Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Дунёвий саодатнинг сўнгги нуқтаси умумий саодатдир

Дунёвий саодатнинг сўнгги нуқтаси умумий саодатдир
30 Haziran 2016 - 7:00 'да юкланди ва 652 марта ўқилди.

195687_originalАбдурауф ФИТРАТ

НАЖОТ ЙЎЛИ

(53-қисм)

ТУРЛИ ВАЗИФАЛАР

Ҳеч шубҳа йўқки, одамлар қайси дин, қайси мазҳаб, қайси қавм, қайси миллатда бўлмасинлар, бир отанинг фарзандлари, бир жинснинг авлодлари, бошқача қилиб айтсак, бир-бирларига биродардирлар!

Шундай экан, бир-бирларига шарт қўймай, муҳаббатли ва шафқатли бўлишлари керак. Яъни ўрталарида «умумий биродарлик»ни барпо этишлари керак.

Башариятнинг дунёвий саодати умумий биродарлик бўлмаса камол топмайди. Лекин одамлар минг йиллардан то ҳозиргача гоҳо махлуқий эҳтирослар тақозосида, гоҳо нотўғри, ёмон муҳокамалар сабабли жамиятдаги алоқаларни, умумий биродарликни вайрон қилиб, биродарларининг қонини дарё-дарё қилиб оқизадилар, уйларининг кулини кўкка совурадилар.

Ҳанузгача пушаймон бўлмай, бир-бирларини батамом қириб битириш учун ҳар куни турли хил янги-янги қуроллар ишлаб чиқиб, башариятни таҳликага солмоқдалар. Неча минг йиллардан буён давом этиб келаётган бу биродаркушликнинг сабаби иккита:

1) ҳирс;

2) нотўғри, хато муҳокамалар.

Ибтидоий даврдан то ҳозиргача бўлаётган жанглар ё бирор-бир мамлакатга эга бўлиш, яъни босқинчилик, ё диний ихтилофлар сабабли кечмоқда. Бир халқнинг юртига эга чиқиш мақсадида жанг қилиш ва милйўнлаб жонларнинг қонини тўкиш ҳирсдан бошқа нарса эмас. Аммо диний ихтилофлар сабабли жанг қилиш хато муҳокамаларнинг оқибатидир. Зеро, маълумки, дин инсонларнинг саодатини таъмин этиш учун буюрилган, агар одамлар тақдир лажомини ўз иродаларидан ташқарига ташлаб, ақлу илм юзасидан тафаккур қилиб муҳокама қилсалар, энг фойдали динни танлаб қабул қилган ва биродаркушликни тўхтатган бўлардилар.

Шу ҳам маълум ва муқаррарки, ҳирс ва хато муҳокама одамзотнинг нуқсонларидир. Бани башар то ҳирсга ва тақлидга мубтало эканлар, ўртада умумий биродарликни пайдо қилолмайдилар. Аммо ҳақиқий камолга етишиб, ҳақни ботилдан, фойдани зарардан фарқлай олсалар, ҳирс ва тақлид асоратидан халос бўлолсалар, у вақтда ўрталарида умумий биродарликни барпо эта оладилар. Зеро, дунёвий саодатнинг сўнгги нуқтаси ҳам умумий саодатдир.

Кўп замонлардан буён самовий динлар ҳам баъзан мутафаккирлар ва замона оқиллари одамларни умумий биродарликка тарғиб қилиб келмоқдалар, лекин инсоният бу савоб таклифга илтифот назарини ташлагани йўқ. Динларнинг комили бўлмиш мубин ислом дини ҳам жиддийлик билан «ҳақиқий биродарликка» даъват қилиб келмоқда. Ҳатто ҳеч бир замонда ҳеч қайси дин, ҳеч бир мутафаккир «умумий биродарликка» ислом динидан кўра яхшироқ даъват қилолмаган. Зеро, бошқа динлар ва замон уламолари умумий биродарликни мавҳум ва мубҳам назариётларда мадҳу сано қилдилар-у, бироқ ҳеч бирлари бу мақсадга эришиш учун муайян йўл кўрсата олмадилар. Аксинча, ислом дини бу буюк матлаб йўлини тўғри ва яхши қилиб очиб, кўрсатиб берди, агар тамоми одамзот шу тўғри йўлга дохил бўлса, муҳаққақки, башарият умумий саодатга нойил бўлар эди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар