Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Балки, «из» қолдирмагани яхши бўлгандир…

Балки, «из» қолдирмагани яхши бўлгандир…
03 Temmuz 2016 - 5:00 'да юкланди ва 1571 марта ўқилди.

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(9)

ИККИНЧИ БЎЛИМ
1983-1993 йиллар

АНДРОПОВ ВА ЧЕРНЕНКО

Брежневдан бўшаган тахтга ўтирган Андропов Совет давлатини турғунликдан қутқариш учун бел боғлаган илк раҳбар эди. У КГБнинг собиқ раҳбари ўлароқ, бу бепоён давлатнинг қаерида нима қимирлаётганини ва нега қимирлаётганини биларди.

Бу билги унинг учун бошқа раҳбарларга нисбатан аниқроқ ҳаракат қилиб, яхшироқ натижага эришиш учун бир омил эди. Совет иқтисоди ошно-оғайнигарчилик, кўзбўямачилик ва порахўрлик чангалида, деярли ўсишдан тўхтаганди. Қолаверса, оғир саноатнинг катта қисми ҳарбий кучни оширишга йўналтирилганлиги учун бу бирёқламалик табиий ресурсларни хомашё ўлароқ пуллаш эвазигагина мувозанатга солинарди.

Аммо, шунга қарамай, қуролланиш пойгаси Совет давлатининг тинкасини қуритди ва 80 йилларга келиб, коммунист раҳбарлар бу пойгада мағлубиятга учраганларини англадилар. Кейинроқ Горбачев ҳукуматининг АҚШ билан узоқ манзилли ракеталарни қисқартириш шартномасига имзо чекиши Горбачевнинг тинчликсеварлиги эмас, Совет иттифоқининг заифлашуви сабаб бўлганди.

Андропов совет империясининг мингларча километрларга чўзилган бошқарув иплари салқиб қолганини биларди. Уларни таранг тортиб мустаҳкамлаш учун, биринчи навбатда, кадрларни янгилаш эҳтиёжи туғилганди. Бу кадрлар Москвага содиқ, иложи бўлса, руслардан бўлса, янада яхши бўларди. Андропов ташаббус қилган, аммо сўнгигача етказолмаган бу янги кадрлар сиёсатини Черненко, ундан кейин Горбачев ҳукуматидаги «иккинчи одам» Егор Лигачев давом эттирди.

Андропов совет жамиятидаги порахўрлик, танбаллик, интизомсизлик ва кўзбўямачиликка қарши курашни ҳам режалаштирган эди. Бу режани амалга ошириш учун қилинган илк тадбиқотлар шуни кўрсатди-ки, порахўрлик илдизи мавжуд сиёсий тузум илдизи билан битишиб кетган экан. Танбаллик ҳам совет ишлаб-чиқариш системасидаги «ишласанг ҳам, ишламасанг ҳам маош келаверади», деган совет кишисининг дунёқараши маҳсули экани маълум бўлди. Кўзбўямачилик ва интизомсизлик инсон зотининг хусусий мулкка бўлган инстинктларини ўлдирилиши оқибатидан бошқа нарса эмас.

Muhammad_Salih_fotomajmua_16Андропов ҳокимиятга келган заҳотиёқ биринчи бўлиб, танбалликка ва интизомсизликка қарши «ўт очди». Масалан, кундуз кунлари кинотеатрларга кириб, томошабинларнинг қаердан келгани-ю, иш пайтида нечун кино кўраётганликлари тафтиш қилина бошлади. Давлат маъмурлари ва ишчиларнинг ишга вақтида келиб, вақтида кетишини назорат қилиш одат тусига кирди. Кўчаларга «интизом – маҳсулдорликнинг гаровидир», деган примитив шиорлар осилди.

Аммо бу касалликнинг сабабига эмас, унинг оқибатига йўналтирилган беҳуда уринишлар эди.

Ахир иш кутмоқда, давлатнинг иши,
Хотин зир югурар, мен ураман дўқ,
Балконга қарайман, тиришиб –
Ҳали ҳам кўйлагим қуригани йўқ!
Ахир кутиб турар давлатнинг иши!
Кўйлак-чи, буғланиб тамом бўлмас ҳеч.
Қандайдир дазмолнинг хиёнатидан
Давлатнинг ишига бораманми кеч?!
Яна идорага етиб боргунча,
Шиорларга ҳам қарашим керак,
Токи, иш олдидан, ҳеч бўлмаганда,
Илҳомланиб олсин бу юрак!
1981 («Орзу фуқароси», 1990)

«Қаттиққўл йўлбошчи» сифатида танила бошлаган Андропов ўз қаттиққўллигини охиригача кўрсатолмади, йил бошида вафот этди. Ўрнига Черненко келди. Унинг ҳам ёши бир жойга бориб қолганди, аммо, барибир, Совет Итифоқи Компартиясининг Генерал Котиблигига сайланди. Бу шахсда тирноқнинг учидай ҳам ҳайбат йўқди ва шу қадар кўримсиз эдики, халқ унинг Алексейми ёки Андрей Черненко эканини эслолмай қоларди.

Ўзбекистонда ҳам вазият шунга ўхшаб кетарди. Ўзбекистонга узоқ йиллар раҳбарлик қилавериб, худди жумҳуриятнинг гербидаги пахта ва буғдой бошоқлари каби бир маъжозга айланган оқсочли Шароф Рашидов ўлимидан кейин, унинг жойини бир экономистми, ёки инженерми, эгаллади. У бир неча йил раҳбарлик қилган бўлса-да, жумҳуриятнинг на сиёсий, на ижтимоий ва наиқтисодий ҳаётида из қолдирди. Албатта, бу шахсга адолатсизлик қилган бўлмайин, балки ўша давр бир ўтиш даври бўлгани учун бу раҳбарнинг юлдузи кулмагандир. Балки, «из» қолдирмагани яхши бўлгандир. Бугун, 90 йиллардаги раҳбаримиз каби из қолдирса, нима қилардик?

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort