Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Одамларни илм олишдан бездирманг”

“Одамларни илм олишдан бездирманг”
25 Haziran 2016 - 6:00 'да юкланди ва 800 марта ўқилди.

603641_557621324282056_1070304299_nАбдурауф ФИТРАТ

НАЖОТ ЙЎЛИ

(51-қисм)

ФИКР ТАРБИЯСИ

Фикр тарбияси одамнинг ақлини камолга етказиш ва бахт-саодатга етишиши учун қобилиятли қилиб тарбиялашдир. Одам ақли тўғри ва яхши муҳокама эта олсагина камолга етган ҳисобланади. Муҳокаманинг ўзи нима? Муҳокама маълум ҳукмлардан мажҳул ҳукмларни ажрата билишдир.

Масъалан, «ватанга хизмат қилиш вожиб» деган ҳукм мажҳулдир (яъни, мавҳум). Бу ҳукмнинг маълум бўлишлиги учун иккита маълум ҳукмлар бўлиши керак, мисол учун «ватан бизнинг валинеъматимиз», «валинеъматга хизмат қилиш вожиб», «шундай экан, ватанга хизмат вожибдир».

Яна бошқа бир мисол келтирамиз: «Башарият орасида меҳр ва муҳаббат даркордир». Бу ҳукм мавҳум ҳукм бўлиб, уни ойдинлаштириш учун иккита маълум ҳукмлар бўлиши шарт. Улар қуйидагилар бўлиши мумкин: «Одамлар бир-бирларига биродарлар ёки қон-қариндошлар». «Қариндошлар орасида муҳаббат ва меҳр бўлиши керак». «Шундай экан, одамлар орасида ҳам меҳр-муҳаббат бўлиши шарт».

Шу икки мисолдан маълум бўладики, ҳар муҳокама уч ҳукмдан: иккита маълум, уларнинг хулосаси эса мавҳум ҳукмлардан ҳосил бўлади. Баҳсимизнинг бошида ақлнинг комиллиги тўғри мулоҳаза юритиш, деб айтдик. Тўғри муҳокама юритиш учун киши уч нарсани билиши шарт:

1) исбот;

2) истиқомат;

3) суръат.

Исбот бу маълум ҳукмларнинг рост ва тўғри бўлишлиги; истиқомат маълум ҳукмларнинг мажҳул ҳукмларга мантиқан тўғри ва изчил кўчиши; суръат эса — тўғри ва маълум ҳукмларнинг бетўхтов, батартиб ва тезлик билан мажҳул ҳукмларга кўчишига айтилади. Кимда шу ҳукмларнинг биттаси бўлмаса, ё умуман, муҳокама қилолмайди ёки ғалат, яъни ноқис муҳокама қилади. Бинобарин, у одам умри давомида қайси бир ишга қўл урмасин, доим ёки кўпинча, ноқулай вазиятларга тушиб қолади. Фикрий тарбия хусусида ана шу учта жиҳатни эътибордан четга чиқармаслик зарур.

Аввало, болаларга фикрлашда исбот бўлишини ўргатинг, яъни уларга доим тўғри, рост маълумотлар беринг ва хотираларида беасос, ботил фикрларнинг жой олишига йўл қўйманг, акс ҳолда улғайганларидан кейин ҳам ана шу беасос фикрларга тартиб бериб нотўғри муҳокама қиладилар, натижада хато йўлларга кириб қолиб зарар кўрадилар.

Ота-оналаримиз ва муаллимларимиз бизга гўдаклигимиздан Кўҳиқоф париларининг ҳужумидан сўзлаб, калламизни пуч, бемаъно хаёлларга тўлдириб келадилар. Шунинг учун биз улғайганимизда мушук юрса ҳам, биронбир садо чиқса ҳам ваҳимага тушиб, шу ваҳима, қўрқувдан касал бўламиз.

Иккинчидан, болаларга фикрлашда истиқомат қилишни ўргатинг, яъни маълум фикрларни мажҳул фикрларга тўғри ўтказсинлар, маълум фикрлар асосида хулоса қилаётганларида нотўғри хулосага келмасинлар. Бунинг учун болаларни муҳокама қилишга ўргатинг, ёмоннинг ёмонлигини, яхшининг яхшилигини муҳокама қилиб, исботлаб уларга тушунтиринг, уларнинг кўр-кўрона тақлид қилмасликларига доим эътибор беринг. Маданий халқлар мактабларида болаларга ҳисоб илми, тарих, ашёлар дарси, жуғрофия ва бошқа дарслардан таълим беришларининг боиси шу икки мақсад (яъни, фикрлашда исбот ва истиқоматни ўргатиш) учундир. Бахтга қарши, бизнинг мактабларимизда бу илмларнинг ҳеч бири ўқитилмайди. Илова учун биз гўдакларимизни муҳокамадан маҳрум қилдириб, барча ишни мушту калтак зарби остида қолдирамиз.

Масъалан, болага дарсингни қил, тирноғингни ол, қимор ўйнама, намозингни қолдирма, деб айтамиз. Лекин қай тарзда? Менинг айтганларимни бажармасанг, калтак ейсан, деймиз. Бу буйруғимиз худди кўрга «ҳассангни ташлаб, шу йўлга тушиб кетавер, агар йўлда тошга урилиб йиқилсанг, ўлдирамиз», — дейиш билан баробар-ку.

Сиз ўзингиз, аввало, мулоҳаза қилинг: бола намоз ўқимасликни, дарс тайёрламаслик ва тирноқ олмасликнинг зарарини билмаса, қандай қилиб айтганларингизни самимий қабул қилсин. Ҳа, болалигида калтакдан қўрқиб амал қилади, аммо улғайиб калтак зарби хотирасидан буткул чиқиб кетгач, ўзи хоҳлаганча иш кўради, сиз қил деганни қилмай, қилма деганингизни қила бошлайди. Мана шу жабру зулмингизнинг «фойдаси» бўлади. Аммо сиз намоз ўқимаслик, қимор ўйнаш, дарс тайёрламаслик, тирноқ олмасликларнинг зарарини, ёмонлигини ширин тил билан тушунтирсангиз ва уни яхши ишларга рағбатлантириб, ёмон ишлардан нафратлантира олсангиз, айтганларингизни ўзи хоҳлаб бажаради ҳам дийдорингиздан безор бўлмайди.

Мана қаранг, бу хусусда ҳазрат Расул алайҳиссалом нима деганлар: «Аҳком таълимини осонлаштирингиз, таълимни мушкуллаштирмаган ҳолда башорат беринг (яъни ўргатаётган ҳар бир нарсанинг моддий ва маънавий томонларини тушунтиринг), одамларни илм олишдан без дирманг». «Аллоҳ мени ўзимнинг ва бошқаларнинг ҳам ишларини қийинлаштириш учун эмас, балки осон таълим беришим учун юборгандир».

Учинчидан, муҳокамадан суръатни ўрганиш даркор. Бу мақсад бирон-бир ортиқча ишни талаб қилмайди, бола агар фикрлашда исбот ва истиқомат қилишни билса, суръат ўз-ўзидан ҳосил бўлади.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар