Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Йўлнома. Хотира

Йўлнома. Хотира
25 Haziran 2016 - 15:17 'да юкланди ва 802 марта ўқилди.

Ассалому алайкум, ҳурматли дўстлар!

Сиз Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши тарихи ҳақида бугун чекланган ва айни пайтда ёлғон маълумотлар қучоғида яшамоқдасиз. Ўзбекистонда 30 йилга яқин вақт ичида мутлақ ҳокимиятни қўлида ушлаб келаётган Ислом Каримов шахси Ватан озодлигини тақдим қилгани ёш авлодга уқтирилмоқда. Аммо бу турган-битгани ёлғон ва сафсатадир. Чунки Ислом Каримов Ўзбекистоннинг мустақил бўлишига қарши бўлган коммунист одамдир. Хўш, у истиқлол душмани бўлиб қандай йўл билан истиқлол қаҳрамонига айланди?

Мустақилликнинг илк йилларида мавжуд бўлган сиёсий фаолликлар ҳақида ҳам ул-бул гап эшитгансиз. Бу сиёсий фаолликнинг бошида шоир Муҳаммад Солиҳ тургани тўғрисида, бугунги кунда унинг муҳожиротда яшаётгани ҳам Сизга маълум.

Ўзбекистонда Ислом Каримов диктатураси босими остида Муҳаммад Солиҳ шахсиятини қоралашга 25 йилдан буён зўр бериб келинади. Ана шу провакциялар самараси ўлароқ бугун баъзилар бу инсон шахсияти ҳақида нотўғри хулосадалар. Хусусан, Муҳаммад Солиҳга қўйилган “айбловлар”дан бири унинг шоир эканидир. Иддаонинг моҳияти – шоирдан сиёсатчи чиқмаслигидир.

Моҳиятан бу жуда ҳам маънисиз бир сафсата. Шоирлар шахсиятини ерга уриш, уларни сиёсий, ижтимоий фаолликдан четлатиш Каримов режимининг режасидаги ишдир.

Сиз ушбу саҳифада Муҳаммад Солиҳнинг “Йўлнома” деб номланган асарини мутолаа қиласиз. Мазкур китобда Муҳаммад Солиҳ ўз таржимаи ҳолини, ҳаёт йўлини ҳикоя қилиш асносида ўзининг сиёсий қарашларини, Ўзбекистонда ҳуррият, мустақиллик ғоялари қай тариқа туғилиб, шакллангани ҳақида гапиради.

Мен бу асарни бир марта эмас, бир неча маротаба ўқидим. Ва хулосага келдимки, Муҳаммад Солиҳ сиёсатчи сифатида ўзбек миллати, умуман, туркий дунёда ўзига хос такрорланмас нодир ҳодисадир.

Мазкур китоб 1999 йил ёзилган ва асар ўз кайфияти билан ўзигача бўлган давр тарихини ҳам акс эттиради. Жараёнда Муҳаммад Солиҳнинг сиёсатчига айланишига гувоҳ бўламиз, унинг сиёсатчи сифатидаги қарашлари, амалга оширишни мўлжаллаган ғоялари 1990 йиллардаёқ ўта долзарб бўлганини кўрамиз. Бу долзарблик ҳали ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Асарни ўқиш давомида биз Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий қарашлари жаҳон сиёсатчиларининг қарашлари билан бемалол баҳслаша олишига гувоҳ бўламиз. Каримовнинг 1990 йиллардаги сиёсий чиқишлари ўта қашшоқ бўлган ва кейинги ғоялари эса айнан Муҳаммад Солиҳ ғояларини ўғирлаш асосига қурилгани яққол намоён бўлади. Аммо ғоя ўғриси бўлган Каримов бу ғояларни барибир амалга ошира олмади. Чунки инсон ўз қалбидан, ичидан чиққан ғоянигина амалга ошира олади, бировникини эмас.

Ўзбекистонда шундай об-ҳаво ҳукмронки, одамлар мавжуд ҳукмрон режимга қарши бўлган фикрнинг шабадасидан ҳам қўрқадилар. Бу фикрдан қўрқиш деганидир.

Сизни фикрдан қўрқмасликка ва Муҳаммад Солиҳнинг “Йўлнома” асарини фейсбук саҳифаси орқали ўқиб чиқишга таклиф қиламан.

Холис ўқувчи сифатида, атрофдаги таҳдидлардан кўз юмиб, жасорат билан бу китобни ўқинг.

Унда Сиз Муҳаммад Солиҳнинг сиёсатчи сифатидаги ғояларини кашф этасиз. Кўзларимиз олдига тушириб қўйилган жаҳолат пардаси кўтарилаётганини сезасиз.

Бу китоб Ўзбекистонда таъқиқланган. Албатта, одам қўрққан нарсани таъқиқлайди. Каримов режими бу китоб ҳақиқатларни очиб ташлагани учун ҳам таъқиқлаган.

Фейсбук эса бу таъқиқларни бузиб ўтиш, қалбдаги қўрқувни жасоратга айлантиришга бир восита. Китобни ҳеч қандай тўсиқ ва таъқиқловсиз ўқинг. Биз ҳар куни “Йўлнома” китобидан бир боб – бир боб эълон қилиб борамиз.

Ўз фикр-мулоҳазаларингизни қолдиришингиз ёки хат орқали бизга йўллашингиз мумкин.

Муҳсин Солиҳ

Манба: Facebook.com

03_yolnoma_01

Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(1)

Йигирма биринчи аср маънавият ва руҳоният асри бўлажак
ёки (умуман) бўлмаяжак.
Малро

Бисмиллоҳир-раҳмонир-роҳим

СЎЗБОШИ

Бу китобни ёзар экан, манба ва ҳужжатлардан деярли фойдаланмадим. Аниқроғи, фойдалана олмадим. Ватандан айрилиқ, сургун ҳаёти менга бу имконни бермади. Эсимда нима қолган бўлса, ўшани ёздим. Шу боис, йил-сана, исм ва ҳатто жуғрофий номларда ҳам янглиш нуқталар бўлиши мумкин, агар бўлса, азиз ўқувчидан ҳозирдан узр сўрайман.

Умр-йўл, одам йўловчидир. Мен йўлда кўрганларимни ёздим. Мазкур китобни биздан кейин айни йўлдан келаётганларга аталган ишоратлар, белгилар тўплами деса бўлади. Бу белгилар уларнинг йўлчилигида қўл келса, йўлда учрайдиган маъқул-номаъқул нарсалардан уларни огоҳ эта билса, бу китоб ўз вазифасини бажарган бўлади. Буни бажаролмаса, яхши ният билан йўлга чиққан бир қулини лоақал унинг яхши нияти учун Оллоҳу Таоло афв этар, деган умиддаман.

Муҳаммад Солиҳ
декабр, 1999 йил, Осло, Норвегия.

БИРИНЧИ БЎЛИМ
1960-1982 йиллар

ТУРҒУНЛИКНИНГ ДОРИЛОМОН ЙИЛЛАРИ

Минг тўққиз юз қирқ тўққизнинг йигирманчи декабрида ўша пайтларда Урганч, бугуннинг Янгибозор туманида Беглар овулида туғилибман. Отам Мадамин Бег, раҳматли Бегжон Бегнинг ўғли, ўн ёшида отадан етим қолган. Шўролар ҳукумати 1928 йилда Бегжон Бегнинг ер-сувини мусодара этган, ўзини йўқ қилган.

Ижтимоий келиб чиқиши сабабли отамни совет мактабига олишмаган, бутун маълумоти «ҳафтияк» ва кейинчалик ўқигани ЧСБ (чала саводликни битириш) курси даражасида қолган. Лекин 1942 йилда урушга кўнгилли бўлиб кетган. 1943-да ярадор бўлиб қайтган, соғайганидан сўнг, 44-нинг бошида яна урушга кетган.

Мен ундан: «бу ҳокимият аждодларимизни йўқ қилди, нега урушга кетдингиз?», деганимда, у: «овулда фақат хотинлар қолган эди, отамлашадиган улфат йўқ эди, зерикканимдан кетдим,» дер эди, раҳматли. Сталинни жуда ҳурмат қиларди, аммо унинг 1945 йилда сўйлаган ғалаба нутқини «аввал рус халқи…», деб бошлагани, отамнинг айтишича, «кўнгилларни бир пахса пастга тушириб» юборган. Шунга қарамай, 1953 йил 5 март куни жуда қайғули эди.

Мен буни равшан эслайман, чунки ўша куни тўпиғимдан бир эшакари чақиб олган эди. Худди Сталин ўлимининг хабарчиси каби. Бу хабар «47» маркали радиомиздан ҳам келди ва уйдагилар хабарни қўшниларга айтишдан қўрққандилар. Отам нимани, кимни яхши кўрса, Сталинга қиёс қиларди, масалан, Аждар лақабли кучли ва қопоғон итимиз бўларди, «бу Сталинга ўхшайди, санғиб юрмайди, бўшатиб қўйсанг ҳам уй атрофидан узоқлашмайди,» деб мақтарди уни. Бу Сталиннинг Москвадан ташқарига чиқмаганлигига имо эди. Отамнинг диний тарбияси йўқ эди. Аммо фотиҳа сурасини биларди, у сўнгги йилларда намоз қила бошлаган эди. Оллоҳ ўз раҳматига қовуштирсин.

Онам, Қаландар Сариқнинг қизи Оқилахоним, совет мактабида тўрт синф битирган. Бирор ерда ишламаган, умри бола тарбияси ва меҳмонларга овқат пишириш билан ўтган. Отам улфатчиликни севарди.

Онам ҳам диний тарбия олмаган, аммо ҳар оқшом, уйқу олдидан шу калималарни шивирларди:

«Ётгаймиз, ё Оллоҳ,
Тургаймиз, иншооллоҳ
Турар-турмас кун бўлса,

Ла илоҳа иллаллоҳ!»

Онам шариатнинг ҳалол-ҳаром тамойилига мутассибларча амал қиларди. Бир куни оқшом отам раҳматли, – у пайтда колхозда кассир бўлиб ишларди, – пахта терадиган этакка пул тўлдириб, уйга кириб келди. Ва этакни даҳлизнинг бурчагига ирғитди-да, хонасига кириб кетди. Этакдан бир нечта банкнот сочилиб ерга тушган эди.

Буни кўриб турган онам, Оллоҳ раҳмат айласин, бирдан қип-қизил бўлди, ҳиддатланди. Пулларни тез-тез териб олиб, этакка тиқди ва менга ўгирилиб: «бор, укаларингни чақириб кел!», деди. Мен чақириб келдим. Узун-қисқа тўрттамиз қаторлашиб турдик. Онам бурчакда ётган бўхчага қўлини бигиз қилиб: «шу пуллар бизники эмас, бу биз учун ҳаром пул. Бундан қайси бирингиз олсангиз, дарров қўлингизга яра чиқади, жуда ёмон яра, тушундингизларми?» деди. Тушундик, дедик биз.

Онам отамнинг хонасига кириб кетди ва бир неча дақиқадан сўнг қайтиб чиқди. Қўлида яна пул бор эди: «бу пуллар отангизнинг маоши, бу ҳалол пул, сизлар ейдиган овқатга шу пул харжланади, тушундингизларми?», деди яна онам раҳматли. Биз яна «тушундик», дедик.

Бувим Шукур энанинг диний маълумоти мукаммал эди. У ҳадисларга кирмаган диний афсоналаргача билар ва уларни ҳикоя қиларди. Масалан, ҳазрат Алининг Хоразмда бўлгани ҳақидаги ҳикояга ҳаммамиз ишонардик. Шунингдек, энам «Хоразм тарихи» дея бизга ҳикоя қилган китобнинг кейинчалик «Китоби Дада Қўрқут» эканини билдим.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар