Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қип-қизил манқурт…

Қип-қизил манқурт…
20 Haziran 2016 - 7:00 'да юкланди ва 632 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(44-қисм)

Ватандош бирон-бир ёт юртда бошига мушкул тушсаю кўзини жавдиратиб-мўлтиратиб давлатига қараса (элчихонага бош уриб борса), давлати (элчихона) уни ҳимоя қаноти остига олиш ўрнига, “Бу ёққа келаётганингда биздан рухсат олмагансан, қонунга хилоф тарзда келгансан, энди ҳам ўзингга ўзинг эгалик қилавер, давлатдан ҳимоя кутма!” дейиши қанчалар ажабланарли эшитилади.

Ҳимояга муҳтож ватандошини тақдир кўчаларида ўз бошига ёлғиз ва қаровсиз ташлаб қўйгувчи бунақа “ота”ни, бунақа давлатни кейин ким суяди?!

Бир куни бу “ота” ҳам, бу давлат ҳам ҳимояга муҳтож бўлиб қолиши мумкин. Вақтида ўзи ҳимоя кўрмаган “бола” давлати бошига ташвиш тушганида отилиб чиқиб уни ҳимоя қилармикан?!

Йўқ. Чапак икки қўлдан чиқади – ҳимоя қилса, ҳимоя кўради.

Тўғри, давлатдан рухсат олмагандир, уч-тўрт танга пешонатерини порахўрдан асраб қолиш учун мамлакатдан расмий йўл билан чиқмагандир, аммо оғирлигини сизга туширмаслик учун, ҳамма қийинчиликни, ҳатто ўлим эҳтимолини ҳам бўйнига олиб ишга кетибдими, шукр қилмайсизми, “Ота”?!

Кўзини лўқ этиб: “Нима қилсанг қил ‒ иш топ! Бола-чақамнинг қорнини тўйғаз! Газ бер, чироқни ёқ! Эплаёлмасанг, тахтни бўшат!” деб туриб олганида нима қилардингиз?!

Хайрият,“болаларингиз” бетгачопар эмас. Мамлакатни тўйдириб, кийинтириб, исинтириб ўтириш биринчи галдаги вазифангиз бўлгани ҳолда шуни ҳам юзингизга солмайди. Дўппингизни осмонга отсангиз арзийди, “Ота”! Чунки сиз жирканадиган шу ёшлар тўрт танга илинжида дунёга сочилгани баҳонасида бу ёқда сиз катта-катта ташвишлардан қутулиб ўтирибсиз:

1.Иш топиб бериш ва боқиш ташвишидан. Ишни ер тагидан бўлса ҳам ўзи топяпти. Ота-онасини, бола-чақасини эплаб-нетиб ўзи боқяпти.

2.Мамлакат хазинасини тўлдириш ташвишидан. “2012 йили ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядан Ўзбекистонга 2011 йилга солиштирганда деярли 1,5 миллиард долларга яқин кўпроқ маблағ юборган. Россия Марказий банки маълумотларига кўра банк жўнатмалари орқали Ўзбекистонга 2012 йилда 5 миллиард 700 миллион долларга яқин пул юборилган”.

“Россия Марказий Банкининг сўнгги маълумотлари бўйича ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари 2012 йили ўз Ватанларига 6 миллиард долларга яқин пул юборишган. АҚШ Марказий Истиҳборот Агентлиги ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2012 йилда 51 миллиард доллардан сал кўпроқ бўлган. Демак, биргина Россиядан меҳнат муҳожирлари юборган маблағ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этади ва Ўзбекистоннинг пахта ва газ экспорти даромадидан кўпроқдир”.

Айтилган бу миқдор Ўрусия Марказий банки расмий қайдидан ўтиб келаётганидир, яна мардикор липпасига қистириб олиб кираётган пул қанча! Энди бунинг устига Қозоғистон, Жанубий Қурия, Туркия, Амрика, Канада ва Оврупа мамлакатларидан келаётганларини қўшинг-чи!..

