Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ана шулар сабабли бизнинг миллатимиз ҳаммадан орқада қолгандир…

Ана шулар сабабли бизнинг миллатимиз ҳаммадан орқада қолгандир…
23 Haziran 2016 - 5:00 'да юкланди ва 899 марта ўқилди.

7f5c22e744e60702c40ce99532fdb255Абдурауф ФИТРАТ

НАЖОТ ЙЎЛИ

(50-қисм)

БАДАН ТАРБИЯСИ

Бадан тарбия — баданни соғлом ва кучли ҳамда аъзоларни мукаммал даражага етказишдан иборат, бусиз бахт-саодатга эришиб бўлмайди. Одамзод бутун умри давомида сиҳат ва қувватга муҳтож бўлмаслиги амри маҳолдир.

Ҳаммолдан тортиб ҳукмдоргача тасаввур қилинг, агар уларнинг куч-қувватларига ёки бирор аъзоларига халал етса, қўллари ишга бормай бошқаларга муҳтож бўлиб қоладилар. Бас, фарзандимиз оламга келиши билан уларнинг бадан тарбияси учун ҳиммат камаримизни боғлашимиз зарур.

Болаларнинг бадан тарбияси, энг аввало, оналарнинг вазифасига киради. Ҳатто фарзанднинг ота пушти камаридан онасининг раҳмига ўтган ибтидоий давридан бошлаб она фарзандининг соғлиғини муҳофаза қилиши лозим. Зеро, бола тўққиз ой онанинг қорнида тарбия топади, бинобарин, онага теккан ҳар хил беморликларга у ҳам ҳиссаманд бўлади.

Биноанлайҳ, оналар ҳомиладорлик вақтларида турли ишларда ва еб-ичишда парҳез қилишлари зарур. Ҳомила дунёга келгач, гўдак парвариши уларнинг сутлари орқали бўлади, шунинг учун улар соғлиқларини авайлаб, турли касалликлардан узоқда бўлиб юрсинлар-ки, токи ўша касалликларнинг уруғи сут орқали маъсум гўдакларига ўтиб, уларнинг соғлиғига ҳам хатар солмасин, акс ҳолда оналарнинг эҳтиётсизлиги туфайли гўдак баъзан нобуд бўлиб, унинг қони онанинг бўйнига тушади. Гўдакнинг овқатланишига ҳам жуда эътибор бериш керак. Ҳар бир жонзот умрининг давомийлиги емишига боғлиқ. Ҳар бир жонзотнинг гуркираб ўсишига олаётган таоми ҳам сабаб. Шунинг учун оналар гўдакларига тез ҳазм бўлувчи мазали таомларни бериб, муайян бир вақтларда овқатлантиришлари зарур. Овқатланишда интизом ва вақт бўлмаса, одамни меъда касалликларига ва турли касалликларга олиб келади. Бола йиғламаслиги учун қўлига бир парча ҳолва ёки бир бурда нон бериб қўйишлик унинг овқатланиш низомини бузади ва турфа касалликларга сабаб бўлади.

Ҳаёт учун, аввало, ҳаво зарурдир, беш-олти соат таом емай ўтириш осон, лекин ҳавосиз бир дақиқа ҳам яшаб бўлмайди. Болаларнинг ўтириб-туриш жойларида ҳаво мусаффо, турли ҳидлардан тоза бўлиши зарур. Шундан Фаранг ва Русия ҳукумати болалар учун чорбоғлар, баҳаво майдонлар барпо қилганлар. Бундан ташқари, болалар ўқийдиган мактабларда ўйин ва танаффус учун фараҳбахш боғлар яратилган.

Ҳаракат ҳамма учун, айниқса, болалар учун жуда зарурдир. Маълумки, болалар тез суръатда катта бўладилар. Ҳаракат ана шу ривожланишни осонлаштиради, шунинг учун болаларни ўйинга машғул қилиш фойдалидир. Ўйин уларга зарар етказмайди, балки бир жойда ўтиришнинг зарари кўп тегади. Ўйиндан болани манъ қилиш уларни ҳаракатдан қолдириб, ўсишига халал бериб, заиф, нимжон қилиб қўяди. Ота-оналар фарзандларини доим ўйинга тарғиб қилиб, бир жойда ўтиришдан манъ қилишлари керак. Аммо уларнинг ўйинлари одоб ва ахлоққа зид ўйинлар бўлмаслиги шарт. Жадид мактабларида болалар учун илмий йўналтирилган ўйинлар жорий қилинган. Болаларни доим ўйиндан манъ қилиб, калтак зарбида қолдиришнинг зараридан боланинг жисман ривожланиши сусаяди.

Шулар қаторида тозалик ҳам саломатлик учун муҳим шартларнинг биридир. Биз юқорида тозаликнинг қанчалик зарурлигини тоқат қадар арз қилган эдик, бу ерда эса муҳтарам ўқувчиларимизга бир қадар айтиб ўтмоқчимизки, тозалик катталар учун қай даражада шарт бўлса, ёш болалар учун эса ўн баробар кўпроқ зарурдир. Бу зарурият икки тарафлама: аввало, болалар катталарга нисбатан касалга тез чалинувчан бўладилар, уларга ёпишган ҳар бир ифлослик катталарга етган ифлосликдан кўра ўн баробар хатарлидир. Иккинчидан, боланинг гўдаклигидан тозалигига эътибор берилса, уларни ифлосликдан ҳазар қилишга ўргатилса, бориб-бориб тозалик уларнинг кундалик одатига айланиб қолади. Аксинча, агар болаликларида ифлосликка ўргансалар, катга бўлганларидан кейин ҳам бу ҳол авж олиб, одамларнинг нафратига сабаб бўлади.

Бас, ота-оналар, муаллимлар болаларнинг юз-қўлини доим совунлаб ювиб, ҳар таҳоратда тишларини мисвок қилдириб, кийимларини тез-тез алмаштириб туришлари лозим, улар мумкин қадар чивин ва пашшасиз уйларда яшашлари керак. Зеро, биз ҳифзу сиҳат бобида арз қилган эдикки, чивину пашша ва бошқа ҳашаротлар касал ташувчи воситалар бўлиб ҳисобланади.

Биз тарафдори бўлган жадид мактабларида бунинг учун бизни кофир ҳисоблайдилар, ўқувчиларнинг саломатлиги ва роҳатини шу тариқа муҳофаза қиладилар. Энди бизнинг эски услубдаги мактабларимизда шу шароитлар мавжудми? Бизнинг бечора маъсум гўдакларимиз офтоб тушмайдиган қоронғу, бадҳаво, сассиқ хоналарда махлуқлар каби тиқилиб олиб, хас-ҳашак устида ўтириб, саккиз- тўққиз соат давомида дарс ўқийдилар, бунинг устига ҳар куни бир жоҳил муаллимнинг қўлидан мушт, калтак еб, гоҳ бошлар ёрилади, гоҳ оёқлари қонаб, мажруҳ бўлиб, ранглари кўкариб, саккиз йилни шу зайлда ўтказадилар. Шунинг учун мактабни қамоқдан озод бўлган маҳбус каби бемор, суст, беғайрат ва ифлосликларича битирадилар.

Ана шулар сабабли бизнинг миллатимиз ҳаммадан орқада қолгандир.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 2 Yorum )

  • Sarvar ;

    Фарзандни аввало ОЛЛОХдан согломини сураш керак. Албатта Бисмиллох балан,фарзанд тугилишидан олдин билишимиз керак булган малумотлар хакидаги бир макола булса зап будармикан. Токи укиган кишига нафи тегсин.

    23/06/2016 23:37
  • Мусо ;

    Афсуски бу хакикат! Бу тарбия нафакат уша пайтда хозирхам шундай, ота оналархам шундай тарбиялаяпти.Хозирги ёшлар шунча ёлковки бадантарбияси, спорт хакида гапирсангиз устингиздан кулади!!!

    23/06/2016 10:39
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар