Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Фожеанинг вазифаси – инсонга унинг қайси юксакликдан қулаб тушганини кўрсатишдир

Фожеанинг вазифаси – инсонга унинг қайси юксакликдан қулаб тушганини кўрсатишдир
27 Haziran 2016 - 5:00 'de eklendi ve 623 kez görüntülendi.

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(3)

Инсоннинг моддий умрига параллел ўлароқ, унинг маънавий умри ҳам мавжуддир. Инсоннинг бутун ҳаёти шу икки умр ўртасидаги ихтилофлар занжирига қурилган танаффуссиз (антрактсиз), бир актли фожеадир.

Бу фожеанинг томошабини яна унинг ўзи – инсондир. Фожеанинг вазифаси – инсонга унинг қайси юксакликдан қулаб тушганини кўрсатишдир. Бошқа ҳеч бир вазифаси йўқдир. Қолгани инсон ихтиёридадир. У жасорат қилиб, бу юксакликка боқа олса, қутилди ҳисобланг. Агар жасорат қила олмаса, оташда абадий ёнажакдир.

Мен ўрта мактабни битириб, ўқишга кираман, деб юрганимда оташда ёнишдан қўрқмасдим. Астағфуриллоҳ. Аммо пединститут имтиҳонида йиқилишдан қўрқардим. Қўрқув фойда бермади, пединститут мени конкурсдан ўтказмади ва колхозга қайтиб, у ерда ишладим. Бир йил кейин, 1967 да, Тошкент Университети адабиёт бўлимига кирмоқчи бўлдим. Биринчи имтиҳон иншо эди. Эркин темада «Ўзбек романчилигининг 1960-66 йиллар тараққиёти» мавзусида иншо ёздим. Бу бир диссертатсия мавзуси эди, уни биз оғзидан сариғи кетмаганларга қайси ақлли берган – билмайман. Ҳар ҳолда, ўша пайтларда машҳур бўлган «Эр бошига иш тушса», «Қора кўзлар» каби романларни мен ҳам ўқигандим. Иншони ёздим ва «тўрт» олдим. Қолган имтиҳонлар ҳам шундай бўлди, аммо яна конкурсдан ўтмадим. Кечки бўлимга қабул қилишди, аммо «кечки бўлим» бир ҳақорат туйилди. Ўқишдан воз кечиб, қишлоққа қайтдим.

1968 йил май ойида сочимни қириб олиб, «шонли» совет армиясига кетдим. Можористоннинг Секишфехервар шаҳрига бориб тушдик. Аскарликда, муштлашувларни истино қилганда, эсда қоладиган нарса кам бўлди, аммо 1968 йил август эсимда. Биз ўша кечаси Чехословакияга кирдик. Чехословокия истилоси советлар тарафидан август ойида эмас, май ойида режа қилинган эди. Бизнинг туманимиз (дивизия) май ойида Словакия чегарасидаги Хаймашкер номли Можор шаҳрига келтирилган эди. Ва биз ҳар куни, ҳар соатда урушга тайёр бўлинг, дея буйруқ олгандик. Ким билан урушишимизни эса, фақат 20 август куни билдик. Бу уруш жуда кулгули бўлди. Братиславага кирганимиз заҳот бизнинг бўлинмамизга телестудияни ишғол қилиш амр этилди. Биз «калашников»ларни шарақлатиб, телестудияга кирганимизда у ерда эшикбон кампирдан бошқа ҳеч кимни қўрқита олмадик. Бечора дағ-дағ титраб, қўлларини кўтарди, аммо ҳеч ким уни асирга олмади, чунки «қаҳрамон совет аскари» ўзига лойиқ душман ахтарарди. Бу «душман» телестудияда эмас, намойиш ва митингларда эди. «Душман» бутун бир халқ эди. Уни «қаҳрамон аскар» енга олмади, биласиз.

Muhammad_Salih_fotomajmua_04Шу йил ноябр ойида биз яна Можористонга қайтдик. Аскарлик фойдали бўлди, у ерда рус тилини ўргандим ва ўз миллатимни танидим. Бир куни танаффус пайтида, биз дам олиб ўтирган майдон ёнидан пиёда аскарлар қисми ўтиб қолди. Уларнинг кўпчилиги ўзбек ва тожиклар эди. Бу йигитларнинг ўз тилидаги «чуғур-чуғури» бизнинг бўлинмадаги русларнинг ғашини келтирди, шекилли, биттаси «эй чурки, перестанъте болтатъ!», деб бақириб қолди. Менинг миямга қон урилди ва сакраб туриб, русни урганимни биламан. Бизни ажратишди. Мен шу дақиқадан бошлаб ўзимнинг муайян бир миллатга мансуб эканлигимни ҳис эта бошладим. Руснинг наздидаги «чурки» (тўнкалар) менинг миллатим эди. Уни «тўнка» дейишларига асло рози бўлмаслигимни англадим. Аскарликда жуда кўп шеър машқ қилдим. Машқларнинг савияси ниҳоятда паст эди, аммо улардан бир нечтаси 1968 йилда «Хоразм ҳақиқати» газетасида чоп этилди. Бу машқ гаупвахтага тушган ойларимда жуда қўл келди. Эни икки, бўйи уч метр катакда кундузлари тикка туриш ёки совуқ бетонга ўтириш мумкин эди.

Вақт жуда секин ўтарди. Ҳар ким уни тезроқ ўтказиш йўлини изларди. Мен у ерда жуда кўп ёздим. Фақат аскарликдан қайтганимдан сўнг ёзилганларнинг деярли ҳамасини йўқ қилдим. Биров ўқиб, «ахмоқ экан», дейишидан қўрқдим.

Muhammad_Salih_fotomajmua_051970 йилда аскарликдан қайтиб, уйландим. Ўша йил Тошкент Университет журналистлик бўлимига ўқишга кирдим. Университет ҳам мактабдай бўлди. Биринчи синф «аъло», иккинчи, учинчи ва тўртинчи «яхши», бешинчи синф эса, жуда «ёмон» бўлди. Домлаларимни хафа қилмаслик учун имтиҳонларга бормадим, аммо худди мактабдагидай, барибир аттестат беришди. Лекин ҳар нарсада хайр бор, универиситетда кечган йиллар ҳам фойдали бўлди. Дунё адабиётини ўша ерда танидим. Бир-икки содиқ дўст орттирдим. Университет ҳаётидан ҳурмат билан эслайдиган бир нечта домла бор. Раҳматли Талъат Солиҳов, чэт эл адабиётидан дарс берарди, ғайбулла Саломов таржима санъатини ўргатарди. Ботирхон Акрамов классик адабиёт, Озод Шарофиддинов ўзбек совет адабиётидан ўқитарди. Гарчанд, Озод Шарофиддинов бизни ўқитмаган бўлса-да, уни жуда ҳурмат қилардик. Хусусан, Чўлпон шеърларини ҳимоя қилгани учун. Озод акага ўхшаган яна бир эркин фикрли ўқитувчи бор эди – Норбой Худойберганов. Талабалар уни ҳам севар эди. Умуман, расмий турмуш чизиғидан сал чиқишга журъат этган кишига чуқур ҳурмат билан қарар эдик.

Бир куни Университетга Абдулла Орипов келди, мушоира қилди. У шеърни чиройли ўқирди. Талаффузи тиниқ, сўзлари жарангдор бўларди доим. Навоий ҳақида шеърини ўқиркан, бир сатр келди, унинг охирги жумласи «қаламини кўрсатди, холос», деб тугалланганди. Яъни, Навоий ўзига қилич кўрсатганга қарши қаламини кўрсатади. Орипов «қаламини кўрсатди, холос», дер экан, ўнг қўлини кескин кўтариб, бошмолдоғини кўрсаткич ва ўрта бармоғи орасига тиқди. Бу чиқиб қолган бармоқ, гўё қалам эди. Биз бу ҳаракатни дарров йўримладик. Бу бир исён эди, бизнингча.

Muhammad_Salih_fotomajmua_06Минбардаги шоир бир қаҳрамон эди. Аслида эса, ҳеч ундай эмас эди. Ундай эмаслиги, 1980 йилда шоирнинг «Марказқўмга» деб аталган мадҳиясидан кейин маълум бўлди. Ҳар ҳолда, биз қаҳрамонни кўришни орзу қилардик. Ўша етмишинчи йилларда ёзилган бир машқда шу орзу бор:

Бир бор экан, бир йўқ экан,
Қадим замонларда баҳодир ўтган экан…
Қора ўрмонларнинг бағрида
Арслон яшар экан баҳайбат… Буви!
Нега баҳодирлар ҳаммаси
Фақат қадим замонларда ўтади?
Арслончи, қани ўша арслон,
Бувижон?
Нега у ярим тунда, ғафлатда ётган
Мени уйғотмайди,
Наъра тортмайди?!
(«Бир бор экан, бир йўқ экан», 1975)

Аммо турғунлик йиллари эди, ҳеч ким наъра тортмасди, баъзан Брежнев чиқиб гапирарди. Лекин унинг овози наърага эмас, қариб, тиши тўкилган арслоннинг эринчоқ ирриллашига ўхшарди. Ундан одамлар қўрқмас эди, фақат ҳурмат юзасидан қўрққан бўлиб кўринишарди. Брежнев ҳақидаги латифалар латифа эмас, унинг ҳаётида юз берган реал воқеалар эди. Бу воқеалар турғунлик даври деворларидаги энг гўзал безаклар бўлиб қолди.

(давоми бор)

Etiketler :
HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT

Сўнгги хабарлар
İLGİLİ HABERLER