“Ўҳ-ҳў!” деб юборасиз.

Шукр қилинг, “ота”, ўша сиз жирканадиган дангасалар топиб келаётган пул ҳисобига мамлакат амал-тақал яшаб турибди. Аҳолида сотиб олиш қобилияти ўлмаган бўлса, четдан кираётган пул ҳисобигадир. Мошиналар, қурилиш ашёлари сотиб оляпти, уйлар қуряпти, тўйлар қиляпти ‒ бозорлар айланиб турибди.

Яъни, сиз жирканадиган дангаса ‒ дунёга ёйилган шўрлик мардикор қулдай ишлаб, ўзи билиб-билмай давлатига жуда катта кўмак бериб ётибди! Олти (6) милярд дўллар мамлакатга бир йил кирмай қолсин, нима бўларкин. Нима бўларди, иқтисод ўтиради, ғалаён бошланади…

3.Исён эҳтимолидан. Қизиққон, кўчаларга отилишга доим тайёр қатлам асосан ёшлардир. Буни дунё жамиятшунослари, сиёсатчилари ва иқтисодчилари – ҳамма билади. Буни, албатта, сиз ҳам биласиз.

Ўзбекистонда ёшларнинг катта қисми четэлларга чиқиб кетиб, тирикчилик ташвишлари билан овора. Давлатнинг ҳам, бошлиқларининг ҳам мушугини пишт деяётгани йўқ. Бу ёшларнинг бошидан сув ўгириб ичсангиз арзийди. Уларнинг кўнглини олишингиз, иложи борича четга чиқиб ишлашига рағбатлантиришингиз, орқаларидан қайғуришингиз, Ватанда қолган яқинларидан хабар олиб туришингиз лозим. Керак бўлса, махсус қонун чиқариб, четда ишлаб пул топиб келаётганларнинг келажагини ҳам таъминлаб қўйишингиз, яъни, бу ёшлар қариганида етарлича нафақа олишларига шароит яратишингиз керак.

Ахир, исёнга мойил ёшлар қанча узоқда юрса, сизга шунча яхши эмасми?!

Устоз Исталин бир вақтлар: “Одам бор – ташвиш бор. Одам йўқ – ташвиш ҳам йўқ” (“Нет человека – нет проблем”) деб бекорга айтмаган.

Шу маънода, Ўзбекистонда ҳам қўлидан бир иш келадиган, ёш, ғайратли, айниқса, унча-мунча тушунчали одамлар қанча кам қолса, сизнинг бошингиз, давлатнинг қулоғи шунча тинч. Шундай экан, бўлар-бўлмас хархашалар ила миянгизни оғритмаётган ёшлардан тониш тугул, бир умр миннатдор бўлишингиз керак, “Ота”!

“Ота”ликнинг сўраладиган бунақа томонлари ҳам бор! Топишига шерик бўлсангиз-у, ташвишидан ўзингизни олиб қочсангиз, бунақада сизни “ота” деб бўладими?! Оталик бурчига чидаган эркак чинакам ота бўлади! 

Ҳартугул, президентнинг “ота”лигини элнинг катта бўлаги жиддий қабул қилмади, лекин очиқ қаршилик ҳам қилмади. Ҳар доимги ашула-да, деб қўл силтаб қўяқолди. Асабини бузгиси келмади. Нима ўзгарарди, деди. Бундан катталар, ҳатто жуда катталар ҳам ўз вақтида халқига “ота” бўлди, “бобо” бўлди, бугун нима қолди улардан? Лелин бобо қани? Исталин бобо қани? Биттаси оламга шарманда бўлиб ойна ичида ётибди, ҳалигача ер уни бағрига олмайди, иккинчисидан шапалоқдек қутичада кул қолди. Эл мана шу нарсадан хулоса қилиб: “Ҳа, энди бу “ота”миз ҳам бир кун ўтар-да кетар”, деб донишмандона бош силкиб қўйди.

Тўғри, битта шоир ўртоғимиз юрагида қайнаб-тошган туйғуларини “Ислом бобо” деб шеър шаклида қоғозга тўкувди, хайрият, тезда унутилди. Лелин бобочалик машҳур бўлмади…

Мусулмончиликда насл отадандир. Яъни, бола отаники. Миллатини, тилини, динини отадан олади. “Ота тили”, “ота юрт”, “ота бўғин”, “ота пушт” дейилишлари шундан. Аслида ҳам шундай деб аталиши керак. Шу боис мусулмон эркак жуҳуд ёки насроний аёлга, ҳатто у ўз динида қолса ҳам, уйланишига рухсат бор. Сабаби – наслда хотин ёрдамчи, ота бирламчидир. Ота бирламчи бўлганидан кейин хотиннинг дини вазиятни ўзгартирмайди. Муҳими ‒ отанинг дини, наслнинг дини. Насл мусулмон этиб тарбияланса, етади. Хотин Исломни қабул қилмай ўз динида қоладиган бўлса, болани мусулмон қилиб тарбиялаш тўласича ота елкасига тушади.

Аксинча, мусулмон аёлга бошқа диндагиларга эрга тегиш тақиқланади. Бунда ҳам ният – динни ҳимоя қилиш. Мусулмон аёллар бошқа диндаги одамга бошқа диндаги бола туғиб беришидан қайтарилган. Ўртада севги бўлса, марҳамат, эркак эски динини ташлаб, Исломни қабул қилсин ва насл мусулмон бўлсин.

Жуҳудлик динида бунинг тескариси – насл отадан эмас, онадандир. Яъни, наслда ота ёрдамчи, она бирламчидир. Улар шариатида бир жуҳуд эркак бошқа дин ва бошқа миллатдан хотин ололмайди. Жуҳуд уруғидан бошқа миллат туғилиб қолмасин, дейди. Жуҳуд аёл эса, уларнинг эътиқодида, кимдан туғса ҳам, жуҳуд туғади. Шунинг учун уларга дуч келган миллатга тегишга рухсат берилган. Рухсат тугул, жуҳуд миллатини кўпайтириш учун ҳатто бошқа миллатларга эрга тегишга тарғиб қилинади. Насл етиштиришда жуҳудларда бирламчи ўрин онада бўлганидан, уларда “она тили”, “она юрт”, “она ватан” дейилади.

Умуман олганда, насл қолдириш, уни жуҳуд асилли қилиб тарбиялаш, сўнгра уни ҳимоя қилиш қобилиятлари бобида жуҳудларга қойил қолиш керак.

Нима демоқчимиз?

Ўзбекистон халқига шу кунгача бир киши “ота”лик даъво қилиб келган эди. Яқинлардан бери отага рақобатчи бўлиб қизлари ҳам ўртага суқилди.

Гулнора Каримова икки-уч йил нариларда панада турарди. Ҳозир паранжи-чачвонни бир четга отиб тўла очиқликка чиқди, “парчалаб кишанларни ўзлигини намоён қил”иб юрибди. Ўзбекистонда бирон-бир тадбир у кишисиз, у кишининг “Фунд Форум”исиз ўтмайдиган бўлиб қолди. Кийим кўргазмаларидан тортиб халқаро кино кўрикларигача, суннат тўйларидан тортиб ёшларнинг уйланиш тўйларигача, мадрасалардан тортиб университет талабаларигача, спорт ҳомийлигидан тортиб чет эл машҳурларини Ўзбекистонга чорлаб қорнини тўйғазишгача, ашула айтишдан тортиб бир мамлакатда элчиликкача, Ўзбекистонга дунёдан машҳур футболчию актёрни опкелишдан тортиб Испаниядан тезюрар поезд еталаб келишгача (саналмагани қанча!) – ҳамма иш тепасида шу аёл турибди! “Фунд Форум” турибди!

Бу “Фунд Форум” деганларининг молиявий манбаси шубҳали, эгаси Хоним Малика эса, ахлоқи ҳам, дунёқараши ҳам тайинсизлигидан ташқари, халқаро ҳуқуқ ташкилотлари йўлакларида бир неча иш бўйича жиноятчи ҳисобланади. Лекин ота соясида ва ота шарофати билан унинг йўлини кесиб ўта оладиган биронта мушук туғилмади ҳали. Дунёда қачонлардан бери айтилаётган ва очиб ташланаётган шунча айбларга Ўзбекистонда ҳеч йўқ иримига томоқ қириб қўйилмайди. Гулдур гуп! Гўё ҳеч қанақа гап бўлмаяпти, гўё ҳаммаёқ тинч, гўё ҳаммаси шундай бўлиши керакдай.

Бугунга келиб Хоним Малика ҳам, “Фунд Форум” ҳам мамлакатда ўзига хос бир давлатга айланди – унинг қўли етмаган ер йўқ, у қила олмайдиган иш йўқ! Унинг назарига тушишга, эътиборини қозонишга интилувчилар кўпайди. Бу “давлат” айниқса ёшларга, айниқса истеъдодли ёшларга дов тиккан. Билимли, ҳартомонлама етук этиб тарбиялаш учун эмас, албатта. Ният ‒ ёшлар иложи борича мачитлардан чиқиб Хоним Малика ҳузурига борсин, “Фунд Форум” паноҳига сиғинсин. Келажакда керак бўлиб қолади…

Хоним Малика билан “Фунд Форум”нинг обрўйи ошгандан-ошиб юртнинг чин эгаси ва халқнинг “ота”си соясидан аста-секин чиқиб, аллақачон мустақил ҳаракатлана бошлаганини президент ё сезмаяпти, ё ҳеч нарса қила олмаяпти.

“Фунд Форум” Ўзбекистон ичида бир Ўзбекистонга, давлат ичида бир давлатга айланиб бўлди. Фақат юртбошининг табиий ўлими кутиляпти гўё.

Хайрият, ҳозирча Хоним Малика ўзбек халқини “болаларим” деб эълон қилмади, аммо хатти-ҳаракатларидан бутун Ўзбекистонга… жа “ота” эмас-у, ҳеч бўлмаса “она” деб эга чиқишга тайёрланаётганга ўхшайди.

Ундай десак, “она”лик ўрни банд! “Ота”миз Ислом Каримов бўлгач “она”миз ўз-ўзидан унинг хотини Татяна хола-да! Устига яна битта “она” нимага керак? Ё буниси ўгай она бўлармикан? Оббо, ишқилиб миллат она-бола ўртасида талаш бўлмасин-да.

Йўқ, барибир келишмаяпти: ота “ота” бўлса, қиз “она” бўлолмайди!

Ип чигаллашди.

Бу таламошда халқ боши қотган: энди насл кимдан ҳисобланади; биз “болалар” қанақа миллат бўламиз; тилимизни, динимизни, юртимизни қайси бирига боғлаймиз – “ота”мизгами, “она”мизгами?!

Кинояни йиғиштириб масалага жиддий ёндашсак, аҳволимиз оғир. Шу дамларгача Хоним Малика бошлиқ “Фунд Форум” қилиб келаётган ишлар, кетма-кет ташкил этаётган тадбирлар миллийлигимизга деярли алоқаси йўқ. Шов-шув кўп, ялтир-юлтир ҳаммаси жойида, тантана олий мақомда, аммо маҳаллий миллатларга бу нарсалар нима беради ва кимга керак дейилса, арзирли жавоб тополмайсиз. Халқнинг дарди нимаю Опачанинг дарди нима? Маҳаллий миллатларнинг руҳи қандаю “Фунд Форум” ўтказаётган тадбирларнинг руҳи қандай?

Четдан синчиклаб кузатилса, мамлакатда муштипар халқимизнинг чин дарду ғамларига ёт, дидига ҳам, руҳига ҳам ўтирмайдиган, лекин зўр бериб тиқиштирилаётган “Фунд Форум” маданияти, “Фунд Форум” мафкураси шаклланяпти.

Бугун юртимизга “оммавий маданият” деган бало қутқу солаётган бўлса, уни ичкарига ёпирилиб киришига ва оммалашишига шу “Фунд Форум” ҳам сабабчидир.

Опачага тегишли телеканалларга боқинг: нималар тарғиб этиляпти, қанақа мусиқалару қандай клиплар бериляпти! Унинг “мактаби”да таълим олиб битириб чиқаётганлар на Ватанини танийди, на тарихини билади, на ҳозирини ўйлайди ва на Ватан келажагига қайғуради. Қип-қизил манқурт. Уларга енгил-елпи ҳаёт, дискотека, пул, ашула, клип, кино, йигитга қиз, қизга йигит, шилта СМСлар, кампутир ўйинлари… бўлса, бўлди.

Бир жумла билан айтганда, айрим ёшлар шундоқ кўзимиз ўнгида, лоқайд нигоҳларимиз остида, билиб-билмай “Fund Forum jugend”ларга айланди-қолди.

Кичик хулоса

“Hitler jugend”да, ўта салбий ирқчилик ғоясини истисно қилганда, ҳарҳолда миллий мафкура бор эди, бу мафкура немис миллати асос қадриятларига таянарди. “Fund Forum jugend”да нима бор? Ниҳоятда саёз маданият ва миллатга буткул ёт мафкура бор, холос. Тўғрироқ айтганда, шир яланғоч мафкурасизлик…

Алоҳида таъкидлаймиз: “Ҳитлер болалари”, “Ислом Каримов болалари” дерканмиз, биринчидан, асло иккала шахсни тенглаштираётганимиз йўқ, уларни ёнма-ён тилга олганимиз фуқароларини “бола қилиб олиш”да тутумлари ўхшаш бўлгани учундир, холос. “Нимага мени фашистга тенглаштирдинг?” деб бошимизга тўқмоқ кўтариб келиб юрмасинлар. Иккинчидан, бу ибораларни биз ўйлаб топмадик, ҳар қайсиси ўз тилида ўзи суйиб муомалага киритди.

Аблаҳ Ҳитлер jugendларига оталик қилиш билан олмон халқи учун буюк келажакни қурмоқчи бўлди ва бу йўлда бутун миллатни бошини гаранг қилиб орқасидан эргаштира олди, лекин миллатчилиги бошига етиб ниятига ета олмади.

Бизнинг “ота”миз ҳам тахтга ўтирган заҳотлари қанақадир буюк келажакни қурмоқчи бўлдилар, ёшлар қўллайди деб ўйлаб уларга қайноқ бағирларини очдилар, “ота”лик таклиф этдилар, лекин бу нонкўр ёшлар кўпи ишончсиз чиқиб қолди; “ота”га жуда озчилик ‒ совет пионерлари каби “доим тайёр” турадиган жужур ёшлар, жужур чоллару жужур кампирларгина эргашди.

Кўплар у бошлаган йўлдан юришни хоҳламади: айримлари бошига оқдўппи кийиб мачитларга, хонақоларга кириб кетди, бошқалари демократларнинг этагидан тутди, янаям кўпи жулдурвоқи кийимини эгнига илиб, қорин ғамида, бир танга пул топиш илинжида ер юзи бўйлаб ёйилди. Ватанда қарилар, хотинлар, талабалар ва асосан ўспиринлар қолди, уларнинг ҳам кўпини аста-секин “Фунд Форум” хўрозқандлар улашиб ўз қаноти остига тортди.

Натижада йил ўтган сайин “ота”нинг ўзида ҳам “буюк келажак”ка умид сўнди ва бу дабдабали шиорини кейинги пайтлар умуман эсламай қўйди.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар