Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Авлод тарбияси

Авлод тарбияси
21 Haziran 2016 - 5:00 'да юкланди ва 847 марта ўқилди.

1966.-Базар.-Бухара.Абдурауф ФИТРАТ

НАЖОТ ЙЎЛИ

(49-қисм)

АВЛОД ТАРБИЯСИ

Авлод тарбияси оиладаги вазифалардан биридир. Бу масъала ҳаёт биносининг пойдевори бўлганлиги сабабли ниҳоятда муҳим ва анча мушкулдир.

Бу баҳсни уддасидан чиқиб юритишга менинг қаламим ожизлик қилади. Мен ҳатго бу баҳсни бошлашга жасорат ҳам кўрсатолмаган бўлар эдим, лекин не қилайки, жим ўтирадиган замон эмас. …Маъхуд262 қаландар каби мен ҳам «дам ғанимат» деб билганимча ёзмоқчиман, бу масъалани яхшироқ билганлар ёзганларимни атрофлича ислоҳ қилишар, деб ўйлайман.

Ҳаётнинг умумий жадалгоҳида инсоннинг ўрни буюк. Ҳар бир одам улғайгач, бахт-саодатини таъминлаш учун бу жадалгоҳга кириб курашишга мажбур. Бу кураш майдонида ўзида уч нарсани мужассамлаштирган инсонгина ғолибликка эришиши мумкин.

Бу уч нарса: тансиҳатлик, соғлом фикр ва яхши ахлоқдан иборат. Шу уч нарсанинг биттасидан ҳам маҳрум бўлган одам бу курашда мағлуб бўлиб чиқиши муқаррар. Бошқа ибора билан айтганда, бахт-саодат жисмонан соғлом, соғлом фикрли ва чиройли хулқли инсонга насиб этади, шу жиҳатларга эга бўлган кишилар турли хил бадбахтликларни муносиб кутиб оладилар. Бас, фарзандининг бахтсиз бўлишини истамаган ҳар бир ота уни мустақил ҳаётга қўйиб юборишдан олдин шу мазкур учта аслаҳа билан қуроллантириб қўйиши керак. Тарбиянинг маҳсули ҳам шундай, яъни одамни тарбия қилиш уни жисмонан, фикран ва хулқан камолга етказиб, саодатга эришишга қобил қилишдан иборат. Гарчи ҳар бир инсон бешикдан то қабргача тарбия олиш қобилиятига эга бўлса-да, лекин уни болаликдан тарбиялаш таъсирлироқ ва жуда муҳимдир.

Шунда ҳар бир маданий тоифа гўдакларни тарбияси хусусида жиддий бош қотириб, сарфи ҳиммат қиладилар. Улар истиқболларининг саодатли ёки фалокатли бўлишини ёш авлод тарбиясига боғлиқ ҳолда кўрадилар. Улар бир қавмнинг тарбиясига етган озгина нуқсон бориб-бориб катта зарарга сабаб бўлади, деб аниқ ишонадилар.

Чунончи, юқорида арз қилганимиздек тарбия уч қисмдан иборат:

1) бадан тарбияси;

2) фикр тарбияси;

3) ахлоқ тарбияси.

(давоми бор)

262.Маъхуд — Машрабнинг издошлари бўлган қирқ қаландардан бири.
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар