Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ахлоқ тарбияси

Ахлоқ тарбияси
27 Haziran 2016 - 7:00 'да юкланди ва 795 марта ўқилди.

al_oldotkr11_303Абдурауф ФИТРАТ

НАЖОТ ЙЎЛИ

(52-қисм)

АХЛОҚ ТАРБИЯСИ

Ахлоқ тарбияси инсонни комил, чиройли ахлоқ эгаси, жамиятга фойдаси тегадиган аъзо қилиб шакллантиришдан иборат.

Болаларга ахлоқий тарбия беришдан аввал уларнинг жисмоний ва фикрий тарбияларига эътибор бериб, сўнг ахлоқ қоидаларини тушунтириб, яхши амалларга одатлантириб, ёмон амаллардан қайтариб туринг.

Бу хусусда Шайх Саъдийнинг маслаги263дан яхшироқ маслак йўқ, яъни ахлоқ қоидалари жажжи ҳикоячаларда баён этилган. Шу қикоячаларни болаларга ўқиб бериб, биргаликда улар билан муҳокама қилинг, яхшининг фойдаси ва ёмоннинг зарарини хотираларига қуйиб боринг. Аммо ахлоқ тарбияси учун бунинг ўзи кифоя қилмайди, бунда бир муҳим шарт мавжудки, энг аввало, ўша шартга қатъий риоя қилиш керак, акс ҳолда, ҳар қандай сайъ-ҳаракат зое кетади.

Болалар ахлоқий тарбияни муҳитдан (яъни, атрофдан) оладилар, бошқача қилиб айтганда, болалар сувга ўхшайдилар, сув идишнинг шаклини олгандек, болалар ҳам муҳитнинг одоб-ахлоқини қабул қиладилар. Яъни, уйда ота- оналаридан, мактабда синфдош ва муаллимларидан, кўчада ўртокдаридан кўрган одат ва ахлоқларни тезда ўзлаштириб, шу ахлоқ билан юрадилар. Болалар уйда ота-оналаридан, мактабда ўқитувчиларидан ахлоққа хилоф бўлган одат ва ишларни кўрмасликлари ахлоқий тарбия ҳисобланади. Мактаб ўқитувчилари, энг аввало, ўзлари чиройли ахлоқ соҳиблари бўлишлари шарт ва бадахлоқ болаларни мактабга қўймасликлари керак, токи уларнинг фасоди бошқаларга юқмасин. Шу ўринда уйимиздаги аҳволдан қатъи назар, мактабларимиздаги аҳволга назар ташласак, уларда шу муҳим қоидаларга риоя қилинадими? Шармандаларча жавоб берамизки, йўқ!

Маданий халқлар фарзандларининг ахлоқий тарбиясига катта аҳамият берадилар. Бузуқ ахлоқ эгаларини муаллимлик у ёқда турсин, ҳатто мактаб остонасидан ичкарига ўтказишмайди, қоровулликка ҳам қабул қилишмайди, болаларнинг ахлоқига зид китобларни ҳам киритишмайди.

Аммо биз бечораларчи, бу тарбиявий парҳезнинг ҳаммасидан маҳруммиз, болаларимизнинг тарбиячи ва муаллимлари ахлоқсиздирлар, болаларимизга ўқийдиган китобларимиз бадахлоқ, уларнинг маънавий ҳаётини куйдирувчи заҳардир. Шуниси ажабланарлики, фарзандларининг ахлоқсиз бўлишини хоҳламаган ота-оналар хурсандлик билан ўз маъсум гўдакларини зикри шароб ва ишқий ҳикояларга тўла аҳлоқсиз китобларни ўқитадиган мактабларга олиб бориб, уларнинг келажагини куйдирадилар. Шу ерда ўзимнинг бошимдан ўтган бир воқеани айтиб берсам.

Бола эдим, бир куни мактабдан уйга қайтиб келаётсам, кўчада бир эркак девоналарга ўхшаб оғзидан кўпиги келиб, афт-башарасига қон сапчиб, юришга мадори келмай турибди. Раиснинг иккита мулозими келиб, уни қўлтиғидан ушлаб судраб олиб кетишди, орқасидан бир тўда одам эргашиб кетди. Бу одамга нима қилган, деб сўрасам, у шароб ичиб маст бўлган, уни муҳтасибга жазосини бериш учун олиб кетишяпти, деб жавоб беришди. Уйга келиб шу воқеани дадамга айтиб берувдим, дадам: «нега сен мастнинг кетидан эргашиб юрибсан» деб узун калтак билан таъзиримни берди. Шундан бир ҳафта ўтгач, мактабдан келдим, дадам «келчи, мактабдан домлангдан ўрганганингни ўқиб бер» — деб сўраб қолди. Китобни варақлаб ўша куни ўтган ғазалимизни очиб ўқиб бердим:

Гул бе рухи ёр хуш набошад,
Бе бода баҳор хуш набошад.

(Гул ёрнинг жамолисиз хуш бўлмас,
Баҳор эса бодасиз хуш бўлмас.)

Бу сафар дадам мени мақтадилар. Ҳанузгача ҳайратланаманки, мен ўқиган дарс дадамга айтиб берган воқеадан минг марта баттар эди-ку. Зеро, бу ғазал нафақат шароб хўрликдан сабоқ эди, балки унда ошиқ ва маъшуқликка ҳам даъват бор эди. Бас, дадамнинг мен айтиб берган воқеадан ранжиб, ўқиб берган шеъримдан хурсанд бўлишининг сабаби нима эди?

Мана, мактабларимизнинг аҳволи, мана, болаларимизга берадиган тарбиямиз, яна биз уларнинг солиҳ бўлишларини хоҳлаймиз. Ҳайҳот! То мактаб шу аҳволда бўлар экан, то дарс шунақа давом этаркан, болаларимиз дарддан халос бўлолмайдилар!

Аммо сиз: «сен таърифлаган бу китоблар ва ғазалларнинг ҳар бири бир тасаввуфий маънони беради», – деб айтишингиз мумкин. Масъалан, шаробдан мурод — илоҳий ишқ, маъшуқа дегани — ҳазрати Вожибут-таолодир.

Жавобим шуки, бу пинҳоний маъноларни болалар у ёқда турсин, ҳатто муаллимлар ҳам тушунмайди. Улар бу ғазаллардан фақат шаробхўрлик ва маъшуқабозликни тушунишади ва ахлоқлари бузилади, вассалом.

(давоми бор)

263.Маслаги — бу ерда: йўли, усули.
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар