбекистондаги вазият жуда қалтисдир. Буни халқ ҳам ҳукумат ҳам ҳис қилиб турибди. Қозоғистоннинг Оқтўбесида бўлиб ўтган воқеалар аслида Назарбоев ҳукуматини барқарорлаштириш учун қаратилган бўлиши эҳтимол катта. Каримов методи – 1999 йилги феврал воқеалари стилидаги бу воқеа моҳиятида Назарбоевнинг ҳукумат тепасида қолиши зарурлигини тасдиқлаши учун уюштирлган бўлиши ҳақиқатга жуда яқин. Ҳали бу масалада жуда жиддий тадқиқотлар олиб борилади, албатта.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам бугун иқтидорда қолишнинг турли йўлларини излаяпти, ШҲТнинг мажлиси ана шу йўлдан бири бўлиб хизмат қилиши керак эди. Аммо бу мажлисда Покистон ва Ҳиндистоннинг ташкилотга кўшилиши уни ҳарбий блокка айланишин тезлаштирар экан, мабодо, ташкилот аъзоси бўлган мамлакатлардан армиясининг бирор бўлинмаси иштирокида тинчликка бағишланган бирор халқаро ҳарбий тадбирда қатнашиш талаб қилинар экан, бу Каримовнинг талаблари ва “принциплари”га қарши бўлиб қолади. Умуман, ташкилот Каримов ҳокимиятининг гарови бўлиб туриб бирданига унинг хавфсизлиги учун таҳдидга айланиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Шу маънода, Ўзбекистон яна бирор тадбирни ўйлаб топишга мажбур. Яъни Ўзбекистонда Оқтўбе воқеаси такрорланиши, бу баҳонада одамларни қўрқитиб, Каримов ҳукуматининг иқтидорда қолиши кафолатланиши керак. Бугун Каримовнинг шайкаси шу масалада бош қотиряпти. Ўзбекистон ичидаги мухолифатнинг ҳаракатга келаётгани, ёшларнинг ижтимоий тармоқларда сиёсий фаоллашуви вазиятни жиддийлаштиряпти. Ҳукумат одамларни қўрқитиш билан энди бирор натижа қўлга кирита олмаяпти. Байрамлар, ШҲТнинг дабдабаси, шиорлар иш бермай қоляпти. Энг муҳими, Каримов соғлиги ёмонлашиб бораётганидир. ШҲТ саммитида қатнашиш учун Каримов бугун даволаш курсларини оляпти. У шу кунларда бевосита шахсан ҳукуматни бошқараётгани йўқ. Ҳамма ишлар бош вазир, МХХ бошлиғи ва яна икки-уч киши томонидан бажариб келиняпти. Каримов уларнинг ҳисоботи орқали кўрсатма бериб Дўрмонда ётибди. У ШҲТ саммитида толиқиб қолмаслиги, кун бўйи давом этадиган дабдабаларда қатнашиб бериши, мажлисни бошқариши керак. Шунга жисмонан соғлом бўлиши шарт, албатта. Аммо Каримов саломатлиги ҳар лаҳза панд бериб қўйиши мумкин. Масала ҳамон чигалликда қоляпти. Шунинг учун ТВда, радиода ШҲТ саммити масаласи кўтарилмаяпти, чунки Каримов соғлиги муаммоли бўлса ва мажлисларда тўлиқ қатнаша олмаса, саммит ахборотини тўлиқ шаклда етказиш мумкин эмас.

Шу шароитда одамларни чалғитишнинг энг яхши йўли, одамларни ўзи билан ўзи овора бўлиб қолишларининг энг яхши чораси – Аҳмадбой чинозликнинг қўлга олиниши ва бунинг телевидениеда ёритилиши эди. Одамлар энди саммит ҳақида эмас, балки Аҳмадбой ҳақида ўйласин. Одамлар энди Каримов саммитда нима деди, Каримов ўзи қатнашдими деб эмас, балки Аҳмадбойга берган пулининг ғамини чексин. Аҳмадбой тергов қилиняпти деб бу машмашани кўтариш, шу қадар жайдари усулнинг қўлланиши ўзбек ҳукумати нақадар чорасиз қолганига далолат қилади.

Шу фактнинг ўзи Аҳмадбой билан боғлиқ бўлган ҳамма масаланинг содда ечимдир шубҳасиз. Аҳмадбойни ахборот марказига қўйиш билан ўзбек ҳукумати саммит масаласидаги муаммоларни одамлар назаридан олиб қочади. Тошкентнинг ёпилиши масаласи ҳам шунга алоқадор. Хусусий ахборот сайтларига саммит ҳақида гапирмасликка амр қилинишининг бош сабаби ҳам шудир.

Чўкаётган одам хасга ёпишаркан. Бугун биз Каримов диктатураси хасга жонҳолатда ёпишаётганини кўриб турибмиз. Одамларни мажбурлашга, қўрқитишга, яъни қуллик тизимига асосланган бу диктатуранинг умри жуда оз қолди. Бугун халқ ичида катта тўлқин кўтарилиши кутиляпти. Бу тўлқин гўёки сезилмаяпти. Ҳа, у сезилмайди, аммо бир кунда кўтариладики, уни тўсадиган ҳеч бир куч қолмайди. Бу тўлқинни кўтараётган куч – Каримов диктатурасининг зулмидир, халқнинг бу зулмга қарши бўлган нафратидир, эрк ва ҳурриятга бўлган ташналигидир.

Тўлқинга ҳозирланинг. Эрк ва ҳурриятнинг янги даври бошланажак, иншаОллоҳ!

Абдуллоҳ Нусрат

Etiketler :
HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT

SON DAKİKA HABERLERİ
İLGİLİ HABERLER